Мовароуннаҳрга араблар Валид ибн Абдулмалик давридан олдин ҳам бир неча юришлар уюштирган. Бироқ уларда бу ўлкани тўла бўйсундира олмаганлар. Фақат Термиз шаҳри VII асрнинг 90 йилларида Мусо ибн Абдуллоҳ томонидан эгалланиб, 705 йилгача умавийлардан мустақил шаҳар-давлат сифатида идора қилинди. Шунинг учун Мусо ибн Абдуллоҳ ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун бир томондан маҳаллий аҳолига, иккинчи томондан Хуросон амирларига қарши кураш олиб боришга мажбур бўлди. 705 йили Хуросон амири Муфаддал ибн Муҳаллаб уни енгишга муваффақ бўлди ва шундан сўнг Термиз шаҳри халифалик таркибига киритилди.
Термиз шаҳри эгалланганидан сўнг Ҳажжож ибн Юсуф Муҳаллаб авлодларини Хуросон амирлигидан четлаштириб, ўрнига Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилийни Хуросон волийси этиб тайинлади. Қутайба Марвга келиб, Муҳаллабнинг ҳамма ўғилларини ҳибсга олди ва Ҳажжож ҳузурига юборди.
Қутайба Мовароуннаҳр шаҳарларидан Охарунга юриш қилмоқчи бўлди. У Сурхондарё вилоятининг шимоли-шарқи ва Тожикистон Республикаси ғарбида жойлашган қадимий шаҳар саналади. Охарун унга қўшни Шумон (бугунги кундаги Душанбе шаҳри ўрнида жойлашган шаҳар давлат) ҳукмдори томонидан идора қилинар эди. Шунинг учун Қутайба Шумонга юриш қилмоқчи бўлиб турганида, унинг олдига Шумон подшоҳи Ғуштасбон келиб, сулҳ таклиф қилди. Сулҳга кўра, Шумон подшоҳи Қутайбага ўлпон тўлаши керак эди. Ўлпон тўланганидан сўнг Қутайба Марвга қайтиб кетди(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши Сўзбоши, араб тилидан таржнма. шарҳпар, изоҳпар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 249.).
Пойканд. Пойканд Бухоро вилоятининг Жондор ва Қоракўл туманлари туташган худудда жойлашган қадимий шаҳар бўлиб, Қутайба 706 йили Пойкандга юриш қилди. У билан бирга Бодғис ҳукмдори Низак Тархон ҳам бор эди. Пойкандликлар унга қарши чиқдилар ва Суғд ва Бухорога ёрдам сўраб, элчи жўнатдилар. Шаҳар аҳолиси бухороликлар ва суғдлар ёрдамида арабларга қаршилик кўрсатди. Қутайба Пойканд қалъасини 50 кун давомида қамал қилди, кейин унинг девори тагидан лаҳм қазиб, ичига йўл очди. Шундан сўнг араблар ва шаҳар аҳолиси ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтди, унда араб қўшинларининг кучи устун келди.
Шаҳар аҳолисидан омон қолганлари қалъа ичига кириб жон сақладилар. Қутайба қалъа деворини ўққа тутмоқчи бўлганда, пойкандликлар сулҳ тузишни сўрадилар. Қутайба улар билан сулҳ тузиб, шаҳарга Варқо ибн Насрни амир этиб тайинлади. Ўзи эса Бухорога йўл олди. У Бухородан 4 фарсах узоқликда жойлашган Хунбун қишлоғига етганда, Пойканд аҳли қўзғолон кўтаргани ҳақида хабар келди. Қутайба Пойкандга қайтиб келиб, шаҳардаги урушга яроқли ҳамма одамларни қиличдан ўтказди, қолганларни эса асирга олди.
Қутайба Пойкандда катта ўлжа қўлга киритди ва унинг 1/5 қисми (хумс)ни Ҳажжожга юборди, қолганини аскарларга бўлиб берди. У шаҳар хазинасида кўп қуролларни қўлга киритди. Хазинанинг бир хонасида у ҳисобсиз олтин ва кумуш идишлар топди. Араблар у ерда яна олтиндан ясалган катта санам топдилар. Қутайба уни эритишни буюрди ва ундан 250 минг динор олтин чиқди.
Пойканд аҳолиси савдогарлар бўлиб, ўша вақтда уларнинг кўплари мол олиб келгани Хитойга кетган эдилар. Улар сафардан қайтиб келгандан кейин ўзларининг оила аъзоларини араблардан сотиб олдилар. Кейин улар Қутайбадан рухсат олиб, шаҳарни қайта қурдилар(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши. Сўзбоши, араб тилидан таржима, шархдар, изохдар ва кўрсагкичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 257.).
Бухоро. 707 йили Қутайба Нумушкат (Бухоро вилояти таркибига кирувчи шаҳар.) шаҳрига юриш қилди. Шаҳар аҳолиси унинг олдига чиқиб, у билан сулҳ туздилар. Кейин у Ромитонга йўл олди ва улар билан ҳам сулҳ тузиб, орқага қайтди. Йўлда унга турклар, суғдлар ва фарғоналиклар ҳужум қилди. Уларнинг лашкарбошиси Курмағонун ат-Туркий эди. Улар орасида шиддатли жанг бўлиб, унда Низак Тархон катта жасорат кўрсатди ва туркларни мағлубиятга учратди. Кейин араблар Марвга қайтдилар.
709 йили Қутайба ибн Муслим Самарқандга юриш қилди ва ёзни ўша ерда ўтказиб, шаҳарни сулҳ йўли билан фатҳ этди. Сулҳ тузилгандан кейин Самарқанд ҳукмдори Тархун сулҳ шартини бажаргунча ўзининг бир неча яқин одамларини Қутайбага гаровга берди.
Низак Тархон исёни. Қутайбанинг Шумон, Пойканд ва Бухорога қилган юришларида Бодғис ҳукмдори Низак Тархон ҳам қатнашди. У асли турклардан бўлса-да, Қутайба билан Бодғисга юриш қилмаслик шарти билан сулҳ тузган эди. Бироқ арабларнинг, хусусан, Қутайба аскарларининг мағлубиятсиз юришларини кўриб, ваҳимага тушди ва Самарқанд юришидан олдин ўзининг ерига кетишга рухсат сўраб, Тохаристонга кетди.
Низак Тархон 709 йили Қутайбага қарши исён кўтарди. У Тохаристоннинг бошқа ҳукмдорларига ҳам мактублар ёзиб, уларни арабларга қарши бош кўта-ришга чақирди. Низак Қобул ҳукмдори Қобулшоҳга мактуб ёзиб, ундан ёрдам сўради ва ўзининг барча мол-мулки ва ғазнасини унга юборди. Қобулшоҳ уни қабул қилиб, ўз ҳимояси остига олишга розилик берди.
Қутайба укаси Абдураҳмонни 12 минг аскар билан Балх яқинидаги Баруқон шаҳрига юборди. Қиш ўтиши билан 710 йили Қутайба ибн Муслим Тохаристонга юриш бошлади. Низакнинг одамлари Тохаристонда Хулм тоғларидаги тор даранинг ичига, ўзи эса Бағлон шаҳридаги қалъага беркинган эди. Қутайба уни 2 ой қамал қилди. Охири унинг олдига Сулайм ан-Носиҳни юборди, у эса Низакнинг дўсти бўлиб, уни таслим бўлишга кўндирди. Низак таслим бўлгандан кейин Қутайба уни Вахш Хашон номли булоқ ёнида ўлдирди. Шундан сўнг араблар дарада қолганларни ҳам ушлаб, қатл этдилар(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши Сўзбоши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изохдар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 262.).
710 йили Шумон ҳукмдори Қутайбанинг амалдорларини ҳайдаб, сулҳда келишилган жизяни тўлашдан бош тортди. Қутайба қўшин билан Шумонга келди ва унинг қалъасини ўққа тутиб, деворини тешди. Шумон ҳукмдори ҳамма бойликлари ва пулларини йиғиб, қалъа ичидаги чуқур қудуққа ташлади. Кейин у арабларга қарши чиқиб, ҳалок бўлгунча жанг қилди. Қутайба Шумоннинг қалъасини қўлга олганидан кейин у Боб ал-Ҳадид (Темир дарвоза)га келди. Илк ўрта асрларда Самарқанд шаҳрининг тўртта дарвозаси бўлиб, улар Бабу Кеш (Кеш дарвозаси), Бабус-Син (Хитой дарвозаси), Бабу Усрушона (Уструшона дарвозаси) ва Бабул-ҳадид (Темир дарвоза) деб номланган(Нодия Авис Ҳасонайн. Тарихи аскарий фи билади Мовароуннаҳр ва Афғонистон. - Искандарийя: дорут-таълим ал-жомеий, 2019. - Б.52).
Қутайба темир дарвозадан Кеш ва Насафга юриш қилди ва уларни фатҳ этди. Кейин у Самарқандга бориб, Тархундан сулҳда келишилган маблағни олди, сўнг гаровга олган одамларини унга қайтарди.
Хоразм. Бу вақтда Хоразмда сиёсий аҳвол яхши эмас эди. Ҳокимият хоразмшоҳ Чагон қўл остида бўлса-да, унинг бошқаруви заиф бўлганлиги учун унингукаси Хурзод мамлакатда хоҳлаган ишини қилар эди. Ҳатто Чағон ҳам унга эътироз билдира олмас эди. Хоразмшоҳузоқ вақт бунга чидаб юрди, сўнг Қутайба ибн Муслимга хат ёзди ва уни Хоразмга таклиф этди. У Қутайбага Хоразм шаҳарларининг 3 та олтин калитини юборди ва укаси Хурзоддан ҳамда бошқа душманлардан ҳимоя қилишни сўради. Қутайба унга рози бўлди. Бу келишув ҳақида хоразмшоҳҳеч кимга оғиз очмади.
712 йили Қутайба Суғдга юришга чиққани ҳақида овоза тарқатди, лекин аслида у қўшини билан Хоразмга йўл олди. Хоразмшоҳ ҳам ўзининг одамларини тинчлантириб, уларга Қутайба Хоразмга келмаслиги ва Суғдга кетганини таъкидлади. Улар бундан тинчланиб, ўзларини хавфсизликда эканлигига ишондилар ва хушёрликни йўқотдилар. Шу вақт Қутайба қўшини билан Ҳазораспга келиб, Амударё ёқасида тўхтади. Хоразмшоҳ ҳам дарёнинг нариги қирғоғига келиб, Фил(Фил - қадимги Хоразм пойтахти Кот шаҳрининг чеккасида жойлашган қалъанинг номи. У бир-бирини ўраб турувчи 3 та қалъадан иборат бўлиб, улар баландлиги бўйича фарқ қилган ва бир-бирининг устида жойлашган.) шаҳрида тўхтади.
Улар ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижасида сулҳ тузилди. Унга кўра, хоразмшоҳ Қутайбага 10 минг бош қул, пул ва мол-мулк бериш, Қутайба эса хоразмшоҳга унинг душмани бўлган Ҳамжирд ҳукмдорига қарши ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди. Қутайба шу заҳоти Ҳамжирдга укаси Абдураҳмонни қўшин билан юборди. Абдураҳмон Ҳамжирдга бориб, унинг ҳукмдори билан жанг қилди ва уни ўлдириб, ерларини босиб олди. Кейин у ердан Қутайбанинг олдига 4 минг асир билан қайтди. Кейин Қутайба хоразмшоҳнинг укаси Хурзод ва у билан бирга бўлган одамларнинг барчасини ушлаб, хоразмшоҳга топширди. Хоразмшоҳ уларни қатл этди, уларнинг мол-мулкларини эса мусодара қилиб, Қутайбага топширди. Қутайба Фил шаҳрига кириб, хоразмшоҳдан сулҳда келишилган ҳамма нарсаларни қабул қилиб олди ва уни бутун Хоразмга подшоҳ қилиб қолдирди. Шундан сўнг Қутайба Ҳазорасбга қайтди. Лекин Хоразм аҳолиси Чағонни заиф ҳукмдор деб ҳисоблаб, унга қарши исён кўтарди ва уни ўлдирди. Кейин Қутайба укаси Убайдуллоҳ ибн Муслимни Хоразмга волий этиб тайинлади(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши Сўзбоши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 37.).
Суғд. Қутайба Хоразмдан кетганидан сўнг Самарқандга юриш қилди. Самарқанд Суғд вилоятининг маркази бўлиб, Суғд подшоҳлари шу шаҳарда турар эдилар. Шунинг учун Суғд ва Самарқанд терминлари биргаликда қўлланилади.
711 йилда Самарқандда ҳокимият ўзгариши бўлди. Самарқанд аслзодалари ихшид Тархунни араблар билан сулҳ тузгани учун тахтдан ағдариб, унинг ўрнига укаси Ғурак (Уғрак) ни тахтга ўтқаздилар. Ғурак Қутайба билан тузилган сулҳни бекор қилди. Шунинг учун 712 йилда Қутайба Самарқандга юриш қилди ва ўзини ихшид Тархун қони учун қасоскор деб эълон қилди.
Суғдга дастлаб Абдураҳмон ибн Муслим йигирма минглик аскар билан етиб келди. Тўрт ёки уч кундан сўнг Қутайба ҳам Хоразм ва Бухоро аскарларидан иборат қўшин билан Суғдга келди. Мусулмонлар Суғдни уч ой қамал қилиб турдилар. Бу орада бир нечта жанг ҳам бўлиб ўтди. Суғдликлар узоқ чўзилган қамалдан хавсираб, Шош шоҳи ва Фарғона Ихшидига мактуб йўллаб, ёрдамга чақирдилар. Бирлашган қўшин тунда ҳужум қилишга шайланди. Бироқ Жосуслар Қутайбага уларнинг режаси ҳақида хабар етказди. Қутайба олти юзта моҳир жангчиларни танлаб, Солиҳ ибн Муслим бошчилигида жангга жўнатди. Солиҳ қўшинни учга бўлиб, икки қисмини пистирмага қўйди. Мусулмонлар шу тариқа мовароуннаҳрликларни ҳийла билан мағлуб этдилар.
Қутайба Хоразм ва Бухоро мулкдорлари билан маслаҳатлашиб, Суғд қалъасига манжаниқ билан ҳужум қилишга ўтди. Суғд ҳокими Ғурак Қутайбага мактуб йўллаб: “Сен менга қарши ўз қардошларим ва биродарларим билан бирга жанг қилмоқдасан. Мард бўлсанг, араблар билан жанг қил”, деди. Қутайба бу сўзлардан ғазабланиб, аксарларни кўрикдан ўзтказди ва Суғдга қарши ҳужумни янада шиддатли тус олдирди. Ниҳоят, манжаниқ билан Суғд қалъасини тешишга муваффақ бўлди ва шу йўл билан Суғдга кириб келди. Суғдликлар таслим бўлиб, сулҳ сўрадилар. Қутайба ҳар йили икки миллион икки юз минг дирҳам тўлаш ва шу йили ўттиз минг аскар бериш шарти билан сулҳ тузди. Шартга кўра, аскарлар гўдак, қария ва айбли бўлмаслиги керак эди. Шунингдек, сулҳда Суғд шаҳрини Қутайбага таслим қилиш, у ерда намоз ўқиш учун масжид қуриш ва хутба учун минбар тиклаш шартлари ҳам мавжуд эди. Қутайба намоз ўқиб, сўнг шаҳардан чиқиб кетишга ваъда берди. Сулҳга ҳар иккала томон рози бўлгач, Қутайба ўзи танлаб олган тўрт минг аскар билан Суғдга кириб келди ва масжидга кириб, намоз ўқиди ва одамларга хутба қилди.
Сўнг Қутайба Самарқандга Абдураҳмон ибн Муслимни тайинлаб, ўзи Марвга жўнаб кетди(Ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. - Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005.-Б. 1251-1254.). Тарихчи Аҳмад ибн Яҳё Балазурий (вафоти 892) маълумот беришича, Қутайба Самарқандда бир гуруҳ мусулмонлар жамоасини қолдирди. Улар орасида “ат-Тафсир” асарининг муаллифи Даххок ибн Музоҳим(Даххок ибн Музоҳим тафсир илмини яхши билган. XII асрда Самарқандда у қурдирган бинолар ва масжид бўлган. У Балхдаги мадрасада болаларга тафсир илмидан таълим берган. Унинг мадрасасида 3 мингта ғулом ва 700 та қиз таҳсил олган. Дарс вақтида у эшакга миниб, ўқувчиларни айланиб юрган. У “ат-Тафсир” китобининг муаллифи бўлган ва ҳадис ривоят қилган. У Балх яқинидаги Баруқон шаҳрида 724 йил вафот этган ва ўша ерга дафн этилган.) ҳам бор эди.
Шош ва Фарғона. Ҳижрий 94 милодий 713 йили Қутайба Шош(Тошкент вилояти ҳудудига гўғри келувчи минтақа. Араблар келишидан олдин у Чоч деб аталган.)га юриш қилишга қарор қилди ва Бухоро, Кеш, Насаф ва Хоразм аҳолисидан унга 20 минг аскар беришни талаб қилди. Улар аскарларни берганидан сўнг Қутайба улар билан Суғддан ўтиб Шошга йўл олди. Қутайба уларни Шошда қолдириб, ўзи Фарғонага кетди ва Хўжанд аҳолиси билан бир неча марта жанг қилди. Уларни мағлубиятга учратиб, кейин Косонга борди. Бу ерга Шошда қолган қўшин ҳам етиб келди. Улар Шошни фатҳ этган эдилар. 714 йили Ироқ волийси Ҳажжож ибн Юсуф вафот этди. Шундан сўнг Қутайба Марвга қайтиб келди.
Ҳажжож ўрнига Ироқ волийси этиб тайинланган Язид ибн Абу Кабша Қутайба ибн Муслимга хат ёзиб, Фарғонага юриш қилишни буюрди. Қутайба қўшин билан яна йўлга чиқиб, Фарғонага етиб келди. Қутайба Бошак (^Ь) исмли Фарғона подшоҳи турган қалъа ёнига келди. Қалъа ичида узоқ вақт жанг олиб бориш учун керак бўладиган ҳамма нарса йиғилган эди. Қутайба ўша қалъани 7 ой давомида қамал қилди.
Фарғонадан кейин Қутайба ибн Муслим Хитойнинг энг чекка шаҳри Қошғарга йўл олди. У 12 та энг ақлли одамларини Хитой подшоҳининг ҳузурига элчи қилиб юбориб, “Мен уларнинг тупроғини оёқларим билан босмасдан, подшоҳларининг бўйнига муҳр босмасдан ва улардан жизя олмасдан бу ердан кетмасликка қасам ичдим” деди. Хитой ҳукмдори Қутайбанинг сўзига оқиллик билан шундай жавоб қайтарди: “Биз уни ичган қасамидан халос қиламиз, биз хўжайинингга бир сиқим тупроқ юборамиз, уни боссин, биз унга аслзода ўғилларимизни юборамиз, уларнинг бўйнига муҳр боссин, биз унга жизя ҳам юборамиз, хўжайининг у билан қаноатланади” - деди. Подшоҳ олтин идишларда тупроқ, шаҳзодалардан 4 тасини ва совға-саломлар келтиришни буюрди. Элчилар буларнинг ҳаммасини олиб, Қутайбанинг олдига қайтдилар. Қутайба тупроқни оёқлари билан босди ва шаҳзодаларнинг бўйнига муҳр босди ва жизяни қабул қилиб, орқага қайтди. Шундай қилиб Қутайба ибн Муслим бутун Мовароуннаҳр ва Тохаристонни фатҳ этди.
С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан