loader
Foto

Тафаккур ва илмнинг ёппасига таназзулга юз тутиши

Илмдаги турғунлик, тафаккурдаги хорғинлик Туркиянинг илмий-диний соҳалари билангина чекланиб қолмай, балки бутун Ислом дунёсида, унинг шарқидан ғарбигача тарқалган, илмий соҳада қурғоқчиликка ва бироз фикрий фалажликка мубтало бўлган эди. У ҳолсизлик ва мадорсизликка мубтало бўлиб, мудроқ босган эди. Тўққизинчи аср - агар саккизинчи аср демасак, - дин ва илмда, адабиёт ва шеъриятда ҳамда ҳикматда фаоллик, яратувчилик ва ижодкорликнинг сўнгги асрлари бўлган бўлса, ўнинчи аср ҳаракатсизлик ва тақлидчиликнинг сўнгги асри бўлди, дейиш мумкин. Бундай ҳаракатсизлик диний билимлар, адабий фанлар, шеърий маънолар, ижод, тарих ва таълим тизимларининг барчасини қамраб олган эди. Зеро, кейинги асрларда ёзилган биографик асарларда юксак иқтидорли даҳо ёки ҳеч бўлмаганда муҳаққиқ олим деб эътироф этилган зотларни топмайсиз.

Ушбу сўнгги асрлар шеъриятида жуда кўплаб шеърлар битилган бўлса-да, хотирага ўрнашиб қоладиган бирор-бир ёрқин шеърни ёки кўнгилга сурур берадиган ижодий асарни кўрсата олмаймиз. Аксинча, сўзни безашда ўта нозиктаъблик, лафз ва маъноларда бўрттириш, муболаға, ҳаддан ошириб мақташ, шеърларда бошқа жинсга нисбатан ошиқона муносабат, ҳатто биродарлар ўртасидаги ёзишмалар ва табиий мақсадларда ҳам такаллуф ҳамда аҳмоқона қофияли насрлар, маза-матраси йўқ адабиётни кўрасиз. Бундай иллатлар ҳатто тарихий ва биографик асарларда ҳам кўп учрайди.

Худди шунингдек, таълим соҳасида ҳам мутақаддим уламоларнинг асарлари олиб ташланган, уларнинг ўрнига сохтакор мутааххирларнинг китоблари киритилган эди. Бундай китоблар муаллифлар қоғозни қизғаниб, атайлаб чигал ва ноаниқ қилиб ёзган ҳошиялар, қарорлар, хулоса ва матнлар билан тўлиб-тошган эди. Бу асарлар худди стенография йўли билан ёзилганга ўхшаб кетар эди. Буларнинг барчаси Ислом дунёси бошидан кечираётган илмий-ғоявий таназзулдан дарак бериб турар эди.

Мусулмон оламининг етакчиси бўлмиш усмонийларнинг ҳоли шундай бўлганидан кейин, қолганларнинг ҳоли қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Милодий ХVI-ХVII асрлар инсоният тарихининг энг муҳим даври бўлди. Европа ўзининг узоқ муддат давом этган уйқусидан мана шу даврда уйғонди. Уйғондию, ғафлат ва илмсизликда бой берилган фурсатни ўзлаштириб олиш учун отилиб ўрнидан турди. Европаликлар мисли кўрил-маган иштиёқ билан табиат кучларини бўйсундирар, коинот сирларини ўрганар, авваллари номаълум бўлган қитъа ва денгизларни кашф қилиб, илм-фанда ва ҳаётнинг барча жабҳаларида янгидан-янги ғалабаларга эриша бошладилар.

Мусулмонлар эса бу борада яна ҳам ортга қараб кетишар эди. 16-17 асрларда мусулмонларда илм-фан тараққиёти у ёкда турсин, ҳатто саводхонлик ҳам муаммога айланиб қолди. Ўқиш-ёзишни билмайдиганлар нисбати тинмай ўсиб борди.

Европа халқлари эса гуркираб ривожланиб бораётган илм-фанни ишлаб чиқаришга йўналтиришди. Янги-янги саноатлар барпо бўла бошлади. Ҳаёт ривожланди, халқ бойиди. Саноатни ривожлантириш учун хомашёга катта эҳтиёж сезила бошлади. Натижада улар аста-секин бойликни Европадан ташқаридан излашга тушишди. Бу улкан эҳтиёжни савдо йўли билан олиб бориш уларни қониқтирмай қўйгач, халқи қолоқ, табиий бойликлари ўзлаштирилмаган мамлакатларга кўз олайтира бошлашди. Шу тариқа мустамлакачилик сиёсати ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)