loader
Foto

Шин Дубаннинг ҳокимиятга келтирилиши ва Хўтан қўзғолони

Шу билан жонгжунг тарафдорлари эски хитойлар ва Гў силинг тарафдорлари тор-мор бўлиб, Совет Русия сиёсатига мослашган Шин дубан ҳукумати ўрнашди. Ерлик халқнинг ҳуқуқлари бутунлай оёқости қилиниб, яна бутун ишлар хитой босқинчиларининг қўлига топширилди. Идора ишлари хитойча юргизилди. Ғулжа шаҳри бўлса булар олдида сиёсий жиноятчилар ҳисобланган бизга ўхшаш кишилар билан тўлмиш эди. Ҳозирча бу жаллодлар ўз зарур ишларида ўшанолмай тургани учун бошқалар буларнинг қонлик кўлларидан вақтинча омон олиб турган бўлсалар ҳам, навбати келганда буларнинг чангалидан қутулиш имконияти йўқ эди. Бошимиздан минг турлик меҳнат-машаққатлар кечирган ҳолда бу жаллодлар қўлидан қочиб чегарадан ўтмиш эдик. Иккинчи булар қўлига тушар бўлсак, ҳолимиз нима кечишини яхши билардик. Бошга келмасдан болдурроқ(Аввал, илгари, эрта (қирғизча).) бу ердан кетмакка ният қилдим. Сафар йўлдошим марҳум Илёс домлам ўғли марҳум Абдусаттор махдум икковимиз отчи-эшакчиларга қўшилиб, Муздовон орқалик Олтишаҳар томонга ўтиб, у ёқдан бошқа томонга кетмакчи бўлдик. Лекин сафар жамалғаси битирилгунча сиримиз яширин тутилганликдан уй-оила, ёр-дўстларимизнинг бу ишдан хабарлари йўқ эди. Йўлга чиқишимиздан икки-уч кун илгари оилаларимиз ва бошқа оғайни-туққанларимизга ниятим маълум бўлиб, ҳаммалари йиғисиғи қилгани турдилар.Кечагина суюкли Она ватанимиздан, уруғ-аймоқ, эл-юртимиздан мажбурият орқасида ажрашиб, тўкилган-сочилган ҳолда ёт эл, ёт ерга келган эдик. Ўз еримиздан олган жабр-жафо, жароҳатларимиз, фироқ кунлардан эсдалик қолган кўнгил доғларимиз ҳали соғайиб кетмаган эди. Бунинг устига ҳаёт оламида энг оз учрайдиган бу каби бир улуғ воқеа яна бошимизга тушди. Худо рахмат қилсин Муҳаммадёрнинг(Муаллифнинг учинчи ўғли.) аяси: - Сизни қараб туриб душманлар қўлида кўрганимиздан Оллоҳ омонига топширганимиз  яхшироқ. Худо буюрганича кундалик кунимизни кўрамиз, - деган бўлса ҳам, қизимиз Азизапошша: Кечагина биз келиб, бугун сиздан тириклай ажраб қолсак, бунга қандоқ чидагали бўлур? Жўжалардек ёш болалар ичида биз нима қилгаймиз? - деб, қайғулик кўз ёшини тўккали турди. Бунинг таъсиридан оталик меҳри қўзғалиб, бормасга ваъда бериб кўнгилларини тинчитдим.

Энди икки оғиз сўзни Гў силинг устидан айтишга тўғри келди. Шундоқки, бу қаҳрамон Урумчига яқин Қутубий, Санжий қайрағочлигида қирқ кунга яқин жонфидолик билан совет аскарларига қарши турган бўлра ҳам ғалаба асбоби душман қўлида бўлгач, ночор орқага чекинмиш эди. Қуръон кўтарган, ваъдага вафо қилмаган Хўжаниёзга ярашмоқ учун яна бир марта элчи юбориб қараса ҳам ул қабул қилмагач, “Ҳой, бу кофир кишиси экан”- деб, унга қарши ҳужум бошламишдир. Биринчи ҳужумдаёқ бош-оёққа қарамай, Хўжаниёз, Момут силинт аскарлари бош-оломон бўлиб, Кучо томонга қараб қочгали турди. Гў силинг эрса аскарига қўмонда бериб, орқадан қувлаганича избос юрибўлтирмишдир. Буни кўрган қизил сёҳрчилар бу ишни бўлдириш учун неча ойлаб илгари қурган планлари тўтри чиққач, бу ҳақидаги мақсадларини тезрок қўлга келтириш чорасига қаттиқ киришгали турди. Шундоқки, фитна оловига аланга бериш учун тили бир, дили бошқа виждонсиз бир неча мунофиқлар доим Хўжаниёз аскари ичида топшириқхизматларини бажармоқда эди. Шунга кўра, бу қора жоҳиллар Кучо шаҳрига кирганда узундан бери у ерда турган, жаллодлар қўлидан қочиб жалойватан бўлган наманганлик дўстимиз Муҳаммадхон махдум, ўзи иш кўрган, ҳамма нарсага тушунган киши эди, мусулмонларнинг ўзаро бирлик-иттифоқликлари бузилганлигини кўргач, буни тузатмоқчи бўлиб, Момут силинг олдига келмишдир. Билганича насиҳат юзасидан ҳар ёқлама сўзлар келтириб демишдурким: - Қуръон ҳукмича бирлик-иттифоқлик мусулмонларга фарз бўлмишдур. Туркистон мусулмонлари устига илгари-кейин келган барча офат-балолар эса шу иттифоқсизлик шумлигидан бўлди. Илгаридан бери уйғур-ўзбек мусулмонлари қон-қариндош ва дин қариндош бўлганимиз учун ҳар даврнинг аччиқ-чучугини, меҳнат-машаққатларини бирга ўртоқлашиб тортишгандирмиз. Ўз вақтида илм маркази бўлиб “Қуввати Ислом” аталган Бухоро, етти иқлимга эга бўлган Амир Темур пойтахти Самарқанд, мундан бошқа Фарғона ва бутун Туркистон мусулмонлари динсиз рус босқинчиларининг зулми остида мол-мулкдан, дунёларидан ажраган ҳолда қолиб, куллари кўкка совурилмоқдадир. Бу дин душманлари - кофирлар, айниқса, инсон оламииинг оғуси, фитна-фасод маъдани, маккор, ҳийлагар большевиклар Туркистон мусулмонларини инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажратиб, ҳайвонлар қаторида эрксиз, мажбурий ишлатаётганлигини кўрган-билганлардан эшитгандирсиз. Бизга ўхшаш ўз ватанларидан жудо бўлган қочқинлар атрофингизда йиғилишиб, сиздан бирор яхшилик чиқарму деган умид билан телмуриб турибмиз. Энди бу ишнинг бирдан-бир чораси шулки, Гў силинг билан келишиб, бутун мусулмонлар бир иттифоқда бўлиб душманга қарши ҳаракат қилсак, шундагина биз учун яхшилик йўли очилур эди.

Бу сўзни эшитиши билан Момут силингнинг нимадандир ғазаби қўзғолиб: - Ҳой, бу анжонлиқ(Уйғуристондаги ўзбекларнинг халқ оғзидаги умумлашган оти.) ўзи дунган тарафдори бўлгани учун бизниму у жоҳилларга тобун қилмоқчи бўладир. Бу сўзидан қайтгунча қулоғидан туйрикка(Устун (уйғурча).) михлаб қўйинглар! - деб буюрмишдир.

Шунинг билан бечора Муҳаммадхон махдум бу қора нодонларга насиҳат қиламан, деб қулоғидан устунга қадалган ҳолда бир неча соат азоб тортмиш эди. Шу ерда булар орқаларидан қувиб келаётган Гў силинг етиб келиши билан Хўжаниёз, Момут силинглар бу ерда ҳам туролмасдан Оқсу томонга қараб қочқали турдилар.

Ўрумчида жонгжунг ҳукумати йиқилиб, ўрнига совет ёрдами билан Шинг дубан ҳукумати қурилгач, бу ўрнашиб олгунча Олтишаҳар-Уйғуристон ўлкаси бўйлаб қўзғолончилар ҳар жойдан бош кўтармиш эди. Совет Русияси Или ўлкасида ўз сиёсатига мослаштириб Шинг дубан ҳукуматини қуришга киришган бўлса, нақ шу фурсатда яна ўзи тарафидан тайёрланган Андижон қирғизларидан Исҳокбек Кошғар томонига киргизилмиш эди.

Хўтанхалқи 1933 йили атрофи билан қўзғолон кўтаришиб, хитой босқинчиларини қолдирмай ўлдиришган сўнгида ўз ичларидан бир кишига “Шоҳ Мансур” лақаби бериб, уни аскар бошлиғи қилиб, шу орада ҳаж сафаридан келган Собит домлани ҳукумат раиси қилиб сайламиш эдилар. Илгаридан бери Олтишаҳар пойтахти Кошғар бўлиб келганликдан Собит домлам бошлиқ аскарлари билан барчалари Кошғарга келиб, расмий Ислом ҳукумати қуриш учун йўлга чиқмиш эдилар. Ислом ошиқлари, оқкўнгил, содда мусулмон, бечора уйғурлар “Биз отига бўлса ҳам Ислом давлати қурдик” деб, пойтахт қуриш маслаҳатида карнай-сурнай, ноғора-думбо()Чилдирма, доира (уйғурча). чалишиб; йўлга чиққан аскарларни кўришганларида суюнганларидан “Ислом очилди-ё, Ислом очилди!” садолари билан ер тепишиб, усулга(Ўйин, рақс (уйғурча).) тушгали турдилар. Оллоҳ қуллари, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари - буларнинг ихлос-эътиқодлари кўнгилларида кўмилиб ётганликдан, агар у гавҳар очилур экан, ҳар яхшиликка ярамликлари ва ҳар ишда қобилиятлари борлиги шаксиздир. Бироқ бу бечораларнинг диний ва ҳам сиёсий ишларда замонга тушунган ҳақиқий қоловузлари бўлмағондур. Шунинг учун биз Ботиш, Чиқиш Туркистон мусулмонлари босқинчиларга асрлар бўйлаб оёқости бўлиб келганмиз. Айниқса, бу сўнгги ярим аср ичида Совет Русия динсиз коммунист ваҳшийларининг жабр-зулмлари остида энг ҳақоратли ҳаёт кечирмоқдамиз. Энди Қуръон ҳукмига кўра “Золимлар зулми кеч қўйилган бўлса ҳам, ҳеч қўйилмайди”(Бухорий, 5/2257/2258.) деганликдан вақти келар. экан, устимизда турган тоғдск қора булутлар тўхтовсиз равишда тарқалгусидир...

Янаўз сўзимизга келайлик. Хўтан аскари шу юрганларича йўл бўйлаб уларга ҳисобсиз кишилар қўшилган ҳолда 1934 йил охирларида Кошғарга кирдилар. Ўрумчи ҳукумати йиқилган кундан бошлабоқ бугун Уйгуристон ўлкаси бўйича тартибсиз равишда ҳар жойдан маслаксиз тўполончилар бош кўтармиш эди. Энди эса бир томондан сув булғатиб, лойқаланган сўнгида балиқ овлаб ўргангаи совет маккорлари тутантириқларини тайёрлаб турган ҳолда ўз замонасина тушунмаган, мақсадлари улуғ, лекин сиёсат оламидан йироқ, ҳар томонлама қўллари қуруқ бир тўда иш кўрмаган, тажрибасиз одамлар бу каби улуғ инқилобни бажаришлари одатга кўра мумкин эмас эди. Чунки, моддий ва сиёсий томондан замонавий кучлик ҳукумат ҳисобланган Совет Русия бунга қарши бўлиб, бу ерда ўз сиёсатига тўғри келмаган Ислом ҳукумати қурилиб қолишига ҳеч қачон йўл қўймас эди. Бутун дунё эзилган миллатларига ёрдам берамиз, деган шиори бўлса ҳам, ўз манфаати йўлида ерлик халқни доим қурбон қилиб келди.

Бирдан-бир йўл, агар мен ўйлагандек, бутун халққа сўзи ўтимлик, обрўлик, бунинг устига доҳийлик шароитига эга бўлган, замонга тушунган бир тадбирлик киши бошчилиги остида жонфидо ватанпарвар кишилардан кучлик бир сиёсий жамият қурилган бўлса, сўнгра шу жамият орқалик Кошғардаги бошқа бир кучлик давлат вакили билан келишиб тартибли равишда иш олиб бориб, бутун Уйғуристон номидан халқнинг талабига мослашган ҳақиқий Исломият асосида ҳукумат қурилса, ватан болаларини ўзаро иттифоқини мустаҳкамлаб, кучлик аскарий қўмондонлик ташкил қилиб ва мумкин қадар яхши қуроллар билан куроллантириб, эҳтиётлик билан иш олиб боргандагина ўз ҳуқуқини қўлга олиш мумкин.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шу чоғда Гў силинг қуроллик куч, интизомлик аскар билан қуюндек тўполон қилиб, Хўжаниёз, Момут силинг аскарларини суриб Кошғарга томон келаётмиш эди. Буларнингўз ватанлари Хужу, Солор вилоятларидан чиққанларининг сабабларини юқорида айтибўтган эдик. Биз мусулмонларнингонгсизлигимиздан душман фойдаланиб, низо чиқариб, улар билан бўлган иттифоқликни бузди. Ҳеч нарса кўрмаган нодон Усмон қирғизнинг ўрнига бош қўмондон сайлаб Гў силингни келтурган бўлсалар, эркин Туркистон ҳукумати сақланиб қолиши мумкин эди. У кунлардаўзим бу воқеалардан йироқ Ғулжа шаҳрида турганлигим учун бу ўйланган мақсадни амалга ошириш чорасини қила олмадим. Шундоқ бўлса ҳам қараб туришга чидаёлмай Ёқуббек замонасидаги Икки Ортуш ҳокими Момутҳакимбек(Ёркент хонлиги замонида вилоят ҳокимининг унвони. Хитой ҳокимияти даврида бир шаҳар ва атрофининг волийси.) набираси Жиржис ҳожини топиб, тездан Кошғарга юбормоқчи бўлдим.

Бу кишининг қисқача таржимаи ҳоли шулким, мен коммунист ваҳшийларининг қонли чангалларидан қу-тулиб Или ўлкасига ўтгач, қонхўр душманлар қўлида қолган қариндош, эл-юртим, суюклик она Ватаним учун қаттиқ қайғурмоқда эдим. Бунинг устига бу ерлик мусулмонлар турмушларининг ҳамма томонлама тушкунлиги, буларнинг ҳаёт аҳволидан, сиёсат оламидан бу-тунлай онгсиз-хабарсиз бўлишлари мени бек ҳайратда қолдирмиш эди. Оз бўлса ҳам ҳамдард, маслакдош, ватанпарвар дўстларимиздан ажрамиш эдик. Бу ерлик турғун кишиларнинг ҳиссизлиги, онгсиз-қолоқлиги, кўзлари кўриб келган қочоқларнинг кўнгли кўрлиги, уларнинг дунёпараст-роҳатпарастликларини кўриб, кўнглимда аланга уриб турган ҳиммат ўтларим сўнишга бошламиш эди. Мана шундай умидим кесилгудек ҳолга етган кунларимда бу киши билан топишиб қолдик. Узилаёзган умидимиз қайта бошдан қўзғалишга бошлади. Бу киши эса илгаридан бери инқилобий ишларга қатнашиб, оғир-енгил тажрибалар ўтказган, кўзи очиқ, кўнгли уйғоқ, ватанпарвар, миллатсевар бир уйғур ўтли эди. Шунинг учун юқоридаги ўзим ўйлаган иш устида икковимиз узун музокара ўтказган сўнгида, бу киши бормоқчи бўлди. Бироқ бу ишга ташкилий тайёргарлик кўрилмаганликдан, иқтисодимиз етишмаганлиги бизга анчагина оғирчилик келтирди. Шундоқ ҳам бўлса бир неча дўст кишиларимиздан яширинча ёрдам йиғиб, сафар жамалғасини қилдик. Узатмоқчи бўлиб турганимизда бахтимизга қарши шул куни бу йўлдошимиз иситма безгак бўлиб, йўлга чиқмай қолди. Бунга қарши дори-дармон сабабларини қилганимиздан кейин, эртаси куни йўлдошларидан қолдирмай узатиб қўйдик. Бироқ афсуски, бу кучли иродали, қаҳрамон, диндор, ватанпарвар тилакдошимиз Жиржис ҳожим йўлга чиққач, кундан-кунга оғирлаша бориб, минг машаққат билан Муз довондан ўтиб, Қўрғон деган марҳум Ёқуббек оталиқдан қолган, душманга қарши тўсқовул қўналғусига келганда вафот топмишдир. Оллоҳ уни раҳмат қилсин. Мақсадга етмаган бўлса ҳам, талаб йўлида жон қурбон қилиш ҳаёт тарихида улуғ шарафга эга бўлиш демакдир. Киши ўз маслаги устида ўз муқаддас вазифасини бажариш каби улуғ хизмат йўлида ажал ўқига учар экан, ҳиммат аҳллари олдида золим йиртқичларга қарши шаҳодат ўлимидан фарқи йўқдир. Бу йўлда бўлган мусибат ўзи учун муборак саналган бўлсам-у, қолган маслакдошлари учун анча маъюслик келтирмиш эди. Шундай бўла туриб яна қараб туролмай, Ғулжа томонда бўлаётган турлик макр-ҳийлалик воқеаларни, Совет Русиясининг тутган сиёсатлари, буларнинг қурган тузоқларини очиқ кўрсатиб, унинг бутун чоралари билан узун бир баённома ёзиб тайёрламиш эдим. Бироқ ўлка бўйлаб бундайин оломон ўзгариш тарқалаётган оғир аҳволда бунга қарши кимнинг сиёсат юргизишини англаётган совет элчихонаси ўз исковучларини бутун халқ ичига тарқатмиш эди. Исломият, балки бутун инсоният оламининг офати, куфр-нифоқ маданиятининг заҳарлик меваси ҳисобланган коммунистлар бозори қандай ерда қизийди? Сўзга тушунмаган, ҳеч нима билмаган, айниқса, йўқсиллик-камбағалликда яшаётган ҳайвонсифат, ватан, миллат нима эканлигини билмайдиган қора нодонлар кўп бўлса, мана шулар ичидагина ривожланиб, тездан ишлар авж олади. Шунинг учун Хитой тупроғида тўқайга ўт кетгандек, бошқа ерга кўра тезроқ кўтарилиб, бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳокимиятларини ўрнаштириб олдилар. Бундай инқилоб кунларида ўз ишларини амалга ошириш учун тўсқинлик қилувчиларга қарши оч қолган йиртқич ҳайвонлардек тишларини қайраб, ҳужумга тайёр турадилар. Агар Худо сақламаган бўлса, шу каби қўрқинчли кунлари ёниб турган улуғ ўтга бир челак сув сепгандек қилган ишларим ўзим учун ҳалокатлик бўлиши шубҳасиз эди. Шу сабаблик бир неча кун машаққатлар чекиб тайёр қилгаи баённомани қандай қилиб юбориш иложини тополмай, охири куйдириб ташлашга мажбур бўлдим. Чунки қатнов йўллари эса отчи-эшакчи карвонлардан бошқаларга ясоқ қилинмиш эди. Буларни ҳам ҳар хил тўсқовул ерларда қаттиқ тинтув-ахтариш билан ўтказмакда эдилар. Шунга кўра ночор, тақдирга таи қўйиб, ёзмишни кутиб турмоқдан бошқа чора тополмай қараб қолдим.

Байт:

Қўлга келмас мўлжалинг, ҳаргаз шароит бўлмаса,

Қанча қилсанг жонфидолик, фойдасиздур ишларинг.

Алихонтўра Соғунийнинг

"Туркистон қайғуси" китобидан