loader
Foto

Европалик олимлар "мўғул-татар зулми"нинг янги талқинини беришди

Бирданига бир қанча таниқли олимлар Мўғул империяси ва Олтин Ўрданинг Шарқий Европа тарихидаги роли қайта кўриб чиқилган бир қатор илмий ишларни нашр этишди. Гап Мари Фаверонинг (Париж-Нантер университети тарихчиси) "Ўрда: мўғуллар дунёни қандай ўзгартирди", Кеннет В. Харлнинг "Даштлар империяси", Энтони Саттин "Кўчманчилар", Николас Мортоннинг "Мўғуллар бўрони: Ўрта асрларда Яқин Шарқда империяларнинг яратилиши ва қулаши" каби тадқиқотлар ҳақида бормоқда. Бу асарларда босқинчилар одатда рус тарихшунослигида тасвирланганидек, қонхўр йиртқичлар сифатида эмас, балки истеъдодли бошқарувчилар, халқларни фаровонликка етаклаган янги иқтисодий механизмларни жорий этган қудратли давлат тузувчилари сифатида кўрсатилган.

"Рус князликлари (Киев) Ўрдага бўйсуниш даврида ақл бовар қилмайдиган иқтисодий барқарорликни намойиш этдилар", деб ёзади Мари Фаверо 14-асрда Россия ерларида 40 ва ундан ортиқ шаҳарлар ташкил этилганига ишора қилиб. У мўғуллар Россияга солиқ даромад манбаи сифатида қарашини тан олади, лекин уларнинг стратегияси репрессив эмас, балки савдо билан боғлиқ эканлигини таъкидлайди.

Европа тарихчилари эътибор қаратадиган яна бир факт шуки, буюк дашт империяси – Олтин Ўрда, айниқса, дастлабки босқичда демократик давлатга хос хусусиятларнинг аксариятига, жумладан, ҳокимиятнинг олий вакилларини сайлаш ҳуқуқига ҳам эга бўлган. Кенг тарқалган фикрлардан фарқли ўлароқ, "зулм" Россиянинг иқтисодий ва сиёсий тараққиётига уни секинлаштирмасдан кўпроқ ҳисса қўшди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, кўчманчилар тарихи ва аҳамияти Европа тарихидан кам эмас. "Аммо биз муҳимлик ҳақидаги ғоямизга бошқача қарашни ўрганмасак, ўзимизни ҳамма нарсанинг ўлчови деб ҳисоблашда давом этаверамиз."

 

Абу Муслим