Подшоҳга раият ва лашкар аҳволидан тўла ха-бардор бўлиш ва уларга қанча харажат кетишини билиш вожибдир. Агарда шундай бўлмаса, катта хато бўлади. Амалдорлар ситамкорликка қўл ура-дилар ва мамлакатда содир бўлаётган фасод ва золимликдан подшоҳнинг ё хабари бор ёки йўқ, дейдилар. Агарда била туриб ман қилмаса, унда у ҳам шуларга ўхшаган золимлик қилган ва ўзи зулму ситамга розилик берган бўлади ва агарда билмаса, демак, у ғофилдир. Ҳар икки ҳолат ҳам яхши эмас. Шундай экан, соҳибхабарга ҳожат сезилади.
Подшоҳлар жоҳилият давридан ислом замонига қадар ҳамиша соҳибхабарларга эга бўлиб, уларнинг ҳамма ишларидан хабарлари бор экан. Агарда бирор киши бир қоп сомон ё битта товуқни зўравонлик билан қўлга киритган бўлса, ҳатто беш юз фарсанг узоқликда бўлса ҳам, подшоҳ шундан хабардор бўлиб ва шу ситам қилувчига жазо бериб, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатса, ҳамма жойларга ҳушёр кишиларни қўйиб, золимлар қўлини қисқар-тирса, бундай подшоҳ уйғоқдир. Шунда одамлар унинг адолати соясида ўз касб-ҳунари билан машғул бўладилар, лекин бу ишлар шундай кишилар қўлида бўлсинки, улар холис бўлиб, ғараз билан иш тутмасин-лар, чунки мамлакатнинг тинчлиги ҳам, фасоди ҳам уларга боғлиқ. Соҳибхабарлар бошқалар томонидан эмас, фақат подшоҳ томонидан ишга тайинланади-лар. Уларнинг маошлари хазинадан берилади. Подшоҳдан бошқа бирор киши уларнинг нима иш билан машғул эканликларини билиши мумкин эмас, токи бирор нима содир бўлса, подшоҳ билсин ва нимани вожиб тутса, шуни буюрсин. Агарда (подшоҳ) шундай йўл тутса, одамлар итоатда бўлиб, подшоҳ сиёсатидан қўрқадилар. Шунда ҳеч ким подшоҳга қарши исён кўтаришни орзу ҳам қилмайди.
Соҳибхабар ва мунҳий (хабарчи)ларнинг бўлиши подшоҳнинг адолатидан ва кучли тафаккуридан дарак бериб, вилоят ободонлигига қаратилган бўлади.
Ҳикоят
Султон Маҳмуд Ироқ вилоятини олганида бир аёл карвон билан Кажин дайри работига келган эди. Ўғрилар унинг нарсаларини ўғирлаб кетдилар. Улар Кўчи балуж авлодидан эдилар. Кўчи балуж Кирмон вилоятига яқиндир. Шу аёл Султон Маҳмуд олдига борди ва зулмдан шикоят қилди:
- Ўғрилар менинг нарсаларимни олиб Кажин работига олиб кетдилар. Молларимни улардан қайтиб олиб бер ё товонини тўлагин.
- Маҳмуд деди:
- Кажин дайри қаерда?
- Шунча вилоятларни босиб олиб, улар қаерда эканликларини билмайсанми?
- Тўғри айтасан, - дейди Маҳмуд, - лекин, улар қайси тоифадан эдилар?
- Кўчи балуждан, Кирмон яқинидан келган эканлар.
- У ер жуда узоқ ва вилоятимиздан ташқарида. Менинг фармоним уларга ўтмайди.
- Сен қандай жаҳон подшоҳисанки, ўз мартабангга ярамайсан, сен қандай чўпонсанки, қўйни бўридан сақлолмайсан?!
Маҳмуднинг кўзларига ёш келди ва у деди:
- Тўғри айтасан, нарсаларингнинг товонини сенга бераман ва қўлимдан нима келса, қиламан.
У аёлнинг нарсалари товонини хазина ҳисобидан тўлашни буюради.
Кирмон амири Абу Али Илёс номига хат ёзиб, элчи юбориб дедики, Ироққа келишимдан мақсад Ироқни олиш эмас эди, мен Ҳиндистонда анчадан буён ғазовот билан машғул эдим. Лекин Ироқ мусулмонлари номидан кетма-кет хатлар келяптики, дайламийлар Ироқда зулму ситам билан шуғулланиб, ошкора бидъат қилаётган ва йўловчилар изидан бориб, гўзал аёл ё чиройли болаларни тутиб, саройларига олиб бориб, шарманда этаётган эканлар. Уларни банди қилиб, хоҳлаган вақтларида ушлаб, хоҳлаган вақтларида қўйиб юбораётирлар, Пайғамбар ёрлари алайҳиму-р-ризвон ва расул салавоту васаллам номларига лаънатлар айтиб, Оишаи сиддиқани «зония» (фоҳиша) деб ҳақоратлайдилар. Муқаттеълари йилда икки-уч марта раиятдан хирож олмоқдалар. Мажд уд-давла деган подшоҳни «шаҳаншоҳ» деб эълон қилишибди. Унинг тўққизта манкуҳа хотини бўлиб, раият ўртасида ҳар бир шаҳар ва ноҳияда занодиқа ҳамда ботиния мазҳабларини тарғиб қилиб, Худо ва унинг Расулини ҳақоратлаб, намозу рўза ва ҳажни инкор этиб юришибди. На муқаттеълар уларни бу йўлдан қайтароладилар ва на булар муқаттеъларга «сизлар нега саҳобалар ризвонуллоҳи алайҳи ажмаъинларга жафо қиласизлар?», - деб айта оладилар. Иккала гуруҳ ҳам бир-бирлари билан тил топишган экан. Бу ҳол менга маълум бўлди-ю, бу ишни Ҳиндистон ғазотидан ҳам муҳимроқ деб Ироққа қараб келдим. Ҳамма покиза, мусулмон, ҳанафий мазҳаб турклардан иборат лашкарни дайламийлар, занодиқа ва ботинийларга қарши қўйдик, токи уларнинг уруғини ҳам қолдирмай йўқ қилишсин. Баъзилари қиличдан ўтказилди, айримлари банди бўлиб зиндонга тушдилар, яна бирлари оламда сарсону овора. Ва хожалар ва Хуросон мутасаррифларига амал ва касб бериб, уларни ҳанафий ва шофиъий мазҳаб қилишни буюрдим. Бу иккала тоифа рофизий ва ботинийларга душмандир. Ироқ дабирини қалам тебратишга қўймадик. Билганимиз шу бўлдики, Ироқ дабирлари кўпроқ шулардан бўлиб, туркларга қарши иш тутар эканлар. Тез муддатда Худойи азза ва жалла мадади билан Ироқ мулкини шундай бадмазҳаблардан покладик, чунки Тангри бизни шу учун яратиб, халқбоши қилиб қўбган экан, токи Ер юзини фасодчилардан бўшатиб, сипоҳ аҳлини ҳимоя этайлик, оламни адолат ва инсоф билан обод қилайлик. Шундай вақтда менга маълум бўлдики, Кўчи балуж деган қавм Дайри Кажин работига бостириб кириб, нарсаларни олиб кетмишлар. Сен уларни ушлаб, нарсаларни қайтариб олишингни ёки ўзларини арқонга боғлаб, ўғирланган моллари билан шаҳримизга юборишингни истайман, токи Кирмондан менинг вилоятимга бостириб киришни бошқа ўйламасинлар, илло Кирмон Суманотдан узоқ эмас. Бўлмаса, Кирмонга қўшин юбориб, у ернинг халқига жазо бераман.
Элчи бу хабарни етказганида Абу Али Илёс қаттиқ қўрқиб кетди, элчига марҳаматлар кўрсатиб, жавоҳирлар ва турли бойликлар бериб, Маҳмуд хизматига юбориб деди: «Мен бир фармонбардор бандаман. Маликка банданинг ва Кирмон вилоятининг аҳволи маълум эмасми? Мен бирор-бир фасодга розилик берганим йўқ. Халқ ҳам аҳил ва иноқдир. Тоғлар Кирмонни Кўчи балуждан тўсиб туради. Тоғу даралари мустаҳкам, йўлларидан ўтиш қийин. Ўзим ҳам улардан безор бўлганман, чунки улар ўғри ва фасодчилардир, икки юз фарсанг кела-диган йўлларни тўсиб қароқчилик қилиб юрадилар. Жуда ҳам кўпчилик, мен уларга бас келолмайман. Олам султони кучлидир ва бунинг тадбирини ҳал қила олади, мен фармонни бажараман, деб хизматга бел боғладим».
Маҳмуд бу жавобни эшитиб ва Абу Али Илёснинг хизматга тайёр эканлигини кўриб билдики, унинг айтганларининг ҳаммаси рост. У Абу Алига сарпо бериб, элчини қайта юбориб, деди:
- Бориб Абу Алига айтгин, Кирмон лашкарини йиғиб, вилоятни айлансин ва фалон ойда Кўчи балуж яқинидаги Кирмон чегарасига келсин ва шу ерда манзил тутсин, кейин бизнинг элчимиз етиб бориши билан фалон жойга кўчиб борасан ва Кўчи балуж вилоятига бостириб кириб, уларнинг ёш йигитларини омон кўймайсан, ёшу қарининг мол-мулкини тортиб олиб, ҳайдаб юборасан. Мен бу ерда улар талон ҳилган даъвогарлар ишини ҳал этай. Сен улар билан аҳду қарорни мустаҳкамлаб кел.
Султон Маҳмуд Абу Али элчисини жўнаттиргач, Кирмон тарафга йўлга чиқаётган савдогарлар тайёргарлик кўриб, молларини жойлаштирсинлар. Мен кафил бўлиб, ваъда бераманки, агар Кўчи балуж ўғрилари уларнинг молларини тортиб олишса, мен хазинадан товон тўлайман, деб жар солдирди.
Бу хабар оламга тарқалгач, ҳар тарафдан кўплаб савдогарлар йўлга чиқдилар, уларнинг сони беҳисоб эди. Шундан кейин Маҳмуд савдогарларни кузатиб, бир амирни бир юз эллик суворийга бошлиҳ этиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб деди: «Хотиржам бўлинглар, мен кетингиздан лашкар юбораман». Шу жамоага йўлбошчи бўлган ўша амирни олдига чақириб, бир шишада унга ўткир заҳар бериб, деди:
- Исфаҳонга етганингдан сўнг ўн кун ўша ерда манзил тут, токи бу шаҳарга келадиган савдогарлар ишларини битириб, сенинг суҳбатингга келсинлар. Шу ўн кун давомида ўн хирвор Исфаҳон олмасидан сотиб ол. Олмаларни туяларга юклаб, жўнаш вақтида савдогарлар карвонига кўшилиб борасан. Ўша манзилга етиб келганингда ҳамма олмаларни чайлага олиб бориб тўк. Ҳар бир олмани бигиз билан тешиб заҳарлаб кўйгин-да, кейин олмаларни саватларга сол. Эртасига саватларни туяларга юклаб, карвон билан йўлга чиқ. Ўғрилар карвонга ҳужум қилсалар, сен улар билан уришма, чунки улар кўпроқ, сиз эса камчиликсиз. Сен қуролланган ҳамма суворий ва пиёдаларни олиб, тезлик билан ярим-бир фарсангча ёки кўпроқ орқага қайтасан. Бирор соат кутиб туриб, қайта ўғриларга ҳужум этасан. Ишонаманки, кўплари олмани еб ҳалок бўладилар. Сен бориб қўлингдан келганича қиличдан ўтказ. Сўнг ўн нафар отлиқни Абу Али ҳузурига юбориб, уни Кўчи балуж ўғрилари аҳволидан хабардор эт. Шундан кейин айёр ўғри ва йўлтўсарлардан холи бўлган вилоятда ўз лашкаринг билан талон-торож қил, ёш ва барно қулларни қўлга кирит. Ниманики буюрган бўлсам, ижро этиб, карвонни соғ-саломат Кирмон чегарасига олиб бор. Агарда Абу Али билан боғлансанг, унинг фармонимга итоат қилишига амин бўласан, чунки юрагим шундан гувоҳлик бераяпти. Аллоҳ мадади ила ўша йўллар қиёматгача мусулмонлар учун очиқ ва хавфсиз бўлади.
Амир Маҳмуд ҳузуридан чиқиб, карвонни олиб, Исфаҳонга келди ва ўнта туяга олма юклаб, Кирмон томонга йўл олди. Ўғрилар ҳам Исфаҳонга жосус юбориб, бир карвон келаётганлигини ва бундай карвонни ҳали ҳеч ким учратмаганлигини билдирдилар. Уларнинг фақат бир юзу эллик суворий турклардан иборат қўриқчилари бор эди, холос. Улар жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Кўчи балужда бўлган эркак ва йигитларни чақириб олиб, тўрт минг қуролли киши билан йўлга чиқиб, карвонни кутиб турдилар. Карвон манзилга етиб келганида одамлар:
- Бир неча минг ўғри йўлларингизда сизни кутиб туришибди, - дейишди.
Амир сўради:
- Шу ердан уларнинг жойигача қанча фарсанг келади?
- Беш фарсанг.
Карвондагилар бу жавобни эшитиб, жуда ғамгин бўлиб, шу ерда қўндилар. Намозидигардан кейин амир ҳаммани чақириб деди:
- Эй одамлар, жон ширинми ёки мол?
- Жон, - жавоб беришди улар.
- Сизларда мол бор, биз жонимизни сиз учун қурбон қиламиз ва ҳеч ғам чекмаймиз. Нега сиз бадал бўладиган ҳар бир нарса учун қайғураяпсиз. Ахир, Маҳмуд мени ҳам бир иш учун юборган. У на сизларга ва на менга қасд қилиб ўлимга юбормаган. Бунинг тадбири шундай: Дайри Кажинга олиб юборилган мол аёлникидир ва аёл ўз молини бу ўғрилардан тортиб олади. Сиз молларингизни Маҳмуд уларга беради деб ўйлайсизлар. Хотиржам бўлинглар, Маҳмуд сизлардан ғофил эмасдир. Эртага бизга унинг ёрдами тегиб, ишимиз, иншоаллоҳ, яхши бўлади. Аммо сизлар менинг айтганимни қилишларинг керак, шунда нажот топасизлар.
Одамлар бу сўзларни эшитиб, хурсанд бўлиб, жасоратлари ошиб:
- Нима буюрсанг, ўшани бажарамиз, - дейишди.
- Кимнииг қуроли бўлса, уруш қилишни уддаласа, менинг олдимга келсин.
Уларни санади, ўз лашкари билан бир юзу етмиш суворий ва пиёда тўпланган экан.
- Бу кеча кўчсак, ҳамма отлиқлар мен билан карвоннинг бошида бўлади. Пиёдалар карвоннинг орқасида юрсинларки, ўғриларда шундай одат бор, улар молни олгач, одамни ўлдирмайдилар. Ким улар билан уришиб тўқнашса, ҳалок бўлади. Эртага қуёш икки найза тепага кўтарилгандан кейин уларга етиб олишимиз керак. Улар карвонга ҳужум қиладилар, мен орқага чекинаман. Сизлар ҳам менинг қочганимни кўрганингиздан кейин орқага қочинг. Биз улар билан номига жанг қиламиз ва сизлар ярим фарсанг кетганингиздан кейин биз ҳам келиб сизларга кўшиламиз. Бирор соатдан кейин биргаликда қайтиб келиб, уларга ҳужум қиламиз. Шунда ажойиботни кўрасизлар. Менинг фармоним шу. Бу ишда мен биладиган нарсани сиз билмайсиз. Эртага сизлар менинг билганимни кўриб, сўзларим чин эканлигига ишонч ҳосил қиласиз ҳамда Маҳмуднинг ҳиммати маълум бўлади.
Ҳамма худди шундай қиламиз, деди.
Тун кирганда амир олмаларнинг ҳаммасини заҳарлаб, саватларга солиб қайта юклади. Бешта одамини шу олма ортилган туяларга жавобгар этиб тайинлаб, деди:
- Биз кетганда ўғрилар карвонга ҳужум этсалар, ҳамма олмали юкларни тушириб қўйиб, саватларни очиб қўйинглар ва ўзларинг қочинглар.
Тун яримда у кўчишга фармон берди. Шу йўсинда кетдилар. Тонг отиб, қуёш икки найза баландликка кўтарилди. Ўғрилар уч томондан карвонга тиғ тортиб ҳамла эта бошладилар. Амир уларга бир-икки қаршилик кўрсатгач, бир нечтасини ўққа тутганича қоча бошлади. Пиёдалар ҳам ўғриларни кўрган заҳоти орқаларига қочдилар. Амир ярим фарсанг масофада пиёдаларга етиб олди, ҳамма йиғилди. Ўғрилар кам кишидан иборат гуруҳнинг қочишини кўриб хурсанд бўлишди. Хотиржамликда моллар билан машғул бўлдилар. Олма солинган хирворларни кўришлари билан ўзларини унга уриб, катта иштаҳа билан ея бошлашди. Олма топмаганларга ҳам етказиб бердилар. Олма емаган киши жуда оз қолди. Бир соат ўтгандан кейин кетма-кет йиқилиб, ўла бошладилар. Пешиндан икки соат ўтгандан сўнг ўша амир ёлғиз ўзи бир тепага чиқиб, ўғрилар тарафига назар солиб, дашт ўликларга тўлганини кўрди. Хурсанд бўлиб пастга тушиб: «Эй одамлар, хушхабар бор. Султон Маҳмуднинг мадади билан ўғрилар битта ҳам қолмай нариги дунёга жўнашиб-ди. Энди, эй ботирлар, шошилинг, токи бошқалари тирик қолиб кетмасинлар», деди. Амир ўз одамлари билан карвон тарафга от сурди. Пиёдалар ҳам унинг орқасидан тушдилар. Карвонга етиб бориб, саҳрода ёйилиб ётган ўликларни ва қиличу қалқон, найзаю зубинлар, камонларни кўрдилар. Пиёдалар ҳам амирга қўшилиб икки фарсанггача ўғриларни қувиб бориб, қолганларини ҳам ўлдирдилар.
Ўғриларнинг аҳволидан вилоятларига хабар бериши мумкин бўлган бирор киши қолмади.
Амир буйруқ бериб, ҳамма қуролларни териб олди. Бир неча харвор бўлди. Карвонни ҳам манзилига олиб борди. Ҳеч кимга заррача зиён етмади. Ҳамма хурсандликдан терисига сиғмас эди.
Шу манзилдан Абу Али Илёс жойигача бўлган йўл ўн икки фарсанг эди. Амир ўнта қулини Маҳмуд муҳри билан унинг олдига юбортириб, ўғрилар воқеасидан хабардор этди. Маҳмуд узугини қўлига олиб, Абу Али лашкари билан қўрқмасдан Кўчи балуж вилоятига бостириб кирди. Амир ҳам унга қўшилди. Ўн мингдан кўпроқ эркакларини ўлдириб, бир неча минг динорни улардан тортиб олдилар. Сон-саноқсиз бойлик, қурол-аслаҳа ва моллар қўлга киритилди. Абу Али ўша амир орқали бойликларни Маҳмудга юборди. Маҳмуд ҳамма ерга жар солди:
«Мен Ироққа келдим. Кўчи балужда кимнинг нарсаси тортиб олинган бўлса, келиб мендан товонини олсин!»
Даъвогарлар келиб, хурсанд бўлиб қайтиб кетдилар. Шундан кейин эллик йил давомида кўчманчиларнинг бирор кишиси бошида қароқчилик фикри пайдо бўлмади.
Сўнгра Маҳмуд ҳамма жойга соҳибхабар ва мунҳийларни (хабаркаш ва жосусларни) қўйди. Шу билан у бирор киши ноҳақлик билан бировнинг бир товуғини тортиб олса ёки бирор кишини бекорга хафа қилса, Ғазнинда туриб хабардор бўларди ва унинг жазосини берарди.
Қадимдан подшоҳлар бу тартибни сақлаб келардилар, фақат салжуқлар бу ишга кўнгил қўймай, аҳамият бермадилар.
Абулфазл Сагзий султони шақид Алпарслондан сўраган экан:
- Нега соҳибхабарларинг йўқ?
- Менинг мулкимни хароб қилиб, яқинларимни мендан ажратиб олмоқчимисан? - деди султон.
- Нега?
- Агарда мен бирор соҳибхабар қўйсам, унда мен учун дўст ва душман бир хил бўлади. Дўстларим ва эътимодли кишилар соҳибхабарга ҳеч тазйиқ қилмай, пора ҳам бермайдилар. Аммо мухолиф ва душман бўлганлари у билан яқинлашиб, молу пул, пора берадилар. Шундай экан, соҳибхабарлардан дўстлар ҳақида ёмон хабарлар келиб, душманлар ҳақида эса яхши сўзлар айтилади. Яхши ва ёмон сўз мисоли ўқ ва охирида нишонга тегади. Шу сабабли ҳар куни дўстларимиздан кўнглимиз қолиб, душманларга нисбатан меҳримиз ошади. Сўнг тез орада дўстлар биздан узоқлашадилар-у ёмонлар бизга яқинлашади. Натижада, тарқоқлик, халал ва тартибсизлик пайдо бўлади. Унинг иложи жуда ҳам қийинчилик билан ечилади.
Аммо соҳибхабар ва баридларнинг бўлишлари подшоҳликнинг бир қоидасидир. Агарда улар керакли даражада ишонарли кишилардан иборат соҳибхабар бўлсалар, кўнгил ором топади.