Февраль инқилобининг Туркистондаги рус идорасига таъсири
Рус социал-демократлари, конституцион демократлар (кадетлар) ва ижтимоий инқилобчилар 1917 йил 12 мартда (эски ҳисобда 27 февралда) бошлаган инқилоб 300 йиллик Романовлар силсиласи ҳокимиятига якун ясади. Бу ўзгаришни аввал туркистонликлар эзилган миллат сифатида зўр қувонч билан қаршилашди. Бироқ февраль инқилоби(Тадқиқотда «февраль инқилоби» қайди қабул қилинган. Чунки инқилоб янги замон ҳисобига ўтган болшевиклар тарафидан эски ҳисоб бўйича февралда амалга оширилган. Манбаларда, асосан, март инқилоби эмас, балки февраль инқилоби сифатида қўлланилади.)дан туркистонликлар кутган ўзгаришлар бўлмади, бўлмасди ҳам. Социал-демократлар ҳукуматининг дастлабки кўрсатмаси «Барча маъмурлар ва аскарлар жой-жойида қолади»(Мадаров К., Контрреволюция и временное правительство. «Коммунист», 1935, No 3, 27-6.) деган мазмунда эди. Бу кўрсатма чор Русияси қўшини ва маъмурларига Туркистонда эски вазифаларини қонуний равишда давом эттиришларига фатво берди. Биринчи жаҳон урушининг бир неча саркардалари хизмат йилларининг бир қисмини қўшин таълими учун қулай имкониятга эга бўлган Тошкентда ўтказган эди(Керенский ҳукуматига қарши 1917 йил июлида қўзғолон бошлаган генерал Корнилов Тошкентда оддий юзбоши эди. Керенскийнинг ўзи олий таълимни Тошкентда олган. Отаси Тошкентда ўқув тафтишчиси эди.). Туркистоннинг бу бошкенти ҳар жиҳатдан Русиянинг ҳарбий маркази вазифасини ўтади. Улар Туркистондаги рус ҳокимиятини шу шаҳардан туриб муҳофаза қилишга киришдилар.
Оқ подшонинг ағдарилиши умумий аҳволни бироз оғирлаштирди. Чунки Тошкентда руслар ва уруш қочоқлари мамлакатни талон-торож қиларди. Ҳарбий хизмат учун зўрлаб сафарбар қилинган туркистонликлар эса юборилган жойида қолдирилди. 1917 йилнинг бошларида яна 6000 туркистонлик урушга йўл олди. Февраль инқилобидан сўнг улар аросатда қолдилар(«Қизил Ўзбекистон» 17.4.1935.). Йўл қийинчиликлари туфайли юртларига қайта олмасдилар. Чор Россияси тузуми йиқитилганидан сўнг ҳам Туркистонда миллий-сиёсий ҳолат эскича қолаверди. Еттисувда қўзғолон ҳамон кучсиз ва аҳён-аҳёнда бўлса ҳам давом этмоқда эди. Руслар аввалгидек ўзларини «мамлакатнинг хўжайини» деб биларди. Қўшин ва янги келган аскарлардан ташқари ўзларини туркистонлик-лардан «ҳимоя қилиш» учун қурол билан таъминланган рус кўчиб келувчилари ҳам ерлик халқнинг жиловини ушлаб туришга ёрдам берди. Инқилобдан сўнг қисқа даврда дастлабки қаршилик ҳаракатлари яна юзага чиқа бошлади. 1917 йил 28-30 мартда Думанинг мусулмон миллат вакиллари Петербургда бир йиғилиш уюштирдилар. Бу йиғинда бутун турклар ва мусулмонларнинг Русиядаги бошқа миллатлар қаторида сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан тенг хуқуқли бўлиши истаги билдирилди. Бу ерда бир алоҳида конгресс чақирилиши учун қарор қилинди ва унинг ташкилий ҳайъати сайланди(«Ташкилот комиссияси» ўзини расман «Русия мусулмонларининг муваққат марказий бюроси» дерди, 121-6.).
Март ойининг охирларида руслар Тошкентда ташаббусни ўз қўлларига олиб, «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси»ни тузди. Бу шўрода туркистонликлар юздан бешни ташкил этарди(Чўқай ўғли. 1917 йил Хотира парчалари. Берлин - Париж, 1937, 27-6.). Бундан атиги бир ой муқаддам «олий ҳазратлари номидан» гап бошлайдиган русиялик маъмурлари энди инқилоб номидан гап бошлашадиган бўлишди. Шўронинг рус вакиллари: 1898 йилги Андижон қўзғолонидан сўнг намоз учун жомега тўпланган мусулмонлар саждага бош қўйганларида бошларини оёқлари билан эзган генерал Духовский, 1864 йили ҳали ёш офицер вақтида «туркистонлиларга қарши ваҳшийларча муносабатда бўлишни ва сурункали равишда рус муштини кўрсатиб туришни»(Ўша асар (10) 25-6.) буюрган генерал Айванов ва 1914 йили «Туркестанские ведомости»да «Рус мужиги ва Туркистон» мақоласида «Рус мужигининг чориғи туркистонлик мўътабар кишидан улуғроқдир»(Ўша асар (10) 25-6.) деб ёзган генерал Самсоновлар эди. Бир пайтлар бу генераллар жоме масжитларига оқ подшонинг сувратини осиб, унинг номига дуо қилишни буюрган эдилар. Булардан бошқа яна бу шўрога, рус маъмури ёки офицерига дуч келган ҳар бир туркистонликнинг тиз чўкиб саломлашишини амр этган генерал Мартенс ҳам аъзо бўлди(Ўша асар (10) 25-6.). Туркистонда Русия сиёсатининг ўзгартирилишини бу шўро аъзоларидан кутиш мумкин эмасди, албатта.
Инқилобчи рус ҳукумати «Туркистон идорасини янгидан ташкиллаштирди». Апрелнинг бошларидан ҳарбий хукумат бекор қилинди ва «Муваққат ҳукумат анжумани»ни тузиш Шчепкин деган одамга топширилди. Бу инсон узоқ вақтдан бери Туркистонда улуғ мартабаларда хизмат кўрсатиб келган ва Туркистонни мустам-лакага айлантиришнинг ашаддий ташвиқотчиси эди. У ташкил этган хукумат қуйидагилардан иборат эди: Преображенский, Зияпковский, Елпатовский, Шкапский, генерал Давлатшин, Садри Мақсудий, Муҳаммаджон Тинишбоев, Алихон Бўкейхон(Castagne, се Turkistan, RMM, 50,37-бет. Туркистонни бошқариш усулини янгилаш учун масъул 9 аъзоси бўлган анжуман ташкил этилди. Уларнинг олтитаси Ўрусия муваққат ҳукумати томонидан, учтаси ўлканинг шўро ташкилотлари томонидан тасдиқланарди.).
Ҳукуматнинг бу тўққиз нафар аъзосидан Бўкейхон Тошкентда яшамасди. Бошқа аъзолари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин: Шчепкин кадет партиясининг энг эски аъзоларидан эди, Преображенский рус ижтимоий ўзгаришлар партияси аъзоси эди; Зияпковский Тошкентда дастлаб лицей очган ва Туркистон масалалари билимдони сифатида Керенский таклифи билан хукуматга киритилган эди. Елпатовский инқилобдан атиги бир йил аввал Туркистонга келган ва мамлакат ҳақида ҳеч қандай тушунчаси йўқ эди. Шкапский социал-демократик партияси аъзоси бўлиб, Туркистонни яхши биларди.
Муваққат хукумат анжумани (комитети)нинг туркистонлик вакиллари қуйидагилардир: татар қавмидан, кадет партияси аъзоси генерал Давлатшин. Унинг куйидаги фикри диққатга сазовор: «Мен бир аскарман, сиёсат билан мутлақо ишим йўқ»(УТ, 1936, №83,17-6.). Садри Мақсудий (татар) - Дума миллат вакили. Мусулмонлар орасида обрўси баланд бўлиб, сиёсий жиҳатдан кадет партияси кўрсатмалари асосида иш кўрарди. Тинишбаев (қозоқ) - Дума миллат вакили, айни замонда Алаш Ўрда ҳаракати бошчиларидан. Бу уч туркистонлик анжуманда ҳал қилувчи куч ҳосил қила олмадилар. Чунки кўпчиликни ташкил қилувчи руслар туркистонлик аъзоларнинг таклифлари амалга ошишига тўсқинлик қилдилар. «Муваққат хукумат анжумани» Шчепкин бошчилигида кераклича иш қила олмади. Чунки Тошкентдаги «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси» билан ораларида сиёсий ҳокимлик учун рақобат бошланди. Шчепкинга ўз ташкилоти билан шўрога тобе бўлиши таклиф қилинди, бироқ бу таклиф рад этилди. Чунки шўроларнинг ҳукумат анжумани парламент аъзоларидан ташкил топганлиги учун уни ўз назоратидаги аҳамиятли бир ташкилот сифатида ижрочилик билан шуғулланишини истарди. Бу ҳолатга қарши Шчепкин туркистонликлар ишончини қозонишга интилди, бироқ муваффақиятга эришолмади. Шу муносабат билан Мустафо Чўқай шундай деганди: «Унга ёрдам бермаймиз, аммо бу ҳукумат анжуманига қарши ҳеч бир тадбир қўллаш ниятимиз ҳам йўқ»(Чўқай ўғли (10), 19-6.). Зеро, маҳаллий халқнинг эмас, балки Русия манфаатини кўзлаган Вақтли ҳукумат анжуманининг халқ томонидан қўллаб-қувватланиши тушунарсиз ҳам бўларди. Туркистондаги рус қуролли кучлари хукумат анжумани идорасида бўлганлиги учун ҳам унга қарши очиқча курашишнинг иложи бўлмади.
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан