loader
Foto

Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий

«Хаттобий томонидан қўлланилган партизанлар уруши тактикаси Мао Цзэдун, Хо Ши Мин ва Че Геварадай буюк шахслар учун илхомланиш манбаси сифатида хизмат қилди».

Кубанинг собиқ раҳбари Фиделъ Кастро «Менинг ҳаётим» асаридан

1947 йил май ойи охирида Австралияга қарашли «Катумба» пароходи ёқилғи захирасини тўлатиб олиш учун Яманнинг Аден бандаргоҳига келиб тўхтади. Лангар ташлаган кемадан бир неча киши соҳилга тушди. Уларни Аденга кўшни бўлмиш Шайх Усмон шаҳарчасининг зодагонларидан бири жаноб Абдо Ҳусайн Адҳал қарши олди. Суҳбат давомида кемадан тушганларнинг кимлиги, оталарининг исмини билган Адҳал чунонам ҳайратландики, эшитганига бовар қилмай, йўловчиларнинг гапи чин эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун кемага ўзи чикди. Пароходнинг асосий йўловчисини ўз кўзи билан кўргачгина, каршисида Ислом оламининг ҳақиқий қаҳрамони, Марокашни йигирма йилча муқаддам тарк этган шахс турганига амин бўлди. Кема очиқ денгизга чиққач, Яман порти Адендан Қохирага телеграмма юборилди:

«Амир Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобии «Катумба» пароходида Адендан олиб кетилди». Имзо: Адҳал



1947 йил 27 май куни ярим кечадан ўтган маҳалда Фаластин жангчиларидан бири Қоҳирага ошиғич равишда етиб келиб, Миср қироли Форуқ номига битилган қуйидаги номани топшириш учун тўғри саройга йўл олди.

«Ҳазрати олийлари, ҳозиргина Адендан телеграмма олдим. Унда айтилишича, Марокашнинг Риф вилояти амири, йигирма йил давомида Франция асирлигида бўлиб, Реюньон оролидаги қамоҳхонада сақланган Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий «Катумба» пароходида янги сургун жойига - Франция жанубига жўнатилибди. Ушбу кема эртага, сешанба куни Сувайш каналига, Порт-Саид шаҳри портига киради. Асирнинг кемадан соҳилга тушиб нажот тониши Сиз Ҳазрати олийларининг хайрихоҳона берадиган ижозатингизга боглиқдир. Зеро, Франциянинг унга нисбатан ҳеч қандай ҳақи йўқ, ўгрининг ўгирланганга нисбатан ҳақидан ташқари, албатта...»

Имзо: Мисрдаги Фаластин қўмитаси раиси

Муҳаммад Али Тоҳир

Кема Порт-Саидга кириб келгач, Миср офицерлари қирол Форуқ ҳузурига эгнига одмигина оқ кўйлак кийган оқсоқолни етказиб келишди. Вазмин қадам ташлаётган бўлишига қарамай, қатьий одимлаётган ушбу қариянинг қиёфасида улуғворлик барқ уриб, салобатини ҳис этмасликнинг иложи бўлмади. Қабулига келтирилган оқсоқолни қарши олар экан Миср қироли Форуқ: «Хуш келибсиз, амир Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий» - сўзлари ила қутлади.

Қисқа муддатга ортга, мозийга қайтамиз. Хаёлан Қоҳирадан ғарбга, Ислом Мағрибининг Риф вилоятидаги Аждир шаҳарчасига, милодий 1883 йилга мос келадиган ҳижрий 1301 йилга ўтамиз. Ўша ердаги Барбар қабилаларидан бирининг Абдулкарим Хаттобий исмли шайхи ўғил кўриб, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмини беради. Ушбу шайх ёш ўғлига болалигиданоқ тўғри тарбия беришга бел боғлайди. Фарзандига араб тилини ўргатиб, Қуръони каримни ёд олдиради, улғайгач эса ҳадис илми ва Ислом фиқхидан(Фиқх - Исломий ҳуқуқ.) сабоқ олиши учун Фас шаҳридаги «ал-Карауин» университетига ўқишга юборди. Бир неча йил ўтгач Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий Мелил шаҳрининг олий қозиси лавозимини эгаллайди.

Уша даврда Ислом Мағрибида ниҳоятда аянчли вазият қарор топган. Янглиш равишда мустамлакачи ўлкалар дея аталадиган босқинчи давлатлар Мағриб ўлкалари «миллий қаҳрамонлар тарбия топадиган ҳақиқий фабрика» эканлигини аниқ англашган. Шунга қарамай, ушбу давлатлар 1906 йили Испаниянинг Альхесирас шаҳрида конференция уюштириб, муштарак мақсад - Мағрибни босиб олиб, ҳудуди ва бойликларини ўзаро бўлишиб олишни ният қилишган. Бундай йиғинда 12 та Европа давлати билан Америка ҳам иштирок этган.

Бироқ Мағрибнинг аксарият мусулмон халқлари босқинчиларга тобе бўлишдан бош тортишди. Мағрибнинг турли бурчакларида озодлик учун кураш ҳаракатлари бошланди. Ҳаммага маълум бундай ҳаракатлардан бири Испания босиб олган Марокаш шимолидаги Риф вилоятида шайх Абдулкарим Хаттобий ва унинг ўғли Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий бошчилигидаги озодлик ҳаракати бўлди. Ота-ўғил Марокашнинг бир-бирига адоват сақлаб келган қабилаларини бирлаштириб, ягона Ислом байроғи остида бир ёқадан бош чиқарганча босқинчиларга қарши кураш олиб бориш учун сафарбар этишга муваффақ бўлишди. Испанлар мужоҳид(Мужоҳид - дин учун кураш, жиҳод иштирокчиси.) шайх Абдулкарим Хаттобийни ўлдиришди (Аллоҳ уни раҳмат қилсин), унинг ўғли амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобийни эса асир олиб, Марокаш тоғларидан бирининг чўққисидаги қамоқхонага ташлашди. Мўъжизани қарангки, ҳикоямиз қаҳрамони чойшабдан аркон ўраб, қамоқхона деразасидан ташқарига чиқишга муваффақ бўлибди. Таассуфки, ушбу арқон калталик қилиб, тоғ чўққисидан ергача тушиб олишга етмабди. Икки йўлдан бирини: ё арқонга осилган жойидан қамоқхонага қайтиш, ё баланд жойдан учи учли тошлар устига сакрашни танлаш керак. Ботир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий сакради...

Тошга зарб билан тушган қаҳрамонимизнинг оёғини синиб, ҳушини йўқотди. Қамоқхона маъмурияти унинг қочганини фаҳмлаб, дарҳол излаб топибди. Жазо муддатини ўтаб бўлган амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий қамоқхонадан чиққач Марокашнинг Риф қабилаларидан иборат, атиги уч минг кишилик армия йиғиб, испан босқинига қарши кураш бошлади. Ушбу урушда амир ҳарбий фаннинг мутлақо янги соҳаси - партизанлар уруши тактикасини янги тарихда илк бор қўллади. Дафъатан ҳужум қилиш, шиддатла забт этиб, чекиниш санъатига асосланган бундай тактикани жамики жаҳоннинг озодлик учун курашчилари қўллай бошлашди ва алалоқибат ушбу тактика жаҳон урушларининг асосига айланиб қолди. Шунингдек, амир Муҳаммад душман казармаларигача чўзилган ер ости йўлларини қазиш усулини ҳам қўллади ва бу билан Ислом қаҳрамони Хаттобий Испаниянинг босқинчи қўшинларига ҳарбий фандан амалий сабоқ бериб қўйди.

Испаниянинг Рифда кўраётган талафотлари ниҳоятда кўпайиб кетгач, Испания қироли Альфонсо XIII Мадриддан Рифга ўзининг қадрдон дўсти генерал Мануэль Сильвестр қўмондонлигидаги бутун бошли армияни йўллади. Иккита қўшин Анвал яқинидаги унутилмас жангда тўқнаш келди. Мунтазам қўшинларнинг тиш-тирноғигача замонавий қурол-аслаҳа билан қуролланган ўн минглаб аскарларидан иборат испан армияси оддий милтиқ билан қуролланган уч минг нафар марокашлик мусулмон-мужоҳидга қарши чикди. Афсонавий қаҳрамон Хаттобий қўмондонлигидаги мана шу уч минг мужоҳид испан босқинчиларининг армиясини тор-мор келтирди. Мусулмонлар минг-минглаб испан аскарларини ер тишлатиб, тумонат жангчиларини асир олди. Бутун бошли армиядан фақат бир ҳовуч аскаргина ажал ва тутқунликдан омон қолиб, қандай даҳшатга рўбару келишганини аччиқ кўз ёш тўкканча сўзлаб бериш учун ўз қиролининг бағрига - Испанияга етиб олишга базўр муваффақ бўла олди. Хаттобийнинг Рифдаги армиясидан тортган бундай кўргиликни испанлар бугун ҳам «Анвал яқинидаги фожиа» деб аташади.

Испан босқинчилари устидан қозонилган улкан ғалабадан сўнг амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий Ислом Риф Республикасига асос солди. Мағриб ҳудудининг аксар қисми ўша даврда европалик босқинчи-давлатлар тасарруфида бўлган. Уша босқинчиларнинг раҳнамолари Исломнинг озодлик учун курашчиси томонидан солинаётган хавфни жуда яхши англаб етишди. Чунки бу хавф нафақат уларнинг Мағриб тупроғида, балки босиб олишган барча бошқа давлатларда ҳам ҳукм суришига жиддий тахдид сола бошлади. Зеро, Хаттобийнинг исми ўша даврнинг ўзидаёқ жаҳоннинг жамики эрксевар халқлари учун озодлик рамзига айланишга улгурган.

Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг озодлик курашчилари испан империясининг улкан қўшинини ўзининг кам сонли ихчам армияси билан тор-мор келтирган марокашлик мусулмон саркарда ҳақидаги ривоятларни бир-бирига гал бермай муҳокама қилишди. Шунда Франция ва Испания империялари афсонага айланган қаҳрамон Хаттобийни даф қилиш мақсадида ўзаро ҳарбий иттифоқ тузишди. Амир Хаттобий ва уни қўллаб-қувватлаган бошқа марокашлик қаҳрамонлар ушбу иттифоқ қўшинларига қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Зобитлар оғир талафот кўргач Марокашнинг тинч аҳолисига қарата учоқлар воситасида кимёвий қурол қўллаб, заҳарли газ билан қирғин келтиришди, турли давлатлардан ёлланган жиноятчи тўдалар ҳамда ўз дини ва ор-номусини сотган халқ орасидан чиққан хоинларнинг хизматидан кенг фойдаланишди, бидъатга юз тутган айрим шайхлардан ёрдам сўраб, Хаттобий томонида туриб уришишни ҳаром қилган фатволар(Фатво - Ислом уламоси томонидан у ёки бу масала юзасидан чиқарилган диний-ҳуқуқий ҳукм.) чиқарилишига эришишди.

Хаттобий эса ушбу ёвуз кучларга қарши мардонавор курашишни давом этиб, кунлардан бир кун партизанлар гуруҳи билан бирга шахсан ўзи ҳам жангга чиқишга ахд қилди. Бироқ амирнинг ҳаёти ва Ватан тақдири учун қайғурган командирлар, уни ушбу ғоядан воз кечишни илтимос қилганча, французлар билан музокара олиб боришни так-лиф қилишди. Узоқ муҳокамадан сўнг Хаттобий розилик берди. Бироқ французлар музокара ўрнига Хаттобийни тутиб олиб, Ҳинд океанидаги биров билмас Реньон оролчасига сургун қилишди. Ушбу мажҳул оролда ўтган йигирма йилдан зиёд асирликдан сўнг, Аллоҳ таоло Уз бандасини тутқунликдан халос этиш учун сабаб яратди.

Хусусан, 1947 йили Марокаш қироли Муҳаммад Бешинчи (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) давлат мустақиллигини эълон қилди. Бундан мамнун бўлмаган французлар қиролга тазйиқ ўтказиш мақсадида Хаттобийдан фойдаланишга, уни қиролга рақиб сифатида кўрсатишга аҳд қилишди, гарчи Хаттобий ҳеч қачон ҳукумат абзалини ўз қўлига олишга интилмаган бўлса-да. Франция президенти Шарль де Голь марокашликлар орасида низо чиқаришни ният қилиб, амир Хаттобийни Парижга келтиришни буюрди. Амирни Францияга олиб кетаётган кема Сувайш каналига киргач, Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий юқорида баён этилгандек, тутқунликдан нажот топади. Хаттобий ҳаётининг қолган қисмини Мисрда ўтказиб, ўз ҳарбий тажрибасига таянган ҳолда Шимолий Африкада кечаётган озодлик ҳаракатларини шу юртда туриб бошқаради. Амир Хаттобий Шимолий Африка ўлкаларининг душман истилосидан бирма-бир озод бўлаётганини кузатиб борганча 1963 йили бу фоний дунёни тарк этади (Аллоҳ уни раҳмат қилсин).

Ўз ҳаётини Аллоҳ йўлидаги курашга бағишлаган ушбу Исломий раҳбар иштирокида кечган буюк воқеалар тарихи, агар бир нечта сатрда баён этиладиган бўлса, шулардан иборатдир. Таассуфки, умматнинг аксарият қисми ҳикоямиз қаҳрамонининг исмини муқаддам эшитмагани қалбни қайғуга солиб, юрак эзилади. Ёшларимизнинг кўпчилиги фақат дунёвий манфаату уятсиз тамойиллар учун курашган қаҳрамонларга маҳлиё бўлиб қолгани кишини ранжитади. Бироқ шубҳа йўқки, Че Геварадек қаҳрамонларнинг ҳаёт йўлидан завқланадиган замондошларимиз ўша инқилобчи ўз жасоратларини аслида амир Хаттобийдан руҳланиб намоён этганидан хабар топишса, ўз тарихига ўзгача нигоҳ-ла қарайдиган бўлиб қолади.

Шубҳасиз, айрим китобхонлар ушбу асар бошида келтирилган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳикоядан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тўғрисидаги ҳикояни баён этишимни кутишган. Бироқ сўзим бошида айтганимдек, мазкур адабий асар қаҳрамонлари орасидаги улуғворлик даражаси инобатга олинмаган. Бунда мен муайян кишининг исми Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек буюк шахсдан кейин тилга олиниши, ўша шахс учун чексиз шараф эканини аниқ тушуниб турибман. Улуғворлик даражасига қарамасдан, амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобийнинг исмини асар бошида Ҳақгўй Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейиноқ келтирганимнинг қуйидаги иккита сабаби бор. Биринчидан, Исломнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини намоён этиш. Маълумки, Хаттобий араб эмас, лекин у Ислом умматининг буюк қаҳрамонларидан бири саналади. Бу билан бизнинг динимиз араблар монополиясидаги дин эмаслигига яна бир бор ишора қилинади. Иккинчи сабаб шундан иборатки, Хаттобий ҳаммамиз учун ибрат бўлиши керак. У милодимизнинг йигирманчи асрида яшаб ўтган, бироқ унинг қаҳрамонона фаолияти умматнинг энг биринчи буюк шахслари намоён этган жасоратдан қолишмайди.

Умматимиз ўз қаҳрамонларини тарбиялаш ишини ҳеч қачон, ҳеч каерда тўхтатмайди. Зеро, Табароний ва бошқалар келтирган саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига улардан кейин келадиган тақводорлар бажарган биргина амал саҳобалар томонидан бажарилган элликта амалга тенг келишини маълум қилибди.

«Дарҳақиқат, сизлардан кейин узоқ чўзилиб, матонат талаб қилинадиган кунлар келади. Ўша вазиятда сиз тутган йўлдан борганларнинг ҳар бири, эллик нафарингиз кўрган ажрга тенг келадиган мукофотга муносиб топилажак».

Саҳобалар сўрашибди: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг эллик нафари демоқчи бўлдингиз, чоги?»

«Йўқ, сизларнинг эллик нафарингиз!» - дея жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.(Ибн Ҳиббон Самарқандий, 385; Мажмау-аз-Завоид, 7-285; Имом ат-Термизий, 3058.

Ал-Албоний саҳих деган)

Эслатиб ўтиш жоизки, амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий Мисрда ҳимоя топган биринчи қаҳрамон бўлмаган. Унга қадар салиб юришлари қатнашчиларини енгиб чиққан Салоҳиддин Айюбий ва татарлар устидан ғалаба қозонган Қутуз ҳам Мисрдан бошпана топган. Аммо улардан анча олдин Миср заминида буюк бир аёл яшаб ўтган. Қандай қаҳрамонлик кўрсатган эдики, ушбу мисрлик аёл банибашар тарихида Ислом умматининг буюк аёллардан бирига айланди?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан