Туркистон савдогарлари рус бозорларини дастлаб кашф этган ва эгаллаганлар. Рус тарихчиларининг маълумотларига кўра, Туркистон савдогарлари 1364 йилда Нижний Новгородга борганлар. Руслар ҳам Қозон ва Астраханни ишғол этиб, Русия ва Туркистон орасидаги савдо муносабатларини йўлга қўйиш имконига эга бўлдилар. Бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар эса фақат XVI асрда ўрнатилди. 1585 йилда Хива элчиси Маҳмудхўжа ва Бухоро элчиси Мухдммад Али Москвага келиб, Федор Ивановичга ўз хонларининг дўстлик мактубларини тақдим этдилар. Бухоро хони томонидан жўнатилган мактубда ўз шахсига кўрсатилган хурматни етарли эмас, деб ҳисоблади. Ҳар ҳолда рус подшоҳи Бухоро ўзбекларининг қудратини ва ўлкаларининг буюклигини менсимасди. Хива ва Бухоронинг бу илк дипломатик миссияси натижасидан шу нарса аён бўладики, руслар ва унинг атрофидагилар Туркистон хукмдорларини майда ва кучсиз деб ҳисоблар эди. 1598 йили Борис Годунов ўз элчиси Бойбўри Тайшевни (татар) Бухорога жўнатиб, улардан рус хукмдорига бошқа хукуматлар каби чуқур хурмат кўрсатишни талаб қилди Бундай хурматсизликка нисбатан Бухоро хони ҳеч бир монелик билдирмади.
1616 йили Хива элчиси Москвага келиб, тижорат муносабатлари юзасидан учрашувлар ўтказди. 1619 йилда Москвадан Бухорога элчи жўнатилди. Москва элчисига берилган кўрсатмада: хон элчини қабули вақтида тик туришлик, Русия подшоҳининг номи тилга олинганда ва аҳволи сўралганда уни Қайсар (император) сифатида хитоб этиши талаб қилинди. Бухоро хони бу талабларга эътибор бермади(В. А. Ульяновский, Сношения России в Средней Азии и Индии в XVI - XVII веков, Москва 8-9-6.).
XVII аср давомида Туркистондан (Бухоро ва Хивадан) Русияга ўн олтита дипломатик ҳайъат борди. Русиядан ҳам Туркистонга тўққиз дипломатик ҳайъат жўнатилди. Туркистон ҳайъатларининг асосий вазифаси тижорат масаласи эди. Русия ҳайъатларида тижорат вазифалари қаторида сиёсий топшириқлари ҳам бор эди. Масалан, Бухоро ва Хивага юборилган рус ҳайъатига берилган кўрсатманинг матни шундай эди: «Зиёрат этилган мамлакатнинг сиёсати, иқтисодий аҳволи, ҳарбий тузуми ва қўшни мамлакатлар билан боғланган йўллар ҳақида маълумот тўпланиши керак»(Олим Мўминович Аминов, Экономическое развитие, 60-6. Аминов ушбу фикрни В. Григорьев, «Русская политика в отношении к Средней Азии» сб. государственншх знаний, С-Петербург, ж. 1. 1874 йил, 239-бетдан олган. Афсуски, Григорьевнинг асарини қўлга кирита олмадим.).
I Петр Туркистонга ва Ҳиндистонга, айниқса, катта эътибор берар эди. У Русиянинг Туркистондаги нуфузини савдо-сотиқ воситасида кенгайтира олишига ишонар эди. Ҳазар денгизининг бу мақсадни амалга оширишда сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий аҳамиятини яхши тушунган эди. Бу ердан Кавказ, Эрон, Туркистон ва Ҳиндистонга йўл очиларди(Аминов, 32-6. Туркистондаги рус дипломатик миссияларининг шакли ҳақида: Ф. И. Лобасевич, Поступательное движение России в Средней Азии, С-Петербург, 1900. Ушбу асар жуда яхши маълумот берган.). I Петр мақсадига эришмоқ учун Туркистонга мамлакатнинг аҳволини ўз ерида аниқламоқ ниятида мунтазам равишда дипломатик ва тижорат карвонлари юбориб турди(I Петр элчиси Фролио Беневинини 1718 йили топшириқ билан Бухорога жўнатди. Вазифаси: йўл давомида барча шаҳарларни тадқиқ қилиш. Ҳазар денгизига қуйиладиган дарёларни ўрганиш. Бухоро хонлиги ҳарбий қудратини, жойлашган ўрнини, қалъалар, бандаргоҳ ва қуролланиш даражасини ўрганиб чиқиш... Айниқса, Бухорога қўшни Осиё давлатлари ва Туркия билан қандай алоқа-лари борлигини аниқлаш, хоннинг ўз фуқароси олдидаги обрўси ва Ўрусиянинг ёрдамига муҳтож ёки муҳтож эмаслигини ўрганиб чиқишдан иборат эди. Аминов, 63-6. Бундан ташқари, шарқшунос, дипломат айни пайтда жосуслик вазифасини ўтаган Беневинига Бухорода Ўрусия нуфузини тарқатишни ташвиқ қилиш вазифаси ҳам юклатилганди. Бу борада у муваффақият қозона олмади-ю, бироқ Бухоро ерости бойликлари ҳақида батафсил ахборот ҳозирлади. Қиёсланг: И. Костенко. Средняя Азия, 98-6.). Рус савдо ва дипломатик миссияси то Туркистонни босиб олиш учун қатъий бир қарорга келгунча ўз ишларини давом эттирди.
Рус миссионерларининг ҳарбий мақсадидан ташқари ўзига хос бошқа хунарлари ҳам бор эди(Vambery, Centralasien, 34-6.). Булар: «ишончли хабарларга кўра» каби уйдирмалар воситасида хукмдорлар билан қабилалар ўртасига нифоқ солиш, пора бериш, қўрқитиш, бўҳтонлар кабилардан иборат эди(А. И. Макшеев, 46 - 47-6.). Ҳолбуки, Туркистон Русия хужумидан аввал оғир бир ғафлатга чўккан эди. Русияда бўлган Туркистон вакилларига Русиянинг тузуми, аҳволи ҳақида маълумот тўплаш учун Туркистон хукумати томонидан қандайдир бирон-бир топшириқ берилгани ҳақида манбаларда ҳеч қандай маълумот йўқ. Туркистон хукуматлари нафақат Русиянинг, балки бошқа қўшни давлатларнинг ният ва мақсадлари ҳақида маълумот тўплаш бўйича тушунчага ҳам эга эмас эдилар, фақат «душман билан майдонда қаҳрамонларча урушмоқ» каби қадимий эскирган фикрлар билан яшар эдилар.
Туркистон хукумати ташқи сиёсатга жуда кам эътибор берар эди. Асосан, ички масалалар билан ўралашиб қолган эди. Шу боисдан ўз ирқдошлари ва диндошлари билан кўпроқ уруш қилар эдилар. XIX юзйилликнинг бошланишида Туркистонда тақдирга тан бериш ҳоким ғоя эди. Бу ҳолат ҳар қандай ҳодисани тақдирга йўйишга олиб келар эди. Бухоро ёки Хивага Москвадан ҳар қандай ҳайъат келганида, «кофир»ларнинг самимиятига шубҳа қилардилар, аммо ҳеч кимнинг ақлига Русия ҳақида маълумот тўплаш фикри келмасди. Чингизхон ва Темур даврида давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бўлган жосуслик ғайриахлоқий ҳодиса сифатида талқин қилинарди ва шу сабабли Русиянинг шум ниятларини ўз вақтида ўрганадиган кимса топилмади. Натижада, Русия Туркистонни истило қилиш учун душманлигини билдирмасдан, мақсадини усталик билан яшириб, фурсат кутди ва ҳар гал «савдо муносабатлари ўрнатиш» баҳонасида Туркистонга кириб келди.
Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан