loader
Foto

Мовароуннаҳр ўлкасидаги исёнлар

Умар ибн Абдулазиз Хуросон волийси Абдураҳмон ибн Нуаймга фатҳ юришларини тўхтатиш ва исломни қабул қилганлардан хирож олмаслик тўғрисида буйруқ берган эди. Язид ибн Абдулмалик халифа бўлгач, барча учун хирож солиғи тўлаш белгиланди. Бу эса аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Мовароуннаҳрнинг айрим шаҳарлари исломдан қайтиб, эски динларига эътиқод қила бошлади. Ироқ волийси Маслама ибн Абдулмалик томонидан тайинланган Хуросон волийси Саид ибн Абдулазиз Мовароуннаҳрнинг Суғд вилоятига юриш қилди. Суғдларга Турк ҳоқонлиги қўшинлари ёрдамга келди. Хуросон волийси суғд ва туркларга қарши юришнинг биринчисида муваффақиятга эришган бўлса-да, кейин мағлубиятга учраб, кўп одамларидан айрилди.

Маслама ибн Абдулмаликнинг ўрнига Ироқ волийси этиб тайинланган Умар ибн Ҳубайра Саид ибн Абдулазизни Хуросон волийлигидан четлатиб, Саид Харошийни (722-723) волийликка тайинлади. Саид Ҳароший ҳам Мовароуннаҳрга юришни давом эттирди. У Суғдга 723 йилда келиб, барча амалдорлар ва заминдорларни араблар билан тузилган аҳдга қайтишга чақирди. Унинг чақириғи самара бериб, бир гуруҳ амалдорлар ўз одамлари билан таслим бўлди.

Фақат Панж ҳукмдори Деваштич (ваф. 723) ва баъзи мулкдорлар унга бўйсунмадилар. Улар Хўжандга чекинди. Саид Ҳароший Хўжандга қочиб кетган суғдларга нисбатан шафқатсиз кураш олиб борди.

Саид Ҳароший Хўжандда суғдларни қатл этгандан сўнг уларнинг бошлиғи Панч ҳукмдори Деваштичга қарши қўшин юборди. Деваштич Муғ тоғидаги мустаҳкам қалъасида эди. Араблар қалъани қамал қилдилар ва Деваштични ҳам ҳийла йўли билан қўлга олдилар. Қалъада қолганлар эса араблар билан сулҳ тузиб, қалъани уларга топширдилар. Араблар қалъадаги бор мол-мулкларни сотиб, пулини ўзаро бўлиб олдилар. Кейин Саид Кеш ҳукмдори билан 10 минг бош қул беришга сулҳ тузди. Бу вақтда Ироқ волийси Умар ибн Ҳубайра Хуросон волийси Саид Ҳарошийга мактуб ёзиб, Деваштични озод этишни буюди. Лекин Саид унга қулоқ солмасдан, Кешдан Самарқанднинг Рабинжан мавзеига келганда, Деваштични қатл этди(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши Сўзбоши, араб тилидан таржима, шархдар, изоҳлар ва кўрсагкичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 328-330.).

Муғ тоғида Деваштичнинг 80 дан ортиқ мактуб ва бошқа ҳужжатлардан иборат шахсий архиви топилган. Ҳужжатларнинг асосий қисми суғд тилида, битта мактуб араб тилида, битта мактуб қадимги туркий тилда ва битта мактуб хитой тилида ёзилган. Суғд тилидаги ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, Деваштичнинг атрофидаги энг нуфузли амалдорлар Уттегин, Курчи, Утт каби туркий исмлар, шунингдек,тархон ва тегин каби унвонлар билан аталган. Муғ тоғида топилган араб тилидаги ҳужжатдан маълум бўладики, қўзғолон кўтаришдан олдин Деваштич Хуросон волийси амир Жарроҳ ибн Абдуллоҳ (717 -719 йилларда ҳукм сурган) нинг мавлоси бўлган, яъни унинг ёрдамида ислом динини қабул қилган. Бироқ кейинчалик араблар билан келишмовчиликлар юзага келиб, Самарқанд ҳукмдори Ғурак билан қўзғолон кўтарган.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан