Туркистонликларнинг шўро Русияси билан қуролли кураши давом этаётган бир вақтда, жадидларнинг кичик бир қисми(Бу гуруҳга яна қуйидагиларнинг дахли бор эди: Рисқул, Мунаввар Қори, Санжар Асфандиёр, Султон Хўжан, М. Тинишпаев, А. Бўкейхон, Н. Айтак, А. Раҳимбой, К. Отабой, Тошхўжа, Ашурхўжа, Низомиддинхўжа, Турсунхўжа, Исмоил Саидваққос, Саъдулла Қосим, Абдулла Карим, Султон Сегизбой, Акмал Икром, шўро тутуми доирасида бу номлар Туркистоннинг энг салоҳиятли кишилари сифатида тақдим қилинади.) тахминан 1918 йилдан шўро давлати идораларида ва Туркистон коммунистик партия сафларига ўрнашиб, ўз мавқеларидан фойдаланиб, Туркистон миллий озодлик ҳаракатини зимдан олиб боришга интилди.
Улар шўро русларининг Туркистондаги сиёсатини миллий манфаат ўзанига оқизишга ёки шўроларнинг шафқатсиз сиёсатини юмшатишга уриндилар. Бу гуруҳ яширин равишда Мунаввар Қори томонидан бошқарилар эди. Бу зот 1920 - 1922 йилларда Туркистон мухтор шўро социалистик жумхуриятининг таълим-тарбия ишлари бўйича Халқ комиссари бўлиб ишлади. Туркистон коммунистик партия ва давлат идора ишлари тизими ичида, ўз ўртоқлари билан бирга, Туркистон «давлат» бўлиб шаклланиши учун шошилинч тайёргарлик кўрган ва уни муҳофаза қилишга бел боғлаган Турор Рисқул (Рисқулов) алоҳида ажралиб турарди. Бундай ишлари билан Рисқул ва фикрдошлари шўро рус раҳбарлигининг Туркистонда олиб бораётган сиёсатига катта мухолиф бўлиб қолишди.
1919йил мартида Туркистон коммунистик партияси Марказий қўмитаси мусулмон бюроси бошлиғи бўлгач, Рисқул бу идорани рус коммунистларидан тузилган ТКП МК ва Рус коммунистик партиясига қарши кураш ташкилотига айлантирди. Мусулмон бюроси ТКП буйруғига итоат қилмай қўйди. Шу боис Туркистон коммунистик партияси анжуман ва кенгашлари қаторида улардан алоҳида ҳолда ўзларининг анжуман ва кенгашларини уюштира бошлади. ТКП мусулмон бюроси ўзини 1919 йилда Туркистоннинг «энг олий партия ташкилоти», деб ҳам эълон қилган(История коммунистических организаций, 378-6; Ваҳобов. Формирование узбекской социалистической нации. - Ташкент: 1961, 308-6: «Мусулмон бюросидан куч олиб турган бир гуруҳ миллатчи Туркистон комиссиясининг етиб келишидан олдин Туркистон шўро идораларидаги муҳим мавқеларга ўрнашиб олдилар».).
1920 йил 12-18 январда Туркистон КП V анжумани билан бир қаторда «Мусулмон партияси» (коммунистлар) ташкилотларининг III конференцияси бўлди. Рисқул бу конференцияда Туркистоннинг келажаги ҳақида тайёрланган тезисини ўртага ташлади(Рус коммунистлари бу вақтда Туркистонда катта роль ўйнадилар. Конференциянинг беш нафар сўзга чиқувчисининг тўрттаси Туркистонга алоқаси йўқ коммунистлар эди: Элиава, Голошекин, Рудзутак ва Куйбишев.). Рисқул яна шу фикрларини кенгашга тақдим қилди:
1. Туркистон Мухтор шўро жумхурияти Турк жумхурияти деб номлансин.
2. Туркистон коммунистик партияси Турк Коммунистик партияси деб аталсин.
3. Мусулмон турк қўшини тузилсин ва мусулмон бўлмаган ҳарбий қисмлар Туркистондан чиқиб кетсин.
4. Турк жумхурияти ўз мустақил ўқйўриғига (конституция) эга бўлсин.
5. Ташқи ишлар, ҳарбий, савдо ва молия сиёсати Турк жумҳурияти салоҳияти ҳисоблансин.
Мусулмон бюросининг III конференцияси бу таклифларни якдиллик билан қабул қилди. Шундан кейин Рисқул Туркистон Коммунистик партияси V анжуманига юқоридаги қарор билан қатнашиб, Мусулмон бюросининг қарорини баён қилди ва анжуман ҳам шу қарорни қабул қилишини таклиф қилди. Туркистон коммунистик партияси V конференцияси ҳам кўпчилик иродаси билан шу қарорга кўшилди. Бу қарор маҳаллий коммунистларнинг рус ҳамфирқалари устидан дастлабки шубҳа уйғотмаган зафари эди. РСФСР ҳукуматининг Туркистон жабҳаси ва РКП(б) Марказий қўмитаси раиси Элиава Рисқулнинг фикрини маъқуллади. Комиссия аъзоларидан Рудзутак эса қарши чиқди. Комиссия аъзоларидан Голошчекин ва Куйбишевлар иккиландилар. Туркистон жабҳаси қўмондони ва айни замонда комиссия аъзоси бўлмиш Фрунзе 1920 йил февралида Тошкентга келди ва қарордан хабар топгач, унга кескин қарши чиқди. Фрунзе Туркистон жабҳасининг 24 февраль 1920 йил йиғилишида кенгашнинг мазкур қарорига норозилик билдирди. Бу хусусда Ленинга ҳам ёзди. РКП (б) Марказий қўмитаси 1920 йил 8 мартда бу қарорни бекор қилди ва қуйидагича кўрсатма берди: «Туркистон ерларида Марказий кўмитанинг энг юқори поғонасида фақатгина коммунистик партия бўла олади. Маҳаллий қўмиталар эса миллий бюролар ва шуъбалар ташкил қила олади. Туркистон партияси (коммунистик партияси - муаллиф) бир вилоят ташкилоти ваколатига эга бўлган Русиянинг бир парчасидир(История коммунистических организаций, 388-6.). Рисқул ва ҳамфикрлари (Турсунхўжа, Султонхўжа, А. Муҳиддин, И. Иброҳим, А. Али ва бошқалар) Московнинг бу фармонини қабул қилмади. 1920 йил майда Рисқул, Низомиддинхўжа ва Бек Ивановлардан иборат ҳайъат Московга келди. Бу вакиллар шўро раҳбарлигидан Туркистон жабҳасини тарқатиб юборишни, Туркистон жабҳаси инқилоб ва уруш шуъбаси ҳокимиятини чегаралашни, руслар тузган қизил кўшинни Туркистондан чиқиб кетишини ёки қуролсизлантиришни талаб қилди. Бундан ташқари, ташқи сиёсат, ташқи тижорат ва ҳарбий масалалар Туркистон марказий ижроия қўмитаси ихтиёрига ўтказилишини истадилар(История коммунистических организаций, 426 - 427 б.). РПК МК, айниқса, Ленин Рисқулнинг талабномасини синчиклаб ўрганиб чиқди ва 1920 йил июлида уни қатъий рад этди. Турккомиссия эса 1920 йил 19 июлида ТКП Марказий қўмитасини тарқатиб юборди, чунки бу ерда Рискул тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилаётган эди. Янги ТКП МК тузилди(Ваҳобов. Формирование, 328-6.; Гордиенко. Творческая роль. 170-6. Русия коммунистик партияси Марказий қўмитаси 1920 йил 19 июлда тарихий бир қарор билан Рискулов гуруҳига мойиллик кўрсатгани учун Туркистон коммунистик партияси Марказий қўмитасини тарқатиб юборишини эълон қилди. «Туркистон КП янги МК нинг раиси қилиб Назир Тўрақулов тайинланди».). Янги Марказий қўмитага ҳам Москов тўлиқ ишонмас эди. Шунинг учун 1920 йил 29 июлда РКП (б) МК хузурида «Туркистон бюроси» яратилди. Бу бюро 11 августдан бошлаб ТКП фаолиятини тўлиқ назорат остига олди. Бу бюро, табиийки, русларнинг қўлида эди. Шунинг учун маҳаллий коммунистлар ўз қаршилигини давом эттирдилар(1920 йил 19 январида Куйбишев Русия КП МК котиби С. Д. Ста-совга шундай деб ёзди: «Рисқулов Шарқда шўро ҳокимияти учун хамон таҳликалидир». Қиёсланг: Устинов, Ленинская политика, 65-6.). Рисқул гуруҳи фикрлари тўсиққа учрагач, Туркистон мухтор шўро социалистик жумхурияти ўқйўриғи янги шакл ва мазмун касб этиши учун кураша бошладилар. Рисқул бу фикрни анча олдин - 1920 йил 17 январида ТКП МК Мусулмон бюроси, муҳожир коммунистлар бюроси ва Турккомиссиясининг муштарак йиғилишида ҳам баён қилганлиги маълум(Бу йиғилишда Рисқулов: «Туркистон этнографик ва бошқа бир қанча ўзига хос хусусиятларига кўра Турк жумхурияти ҳисобланади. Туркистон ўқйўриғи Русия ўқйўриғининг айнан ўзи бўлиб қолган, шунинг учун уни кенг кўламда ўзгартириш лозим», - деди. Қиёсланг: Ваҳобов. Формирование, 327-6.). Бу таклиф ҳам ўтмади. Чунки РКП (б) МК ва РСФСР ҳукумати 1920 йил 23 мартда Туркистон мухториятига оид янги низом эълон қилди. Бу низомда Туркистон турк миллатининг мухтор жумхурияти эмаслиги, у бу ерда истиқомат қилаётган ва турли ўлкаларда яшаётган туркманлар, ўзбеклар, қирғизларнинг мухтор жумхурияти бўлиб, РСФСРнинг(Гордиенко. Создание, 93-6.) «Туркистон мухтор жумхурияти» номи билан аталиши ҳам кўрсатилган. 1920 йил 24 сентабрида бу «мухтор жумхурият» учун янги бир ўқйўриқ ҳозирланди. Бу ўқйўриқ бўйича барча муҳим жиловлар (ташқи сиёсат, мудофаа, ташқи савдо, бож, темир йўл, бюджет ва бошқалар) РСФСР хукуматининг қўлига тутқазилди.
Шўро рус тутум (режим)ига қарши маҳаллий коммунистларнинг қаршилиги айни пайтда 1918 йилда тузилган Туркистон мухтор шўроси социалистик жумхурияти «Миллатлар масаласи бўйича халқ комиссарлигига» ҳам йўналтирилган эди. Бу ташкилотнинг биринчи комиссари туркистонлик Тошхўжа Ашурхўжа бўлган. Комиссарликнинг энг муҳим бурчларидан бири шўро тутумининг ғояларини маҳаллий халқ орасида кенг тарқатиш ва коммунистик асарларни ерлик халқ тилида нашр қилишдан иборат эди(Vaidyanath, The Formation, 90-6. Бу комиссарликнинг бурчи хақида қаранг: ушбу асар, 92-6.). Миллий қаршилик гуруҳи бу комиссарликни 1919 йил сентабрида тарқатиб юборилишига мушарраф бўлди. Ташвиқот қилувчи ташкилотдан маҳрум бўлган шўро тутуми туркистонликлар билан алоқада оғир аҳволга тушди. ТКП МК 1921 йил 17 сентабрда ўзбеклар, туркманлар ва қирғизлар учун «шуъбалар» озчиликни ташкил қилган миллатлар: яҳудийлар, тожиклар, дунганлар, поляклар, литваликлар, украинлар, олмонлар, татар-лар, бошқирдлар учун эса «шуъбачалар» очиш билан бу комиссарликни қайта тиклади. Қизиғи шундаки, ҳамма кичик, оз сонли миллатлар учун тузилган «шуъбачалар» ўша пайтда озчиликни ташкил қилган руслар учун тузилмади (1989-90 йилларда ҳам). Ўзбекистонда ва ўзга жумҳуриятларда бошқа миллатлар учун маданий марказ тузилгани ҳолда «Рус маданий маркази» ташкил қилинмагани ундан ҳам қизиқ - таржимон). Шунга қарамай, Туркистон миллатлари халқ комиссарлиги миллатлар ҳуқуқлари ҳал қилинадиган бир марказга айланиб қолди. Кейинроқ, яъни 1922 йилда бу комиссарлик мутлақо тугатилди ва Туркистон Марказий ижроия қўмитаси қошида ерлик халқ муаммолари юзасидан бир «комиссия» тузилди. Бу комиссиянинг вазифаси миллатчиликка барҳам бериш ва маҳаллий халқни шўро тутумини яратишда иштирок этишини таъминлашдан иборат эди(Уразаев. Ленин и строительство, 233-6.). Бу ҳолатлардан кўриниб турибдики, ўзини Туркистон мухтор шўро социалистик жумхурияти деб атаб курашаётган хукумат асли маҳаллий халқ - туркистонликлар учун бегона, ёт нарса эди. Бу хукуматга қарши Туркистон қаршилик гуруҳи узоқ муддат курашди.
Шўро давлати ва партия ташкилоти ичида фаолият кўрсатаётган гуруҳнинг Московдан қилган энг муҳим илтимосларидан бири Тўрғай вилоятини Туркистон мухтор шўро социалистик жумхуриятининг таркибий қисмига айлантириш эди. Туркистон Марказий ижроия қўмитасининг мазкур ўлканинг вакиллари ҳам иштирок этган 1919 йил 12 июнь йиғилишида Тўрғайнинг Туркистонга қўшилиши қарорлаштирилди. Айни замонда ТМШСЖининг Московдаги масъули РСФСР Халқ комиссарлари шўросидан Оқтўба ва Темир вилоятлари Қозоқ ўлкасидан Туркистон ҳокимиятига ўтказилишини ҳам талаб қилди. Бу йўл билан миллий қаршилик гуруҳи Туркистоннинг яхлитлигини сақлаб қолмоқчи эди. РСФСР бу талабни ҳам рад этди, яъни Рисқул ва маслакдошларининг ҳамма талаблари ҳар сафар рад қилинди. Шунинг учун улар ҳокимият доирасида фаолият кўрсатган даврида фақат рус ҳокимиятининг кенг тарқалишига тўсқинлик қилиш билан чегараланишдан бошқа чораси йўқ эди. 1919 йил 5 сентабрдаги шўроларнинг VIII анжуманида Халқ комиссарлари шўроси тарқатиб юборилди. Бу вақтда Рисқул Туркистон Марказий ижроия қўмитаси раиси эди. Бекор қилинган шўро ўрнига мудофаа, молия ва маданият шўролари тузилди. Бу шўронинг идорасини Рисқул шахсан ўз қўлига олди. Аммо Турккомиссия 1920 йил мартида бу шўрони ҳам бекор қилиб, халқ комиссарлари шўросини янгитдан яратди. Халқ комиссарлари шўросининг раиси эса Рудзутак бўлиб қолди(Я. X. Петерс 1919 йилда Русиянинг фавқулодда комиссияси (ЧК) раисининг вакили ва комиссия аъзоси бўлиб, Туркистондаги жазо идораларининг назорати ва бошқаруви бўйича жавобгар эди. В. П. Ногин Туркистондаги ҳаёт оқими йўналиши бўйича масъул бўлса, Суриц ташқи сиёсат масалаларини назорат қилиш ва йўналтириш бўйича масъул эди. Қиёсланг: Уразаев. Ленин и строительство, 308 - 309 б.).
Туркистон комиссияси билан миллий қаршилик гуруҳи ўртасидаги ихтилоф ниҳоятда кучайди. Шунга қарамай, шўро раҳбарияти 1921 йил 17 ноябрида уч нафар туркистонликни Турккомиссияга аъзо қилиб олишга мажбур бўлди: Раҳимбой - Туркистон Марказий Ижроия қўмитасининг бошлиғи, Отабой - Халқ комиссарлиги шўросининг назоратчиси ва бошқарувчиси; Тўрақул - Коммунистик партия ташкилий масалалари масъули. Бироқ русларнинг бу лутфи миллий ихтилоф бартараф бўлганлигини англатмас эди. Чунки ҳамон аввалгидай муҳим ҳокимият тизгинлари ишончли руслар қўлида эди.
Миллий қаршилик гуруҳи билан Московдаги шўро раҳбарияти орасида Туркистон масалалари бўйича тор-тишувлар, Туркистонни парчалаш арафасида (1923 -1924) ниҳоятда кескинлашди. Шўро давлати ва партия ташкилотида фаолият кўрсатиб келган илғор туркистонликлар 1924 йилгача Туркистонни бўлиб юборишга халақит беришга интилдилар. Улар муайян зафарга эришдилар ҳам: парчалашни кечиктирдилар. 1924 йил 31 январда РКП (б) МК нинг ташкилий бюроси РКП (б) МК котиби Рудзутакни Туркистон, Бухоро ва Хоразмни қайта тузиш учун Тошкентга юборди. 1924 йил 10 мартда Туркистон коммунистик партияси МК ва Тошкент партия ташкилотининг қўшма мажлиси бўлди. Бунда Рудзутак ҳам иштирок этди. Москов янги режасига ТКП котиби Абдулла Раҳимбойни ҳам кўндирганди. Туркистонни қайта бўлиш юзасидан турли қарашлар ўртага ташланди. Унда Ўрта Осиё иқтисодий шўроси раиси М. А. Паскутский ягона «Ўрта Осиё жумхурияти» номи билан Туркистонни бирлаштиришни таклиф қилди. Туркистонлик Султон Хўжан эса бу мажлисда «Туркистонни алоҳида-алоҳида жумхуриятларга ажратишнинг иложи йўқ. Чунки «ўзбек», «туркман» каби миллатларнингўзи йўқ, миллий таснифга кўра турк уруғларига «ўзбек» ва «туркман» деб бир сифат берилади», - деб диққатни жалб қилди(Чугаев. История национально-государственного строительство в СССР в переходньш период от капитализма к социализму. - Москва: 1968, 395-6; Vaidyanath, The Formation, 107-6.). Табиийки, Москов бу йиғилишда ҳам ғолиб чиқишини биларди. Парчалашга қарши турли томондан норозилик ёғилишига қарамай, туркистонликларнинг Султон Хўжан бошчилигидаги қисми фикри эътиборсиз қолдирилди(Шўро тарихчиларига кўра: «Буржуа миллатчилари Бухоро жумҳуриятини миллатларга қараб тартибга солишга доим эҳтиёт бўлишган. Баъзи маъмурлар Хоразм жумҳуриятини қадимги Хоразм давлатининг бир рамзи сифатида сақлаб қолишни талаб қилдилар. Коммунистик партия ва шўро хукумати душманлари давлатларни миллатлар асосида ташкил қилишга очиқдан-очиқ қарши чиқдилар». Қиёсланг: Режебов, Таджикская ССР, 149 - 151 б.). Қандай бўлмасин, Московнинг режаси амалга ошмаслиги учун астойдил ҳаракат қилган миллий қаршилик гуруҳи жўнгина қилиб айтганда, «Ўрта Осиё иттифоқи»(Туркистоннинг илғор коммунистлари РКП МК Урта Осиё бюросининг 1924 йил 28 апрель тарихий йиғилишида «Ўрта Осиёда бир Ўрта Осиё федерацияси ташкил қила оладиган Мухтор жумхуриятлар тузиш лозимлигини ҳимоя қилдилар». Қаранг: Уразаев, Туркестанская АССР, 194-6.), «Буюк ўзбек давлати», «Ўрта Осиё эркин уруғлари бирлиги», «Буюк қозоқ давлати», «Фарғона учун Мухторият ҳаққи» ва «Бухоро, Хоразм жумҳуриятларининг яшамаси» номлари билан ягона Туркистон фикрини илгари сурдилар. Бу фикрлар ҳам шўро раҳбарияти томонидан қатъий рад қилинди.
Миллий кураш 1924 йилдан сўнг турк уруғлари асосида шўро жумҳуриятлари ташкил қилингандан кейин янада кучайди. Шўро тадбирларини рад қилиш ва туркистонликларнинг сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётининг миллий ўзига хослигига мослаб юритишга интилиш бўлди. Масалан, Ўзбекистон Халқ комиссарлиги раиси Файзулла Хўжа ҳамда Ўзбекистон шўро СЖ қишлоқ хўжалиги Халқ комиссари Хидирали жумхурият ташкил бўлган кунларданоқ бутун ҳокимиятни ўзбекларга топширишни талаб қилишди. Бу хусусдаги қарашларини Ўзбекистоннинг мустақил бир давлат сифатида СССР таркибига кирганлиги билан изоҳладилар. Шундай йўл билан Москов буйруғига итоатдан бош тортардилар(Очерки истории коммунистической партии Узбекистана, 161-6.). 18 нафар кўзга кўринган коммунист Хидирали бошчилигида ўз хизмат вазифаларини бажаришида Московнинг аралашишига норозилик билдириб, ЎЗ КП МК га мактуб йўлладилар. Бу мактублардан олдинроқ улар Файзулла Хўжанинг уйида йиғилишди. 1926 йили Ўзбекистон таълим-тарбия Халқ комиссари Раҳим Иноғом ўғли Московдан юборилган маъмурлар билан ҳамжиҳатлик қилишга эътироз билдирди ва «жумҳурият»ни бошқаришни миллий ҳокимиятга топширишни талаб қилувчи гуруҳ тузди. Иноғом ўғли Туркманистон ССР КП раҳбари Тумайўғли билан бирга РКП (б) МК Ўрта Осиё бюросининг бекор қилинишини талаб қилди. Қозоғистон Мухтор шўро социалистик жумхурияти Халқ комиссарлари шўроси раиси Исмоил Ваққос миллий курашга раҳбарлик қила бошлади. У 1928 йили очиқчасига шундай ёзди: «Марказий ташкилотлар (Московдаги - муаллиф) миллий масалаларни менсимаслиги ошкор бўлди»(Кучкин. Советизация, 115-6., («Болшевик», 1928,1-сон, 59-бет].).
Бойтурсун 1932 йилда шундай ёзган эди: «Биз қозоқлар Қозоқ жумхурияти деб номланишидан мамнунмиз. Фақат бу жумҳуриятнинг мундарижаси бизга тегишли эмас. Унинг эгаси ҳам биз эмасмиз»(Кучкин, 71-6.). 1925 йили бошқа бир маҳаллий коммунист, қозоғистонлик Мингбой қуйидагича ёзганди: «Етти йилдан бери эзилишга чидаб келяпмиз. Бундан кейин бунга чидай олмаймиз. Мамлакатимиз идорасини ўзимизга беринг»(Кучкин, 171-6.). Ошкора айтилган бу талаблар 1937 - 1938 йилларгача давом этди. Шўро раҳбарияти ҳеч бир сир бермасдан, пинагини бузмай, бундай талабларни тингларди. Айни шу раҳбарлар 1923 йили Султон Хўжан ва Акмал Икромовларнинг шикоятларини, талабларини бепарво тинглаган эди. Уларнинг «Туркистонда фақат Русиянинг муҳри ўтадиган бўлди» деган гапига Сталин хафа бўлиб, шундай жавоб берганди: «Агар шу гап тўғри бўлса, у ҳолда босмачилар ҳақ, биз ноҳақмиз. Туркистон чор Русияси давридаги каби, ҳақиқатан ҳам, мустамлака бўлса, у ҳолда яна босмачилар ҳақдир. Бундай вазиятда Султон Галиевни биз маҳкум этишимиз эмас, у бизни маҳкум этиши керакдир»(Ваҳобов. Формирование, 407-6.).
Туркистоннинг «маҳаллий коммунистлари» Московда турк қавмлари манфаатини ҳимоя қилиш ва мавқеларидан фойдаланиб, туркистонлилар якдил бўлиши фикрини ёқлаган ва яхлит «Турон давлати» тузилишини хаёл қилган Султон Галиев билан бирга бир сафда турдилар(Мирсаид Султон Галиев Уфа минтақасидаги Қирмиз калъада 1890 йилда туғилди. Мадраса ва рус ўқитувчилик семинарияларида ўқиб, то 1917 йилгача ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1912 йилдан буён «реформист» сифатида танилган. 1917 йил 19 мартда ташкил қилинган «Мусулмон социалистик анжумани»нинг асосчиларидан бири. Шу йили бутун Русия мусулмонлари марказий шўроси котиби бўлди. Шуро ҳокимиятидан олдин миллий шуурли социалист эди. Шўро ҳокимияти билан у коммунист ва турк қавмлар орасида коммунистик ҳаракатнинг ташкилотчиларидан бирига айланди. Унинг ғояси турк қавмларнинг барчасини бир давлат ичида сақлаш. Яна бир бошқа ғояси Шарқдаги мустамлака миллатларининг байналмилал бирлигини қуриш ҳам эди. Туркистон мустақилликка эришуви учун ҳаракат қилди. 1923 йили ҳокимиятдан четлатилди ва ҳибсга олинди. Ўлимга ҳукм қилиниб, кейин афв этилди. Унинг шахси ва тушунчасининг шаклланиши ҳақида қаранг: Benninges et Lemencier Qualquejoy, Les mouvements nationaux chez les Musulmans de Russe: Le Sultangaleyevizme an Tatarstan, Paris - The Hague. 1960; Аршаруни-Губайдуллин, Очерки панисламизма, 76 - 90 б.; Шарапов, Националь-Hbie секции, 89 - 198 б.).
1936 йили Шўро иттифоқи ўқйўриғининг музокаралари асносида ерлик коммунистлар фаолиятлари қайтадан жонланди. Иттифоқдаги ҳар бир жумхурият ўз парламенти қарори билан иттифоқдан чиқиб кета олиши ва Шўро иттифоқи парламентига мурожаат қилмасдан қарорлар қабул қила олишини Шўро иттифоқи ўқйўриғида кафолатлаши талаб қилинди. Шўро раҳбарияти бу талабларни рад этди. Мухолиф кучлар 1923 йилдаёқ Туркистонга дахли бўлган РСФСР Марказий қўмитасида тайёрланадиган қарорлар ва қонунлар лойиҳаси аввал жумхуриятдаги тегишли идораларда ўрганилиши бўйича уринишлари ҳам натижасиз тугаган эди. Шўро идораларидаги айрим юқори мансаб эгалари бўлмиш оз сонли туркистонликлар ўз мавқеларидан фойдаланиб, ҳамюртларининг чегараланган имкониятини бироз бўлса ҳам кенгайтиришга ҳаракат қилдилар. Ўзбекистон Олий Маҳкамаси раиси Саъдулла Қосим бу борадаги хизматлари билан намуналидир. НКВД босмачи ёки антисовет деб одамларни маҳкамага топширган вақтда Қосим бундай «жиноятчи»лар билан ҳамдард бўлиш, уларни тушуниш ва имкони борича оқлаш ҳақида кўрсатма берарди. Шўролар унинг бундай иш тутишини фақат 1929 йилдагина ошкор қилди ва у 1930 йилда ўз шериклари билан бирга Самарқандда ўлимга хукм қилинди»(С. Қосим билан бирга қуйидагилар устидан ҳам жиноий иш қўзғатилди: Бадриддин Шариф - бош прокурор, Мирсоат Зокир -Тошкент маҳкамаси раиси, Иброҳимхўжа - Мирзачўл маҳкамаси раиси, Насриддин олим - тошкентлик бой, Акбар Самиғжон - тошкентлик савдогар. Бу ҳақда тўлиқ маълумот учун қаранг: М. Чўқай, Саъдулла Қосим маҳкамаси, УТ, 1930, 7-8 сон, 12 - 21 бетлар.).
Туркистоннинг илғор кишилари давлат ва коммунистик партия ичида ва ундан ташқарида яширин ташкилотлар ташкил қилиш шаклида қаршиликни давом эттирдилар. Жадидларнинг «Ислом шўроси» ташкилоти Мунаввар Қори бошчилигида 1920 йилгача мавжуд бўлди. 1921 йил июлида Мустафо Камол пошонинг кўрсатмаси билан Туркия Буюк миллат мажлиси миллат вакили Исмоил Субҳи Сўйсалли ўғли Бухорога келди. Унинг ташаббуси билан ўша йили «Туркистон миллий бирлиги» ташкилоти тузилди. Бу ташкилотга Заки Валидий-нинг раислиги ҳам Исмоил Субҳи тавсияси билан бўлди. Бундан кейин «Миллий иттиҳод фирқаси» майдонга келди. Унинг йўлбошчиси шўро давлати доирасида бошқариш ишлари бўйича машҳур бўлган Файзулла Хўжанинг шахсан ўзи эди. Собиқ «Туркистон миллий бирлиги» ташкилотидаги Заки Валидий, Усмонхўжа ва муфти Садриддинхонлар хорижга кетдилар. «Миллий иттиҳод фирқасини 1937 йилгача Файзулла Хўжа бошқарди. Мазкур партия тузилиши арафасидан (1922) 1937 йилга қадар Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби Акмал Икромов томонидан тузилган ва ўзи раҳбарлик қилган «Миллий истиқлол» фирқаси ҳам вужудга келган эди. Қозоғистонда «Алаш Ўрда» яширин равишда фаолия-тини давом эттирди. 1930 - 1938 йилларда қатағонга учраган, шўро сиёсий ҳаётида қатнашган барча туркистонликлар юқоридаги миллий ташкилотларнинг бирортасига аъзо эдилар. Яширин миллий партия ва таш-килотларнинг бирдан-бир ғояси - Туркистонни миллий озодликка олиб чиқиш эди.
Туркистонлик сиёсатчилар билан баробар Туркистон шоирлари ҳам қалам билан қаршилик кўрсатишда давом этдилар. Булар доираси Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Боту, Элбек, Мағжон, Мирёқуб, Дўлат, Тиништон, Хидир Дарё ва бошқалардан иборатдир. Булардан Фитрат умумий бир ташкилот воситасида шоир ва тилшуносларни миллий уйғониш йўлига бошлашга бел боғлади. Ана шу мақсадда 1919 йили «Чиғатой гурунги» жамиятини тузди. Бу жамият 1922 йили шўро маҳкамалари томонидан йўқ қилинди. Шундан кейин мазкур жамият аъзолари руслар томонидан ташкил этилган «Қизил қалам» жамиятига кирдилар ва бу жамият ҳам миллий фикр марказига айланди. 1932 йилда бу жамиятни ҳам ёпишгач, унинг аъзолари «Шўро ёзувчилари уюшмаси»га кирдилар. Аммо тараққийпарвар адиблар бу ерда ҳам шўро раҳбарияти мафкураси талабларига кўнмай, ўз қарашларини оммалаштиришда давом этдилар. Фақат бу миллатпарвар шоирларнинг баъзилари, масалан, жадид адабиётида 1917 йилдан аввал ҳам муҳим роль ўйнаган мутафаккир Абдулла Авлоний 1934 - 1935 йилларда шўроларнинг тазйиқи остида овозини ҳам чиқара олмади. Истеъдодли романнавис Абдулла Қодирий фавқулодда қобилият эгаси бўлганлиги учунгина қарашларини турли йўллар билан ифодалай оларди. Ўзига қарши зўрлик қўлланишидан ҳам чўчимаган Чўлпон ёлғиз ўзи очиқ маърифатпарварлик ижодини давом эттириб, 1938 йилда қатл қилингунига қадар ўз миллатининг изтиробларини тараннум этди.
Миллий қаршилик ўз муқаддас мақсадига эриша олмади. Аммо у янги бир авлоднинг майдонга келгунига қадар барча зулм ва машаққатларга чидаши лозим эди. Миллий қаршилик ҳаракати илғор қисмининг деярли барчаси 1937 - 1938 йилларда ҳибсга олинди. Уларнинг аксарияти қатл қилинди(Қўлга олинган ва қатл қилинган туркистонликлар жуда кўп. Шунинг учун ҳам уларнинг номини бу ерда зикр этишнинг имкони йўқ. Уларнинг ҳаёти, ғояси ва вафоти ҳақида кенгроқ ва муфассал маълумотлар беришни келажак авлоддан кутиб қоламиз.). Ҳибсга олинганлар орасида шўро тутумига садоқат билан хизмат қилиб келган, кейинроқ миллатпарварларга мойиллик билдирган Назир Тўрақул(Назир Тўрақул Турор Рисқулнинг ғоявий рақибидир. 1920 -1922 йилларда ТКП МК котиблик қилди. 1922 - 1928 йилларда Московдаги миллатлар нашриётининг мудири. 1919 - 1936 йилларда СССРнинг Саудия Арабистонидаги буюк элчиси. 1937 йилда турк тиллари бўйича тадқиқот олиб бориш нияти бор эди. Шу йили август ойида қўлга олинди. Тақдири номаълум. Қиёсланг: «Шарқ Юлдузи», 1968,11-сон, 220 - 224 бетлар.) кабилар ҳам бор эди. Шундай қилиб, Русия раҳбарияти 1918 йилдан бери давом этиб келаётган зиддиятларга ва келишмовчиликларга зарба берди. Саҳнага янги бир авлод чиқди. Бироқ бу авлод ҳам шўро тузумига садоқатли эмаслиги сезила бошлади. Натижада, шўро ҳукумати ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун маҳаллий маъмурларни ўз вазифаларидан узоқлаштиришга киришди. Шўро раҳбарияти 1956 йилда Москванинг бош сиёсатига қаршилик кўрсатган, партия ва давлатга зид ҳаракатлар қилган ва «ишончсизлик» билдирган бир қатор туркистонликларни партия ва давлат идораларидан четлаштиришга мажбур бўлди(Уларнинг орасида, масалан, тубандагилар ҳам бор эди: Қирғизистон ССР ички ишлар нозири Муҳамбет Исаев (1961 йил февралида қўлга олинди). Тожикистон КП нинг биринчи котиби Турсунбой Улжабой, Тожикистон нозирлар шўроси раиси Назаршо Додхудо, унинг ёрдамчиси Дадабой ва Тожикистон ички ишлар нозири ёрдамчиси Қосимлар «Партия ва давлатга қарши хатти-харакатлари» учун 1961 йил 12 апрелда ўз вазифаларидан бўшатилиб, партиядан ўчирилди. КТ, 1961 йил 14 апрель. Туркманистон КП МК 1-котиби Сухан Бобоев, 2-котиби М. Дурдиева «партия ва давлат манфаатла-рига етказган катта зарарлари тегди», деб 14 декабрь 1958 йили вазифасидан четлаштирилди. Қиёсланг: ТИ, 20.1.1959, 3 - 4 6; 1961 йил 9 майда Қирғизистон КП МК I котиби Исоқ Раззоқов ва Қирғизистон нозирлар кенгаши раиси К. Дикамбай «партия ва давлатга қарши хдракатлари» учун ишдан четлатилдилар. Қиёсланг: СК, II май, 1961 йил. Қозоғистон нозирлар кенгаши раиси Салкен Дауленов ҳам «миллатчилик ҳаракатлари туфайли» вазифасидан озод қилинди. Қиёсланг: КП, 26 декабрь, 1962, 3-бет.). «Хизмат кўрсатган» бутун туркистонлик эски коммунистларни миллатчи ва халқ душмани сифатида қоралагач, Туркистон ёшларига ўзларидан олдинги ҳаммиллат коммунист раҳбарлари ҳақида лом-мим дейилмайдиган бўлди. Ораларида биронта ерлик коммунист раҳбар бўлмагани ҳолда Туркистонда коммунистик ҳаракат фаолият кўрсатиши шубҳа уйғотиши мумкинлигини ҳисобга олиб, шўро раҳбарлари 1956 йилдан аввал қатл қилинган бир қатор туркистонлик арбобларнинг янгидан эътиборини тиклашга зўр берди ва уларни «Шарқда коммунизмнинг юлдузлари» ёки «миллатнинг энг яхши фарзандлари» деб эълон қилди(«Шаънлари тикланган» партия ва давлат арбоблари орасида Турор Рискул хдм бор эди. «Эътибори тикланиши»дан аввал шўроларнинг у ҳақдаги фикрлари ҳақида қаранг: Hayit, Sowjetrussischer kolonialismus, 57-6.).
Миллий қаршилик ҳаракатида ислом дини коммунизмга қарши фавқулодда бир қалқон сифатида хизмат қилди. Ислом динига қарши урушда давлат воситаларидан кенг фойдаланилган бўлишига қарамай, бу дин тўлиқ ўзини ҳимоя қила олиш имконига эга эканлигини намойиш қилди ҳамда маънавий ҳаётда шўро тутумининг муносиб рақиби сифатида яшашда давом эта олди. Ёшларни атеизм руҳида тарбиялаш натижасида уларнинг баъзилари исломга қарши кайфият уйғотилди ҳам. Аммо ёшларнинг жуда катта қисми ислом динидан ажралмади. Чунки ислом дини таълимоти кўзга унча ташланмайдиган гуруҳ томонидан ҳамда оилада ота-оналаридан ёшларга сингдириб борилди. Шўро тузуми ислом динини тамомила йўқ қилишга қанча уринмасин, асл мусулмонлар исломнинг барча замонларда кишилар онгининг соҳиби бўлиб қолишини исботладилар(Туркистондаги ислом масалаларига (тараққиёти, оқ подшо ва шўро давридаги ҳолати, ўзини ҳимоя қилиш учун харакатлари, алоҳида ислом арбобларининг ғайратлари, миллий ва диний ҳаракатнинг яхлитлашиши, исломнинг коммунизмга қарши кураши) илмий-тадқиқот ишларида кам эътибор берилган. Hans Brakernung «Kommunismus und Weltreligionen Asians, жилд I. l-бўлим, Mohr Verlog, Tubingen. 1969, номли китоби бундан мустасно. Бундан бошқа Туркистондан ташқарида бир қатор мақола ва китобчалар ҳам мавжуддир. Масалан, 1963; (396 - 442 6); 1963; 1956; «Ўроқ ва болға остида мусулмонлар», 1952, 3-сон, 85 - 90 6.; 1960,160 - 167 6.; 1958, 1-бўлим, 1959, 2-бўлим ва бошқалар.).
Ҳозирги кунда фикрий кураш, асосан, Туркистоннинг ўтмишини жонлантирадиган тарихни чуқур билиш билими ва миллий шуурни ардоқлаган адабиёт майдонида ўз кучини кўрсатмоқда. Ҳанузгача мавқеини йўқотмаган бу миллий қаршилик кураши шўролар томонидан «миллатчилик» сифатида баҳоланмоқда(Туркистондаги миллатчилик ҳақида шўролар тушунчаси тахминан шундай эди: «Миллатчилик, миллий ўзига хосликни тараққий эттириш, ўтмишни (мустамлака бўлишдан олдинги замонлар - муаллиф) ва миллий ўзига хос вазифаларни кучайтириш билан юзага чиқади. Қиёсланг: КУ 25.9.1961, 2-6. Ўзбекистон КП МК 1-котиби Шароф Рашидов 1969 йил майида шундай ёзган: «Миллатчилик қолдиқларининг жонланиб қолганлигини унутмаслик керак. Шу ҳолда уларга қарши курашилмаса, бу қолдиқлар муштарак жараёнимизга катта зарар етказади». Қиёсланг: «Ўзбекистон коммунисти», 1969, 5-сон, 24-6. Туркистондаги миллатчилик ҳақида қаранг: Жарида, 1965, 41-сон, 3 -216. Ушбу сони Туркистондаги миллийликка бағишланган).). Шўро ахлоқ тушунчасига қарши миллий ва анъанавий одатларнинг умрини узайтириш билан ҳам миллий қаршилик ҳаракатининг бир шакли давом этаётир(Чотонов, 0 национальншх традициях народов Средней Азии. - Фрунзе: 1964,21-6.: «Миллий анъаналар жамият томонидан кенг татбиқ этилган одатлардир», деган қатъий фикрдадир. Бу фикр, айниқса, Туркистон учун тааллуқлидир. Зеро, одатларнинг муҳофазаси миллий қаршиликнинг ажралмас қисмидир. Одат доирасидаги оила хдёти тарзи анъананинг бир қалқони сифатида ўз мавжудлигини қўриқламоқда. Оила аъзолари орасидаги боғланишлар асосини ҳеч ким қўпора олмагандир. Оила бошлиғининг обрўси хдмон ўз кучини сақлаган. Туркистонча оила ҳаёти мавжуд экан, «совет кишилари» ясаш мумкин эмас. «Халқ одатларининг социалистик мазмун касб этиши зарурлиги»га доир шўролар истаги рўёбга чиқмади (Қиёс: СК, 11,6.1960).).
Шунга эътибор бериш лозимки, Туркистонда турк ва мусулмон халқлари ҳаёт экан, мустамлакачилар ҳокимиятига қарши чексиз кураш мудом давом этажакдир. Уруғлар асосида ташкил қилинган маъмурий бўлиниш ҳам бу курашга «тўсиқ» бўла олмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан