Бу киши эса қирғизлар ичида ота-боболаридан бери эл сўраб, юрт кутиб келган Шодмон [Шобдон] ботир Жонтой ботир ўғли, Қорабек ботир ўғли, Отока ботир ўғли, Тиной ботир ўғли бўлиб, тўққиз ота-боболаригача эл устида ўтган, ўз замонасида қозоқ-қирғиз хони аталаган зўр маноплардан эди. Отамиз марҳум билан дўстлик алоқаси бўлганлиқдан ўзи билан ҳаётлигида кўришиб, хизматида ҳам бўлган эдим. Инсониятта ёқимлик яхши хислатларнинг кўпига эга эди. Оллоҳ раҳмат қилсин, киши ҳайрон қолгудек даражада анинг қилган баҳодирликларини шу кунга довур қирғиз қариялари қизғинлик билан ўзаро достон қиладилар. Ўзим кўргандай эшитганларимдан бир-икковини эсдалик учун бу ўринда ёзиб қолдиришни лойиқ кўрдим.
Маълум бўлғайким, Ботир ҳожининг илгаридан бери ерлаб келган қишлоқ жойларини Чўнг Кемин, Кичик Кемин деб атайдилар. Булар Тиёншон тоғларининг қалин тармоқлари орасида жойлашган бўлиб, Кичик Кеминни Ботир ҳожим қишлоқ тутмиш эди. Ўз даврида Эдиқут эли, Боласоғун ўлкасини суғориб қондирган Чуй дарёсининг ярим қисми шу қишлоқ ўртасидан оқиб туради. Бу сув тошқин вақтларида от-улоғ билан ўтишга кечик бермайди. Сувнинг келиш томони юқбри бўлганлиқцан тез оқарлиги устига сув ости қўрум(Катта ва бесўнақай; баҳайбат.) тошлари билан тўлиқдир. Бундай сувдан кечиб ўтиш кўп хатарлик бўлур. Мана шундай тошқин кунлари сув ҳайқириб оқаётганида мол боқиб юрган бир қирғиз чоли оқиб кетиб, жон талвасаси билан сув ўртасида кўриниб турган бир йўғон тош устига чиқиб олмиш эди. Шу атрофдаги қирғиз йигитларидан ҳеч бир киши уни бу ҳалокатлик қонхўр сув оғзидан қутқариб олиб чиқишга журъат қилолмагач, ботир Шодмон қўлидан келмаган иш йўқ, Хизр назар қилган киши деб ишонган қирғизлар бу даҳшатлик хабарни унга билдирадилар. Буни англаши билан човутга турган йўлбарсдай, турқи бузилиб, ўнгги ўзгариб: - Ҳой аттанг, замон бизга ёмон болларин қолдирғон экан. Торт тўрайғир отимни! - деб ҳайқирмишдир. Болалик кунидан тортиб бир айтган сўзидан қайтмаслигини билган хизматчи тобунлари иложсиз қолиб, у айтган отни келтиришга мажбур бўлганлар. Шу орада чўнг кишилардан ўзининг тенг-тушлари келишиб қолиб: - Ҳой ботир, тилсиз ёвга қарши чиқиб, ботирлик қилиш қандай бўлур экан? Кўпчилик эл йиғила бошқа бир чорасини қилар эдик, - дейишиб ҳар қанча ёлворишса ҳам қарамай, отланиб сув томонга қараб жўнайди.Буни кўргач нима қилишларини билишолмай, ё уни бу ишдан қайтариб бўлмай, бутун халқ қўрқинчга тушиб ҳайронликда қолибдилар. Мукуш, Камол деган атоғлик ўғилларининг онаси, унинг олдида энг суюмлик, эл ичида қадри улуғ Шока байбича деган хотини йиғлаб-ёлвориб: - Ҳой ботир, бу ишни қўйинг, сиздан сўрадим, - деб от остига ўзини ташлаганига қарамай, “атеке”, “урра”ни қичқирганича сув юқориси томон от қўймишдир. Бундай даҳшатлик хабар тарқалиши билан ҳар ёқдан от чопишиб келган қирғизлар сув бўйларида тўпланишиб, ҳайронлик ҳолда қарашиб турган эдилар. Кўриб турган кишиларнинг айтишларича, шундайин даҳшатлик, ўлим хатарлик, тилсиз ёв устига келганида яна баҳодирлиги билиниб, ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаган эди. Балки ўзини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оллоҳдан паноҳ тилаган кўзсиз, тилсиз сув балоси(Бухорий, 14/6297 да зикр этилганларга асосланган ифодадир.) олдида турганини кўриб, бу каби даҳшатлик қора аждарҳо оғзига тушган бир бечорани қутқаришга ҳиммат қилганини билгач, ўз тилича “Оғурой, қўлдай кўр”(Эй Худо, қўллаб юбор! (қирғизча)) наърасини тортганича сув ўртаси тош устида бақадек чаплашиб ётган чолни мўлжаллаб анчагина юқоридан “Оллоҳ!” деб от солмишдир. Уйлардек ўркачлаб кўпириб ётган даҳшатлик тўлқинлар ичида белидан ботганича тошдан-тошга урилиб-сурилиб “оғурой”лаб келаётган Ботир ҳожига сув бўйида қарашиб турган қалин халқнинг кўзлари тушгач, “Оҳдо ўзинг сақтай кўр!” деб қичқирган товушлари кўкка кўтарилмиш эди. Уй-оила жонкуярлари ҳар ёқдан “оғурой” деб қичқирар эдилар. Шундай ҳайбатли даҳшатлик сув ичида жон ҳовучлаган ҳолда чаплашиб ётган чала ўлик чол устига яна келиб, “Жонинг бўлса, узат қўлингни!” деб қаттиқ қичқирган бўлса ҳам эси оққанлигидан қўл узатолмагач, ботир қўлига илинишмай ўқдек оқаётган сув сирпондиси билан ўтиб кетмишдир. Буни кўрган бутун халқ сурон солишиб: - Энди иш тугади, баҳодирликўз чекидан ўтди. Сиздай киши бизга қайдан топилади? Бундай чолларнинг неча минглари сизнинг бир тол тирноғингизга тенг келмайди, - деб қичқиришган бўлсалар ҳам буларга қараб қўймай, сувдан чиқиши билан яна “Оллоҳ” садосини кўтариб иккинчи йўли сувга кирганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Баҳодирларни Оллоҳ дўст тутгай, тилакларини Худо қайтармағай, ҳар ишда чидамлик- саботликлар мақсадларига етгайлар” деганлардек, Оллоҳ ёрдами етди бўлғайким, ул чалажон чолни ули оғзидан қутқариб от олдига ўнгарганича бу каби даҳшатлик сувдан саломат чиқмишдир.Яна бир куни оқ ўрковда қўрдошлари билан қимиз ичишиб ўлтириб экан, йироқдан чиққан шовқин-сурон товуши эшитилмишдир. - Бу нима экан? - деб сўраса:- Ҳой ботир, сув ёқасидаги қалин чирғаноқ(Бутасимон тиканли ўсимлик, мевасини қирғовуллар яхши кўради.) ичида бир йўлбарс ётганлигини эл билишиб қолиб, мерганлари билан келган кўпчилик халқ уни ётган еридан қўзғаб очиққа чиқаролмай ётадилар, - деганларида: - Ҳой, кўпчилик ҳеч иш қила олмайди, ҳар вақт халқ ортида турган баҳодир, етук бир киши кўп иш қила олади, - деб йўртовул кунларидаги кийим-бошларини кийиб, қилич осинган ҳолда отланмишдир. Бу ўринда кирган ишидан қайтмаслиги эл ичида маълум бўлганликдан қайтариш тўғрисида ҳеч ким оғиз очмаган эди. Шундоқ ҳам бўлса ер усти ҳайвонлари ичида оти улуғ, ҳайбати зўр, чангали даҳшатлик йиртқич йўлбарсга тўқнашувни ўйлашиб,-кўзотар мерган иниси Момут ён йўлдоши бўлмишдир. Шу юрганича эргашган томошачи кишилар биргалиқца кўпчилик халқ ўрашиб олган қалин чирғаноқ яқинига келганида: - Ҳой жонивор, сен ҳайвондан чиққан йулбарс бўлсанг, мен инсондан чиққан арслонман, - деб ярақлаган яланг қиличи билан устига отилмиш экан. Ботир ҳужумига йўлбарс чидаёлмай, ётган еридан қочиб чиқаётганида иниси Момут отган ўқдан қаттиқ яраланмишди. Буни кўргач: - Ҳой, ёғий энди яраланди, яраланган ёвни хотин олғай, - деб уйига қайтмишдир.Учинчи воқеа ҳаж сафарига кетаётганида мозорларни зиёрат қилмоқчи бўлиб, Самарқандга тушмиш экан. Амир Темур қабрига кирганида қараса, саёҳат учун келган рус зобит (офицер)ларидан бирови Темур султон қабрига оёғини тираб хат ёзаётганини кўрмишдир. Буни кўргач, баҳодирлиги қўзғалиб: - Ҳой, бутинг(Оёқ (чиғ.туркча).) кесилгур жунбош, ер қадрини билмаган, торт оёғингни! - деб ҳайқирмиш экан. Қўрққанидан сачраб туриб, кечирим сўрамишдир.Болалик кунларидан бошлаб баҳодирнинг шу каби киши ҳайрон қоларлик ишлари жуда кўпдир. Бунинг баҳодирлиги, сахийлиги устидан бошқа эмас, ўзим кўрган ва билганларимни ёзар эканмен, ўз олдига бир китобча бўлиши мумкиндир.Инсон яхшилиги кўмилиб кетмасин, Худо хуш кўрган фазилат бўлган турк улусининг баҳодирлиғидан келажак бўғимларимизга ўрнак бўлиб, ибрат олғудек сўзларни бу ўринда келтирдим.Байт:
Тилим турк халқига кўп офарин қил,
На янглиғ мақтасанг оздир, аник, бил.
Яраш чоғида меҳмондек ўтирғай,
Уруш кунларида арслондек отилғай.
Алихонтўра Соғунийнинг
"Туркистон қайғуси" китобидан