Русия XVI асрдан бери Сибирь орқали Хитойга, Туркистон орқали Ҳиндистонга ва Кавказ орқали Эрон ҳамда Туркияга чиқиш мақсадида бўлса ҳам XVIII асрнинг бошларига қадар Туркистонга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий юришни ташкил қила олмади (Макшеев, 64 - 65; Аминов, 63-бет. Бу қальалар кейинроқ рус қисмларининг Ўрта Осиёга бостириб киришида бошланғич таянч нуқта вазифасини ўтадилар.).
I Петр даврида Туркистонга юборилган ҳарбий разведка бўлинмалари махсус ва асосий ғоя бўйича иш олиб боришни режалаштирган эдилар. Астрахон волийси 1713 йилда Астраханга келган туркман савдогари Хўжа Нафаснинг берган маълумотига таяниб, Петрга Ҳазар денгизи бир замонлар Амударё ўзани орқали Орол кўлига боғланганлигини, Амударёнинг ҳозирги куйи қисмида ва Ёркент атрофида олтин конлари борлигини баён қилди. Бу хабар натижаси ўлароқ Хўжа Нафасга «Рус барони» унвони берилган эди. Олтинга ўч бўлган Петрнинг олтинларни қўлга киритиш учун ҳарбий қисм жўнатишдан бошқа чораси йўқ эди.
1714 йил 22 майда у Бухгольцга Тобол ва Иртиш дарёлари йўли орқали Ёркентга (Шарқий Туркистон) кетиш амрини берди. Бу қисм 1716 йили Иртиш дарёсига етди, лекин ойратларнинг қаршилиги туфайли ўз мақсадига эриша олмади. Шу йили Бухгольц Омск қалъасини қурдирди. Бухгольц отрядининг мағлубияти I Петрга Русия Иртиш ҳавзасини ўз ҳокимияти остига олиш учун кучли бир қалъа бунёд қилиши кераклигини ўргатди. Шу сабабли 1720 йилда генерал Лихаревни Иртишга юборар экан, Еттитом (Семипалатинск) ва Уст-Каменогорск қалъаларини иншо эттирди(Н. Василевский, Очерки историко-географических сведений, 169-6.; Аминов, 63-6.).
1714 йил 29 майда I Петр Хивага қарши ҳарбий разведка ташкил қилиш ғоясини илгари сурди. Бу ҳарбий разведка раҳбарлигини Петрнинг мураббийси бўлмиш Б.А.Галинцевнинг куёви ва насронийликни қабул қилган Александр Бекович Черкасскийга (асл исми Давлат Киздан Мирзо бўлиб, қабардалик бир мусулмон эди) топширдил Черкасский 1713 йилдан бери I Петрнинг «Шарқ масаласи» бўйича мутахассиси эди. 1714 йил 28 сентабрда бу аскарий қўлсолиш (1900 аскар билан Оксус (Амударё) атрофида ҳаракат бошлади. Разведканинг бир қисми 25 апрель 1715 йилда Манғишлоқярим оролига келди ва Русия тарихида илк бора Оксуснинг (Амударёнинг) қуйи оқимида изланиш ўтказди. 1715 йилнинг сентабрида бу ҳарбий қисм Астраханга қайтди ва Черкасский I Петрдан ҳарбий разведкага янги кучлар жалб қилишни илтимос қилди.
1716 йил 14 февралда I Петр Хивага жўнатилган ҳайъат учун янги фармон ва Черкасскийга ҳаракат учун 13 моддадан иборат кўрсатма берди. Черкасский Хива хони бехабар бўлган Амударёнинг Эски ўзани (Узбой ўзани ҳақида гап боряпти) да 1000 аскарга мўлжалланган қалъа қуриши; хоннинг Русия ҳимоясига киришини таъминлаши ҳамда Хива воситасида Бухорони асоратга олиш имконларини ва Ҳиндистонга борадиган йўлларни аниқлаши керак(Макшеев., 70-75-6; Васильевский, Очерк, 173-бет: «Бу юриш биз учун бошқача натижа берди: рус қисмларининг хиваликлар томонидан кучли зарбага учраши ўч олиш юриши ташкил қилишни тақозо қиларди. Аслида, бу ҳолат уларни бизга аёвсиз душманга айлантириб қўйдики, энди буни ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди». Рус тарих илми ҳанузгача бу фожиали юриш тарихи билан шуғулланиб келмоқда ва «буюк» I Петрнинг қайси ҳуқуққа биноан мустақил давлат бўлган, унинг чегарасидан анча олис бўлган Хивага ҳужум уюштирганлигига жавоб излар экан, айбни «қўзичоққа» - Хивага юклайдилар.).1716 йилнинг илк баҳорида 6565 аскардан ташкил топган отряд (буларнинг орасида 500 татар, 32 қалмоқ, 22 черкас бор эди) 31 муҳандис ва 50 нафар фуқаро маъмурлари, таржимонлар, дипломатлар, 138 кема билан Хива ерларида ҳаракат қила бошлади. Хужум борасида юқорида номи зикр этилган Хўжа Нафас ва қозонлик Ураҳмед Аҳмедов йўлбошловчи эдилар. Рус кучлари Хивага бормасдан олдинроқ Хива хони қалмоқлар хони Аюку Хон тарафидан огоҳлантирилиши тарихнинг бир жилваси эди. Чунки турк ва мусулмон бўлган ҳукмдорни рус отрядининг нияти ҳақида маълумот берган, огоҳ этган одам бирор турк ёки мусулмон эмас, балки буддист ҳукмдор эди.
1717 йилнинг илк баҳорида Черкасский 3500 аскари билан Хивага кирди. Шерғозихон (1715 - 1727) Черкас-скийдан бунча миқдордаги аскарларни жойлаштирадиган махсус жой мавжуд бўлмаганлиги учун аскарларни уйларга тарқатишни илтимос қилди. Черкасский бу таклифни қабул этди. Фақат мингбоши Франкенберг Черкасскийнинг бу қарорига қарши чиқди, аммо сўзи ўтмади. Рус аскарлари уйларга жойлаштирилгач, хон уларнинг барчасини ўлдиришга фармон берди. Ҳақиқатан, Черкасский ҳам, бошқа бирон шахс ҳам соғ қолмади. Бундай тадбир Хоразм тарихида бўлмаган эди, зеро, хоннинг нияти ва амрига ҳеч ким хиёнат қилмади. Бу босқинчиларни маҳв этиш билан Хива мамлакатни истило этишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат шу аҳволга тушади, деб Русияни огоҳлантирган эди. Руслар бу фожиадан кўп нарса ўргандилар. Аскарий қўлсоларнинг (Ҳарбий разведканинг) ачинарли оқибатини асло унутмаган ҳолда ва дастлабки фурсатдаёқ Хивани жазолашни ният қилиб қўйдилар(1839 йил 12 мартда бош нозир ёрдамчиси, уруш нозири ва Оренбург волийси иштирокидаги ҳукумат мажлисида рус аскарларини озод қилиш ва рус савдогарларининг эркин савдо қила олиши учун Хива хонлигига қуролли тахдид қилишга қарор қилинди. Л. П. Иванов. «Хивинская экспедиция», 127-6.). Русия бу мағлубиятдан сўнг Хивага муқобил зарба бериш учун ҳозирлана бошлади. Бу ҳозирлик зимдан, шов-шувсиз давом этди. Рус ҳукумати Орол кўлининг шимолида назоратни ўз қўлига олишга интиларди. Шу мақсадда Оренбург ҳарбий чизиғини яратишга киришилди.
1717 йилдан бери 122 йил ўтгач, рус ҳукумати 1839 йили Хивага қарши янгидан куч ишлатишга, яъни хонликни ишғол этишга қарор қилди. Орадан ўтган 122 йил давомида танаффуслар билан бўлса ҳам, Хива тузуми, аҳволи ҳақида маълумот тўпладилар. Шу ниятда 1824 - 1825 йилларда П.Циалковский бошчилигидаги қуролли бир карвон Хивага жўнатилди. Бу карвон Хива томонидан асир олинди. 1826 йили полковник (Албай) Берг Орол кўлининг соҳили картографиясини ҳозирлади. Рус ҳукмдорлари 1838 йилда Хива хонини рус қуроли кучи билан бўйсундириш вақти келганлигига ишонди(К. К. Абаза, Завоевание Туркестана. 26-6. Русларнинг изохдашича, инглизлар Русиянинг Хивага яқинлашувининг олдини олиш учун Хивага 25 кишилик бир ҳайъат жўнатдилар, инглизлар Русиянинг бу ҳаракати Ҳиндистонга тахдид қилади, деб ҳисоблардилар. Шунинг учун руслар Хивани шиддат билан, мумкин қадар тез босиб олишга қарор қилишди.). 1839 йилда генерал Перовский қўмондонлигида Хивага сафар уюштиришга қарор қилишди. Бу ҳарбий бирлашма 14 ноябрь 1839 йилда 5217 аскар ва кузатувчилар бўлмиш 8000 бошқирд билан бирга 30000 от, 20000 туя ҳамда 22 тўп билан Хивага тўғри юриш бошлади.
Генерал Перовский: «Русия Хивани ҳеч кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тарзда жазолаяжак» деган ўрон (парол)ни берди ва «Биз икки ойда Хивада бўламиз ва хонликнинг бошкентида биринчи навбатда хоч (крест) ва Инжил олдида рус подшосининг саломатлиги ҳамда ватанимиз шуҳрати учун дуо қиламиз», деди(Иванов, 85-86-6.).
Бу сафардан кўп томонлама мақсад бор эди: аввало, Хивани рус назорати остига олиш, рус савдогарларига хонлик ҳудудида эркинлик ҳуқуқий эришиш, руслар қўл остида яшаётган туркман ва қозоқларни хоннинг таъсиридан узоқ тутиш; Сирдарё атрофидаги қалъаларни йўқ қилишга хонни мажбур қилиш ва ҳ.к.
Рус қўшини Хива қўшини билан илк дафъа 1 декабрь 1839 йилда Устюртдаги Беш Тумак воҳасида тўқнашди. Дастлабки жанг 5 декабрь 1839 йили бўлди. Руслар бу жангни бой бердилар. Рус аскарларининг руҳияти тушиб кетган эди. Бундан ташқари, Устюрт баландлигининг совуғига чидай олмадилар. Туякаш қозоқлар ҳам қишда чўлда дайдиган бирликларни кузатиб боришдан бош тортдилар. Аскарлар орасида хастал ик ҳам бошланди. Дастлабки жангда ютқазган аскарларнинг жанговар кайфияти баттар тушиб кетди. Перовский Оренбургга қайтишга мажбур бўлди. Рус бирликларининг тирик қолганлари 1 февраль 1840 йили Оренбургга қайтиб келдилар.
Иккинчи мағлубиятдан сўнг руслар эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга мажбур бўлдилар. 1852 йилгача Хива ва Қўқонга қарши йирик ҳарбий ҳаракатдан тийилдилар. Тўқнашувлар фақат чегара шаҳар ва қишлоқлари билан чегараланди. Шунда ҳам 1852 йилга қадар Русия Сирдарёнинг қуйи оқимида ўз мавқеини ҳимоя этишга муваффақ бўлди. Масалан, 1847 йилда Райим қалъасини қуриши, Орол кўли ва Сирдарё ҳавзасида ҳарбий нуқтаи назардан мавқеларини мустаҳкамлаш учун ҳаракатлари бунга бир далилдир. 1854 йили Хивага уюштирилган янги бир юриш ҳам юқоридагилар каби мағлубият билан тугади(Марков, Россия, 80-6; В. Я. Басин. 0 русско-казахских дипломатических отношениях., 1965., 45-6.).
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан