loader
Foto

Жазоирнинг афсонага айланган қаҳрамони - Амир Абдулкодир Жазоирий

«Амир Абдулқодир жиҳод жангида қўмондонлик қиладиган, намозда имомликка ўтадиган шахслардан бўлган. У ўз номалари ва буйруқларида ҳамиша Қуръони каримга асосланган. Шом ва хуфтон намозларидан олдин чодир олдида тик турганча қавмига ваъз ўқиган... Ва айнан шу сабабдан мўминларнинг қалбидаги диний ва жанговар жўшқинлик кундан кунга янги куч олиб бораверган. Бинобарин, Абдулқодир ўз халқи учун рўшнолик ва самимий илиқликнинг асосий манбаидай бўлиб қолган».

Атоқли Ислом тарихшуноси доктор Али Саллабий



Нақадар буюк экан Жазоир! Тан олишим керакки, ушбу юртнинг на қадимий, на янги тарихидан хабарим бўлган экан. Марокаш билан Тунис ҳақида сал кўпроқ билар эдим. Балким бу борада маълум вақтгача билимсиз бўлганча қолганим боис, менда: «Жазоирнинг тарихи бўлганми ўзи?» - деган савол туғилишига сабаб бўлгандир. Аммо кейинчалик, ушбу Исломий ўлканинг ўтмиши битилган ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқар эканман, дарҳақиқат, Жазоирнинг тарихи зарҳал ҳарфларла битилишига муносиб эканлигини теран англаб етдим. Таассуфки, мактабда ўзлаштирган дарсликларимизга ушбу юрт тари-хининг асосий қисми киритилмаган эди. Балким мактабнинг таълим дастурини тузганлар Жазоирдек буюк давлатнинг тарихидан бехабар бўлишгандир, балким улар Ислом уммати тарихига тажовуз қилаётганлар тоифасидан бўлиб ушбу ўлка тарихига доир маълумотлар мусулмонлар орасида кенг тарқалишини хоҳлашмагандир.

Жазоирни истило қилиш тарихи асосан денгизда кечган Исломий жиҳод билан боғлиқдир. Превеза шаҳри яқинидаги, Ислом тарихида энг йирик денгиз жанги саналадиган, мазкур асарнинг олдинги бобларда ҳикоя қилинган унутилмас денгиз муҳорабасида мусулмонлар ғалаба қозонгач, денгиз саркардаси раҳматли Барбаросса Жазоирда йирик Исломий флот барпо этишга киришди. Ушбу флот Урта денгиздаги ниҳоятда қудратли ҳарбий-денгиз кучларига айланди. Жазоир юрти халк орасида «Ислом масканию жиҳод манзили» деган номга сазовор бўлди. Мана шундан сўнггина Жазоир давлати салиб юришчиларининг диққат марказидан ўрин олган жиддйй объектга айланди. Усмонийлар халифалигининг Жазоир ҳарбий-денгиз флоти узоқ чўзилган уч аср давомида Урта денгизда яккаҳокимлик қилгач, уммат душманлари мусулмонлардан қасд олиш учун қулай пайт пойлаб юришди. Христиан давлатларининг раҳбарлари Жазоир муаммосига бағишланган бир нечта конференциялар ўтказишди. Ўша йиғинларда муҳокама қилинган асосий масала: Жазоир даҳшатига барҳам бериладиган вақт қачон етиши бўлди. Ва бундай имконни улар 1827 йили қўлга киритишди. Ўша йили Россия-Англия-Франция иттифоқининг бирлашган эскадрасига қарши жанг қилган Усмонийлар халифалигининг ҳарбий-денгиз флоти Наварин муҳорабасида мағлубиятга учради. Французлар бундай қулай фурсатдан зудлик билан фойдаланиб, шу йилнинг ўзидаёқ Жазоирга ҳужум қилишди ва уч йил давом этган денгиз қамалидан сўнг, 1830 йили юртни босиб олишга муваффақ бўлишди.

Франция истилоси Жазоирдаги қашшоқлик ва саводсизликка барҳам берди деб ҳисоблайдиганлар шуни билиб қўйсинки, Жазоирнинг ўша даврдаги аҳолиси орасидаги саводли одамлар сони Франциядаги саводли одамлар сонидан анча кўп бўлган. Барча тарихий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Жазоирдаги усмонийлар ҳукуматининг сўнгги йилларида таълим ва маданият масалалари жуда юксак савияда бўлган. Немисларнинг жаҳонгашта тадқиқочи олими Вильгельм Химбранинг ёзишича, 1831 йил декабрь ойидаги Жазоирга ташрифи давомида оддий халқ орасида ўқиш-ёзишни билмайдиган бирорта арабни учрата олмаган экан. Жанубий Европада эса айни вақтда, оддий халқ орасида ўқиш-ёзишни биладиган одамни топиш жуда қийин кечган. Немис сайёҳининг шахсий тадқиқотига кўра, француз генерали Фалез 1834 йили: «Шаҳар ва қишлоқларда ўқитувчилар сони кўп бўлгани сабабли Жазоирдаги арабларнинг деярли ҳаммаси ўқиш-ёзишни билади», - дея маълумот берган экан. Кўпчилик эшитиб ҳайрон бўлиши мумкин-у, лекин Франция ўша даврда Жазоирдан қарз олиб кун кўрган ва ҳаддан ортиқ кўпайиб кетган қарз микдорини Жазоир ҳукуматига қайтариб беришга қурби етмай қолган. Иш шу даражага бориб етганки, қарз кайтариш муддати узоқ чўзилиб кетгач, Жазоир ҳукмдори қўлига кириб қолган пашша ўлдиргич билан Франция элчисини савалай кетган. Айнан мана шу ҳолат Жазоирни босиб олишга сабаб бўлган.

Францияда юз берган инқилоб, ушбу диний давлатни дунёвий давлатга айлантириб, диний мутаассибликдан батамом халос этди деб ўйлаганлар ниҳоятда чуқур янглишадилар. Бу гап адолатдан анча йироқ эканлигини французларнинг ўзидан билиб олишимиз мумкин. Ўшанда Франция ўзини католицизм ҳимоячисидай ҳис этиб, Жазоир устидан эришган ғалабасини Ислом устидан эришган ғалабадай кўрган. Бу ҳолат Жазоирни қамал қилган француз саркардаларидан бири де Клермон-Тоннернинг: «Балким ўз маданиятимизни маҳаллий аҳоли орасида кенг оммалаштиришга ва бу билан юрт халқини христианлик динига киритишга муваффақ бўлармиз» - деганидан аён бўлади. Франциянинг Жазоирни истило қилиш қўшинлари қўмондони де Бурмоннинг ғалаба шарафига уюштирилган тантанали маросимда: «Подшоҳим, ушбу ҳарбий ғалаба билан мен Африка соҳилларига кириб келадиган христианлик учун дарвоза очдим», - деган сўзларидан ҳам аниқ бўлиб қолади.

Жазоир забт этилиб, истило қилинган фурсатдан Ислом умматининг буюк қаҳрамонларидан бири - француз босқинчи-салиб юришчиларига қарши Исломий жиҳод ҳаракатини бошқарган амир Абдулқодир Жазоирий ҳақидаги ҳикоямиз бошланади. Ўша вақтда у эндигина йигирма ёшга тўлган эди. Абдулқодир Жазоирий маҳаллий қабилаларни бирлаштиришга муваффақ бўлди ва французларнинг астар-пахтасини ағдариб, уларга катта талафот етказганча, Ватанини забт этган зобитларга қарши кураш бошлади. Иложсиз қолган Франция амир Абдулқодир Жазоирий ва унинг қўшинини тор-мор келтириш учун Жазоирга армия йўллашга мажбур бўлди. Ўз даврининг замонавий қурол-аслаҳа тизимлари ва қудратли артиллерия тўплари билан қуролланган, Франция ҳарбий вазири Трезелнинг шахсан ўзи қўмондонлик қилган француз армияси 1835 йили ҳикоямиз қаҳрамони амир Абдулқодир Жазоирий бошқарган Жазоир армияси билан Макта бўсағасидаги жангда тўқнаш келди. Ушбу унутилмас жангда Жазоирнинг қаҳрамон мужоҳидлари француз босқинчилари устидан ғалаба қозонишди. Ҳали йигирма олти ёшга тўлмаган зўр истеъдодли саркарда амир Абдулқодир Жазоирий жамики жаҳоннинг диққат-эътиборини ўзига қарата билди.

Иирик ғалабани қўлга киритган амир Абдулқодир Жазоирий Франция истилочиларига қаршилик кўрсатишни давом этди. У уруш олиб боришнинг «сайёр пойтахт» дея номланган, илгари ҳеч кимга эшитмаган янги тактикасини ихтиро қилди. Ўзининг сайёр пойтахти билан бир ердан бошқа ерга кўчиб юрган амир Абдулқодир Жазоирий узоқ йиллар давомида французларни саросимага солиб юрди. Жазоир мужоҳидлари муайян жойда турмагани боис, уларнинг устига ҳужум уюштириш имконига эга бўлмаган французлар эса кетма-кет талафотлар кўравериб тинка-мадори қуриди. Охири улар ёш амир билан тинчлик сулҳи тузишга мажбур бўлишди. Бироқ кўп ўтмай, француз босқинчилари ўзларининг мунофиқ табиатларига хос тарзда ушбу сулҳ шартларини бузишди. Босқинчи генерал Пежо ёндириб қовжиратиш сиёсатини рўёбга чиқариб, тасаввур қилиш мумкин бўлган ҳарбий жиноятларни содир этди. «Қишлоқларингизга ўт қўйиб, мевали дарахтла-рингизни кесиб битираман!» - баёнот қилди у жазоирликларга. Узок йиллар таъқиб қилгач, ниҳоят французлар амир Абдулқодир Жазоирийни қўлга олишга муваффақ бўлишди. Уни Франция қамоқхонасида асрашиб, бир неча йўлдан сўнг Жазоирга қайтмаслик шарти билан қўйиб юборишди. Амир Абдулқодир Жазоирий Исломий халифалик пойтахти Истамбул шаҳрига йўл олди. Мусулмонлар халифаси уни эхтиром-ла қарши олди. Халифанинг ижозатини олган амир Абдулқодир Жазоирий умри поёнига етгунча, яъни ҳижрий 1300, милодий 1883 йилгача Дамашқца яшади.

Айнан омайчиларнинг тарихий пойтахти Дамашкда амир Абдулқодир Жазоирийнинг ҳақиқий улуғсифатлиги ва Ислом динининг асл улуғлиги биз учун яна бир бор намоён бўлади. Гап шундаки, Шомдаги друзлар билан насронийлар ўртасида юзага келган қонли можаро 1860 йили роса авж олди. Кунлардан бир кун жабрланган христианларни мусулмон Абдулқодир Жазоирий ўз паноҳига олиб, уйини уларга бошпана сифатида ҳавола этади. Христиан-французлар унинг она Ватанидаги диндошларига зулм қилаётган бир вақтда амир Абдулқодир Жазоирийнинг қилган ишини қаранг-а! Ана сизга буюклик, ана сизга Исломнинг улуғлиги!

Тарихимизга тажовуз қилаётганлар томонидан Ислом умматининг ҳар қандай қаҳрамонига у ёки бу мазмунда сохта айб қўйилади. Амир Абдулқодир Жазоирийнинг ўлимидан сўнг унга ҳам куракда турмайдиган айб қўйилди. Нима эмиш, амир Абдулқодир Жазоирий диний-ахлоқий ҳаракат саналадиган масонлар жамиятига аъзоси саналар эмиш. Ҳа, уммат қаҳрамонларига қўйилган айблар орасида мана шундай миш-миш гаплар ҳам бор эди. Ўша уйдирмаларга кўра, амир Абдулқодир Жазоирий Франция қамоқхонасида жазо ўташ даврида масонлар жамиятига аъзо бўлиб олган эмиш. Бу гап, айниқса давримиз ёшлари орасида кенг тарқалди. Бундай ёлғон маълумот тарқатувчилар томонидан келтирилаётган далиллар кўриб чиқиладиган бўлса, уларнинг жуда заиф ва асоссиз эканлиги маълум бўлади. Масонлар амир Абдулқодир Жазоирийнинг исмини ўз аъзоларининг рўйхатига ўлимидан сўнг киритганини ҳам ишончли далил сифатида кўриш мумкин эмас. Чунки буларнинг бари масончиликни амир Абдулқодир Жазоирийга меҳр кўйган мусулмонлар орасида тарқатишга уринишдан ўзга нарса эмас. Ушбу масалани ўзи учун аниқлаб олмоқчи бўлганлар машҳур Исломий тарихшунос олим доктор Али Саллабийнинг «Жазоир халқининг француз истилосига қарши кураши ва амир Абдулқодир Жазоирийнинг таржимаи ҳоли» деб номланган китобига мурожаат қилишлари мумкин. Доктор Саллабий ушбу ажойиб асарида аниқ далиллар келтириб, юқоридаги айбларга қатъий раддия келтирган. Шунингдек, у амир Абдулқодир Жазоирийга тааллуқли, масалан, гўё у «борлиқнинг ягоналиги»(Вахдадтул вужуд - «борлиқнинг ягоналиги» сўфийлик ақидаларидан бири. «Борлиқнинг ягоналиги» ақидасининг мазмун-моҳияти танҳо бир борлиқ, у ҳам бўлса фақат Худо мавжудлигидан иборатдир. Бу дунёда Худодан бошқа ҳеч қандай тирик жон йўқ. Борки нарса Худонинг ифодаси саналиб, мавжудлиги Худонинг мавжудлигига боғликдир. Аксарият тадқиқотчи ва танқидчилар вахдатул вужуд таълимотида пантеизм (кўп худолилик) турларидан бирини кўришмоқда.) ақидасига эътиқод қилганию шу каби кўплаб шубҳаларга ҳам раддия келтирган. Қисқа қилиб айтганда, доктор Саллабий тарихимизга тажовуз қилаётганлар томонидан тарқатилаётган гапларнинг аксини, яъни амир Абдулқодир Жазоирий Исломий дунёқараши тўғри, сунний, жазоирлик фидойи мужоҳид бўлганини аниқ, равшан тушунтириб ўтган. Хусусан, доктор Али Саллабий ўз асарида қуйидагича марҳамат қилади:

«Амир Абдулқодир Жазоирийнинг масонларга дахлдорлиги ҳатто илмий танқидга ҳам ярайдиган гап эмас. Ундай айблов тарихий воқеликка умуман мос келмайди. Ушбу уйдирмаларнинг бари дин душманларига қаршилик кўрсатиш, уларга қарши кураш ва жиҳод масалаларида Ислом умматининг тимсоллари саналадиган қаҳрамонларни бадном қилишга қаратилган информацион урушнинг маълум бир қисмидан ўзга нарса эмас. Аллоҳ шубҳа зулмати билан шайтоннинг ёлгони барҳам топиши учун ҳақ гапнинг ҳар томонлама намоён бўлишидан ташқари, бошқа нарсага йўл қўймагай».

Амир Абдулқодир Жазоирий умрининг қолган қисмини Дамашкда сургунда ўтаб, 1883 йиил 26 май куни омонатини Аллоҳнинг марҳаматига топширди. Франция унинг йўқлигидан тўла-тўкис фойдаланиб, Исломий идора тизимини ман этганча, Жазоирни ўз вилоятларидан бирига айлантириб олди. Шундан сўнг араб тилига барҳам бериб, ўрнига француз тилини жорий этишга киришди.

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан