loader
Foto

Русия - Хива хонлиги уруши

Руслар Қўқон ва Бухоро амирлиги билан бўлган урушдан ғолиб чиққач, I Петр замонидан қолган Хива хонлигини босиб олиш режасини бажаришга кириш-дилар. Рус тарихчилари I Петр ўлимидан аввал «Хива жазоланиши керак», деб таъкидлаганини доимо қайд қилиб келган. Рус подшосининг истагига бўйин эгмади, деб Хивани жазолашни Русия 1717 йилдан 1873 йилга қадар - 156 йилдан ортиқроқ кутишга тўғри келди. Хивани қўлга олиш ёки қўрқитиш йўли билан Русия Амударёга ўтишни таъминлаш максадида эди. Хива бўш келмади. 1839 - 1840 йиллари муваффақиятсиз-ликка учраган жазо сафаридан сўнг 1854 йилнинг илк баҳорида рус раҳбарияти Петровский қўл остида 17000 аскарни Хивага юришига амр этди(Abaza, 176-6.). Булар Орол кўли атрофида енгилдилар ва тинчлик шартномаси тузиб, орқага чекинишга мажбур бўлдилар(Василевский, Очерк историко географические, 335-6: Костенко, Средняя Азия, 140-6.). Фақат 1856 -1859 йилларда Русия Ҳазар денгизидаги Манғишлоқ ярим оролида (1859 йили номи Новоалександровский деб ўзгартирилган) Новопетровск мустаҳкам бандаргоҳи бунёд қилишга ва бу ерда ҳаракат таянчи яратишга муваффақ бўлди. Руслар 1859 йили Ҳазар денгизиниг шарқий соҳили харитасини чизиш билан энг муҳим ҳарбий-сиёсий вазифани тамомлаган бўлдилар(Дандевилле бошчилигидаги буҳайъатда 9 субай (офицер), 100 аскар ва 48 казак иштирок этди. Галкин дипломат, Ильминский таржимон сифатида қатнашди. Бу ҳайъатнинг ёвмуд туркманларидан Муҳаммад Сафе ва Хонмамбетлар кузатувчилари эди. Бу ҳайъатнинг Каспий денгизининг ўнг соҳилига саёҳатини М. Н. Галкин ўзининг «Этнографические и исторические материалм». СПБ, 1869 асарининг 49 - 149-бетларида тасвирлаган.). Бу кейинги ҳаракатлар учун бир пойдевор бўлди.

1869 йил 5 ноябрда (полковник) албай Столетов қўмондонлигидаги рус аскарлари Қизилсув (Красноводск)га чиқдилар ва бу ерда денгиз кучларини тўплай бошладилар. 1870 йил 18 январда фон Кауфман Хива хонига бир савдо улови бандаргоҳи қуриш учун Қизилсувга қўшин келганлигини билдирган мактуб йўллади. 1870 йил 25 февралда Хива девонбеги ўз жавобида Русиянинг бу қадамини - қўшин тушириш ва қалъа иншооти қуришни маъқулламаслиги ва бу тадбирларни бошқаларнинг ерларини зўрлик билан қўлга олиш деб ҳисоблашини билдирди(Тўлиқ маълумот учун яна қаранг: Olzscha-Cleinow. Turkestan, 87 - 88-бет.). Руслар тижорат йўллари изламади, балки Туркистонда ҳокимиятларини мустаҳкамлаш учун ҳарбий мақсад сари интилдилар(Гродеков, «Хивинский поход» асарининг 2-3-бетига кўра Шералихон 1896 йили Афғонистон хукмдори бўлганидан сўнг Русияга қарши Ўрта Осиё мусулмонлари иттифоқи тузиш ниятида эди. Шунинг учун Русия Туркистондаги ўз мустамлакачилик ҳокимиятини янада мустаҳкамлаб олиш ниятида 1869 йили Красноводск кўрфазини босиб олди.). Руслар Ҳазар денгизининг ўнг соҳилила пайдо бўлишидан Эрон ҳам ташвишга тушди. Фақат Русия 1869 йилнинг охирида Атрек ирмоғини ҳар икки мамлакатнинг чегараси қилиб белгиланган шартнома билан Эроннинг бетараф бўлишига эришди. Қизилсув кейинроқ Хива хонлигига ва туркманларга қарши ҳаракатнинг маркази сифатида хизмат қилди. Красноводск қалъасининг қурилиши билан Хива - Оренбург йўналишида Устюрт билан, Тошкент йўналишида Қизилқум билан, Ҳазар денгизи йўналишида Красноводск билан (Қизил-сув) уч томонлама ўраб олинган эди.

Рус қисмлари 1869 йилдан бери Манғишлоқ ва Красноводск томондан Хиванинг дашт ноҳияларига кира бошлаган эди. 1871 йили Сариқамишни ишғол килишди. Хива хони Муҳаммад Раҳим Русиянинг кучайиб бораётган сиқувидан чиқиш Манғишлоқ йўлини ахтарар эди. 1871 йили Манғишлоқярим оролидаги энг нуфузли шахслардан бўлмиш Эшон Нурмуҳаммадни қабул қилиб, ундан Русияга қарши нима килиш кераклиги хусусида маслаҳат сўради. Эшон шундай деди: «Кўп йиллардан бери рўпарамизда бир бўғма илон турганлигини кўрдингиз. Буни қандай чораси бор? Бу хусусда ўша вақтлар бироз диққатингизни жалб қилай десам, сўзимни тингламадингиз. Энди вақт кеч бўлди»(Гродеков, «Хивинский поход», 6-бет.). Ҳақиқатан ҳам, Хива олдида турган буюк даҳшатни жуда кеч англадигина эмас, ҳатто тузукроқ ҳимоя тадбири ташкил қилишга ҳоли ҳам йўқ эди.

Фон Кауфман Хива билан хат ёзишиш орқали Хивани босиб олиш учун баҳона топишга ҳаракат қилди. 1871 йили Кавказ волиси буюк княз Михаил Николаевичнинг назоратида руслар Хива хонлигига қарашли Эркабой воҳасини ишғол қилдилар. Фон Кауфман 1870 -1871 йилларда Хивага рус тижоратига ҳеч монелик қилмасдан, дарвозаларни очишини талаб қилиб, бир неча бор мурожаат қилди. Хива бир томонлама қарорлаштирилган тижорат муносабатларини рад этди. Фон Кауфманга қулай фурсат келди. Хивани босиб олиш учун Петербургда кўп ҳаракат қилди. Рус амалдорлари фон Кауфманнинг бу фикрини тасдиқладилар, фақат Хивага юришдан аввал етарли ҳозирлик кўриш кераклигини лозим топдилар. 1872 йил 3 декабрда оқ подшо II Александр ҳам иштирокчиси бўлган рус хукуматининг бир қўмитаси хонликни босиб олишга қарор қилди. Ҳаракатни бошқариш Туркистон бош волиси фон Кауфманга юклатилди. Рус ҳарбий ҳаракатида Оренбург, Кавказ ва Туркистон қисмлари иштирок этиши белгиланди. 12 декабрда оқ подшо Хива сафари режасини тасдиқлади. Англиянинг Петербургдаги бош элчиси 1872 йил мартида ўз хукуматига Русия 1873 йил илк баҳорида Хивани босиб олишни планлаштирганини маълум қилди. Лондон ҳукумати доирасида Афғонистон юзасидан ташвиш бор эди. 1873 йил январида оқ подшо ўзининг ҳарбий адъютанти граф Шуваловни Лондонга юборди. Шувалов бу ерда Хивага сафар планлаштирилганини, фақат бу узоқ муддатга чўзилмаслигини баён қилди(Antagonismus, 102-6. Шувалов Лондонда Русия Хивани адабини бериб қўйиб, кейин у билан савдо битими тузишини очиқча баён қилди. Қиёсланг: 89-бет бундан ташқари «Оқ подшо Хивани босиб олиш нияти йўқлигини, аксинча, бу вазиятдан ҳеч қандай манфаат изламаслик ҳақида фармон берганлигини билдирди. Қиёсланг. Olzscha - Cleinov, Turkistan, Hoetzsh, Rusland in Asien. 81-6.). Русия бу сафар ҳам Англиянинг Хива мавзусида бетараф бўлишига эришди, ҳатто 1873 йили Ўрта Осиёдаги инглиз манфаатларини ҳурмат қилишини таъминлайдиган битим ҳам имзоланди. Рус раҳбарияти ташқи сиёсат бўйича хотиржам бўлгач, 1873 йил февралида Хивага бир неча томондан юриш бошлади. Шу вақтгача руслар, 1871 йилнинг бошидан бери Хивага қўшин ҳозирлаш билан машғул эдилар. Оренбургдан генерал Веревкин қисмлари, Тошкентдан ҳаракат бошлаган фон Кауфман қисмлари 1873 йил майида бир вақтда Хивага етиши керак эди. Рус манбаларига кўра, Хива юришида 13 ОООдан ошиқ аскар қатнашган(Булардан 5300 нафари Туркистон бош волилигидан, 3500 нафари Оренбург бош волилигидан, 4300 нафари Кавказдан келган эди. Уларнинг ихтиёрида 4600 от ва 20000 туя бор эди. Қиёсланг: Макшеев, 314-6. Руслар ўз сафарлари ҳақида ҳеч қачон тўлиқ маълумот беришни одат қилмаган. Хива сафари ҳам бундан мустасно эмас. Abaza, 176-бетга кўра Кавказ қисмида 2200 аскар, Оренбургдан келган қисмда 9 бўлинма ҳамда 9 казак юзлиги ва Тошкент қисмида 5250аскарборэди. (191-6.J кўра,Хивагақарши ЮОООаскарсафарбар қилинган (Vartunberg, 112-114-6.}, 43-бетга биноан уларнинг сони 13000 эди. Fred Burnaby, Aride tokhiva 255-бети бўйича аскарлар сони 14000 бўлиб, 53 бўлинма, 25 казак юзлиги, 5 тўп бўлинмаси бор эди. Boulger, Central Asian questions, Асарининг 16-бетига кўра Хива сафарида камида 30 000 рус аскари қатнашган.). Ҳар уч ҳаракат базаларида 264 250 аскар захирада бўлиб, буларнинг 197 625таси Кавказда, 40 469 таси Оренбург бош волилигида ва 26 160 таси урушга тайёр ҳолатда Туркистон ҳарбий волилиги ихтиёрида эди(Hugo Stumm, Der Russische. Feldrug, 375-6.). Рус бошлиқлари шу пайтгача ишғол қилинган, ўлкалардаги маҳаллий қабилалардан, уруғлардан, айниқса, даштлардан ўтишда хизмат кўрсатган бир қанча мусулмонларни ҳам ўз қаторига қўшдилар(Уларнинг орасида ҳужум қисми қўмондони Алиханов; Туя боқувчи ва йўл бошловчи Қабақ Эрбамет (қозоқтурки) бўлиб, йўлни яхши биларди. Отамурод (туркман), Гайнуллин (татар) ва б.қ. бор эди. Қиёсланг: Abaza, 178-6. Гродеков. Хивинский, 134 ва 249-бетлар. Кузатувчиларнинг ҳар бирига 15-20 сўм пул тўланарди.).

Хива хонлиги бундай даҳшатли хужумга қарши муваффақиятли мудофаа уюштирадиган имкониятга эмас эди. Миршабларни ҳисобга олмаганда, Хиванинг атиги 1500 мунтазам аскари бор эди. Аҳоли миқдори ҳам 500000 дан ортиқ эмасди. Русларнинг ҳисоб-китобига қараганда, ерининг ҳажми (юз ўлчами) 130 590 верст каррадан (квадрат) иборат эди(Ўзбекистон тарихи, II, 2,152-153-6.). Хива шу ҳоли билан кўнгиллиларни, ақл ва шижоат соҳиби бўлмиш ватандошларини Русиянинг даҳшатли истилочилик урушига қарши сафарбар қилиб, уч ойдан ортиқрок ҳимоя қилишини давом эттирди.

Давомли жанглардан сўнг 1873 йили 29 майида 291 офицер (субай) етагида 6 965 рус аскари Хива шаҳрига кирди(Лобисевич, Описание, 239-6. Гродеков, Война... I., 264-6. Бу аскарлар 29 май 1873 йили Хива қалъа деворларига етиб бордилар.). Шаҳарда ўзаро кучсиз тўп отишмалари бўлди. Хива учун кучли жанг қилиш бехуда эди. Хоннинг биродари Отажон тўра (1873 йили 22 ёшда) урушнинг чўзилишига қарши эди. У 1872 йил охирида қардоши Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхонни тахтдан туширишга интилгани учун ҳибсда сақланарди. Унинг сарой атрофида ҳам ўз кишилари бор эди. Буларга қарши Русиянинг аёвсиз душмани бўлмиш девонбеги Матмурод ва ясовулбеги (миршаблар қўмондони) Раҳматулла урушнинг давом этишини истарди. Хоннинг Хивада 300 дан ортиқ аскари йўқ эди. Шаҳар таслим бўлди. Тахт 1873 йил 29 майда мусодара қилиниб, дарҳол Москвага жўнатилди. 1973 йил 30 майда фон Кауфман I Петрнинг туғилган куни учун бир қароқчилик ўйини бағишлагани ҳақида оқ подшога маълум қилди. Бу билан I Петрнинг васияти амалга оширилганини ёдга олмоқчи эди. 2 июнда Хива хони Баҳодирхон Кауфман хузурига чиқиб, капитуляция шартларини қабул қилди. Девонбеги Матмурод билан қўшин Казалинск қалъасига жўнатилди, ундан миршаблар кўмондони Раҳматулла ушланиб, дарҳол мартда Калуга вилоятига абадий сургунга юборилди. 1873 йили фон Кауфман 6 июнда бир фармон чиқариб, унда хонликни идора этувчи тахт шўроси ташкил этди. Бу ҳайъат аъзоларининг тўрт нафари Русиядан бўлиб, уч нафари Хивадан, жами етти кишидан ташкил топди(Бу вакиллар ҳайъатида Хива хон лигидан Матниёз (бош нозир, русларга содиқ дўст), Эртош Али иноқ (хоннинг ўгай биродари) ва Абдуллабеклар иштирок этди. Руслар томонидан эса полковник (олбой) Иванов, Поджаров, Хорошкин ва Олтинбой (Тошкентлик бир савдогар) кирди. Вакиллар ҳайъатига шахсан хоннинг ўзи раислик қиларди. Вакиллар ҳайъати Хива хонлиги ерида жойлашган рус ҳарбий қисмлари қўмондони хатти-ҳаракатини назорат қиларди. Қиёсланг: Лобисевич, Описание, 245-6; Гродеков, Хивинский, 272-273-6.).

1873 йил 12 августда фон Кауфман хонга 18 моддадан иборат тинчлик шартномасини тиқиштирди. Бу шартнома бўйича хон Амударёнинг ўнг соҳилидаги ерларни (76 000 км2 бўлган бу ерларда 205 000 аҳоли яшарди] Русияга бериб, даъводан воз кечиши керак эди. Уруш товони сифатида 2,2 миллион сўм тўлаши, рус савдогарларига алоҳида эркинлик кафиллиги берилиши ва хонликнинг бошқа ўлкаларида қалъа ва шунга ўхшаш нарсалар қурилишига рухсат бериши керак эди. Хон бундан буён ворислик ҳуқуқига кўра, фуқароларининг ички муаммоларини (руслардан ташқари) ҳал этиш вазифасини бажара оларди(Гродеков, Война., 16, 339-6; Василевский, Очерк, 362-6; olzs-chadienow 90-6; Б. Ҳайит, Босқинчиларнинг Хива хонлиги ва Каспий бўйларини ўзига қаратиб олиш учун курашлари ва ундаги фожиалар. МТ 6 1944, No55,17-23 бетлар; Лобисевич, 268-270-6; Riza Nur, IV, 375-376; Burnaby, 397-401-6. (битим матни билан бирга); Bolger, England und Russia, 326-332 (бу хдм битим матни билан); Mfc Gahan, Hive Se-yahatnamesi. Ve Tarihi. (инглизчадан таржимони Қул Оғаси), Истанбул, 1876 (ҳижрий 1293), 385-391.).

Бу билан Русияҳарбий кучга суянганҳолда, 1751 йилдан бери кетига тушган тарихий мақсадига 1873 йили эришди. Бу юриш ҳақида рус тарих китоблари(Хива сафари давомидаги русларнинг тушунчасини ушбулар акс эттирган: Гродеков, Хивинский поход: 343-6.; Лобисевич, 277-6.; А.М. Алиханов. Поход на Хиву., Спб. 1873; Троцкий, Тюм генерал, Материалм для описания., яна бир бошқа манбагаҳам қаранг: R.A.Pierce, Soviet Central Asia. Abibliography, Dort' 2, California, 1966, 7-8-6.), Оврўпо ва Америка ёзарлар(Хива сафари муносабати билан халқ оммасининг фожиаси-ни акс эттирган энг яхши асарлардан бири, Januaries Mac Gahan, Compaining on the oxus and the Fall of Khiva, New-tork 1974, 438-6., Ёзувчи Америка газетасининг мухбири бўлиб, уруш минтақасида қонунга хилоф равишда бўлган эди. Русиянинг Хива юришида фақат америкалик шу киши гувоҳ эди. Бошқа бир тадқиқот: дастлабки жилди: the Russian compaign against Khiva, in 1873, Part 1, Calcutta 1873, 341-6., сарлавҳаси остида нашр қилинди. Стумм немислар ҳарбий атташесининг ҳаракатдаги жосуси эди. Унинг штабидан олдинроқ сер...нинг, (Sir Charles Vinkentning, Russias advance easward based on the official reports. Oflietenant. Huga stumm, German Military Attasche. to the Khivian expedition, London 1874, 187-6.) номли китоби чиқди. Хива сафари ҳақида французлар тасаввури ҳақида қаранг:1874, Mauris H.Weil, L’expidition de Khiva, Paris, 1874,172-6.) атрофлича маълумот берадилар. Ниҳоят, «юз йилларга чўзилган эски Хива ечимига» оид шараф фон Кауфманга насиб қилди(Василевский. Очерк, 362.: «Бековичнинг 1717 йилда, Перовскийнинг 1839 йилда амалга ошира олмаганини Константин Петрович фон Кауфман 1873 йили тўла-тўкис рўёбга чиқарди ва юзлаб йиллар давом этиб келаётган Хива муаммосини узил-кесил хдл қилди».).

Русия томонидан истило қилинган Амударёдаги ноҳиялар 1873 йили Амударё вилояти ҳисобланди. Бироз кейинроқ, яъни 1874 йилда бу ном Амударё шуъбаси деб ўзгартирилди. Бу ўлка ёки шуъбанинг волиси хонликни назорат қилиш ваколатига эга эди. 1874 йили тахт шўроси ҳам бекор қилинди. Хон ички ишлар буйича ҳам бирор қарор чиқаришдан олдин тасдиқлатиб олиш учун Амударё шуъбаси ҳарбий волисига тақдим қилишга мажбур эди. Маркази Петро-Александровскда (Тўрткўл) бўлган Амударё шуъбаси 1887 йили Туркистон бош волилигининг Сирдарё бўлимига боғланди. Бу шуъбанинг волиси фуқаро масалалари бўйича Сирдарё бўлими волисига, ҳарбий жиҳатдан Хива тўғридан-тўғри Туркистон бош волисига тобе эди. Хива хонлигида тизгинни қўлга олгач, руслар 1874 йил 9 мартда Ҳазар денгизи атрофи ноҳиясини ташкил этдилар. Кавказ Бош қўмондонига тобе бўлган бу ҳарбий ноҳия идораси Красноводскда жойлашган эди(Тихомиров. Присоединение Мерва, 17-6.). 1890 йил 6 февралда бу ҳарбий ноҳия Ҳазар денгизи атрофи вилоятига айлантирилди. Бу вилоят рус ҳарбий нозирлиги томонидан назорат килинар эди. Вилоят волиси Машҳад ва Теҳрондаги рус дипломатик вакиллари билан, Бухородаги сиёсий шуъба ва Туркистон бош волиси билан ҳамкорлик қилиши лозим эди. Бу вилоят 1897 йил 26 декабрида бошқа ўлкалар, хусусан, туркман ерлари босиб олинганидан сўнг Туркистон бош волилигига қарам бўлди(Журнал Совета Туркестанского генерал-губернатора. - Ташкент: 1904, No 39,1-6.). Бу вилоят Шарқий Ҳазар ҳавзасини (Афғонистон ва Эрон чегарасига қадарф Амударёнинг чап қирғоғидан Хива чегаралари билан Урал ноҳияси чегараларигача бўлган ерларни қамраб олганди. Шундай қилиб, кичик ва заиф хонлик қарамликка учрагач, майдони 54 690 км2 (верст2) бўлиб, (бунинг фақатгина 2,2 % деҳқончиликда фойдаланиларди) Амударё шуъбаси ва Ҳазар вилояти томонидан назорат қилинди. Бундай идора тартиби 1920 йилда хонликнинг йўқ қилиниши ва 1924 йилда Хоразм халқ жумхуриятининг бекор қилингунига қадар давом этди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг

"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан