loader
Foto

Сиёсатнома (6)

Дин ишини таҳқиқ қилиш, Аллоҳ таолонинг фарзи, расулнинг суннатларини ижро этиш, уларнинг улушини хазинадан бериш, зоҳиду дарвишларни эъзозлаш ва иззатда тутиш подшоҳ учун вожиб-шартдир. Подшоҳнинг ҳафтада бир-икки маротаба дин уламоларини ҳузурига чақириши ҳам шарт. Токи улардан Ҳақ таоло амрининг табширу табзири ҳақида, Қуръон тафсири ва расул алайҳи салавоту васаллам ҳадисларини эшитсин. Одил подшоҳлар ҳақида ёзилган ҳикояларга, анбиёлар қиссаларига қулоқ солсин ва кўнглини дунё ишларидан фориғ этиб бўшатсин-у, шуларга диққатини жалб қилсин. Уларга ўзаро мунозара ва баҳс қилишни буюрсин. Агарда унга бирор-бир масала номаълум бўлса, қайта сўраб олиб ёдлаб қўяди, шунда дин ва дунё ишлари савоб билан ҳал бўлади. Бирорта динсиз ва бидъат тарқатувчи уни шу йўлдан уролмайди. У кучли ифодага эга, одил ва инсофли бўлади, ғурур ва бидъат бундай подшоҳ мамлакатидан йўқолади, унинг қўлидан буюк ишлар келади, давлат рўзғоридан шарру фасод ишлари йироқлашади, лашкари кучли бўлиб, душмани даф бўлади. Бу дунёда яхши номи қолади, охиратда эса олий мартабалар унга насиб қилади. Одамлар ҳам унинг даврида илм олишга рағбат қиладилар.

Ҳикоят

Ибн Умар айтадики, расулаллоҳ менга шундай деганларки, адолат қиладиганлар ўз адолатлари учун жаннат қасрларида, қўли остида бўлган кишилар билан яшайдилар.

Подшоҳларнинг энг зўр фазилатлари диндорликдир. Зероки, дин ва давлат подшоҳнинг яқинларидандир. Қачонки мамлакатда изтироб пайдо бўлса, дунёга халал тегади, ёмон ниятли кишилар қувват олиб, подшоҳни савлатсиз ва дардманд қиладиган бидъат ва душманлик кучайиб кетади.

Ривоят

Сафён Сурий айтадики, энг яхши султон дин аҳли билан ўтириб турувчидир, уламоларнинг энг ёмони султон билан ўтириб турувчисидир.

Ривоят

Ардашер (Бобакон) айтадики, ҳар бир султон агарда ўз хос мулозимларини сулҳ ва муросага келтиролмаса, билсинки, у ўзига фақат ситам келтиради ва ҳалол мол ҳам ололмайди.

Масал

Луқмони Ҳаким айтадики, одам учун дунёда билимдан яхшироқ ёр йўқ ва билим хазинадан ҳам яхшироқцдир. Чунки сен хазинани эҳтиёт қилишинг керак. Билим эса сени қутқаради ва муҳофаза қилади.

Ривоят

Ҳасан Басрий айтади, тозий-араб тилини яхши биладиган ва шу тил луғатига қодир бўлган киши доно эмас, доно - ҳамма билимларни эгаллаган кишидир. Бирор киши шариат қонунларини, Қуръон тафсирларини, туркий, форсий, румий тилларини билиб, араб тилини билмаса, у олимдир. Агарда араб тилини ҳам билса, яхшироқ бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни араб тилида нозил қилган ва ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи араб бўлганлар. Подшоҳга Аллоҳ буюкликни насиб қилса, унга давлат ва илм ёр бўлади, икки дунёда бахт топади. Чунки у бирор ишни билимсиз бажо келтиролмайди ва шундай бўлишига ҳам розилик беролмайди. Қара, фақат подшоҳларнинг номлари жаҳонда машҳур ва уларнинг номларини одамлар қиёматгача яхшилик билан тилга оладилар. Фаридун, Искандар, Ардашер, Нўширавон, амиралмўъ-минин Умар ибн Абдулазиз, Ҳорун ар-Рашид, Муътасим, Исмоил ибн Аҳмад Сомоний, Султон Маҳмуд Ғазнавий раҳматуллоҳи алайҳум шундай подшоҳлар эдиларки, уларнинг ҳаммага маълум ишлари ҳақида тарих китобларида ёзиб қолдирилган, ул зотларнинг арвоҳларига дуо қиладилар.

Ҳикоят

Ўқидимки, Умар ибн Абдулазиз даврида қаҳатчилик бўлиб, одамлар ранжу азоб чеккан эканлар. Араблардан бир қавм унинг олдига келади ва нола қилиб дейди:

-    Ё амиралмўъминин! Биз қаҳатчиликдан озиб кетдик, суягу теримиз қолди, таом йўқлигидан юзларимиз сарғайди. Ҳамма умидимиз сенинг хазинангдаги моллардан. Бу мол сеникими, Худоникими? Ё биз - Худонинг бандалариникими? Агарда бу молу давлат Худоники бўлса, унда Худонинг молга эҳтиёжи йўқ, биз Худо бандаларида эса эҳтиёж бор. Агарда сеники бўлса, Аллоҳ айтганидек, «бизга садақа қилгин, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир садақа қилувчига мукофот берувчидир». Агарда бу мол бизники бўлса, ўзимизга ҳадя эт, токи бу аҳволдан қутулайлик. Танамиздаги теримиз қуриб кетди!

Умар ибн Абдулазизнинг уларга раҳми келиб, кўзидан ёш оқиб:

-    Сиз айтгандек қиламан, - дейди.

У тезда буйруқ бериб, одамлар хоҳишини бажо келтиради ва уларнинг мақсадлари ҳосил бўлади. Улар қайтмоқчи бўлганларида:

-    Эй одамлар, қаёққа кетаяпсизлар? Худо бандалари сўзини менга қандай айтган бўлсаларинг, менинг айтганларимни ҳам Аллоҳга етказинглар, яъни мени дуойи хайр билан эсланглар, - дейди.

Араблар шундан кейин осмонга қараб:

-    Ё Раб, иззатинг ҳақи Умар Абдулазиз сенинг бандаларингга нимани раво кўрган бўлса, шуни унга қайтар! - деб илтижо қилишади.

Дуо қилишлари ҳамоно бир зумда булут пайдо бўлиб, ёмғир ёғади, томчилар билан бир қоғоз тушади. Олиб қарасалар, унда «Бароту мин Аллоҳи азизи ила Умар ибн Абдулазиз мин ан-нори» деб ёзилган эди. Маъноси шуки, «Бу барот Аллоҳ азза ва жалладан Умар ибн Абдулазизга дўзах оловидан қутқариш учундир».

Шу маънодаги ҳикоятлар бисёр, бу фаслга шунчаси ҳам кифоя қилади.

Низомулмулкнинг

"Сиёсатнома" (Сияр ул-мулук) китобидан