Хитой совет ҳукуматининг 1941-1942 йилдаги уруш аҳволини пайқаб, 1942 йил ёз ойларида Урумчига Чанкайшининг(Ўша вақтдаги Марказий Хитой ҳукуматининг раҳбари.) хотини Сунгминглингхоним марказдан вакил бўлиб келиб, Шин дубанни ўз йўлига киргизди. Неча йилдан бери тутган йўли хато эканлигини ўзига иқрор қилдириб, санминжуйчи, яъни гўминдонгман (Гўминдон - Хитой миллатчилари партияси.) деб тан олгандан кейин янги йўлни иқрор қилиб, эски йўлни тубандагича газетага ёзиб чиқди, мазмуни шундай: “Мен материализм кўчасига зўрлик билан кириб қолиб, ўн йилдан бери боши берк инсоният учун юриб булмайдиган тубсиз ботқоқ, туюқ кўчадин чиқолмадим. Энди мен ҳақиқий сангминжуйчи-гўминдонгман. “Мазкур инқилобда уйғурларни Сталин алдаган бўлса, энди Сталинни Шин дубан алдаб, аксига қайтди.
Шунинг билан бирга Сталиннинг қопқонидан бўшаганини ҳис қилган ҳолда ўз вақтида совет томонидан Шиншишога, яъни Шарқий Туркистон билан Хитой чегарасини ажратиб турадиган ерга олиб бориб олган бир дивизия совет аскарини қиска вақт ичида олиб чиқиб кетишга мажбур қилиб чиқариб юборди Шу жараёнда советдан Шарқий Туркистонга келган ҳар соҳадаги хизматчиларни ҳам хору зор қилиб, чегараларни ёпиб қўйди.
Бу советлар учун кутилмаган қаттиқ зарба эди. Чунки Сталин Шарқий Туркистонни йўли билан ўзининг озиқ-овқат омборхонасига айлантирган бўлиб, энди эса ўзи билганича еб-ичолмай, дарёдай оқиб турган манбадан ажраб қолиш унга жуда катта зарар эди. Бу ўлкадаги ўн миллионлаган аҳолинииг деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб етиштирган махсулотини ўзи билган энг арзон баҳо билан булаб-талаб олиб, ўрнига бошқа дунёда кетмайдургон, паст, ўтмас молларни зўрлаб ўтказиб, шу йўллар билан ҳисобсиз катта фойда олиб турган эди. Бу сиёсатни узоқ йиллардан бери зулм-хиёнат билан йўлга қўйиб келган. Бундан ташқари, ҳисобсиз ер ости маъданларидан ажраш бошқа бойликлардан уруш вақтида маҳрум бўлган совет хиёнатчилари учун зўр йўқотиш эди.
Айни замонда Шарқий Туркистон халқлари учун ҳам қатор қийинчиликлар вужудга кела бошлади. Чунки халқнинг ўзидан ошган махсулотларини оладурғон жой йўқ, Хитойга олиб бориш учун эса 3 минг км йўл юриш керак. Бунинг учун темир йўл мавжуд эмас. Афғон Ҳиндистон чегаралари ҳам олис. Тоғу тош, довонлар билан қиладургон карвон савдо йўлларини совет тазйиқи остида йўқ қилиб ташлаган. Мазкур чегаралар шаҳарлардан олис бўлиш билан бир қаторда от-улоқлар билангина алоқа қилинадур. Бу соҳада қийинчилик Шарқий Туркистон [жануби]га нисбатан шимолий Тиёншон Жунғория пастлигида жойлашган уч вилоят - Ғулжа, Чўчак, Олтойда янада кўп сезилди. Чунки булар учун советдан бошқа чегара йўқ ҳисобида бўлиб, натижада уч вилоят аҳолиси кийим-кечакдан жуда қийналдилар. Қозоқ-қирғиз ва умуман, қишлоқ аҳолиси учун қаттиқчилик ва қаҳатчилик бошланиб, ўзларини ҳар тарафга ура бошладилар.
Бундан совет маккорлари фойдаланиб, илгари кўзга кўринмаган жойларда ўтрихоналар қуриб, бу ерларда яширин тарзда чорва молларини ола бошладилар. Бу эса ёмон одамлар билан ўғриларга ниҳоят қўл келди. Чунки ўғрилар қаердан бўлмасин озми-кўпми чорва моллари олиб борадиган бўлса, кечаси уларга йўл кўрсатиб, катта чироқларни ўчириб-ёндириб ўзи бор жойни кўрсатиб, ўғирлаб олиб борган молни олиб, ўрнига арзимаган нарсаларни бериб, елкасига қоқиб, яна олиб келиш учун йўл-йўриқлар берар эди. 1942 йилдан то 1944 йилнинг охирларигача ўғриларга йўл очиб бериш натижасида халққа, хусусан, чорвачиларга жуда катта зарар етказди. Бўритала тараф чегарадан чўпонларнинг кўз ўнгида қўй йилқиларни ҳайдаб ўтиб кетди. Буларнинг бирортасини тан олмай, еб юборди. Текас-Сумба чегарасидан Мирзаҳакимбойнинг йилқисидан 700 донасини ўтказгач, ўзлари ҳам йўқ бўлиб кетди. Бундай мисоллар қўп. Олиб қочган одамларини советда яхши обрў билан яшамоқда деб хат-хабарлар тарқатиб, бу ёқдаги ёмон йўлдаги одамларни ўғриликка жалб қилиб турди.
Бунинг устига шу вақтнинг ҳукумати “Сен совет бмлан алоқа қилдинг” деб, кўп одамларни ноҳақ қамаб, отиб-чопиб йўқ қиларди. Шарқий Туркистон халқи шундай зулмларни тортиб тургани етмагандай, хукумат 1943 йил ёзда бож ундириш билан бирга газ (стандартга уйғун - ред.) от олишни қаттиққўллик билан бошлаб, чорвачиларни норози қилиб, бутун эркак қўй ва яхши отларни зўрлик билан олди. Шу вақтларда “совет Шарқий Туркистон ерига қурган заводларига ҳақ талаб қилиб қаттиқ турибди” деб, бу икки золимдан ҳар бири ўзини оқлаш учун ҳаракат қилиб газеталарда ёлғонлар билан тўлдирилган сўзларни тарқатдилар.
Мазкур Шарқий Туркистон шимолида бўлган кийим-кечак қаҳатчилигидан жанубий Шарқий Туркистон мустасно эди. Чунки у ерда қўл саноатлари анча ри-вожланган бўлиб, кийим-кечаклар билан ўзини-ўзи таъмин қилар эди. Шунинг учун савдогарлар ўша томонга оқа бошладилар. Яъни, Олтишаҳардаги бу ҳунармандлар Шарқий Туркистон халқларини кийим-кечаклар билан таъминлаб, уларни совет талончиларидан бу соҳада сақлаб қолди. Бўлмаса, ҳаммажонли молларни қуритар эди. Чунки уруш вақтида Чўчакда 500 бош туяга арзимаган кийим-кечак берган. Хуллас, 1942 йили ёз ойларидан бошлаб совет билан савдо тўхтагандан кейин аҳоли кийим-кечакдан қийнала бошлаб, газмол-матолар йўқ бўлиб кетди. Айни замонда чорва махсулотининг ҳаридори бўлмай, аҳолидан ошган катта сондаги чорва моллар қўлда туриб қолди. Шу сабабли кейин уларни ўлканинг ҳар томонига олиб бора бошладилар. Бизнинг ҳам қорамолимиздан 200 га яқини вояга етиб қолган эди.1942 йил ёз ойларида Оролтепа чорвадорларидан етти-саккиз киши акам билан бирликда 800 га яқин қорамолни Юлдуз орқали Кичик Юлдузнинг шимолий тарафи Куранғўл деган сой билан ҳайдаб, Кўктангри довони билан Урумчига яқин Қутиби - Монас ерларига ошиб тушишадилар. Мазкур довондан ошишга тайёрланиб туришганда, бир тўп қалмоқлар келиб кўчларини тўхтатиб, ҳаммаларини тинтув қилиб, буларни анча овора қиладурлар. Магарки, мазкур сойнинг қумида олтин бор эмиш. Шу қумдан олиб кетиб, олтин топганлар бўлган экан. Хулласи, акам раҳматлик шу томонда молларни сотиб, уч ой деганда бир хуржун пулни олиб, Ғулжага омон-эсон келдилар.
Ўша йил ноябрь ойининг охирларида эса мени маслаҳат билан Олтишаҳар-Ёркентга юборадургон бўлдилар. Шу куни шанба эди. Бизнинг уйда тўрт киши булиб, яъни мен, Тўлаган бойнинг ўғли Абдусаттор, хизматчиси Ҳилол сўфи ота, яна бири улфатларимдан Маъруфжон тўпландик. Ҳаммамизнинг хуржунимизда - нақд пул. Шу вақтларда совет томонидан хиёнатлар бўлиб, унга нисбатан ёмонликлар қилган бўлса ҳам Шарқий Туркистонни бошқариб турган Хитой ҳукумати анча тўғри йўл тутган экан. Йўқса, халққа бундай шароитлар ва ҳам йўлларда тинчлик ёр бўлмас эди.
Шул куни Ёмотуга қўндик. Катта йўл билан юриб Қизилкура, Мўнғулкура, Текас, Қурбонжоннинг кўприги, Қорасув, Нўғайнинг саройи, Шоти ҳам Ойнабулоқ, Паласқарағай, Хоняйлов, Тўғрисув, Айғирёл, Ифорлиқ Ходамуз, Музот, Тамғатош, Туғбелча, Янгибозор, Қўрғон, Қизилбулоқ, Овот, Жом шаҳарчаси, Тозлангар орқали Оқсув кўҳна шаҳарга 13 кунда омон-эсон бориб, Махсум ҳожи саройига тушдик.
Ўзимиз аслида Ёркент шаҳрига боришимиз керак эди. Чунки у ерда бизбоп матолар топилар эди. Шунинг учун Оқсувда 5-6 кун туриб, у томонга юрадургон йўлдош топдик. Булар ҳам ғулжалик савдогарлар эди. Рўзанбой, Иброҳимжон, Маъруф охун, Тойибжон яна бирови тошкентлик, лақаби Тўхтабойвачча экан. Бошқаларининг отлари эсимда йўқ. Шундай қилиб, Оқсувдан декабрь ойининг охирларида тўққиз нафар одам ўн бир дона от билан, булардан бирига йўлда ейдургон масаллиқ ортиб олиб, Оқсувнинг Обод деган қишлоғига бордик. Шу ердан Такламакон чўлининг ғарби-шимолидан карвон йўли бошланиб, бу йўл билан фақат қиш ойларидагина юриш мумкин экан. Шунинг учун мазкур ердан Моролбошига чиқиш жойидан Қашқар йўлига кирмай, тўғри йўл билан юриб, Оқсоқморол, Сариқбуяларни босиб, 12 кунда Ёркент шаҳрига келдик. Чўл йўлларида бекатлар бўлиб, юриш учун шарт-шароитлар қийин бўлса ҳам, ҳар ҳолда чўлнинг манзарасига келсак, биз кўрмаган бир хил ёввойи дарахтлар бўлиб, буни “туғроқ” деб аташар экан. Яна юлғуннинг ҳар хиллари бўлиб, буларнинг тубларига улкан қум тепалари йиғилибдур. Бамисоли ғоят буюк, бепоён қум мозори ҳосил бўлибдур. Ушбу чўлда уйғурларнинг дўлан деган қабиласи яшаб, булар асосан чорвачилик билан шуғулланар эканлар. Буларнинг кийимлари узун, ёқаси тик, этагининг икки ёни кесик, кўринишлари қозоқбашара, турмушлари жуда эски замонларни эслатади.
Йўл таассуротини тўлдириш учун яна озроқ орқага қайтиб, такрор бўлса ҳам, Оқсув вилоятининг кўҳна шаҳри ҳақида кўрганимни ёзаман. Ғулжадан келишда Тозлангар деган қишлоққа етгач, 7-8 чақирим юриб, Оқсув шаҳрига келасиз. Шундайгина жарликнинг ичига тушасиз. Шаҳар кўчаларида дарахт йўқ, мазкур кўчаларнинг далда жойларида булоқ бўлиб, батамом халқ сувни шундай булоқлардан ичар экан. Одамлари кўринишдан қовоғи солиқ, тажанг, бадхулқ, нимжон ва мажруҳ каби. Аммо шундай сиртга чиқсангиз Ёрбоши, Ободларнинг одамлари соғлом, бақувват, хушчақчақ кўринадур. Шунинг билан бирга Оқсув вилояти деҳқончилик, чорвачиликлари яхши ривожланган жой. Гуручи ҳам машҳур экан. Тоғларида чорва, мод яхши бўладур. Қўй, йилқилари семиз, шу соҳа одамларининг турмушлари яхши экан.
Алихонтўра Соғунийнинг
"Туркистон қайғуси" китобидан