Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар аср ва давру замонда халқ ичидан бир кишини подшоҳликка кўтариб, унга ҳунарлар ва ёқимли сийрату фазилатлар беради, дунё тинчлиги ва бандалар оромини қўлига бериб, фасоду ошуб эшигини у орқали ёпади, унинг имзо ва ҳашаматини халойиқ қалби ва кўзларида тарқатади, токи одамлар унинг адолати соясида паноҳ топиб, тинч кун кўриб, омонликда унинг давлати абадий бўлишини тилайдилар. Ва агарда, Худо кўрсатмасин, бандалардан бирор-бир исён зоҳир бўлса, шариат ишларига хавф ё бирор зарар тоату Ҳаққ фармонларига тегса, уларга шу подшоҳдан жазо етади, қилган ишларига ажр берилади. Худо бизга шундай кунларни кўрсатмасин, шундай ҳокимлардан узоқроқ бўлайлик. Бўлмаса исён шумлигидан, одамларга хашму хазлон (сарсонлик) етиб, одил подшоҳни ҳам бошларидан олиб ташлайди. Ҳар хил балою қўзғолон кўтарилиб, ноҳақ қон тўкилади ва кимки кучли бўлса, истаган ишини қилади. Шунда гуноҳкорлар шу фитна ва қон тўкишларда ҳалок бўладилар ва олам улардан тозаланади, аммо уларнинг касофатларидан бегуноҳ кишилар ҳам нобуд бўладилар. Бунга шундай мисол келтирса бўлади, агарда қамишзорга ўт тушса, қуруқ нарсалар ҳаммаси ёниб кетади ва ҳўл нарсалар ҳам олов таъсиридан ёниб йўқ бўлади Аллоҳ одамлардан бир кишига қудратини кўрсатиб, давлат ва иқбол беради, Ҳаққ таолодан билим ва ақл топиб, шу билим билан қўл остидагилардан ҳар бирини ўзига тенг билади, ҳар бирига мартабасига мос қадр қилиб, мансаб беради, хизматкорларини халқ ўртасидан ажратиб олади, ҳар бирига бир мартаба ва манзала беради, дин ва дунё заруратию муҳимоти билан уларни таъминлайди, раиятни муҳофазат қилади, токи унинг адли соясида халойиқ роҳат ила яшаб кун кўрсин. Агарда хизматкор ва ё маҳрамлардан бирортаси нолойиқ иш тутсаю, яхшиликдан тушуниб олса, ишга қайта қўйиш керак, агарда хушёр бўлмаса-ю (йўлидан қайтмаса), вафо қилмаса, уни бошқа бир лойиқ кишига алмаштириш лозим. Раиятдан бирортаси неъмат ҳақини, омонлик ва тинчлик қадрини билмаса, хиёнат этишни андиша қилиб сотқинлик қилса, номардлик кўрсатса, ҳаддидан ошиб кетса, гуноҳини бўйнига қўйиб, яраша жазо .бериб, ишдан олиб, улардан воз кечиш керак Давлатни идора қилиш талабларидан яна бири бу четдан кориз қазиб сув келтириш, қишлоғу далалар ободонлиги учун катта ариқлар қазиш, қалъалар қуриш, шаҳарлар бино этиш, зебо бинолару кенг кўчалар, работлар қурдиришдир. Толиби илмлар учун мадрасалар очиш ҳам зарур, чунки бунда шоҳнинг номи абадий қолади ва унинг савобидан мулкида сулҳу тинчлик ҳосил бўлади. Аллоҳ қудратидан шу кунлар ўтган тарихда қолади ва олдинги маликлар ҳаётларини безатади, халойиққа ҳеч кимга ҳали насиб қилмаган бирор-бир саодатни ҳадя қилади Худованди олам ва шаҳаншоҳи муаззамнинг ота-боболарига подшоҳлик ва пешволикни раво кўриб, хонадонини, ҳамма вакилларини Афросиёбдан бошлаб юксалтириб, буюк тутган. Олам маликларидан узоқ бўлган кароматлар ва буюкликлар билан уни безатган. Масалан, унга чиройли ҳусн, ёқимли феъл-атвор, жасорат, мардлик, ақл берди, от миниш ва ҳар хил аслаҳалардан фойдаланиш, ҳар хил ҳунарни билиш, Аллоҳ азза ва жалла яратган бандаларига раҳму шафқат этиш, ваъдага вафо қилиш, динга тўғри эътиқод қўйиш, Аллоҳ таолога яхши имон келтириб, унга кўнгил қўйиш, намоз ўқиб, рўза тутиш, дин уламолари, зоҳиду порсоларни ҳурмат қилиб, кетма-кет дарвишу гадоларга садақа бериш, хизматкорлар ва қўл остидагиларга яхшилик қилиш, халқ билан хурсанд яшаш, раиятга ситам қилувчилар ситамини ман этиш фазилатларини ато қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло лойиқ мартабаси ва яхши эътиқодига яраша унга давлату мулк берди, жаҳонни унга тобе қилди, сиёсатини ҳаммага етказди, оламдагилар унга хирож берадилар ва шунинг учун унинг ғазабидан озоддирлар. Агарда баъзи халифалар даврида мулклари бирор ривож ва тараққий топган бўлса ҳам, ҳеч қачон кўнгиллари ором топмаган. Ҳозирги муборак замонда, худога шукрки, дилида ёмон фикри бор ва итоатдан бош тортаётган бирон-бир киши йўқ. Аллоҳ таоло шу давлатни қиёматгача эҳтиёт қилсин, давлат камолотига ёмон кўз тегмасин, чунки халойиқ шу подшоҳ адлу сиёсати соясида кун кечириб, дуойи хайр қилмоқда. Демак, давлат аҳволи шундай экан, давлату дониш ва эзгу расму одат ёруғ шамъга ўхшайди. Ва одамлар шу ёруқликда йўлларини топиб, қоронғиликдан чиқадилар. Унга бирор мушовир (маслаҳатчи) ва йўлбошчи керакмас. Худованд подшоҳ бандаларини синамоқчи ва аҳвол андозаси ила ақл ва билимларини билмоқчи бўлиб, менга буюрдики, подшоҳларга керак бўлган некусийрат фазилатлар ва зарарли бўлган нарсалар, ҳозирда бажарилиши шарт бўлмаган қоидалар, маъқул ва номаъқул ишлар ҳақида бир китоб ёз, мен ҳам кўрганларим, билганларим, эшитганларим ва ўқиганларимдан эслаб туриб ушбу китобни ёздим Шоҳ олий фармонларига биноан шу бир неча фасл ихтисор қўли ила ёзилди ва ҳар фаслига лойиқ нарсалар киритилиб, яқин равшан ва осонфаҳм иборалар билан битилиб, мушкул ва қийин бўлган маънолардан парҳез қилинди, токи ўқувчига тушуниши савоб (осон) бўлсин ва Аллоҳ таоло тавфиқи ила охирига етсин.