Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Шин дубан ўз идорасининг маълум даврларида қатор соҳада анча-мунча илгарилашларга йўл бериб, кўзга кўринарли иш қилди. Масалан, чорвачиликда ҳар бир вилоятнинг шаҳар ва ноҳияларида мол дўхтирхоналар очтирди, бу эса чорва учун анча яхши натижалар бера бошлади. Насллантириш учун советдан яхши насллик айғир, буқа, кўчқорлар олиб, молнинг насли яхшилана бошлади. Шунингдек, ўрмончилик, ер-сув идоралари, Шиху-Мойтоғларда нефть ишлаб чиқаришлар, Урумчида авторемонт зовуди, Ёркент ва Хўтанда гилам тўқиш ишхоналари қурилди. Савдо, деҳқончилик, халқ хўжаликлари халқниг қўлида бўлиб, яхши - ишлаганлар - яхши, ёмон ишлаганлар ёмон яшадилар. Хуллас, халқ ўзи билан ўзи овора бўлиб, жон боқишдан бошқа нарсани ўиламас бўлди. Чунки сиёсатдан бир оғиз сўзлаганларни йўқ қилиб ташлаганди ва йўқ қилиб ҳам турди.
Мана шу кезларда Шин дубан яна бир алдов қилиб,1939 йили август ойларида қозоқ, қирғиз, қалмоқлардан [Қурултой баҳонаси билан Урумчига вакил чақириб, улардан бир қанча қўзга кўринганларини қамаб олди. Шу жумладан, Олтой волийси Шарифхонтўра бошлиқ бир қанча катталарбор эди. Ғулжадан Қозоқ-қирғизлар уюшмасининг раиси Тошдан • бошлиқ бир қанчаларини қамоққа олди. Ундан ташқари Ғулжа вилоят Текас, Кунас, Қош ноҳияларининг қозоқ ва қалмоқларидан, Бўритала, Жинг, Арашон, Дохиёнгза ва ҳам Чўчак вилоят ноҳиялари ҳамда Юлдуздаги қалмоқлар бўлиб кўпларини қамаб, ҳибсга олинганларнинг мол-мулкларини мусодара қилиб, бола-чақаларини сургун қилиб ташлади. Шундай қилиб, Олтой ва бошқа вилоятлардаги ерлик хизматчиларни чақириб олиб қамаб, уларнинг ўринларига хитойларни қўйди. Мана шундайчасига халқларни кўрқитиб, ўз хоҳиши билан иш кўрди. Бечора халқ ўзига теккан жон боқиш йўлига рози бўлиб: “Яша одил ҳукуматимиз, яшасин Шин дубан!” дейишдан бошқа сўз айтмас бўлди.
Мана шу вақтлар 1940 йили ёз ойлари эди. Оролтепадин олиб келган чорва махсулотларни сотиб, ишларни битириб яна Оролтепага кетмоқчи бўлиб турсам, энгяқин оғайниларимдан бири Довуджон олдимга югуриб кириб келди. “Ҳа, нима бўлди?” десам, “Бошимга бир мушкул иш тушди”, деди. Нима бўлганини сўраб билсам, оғайним ҳақ, аммо ноҳақ томонда ҳукумат турибди. Буни исбот қилиш, жондан кечиш билан баробар эди. Булар сотган товар нархида оғайним ҳам сотган бўлиб, оғайнимни қонунсизликда айблаб жазоламоқчи бўлган, ўзларининг қонунсизликларини яширган. Шунинг учун мен, ҳукумат дўконидан худди оғайним сотган молдан олиб, шу билан унинг ҳақлигини исбот қилишим керак эди. Ўз вақтига қараганда менинг учун бу иш ниҳоятда қўрқинчли бўлса ҳам, оғайним учун қилдим. Чунки зулмга қарши ҳақ томонда туриб ҳаракат қилдим. “Чинакам биродарлар бошга шундай ноҳақ ишлар тушганда ҳақиқат учун бир-бирига ёрдам қилиши кераклиги ислом қонунидир” деган сўзларни дадамлардан кўп марта эшитгандим. Шунга асосан биродарим учун шу қалтис ишни қилдим. Бу эса шул вақтдаги золим ҳукумат сиёсати шароитида ҳақиқатан ҳам жондин кечиш эди. Менга бу ҳақда кўп дўқ-пўписалар қилиб сўраб: “Мабодо бировлар учун шу ишни қилганинг билиниб қолса, отиласан, шунга розимисан?” деганда, қўрқмай “Розиман”, деб қўл қўйдим. Бу соҳада Оллоҳ ёрдами билан ҳаракат қилиб, биринчи бўлиб ҳукумат савдосини нотўғри йўл билан халққа қиммат сотганини исбот қилиб, оғайнимни катта фалокатдан қутқариб қолдим. Бунинг оқибатида мазкур савдохона (“мўюгунгси”) бошлиқларини жазолашга мажбур бўлиб, мени оқлаб газетага ёзди.
Алихонтўра Соғунийнинг
"Туркистон қайғуси" китобидан