loader
Foto

Ҳижратдан олдинги Мадинанинг қисқача тарихи

Исломдан олдин Мадина шаҳри Ясриб деб аталарди. Ясриб Ҳижознинг катта шаҳарларидан бири эди. Макка шаҳридан шимолда 400 км узоқликда эди. Ясриб аҳолиси асосан яҳудий ва араблардан иборат эди. Ясрибда яҳудийларнинг 3 та қабиласи яшаган – Бану Қурайза, Бану Қайнуқоъ ва Бану Назир. Улар Ясрибнинг ҳосилдор, обод ерларини эгаллаган эдилар: Бани Назир Ясрибнинг жанубий-шарқий қисмидаги Води Музайнаб, Бани Қурайза – улардан шимолроқдаги Води Маҳзур, Бани Қайнуқоъ эса мазкур иккала қабиладан шимоли-ғарброқдаги шаҳар марказига яқин жойда яшаган. Ясриб яҳудийлари ўзига хос талаффуз билан араб тилида сўзлашишган. Ибодатларини эса иброний тилида бажаришган.

Ясрибнинг Исломдан олдинги араб аҳолиси асосан икки қабилага мансуб бўлиб, у қабилалар Бану Авс ва Бану Ҳазраж эди. Авс қабиласи Ясрибнинг шарқий ва жанубий қисмини, Ҳазраж эса шаҳарнинг ўрта ва шимолий қисмини эгаллаган эди. Авс ерлари унумдор серҳосил бўлиб, Бани Назир ва Бани Бану Қурайзага ҳудудига туташган эди. Ҳазраж ерлари бўлса, фақат Бани Қайнуқоъ ерларига туташ бўлиб, камҳосил эди. Шу сабабдан Бани Назир ва Бани Қурайза деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишган бўлса, Бани Қайнуқоъ эса фақат ҳунармандчилик билан шуғулланишга мажбур бўлган.

Ясриб аҳолисининг аксарияти хурмо етиштирарди. Ясрибликлар деҳқончилик билан шуғулланишса-да, буғдой ва арпа каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етишмаган ва уларни Шомдан келтиришган. Маккада бўлгани каби Ясрибда ҳам судхўрлик авж олган эди. Ерларнинг унумдорлигига қараб ижара белгиланган. Ижарачи чорикорлар уруғлик сотиб олиш ва ҳосил йиғиштириладиган вақтгача кетадиган харажатлар учун кўп ҳолларда судхўрлардан қарз олишган. Бунинг эвазига чорикорлар ўзларига тегадиган маҳсулотни судхўрга экин ўсиб турган ҳолида (музобана) ёки экинзордаги мева-чева, полиз маҳсулотларини хомлигича (муҳоқала) сотишга мажбур бўлганлар.

Ясриблик савдогарлар ва маккалик савдогарлар ўртасида савдо-сотиқ ҳам бирмунча ривожланган эди. Ясриблик савдогарлар ҳар йили ўтказиладиган Укоз, Зул-Мажоз ва Мажинна бозорларига бориб савдо қилишарди.

Ясриб атрофидаги қишлоқлар аҳолиси ва кўчманчи бадавийлар Ясрибга туя, қўй, от, жун, кигиз, ёғ ва пишлоқ келтириб сотишарди. Ясрибдан эса кийим-кечак, қурол-яроғ ва қишлоқ хўжалик асбоблари сотиб олишарди. Ясрибда бир нечта бозорлар мавжуд бўлиб, улардан энг йириги Води Батҳон кўприги ёнида жойлашган Бани Қайнуқоъ бозори эди. У бозор Қайнуқоъ қабиласида ишланган безак ва қимматбаҳо буюмлар билан савдо қилишга ихтисослашган эди.

Ясрибнинг шимоли-ғарбидаги Зубола номли жойда ҳам бозор бўлиб, у ҳижратдан кейин Мадинадаги энг катта мусулмон бозорига айланди. Ал-боқиъ махсус мол бозори эди. Катта бозорларда ҳар хил моллар сотилса-да, ҳар бир мол учун алоҳида махсус бўлимлар ажратилганди. Шунга қарамай исломдан олдинги бозорларни назорат қилиш ҳеч бир кишининг зиммасида бўлмаган.

Муомилада бўлган пуллар Маккадаги сингари динор ва дирҳамлардан иборат эди. Динор олтин танга бўлиб, Византияда босилган ва унда император Ираклийнинг (Ҳирақл) тасвири туширилган эди. Динор Византия билан савдо қилиш учун фойдаланилган. Дирҳам кумуш танга бўлиб, Эронда зарб қилинган ва унда Эрон шаҳаншоҳлари тасвири ва паҳлавий ёзувлар бўлган. Дирҳам асосан Эрон ва унинг мустамлакалари билан савдо-сотиқ қилишда фойдаланилган.

617 йил. Буос жанги. Бу жанг Авс ва Ҳазраж ўртасида бўлиб ўтган энг сўнгги қирғин эди. Бунгача ҳам улар кўп марта тўқнашган бўлиб, кўп ҳолларда Авс мағлуб бўларди. Авсликлар Ҳазражни узил-кесил мағлуб этиш учун Бани Назир ва Бани Қурайза билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилдилар. Бундан хабар топган Ҳазраж Авс иттифоқчиларини бетараф сақлаш мақсадида Қурайзанинг 40 нафар ўспиринларини тутқунликка олди ва мақсадига эришди. Авсликлар ташқаридан иттифоқчи қидиришга тушишди ва ҳар йили Маккада ўтказиладиган ҳаж маросимидан фойдаланиб, Қурайш билан Ҳазражга қарши иттифоқ тузишга уриниб кўришди. Бироқ Макка зодагонлари бу иттифоқни кескин рад қилишди. Авсликлар ҳеч қандай иттифоқчи топа олишмагач, ноилож Ҳазражга тобеъ бўлишга мажбур бўлишди. Аммо авслик баъзи уруғлар бундан норози бўлиб Мадинадан кўчиб кетишди. Мана шу ҳолатда Ҳазраж зодагонлари Назир ва Қурайзага таҳдид қилиб, ерларини бўшатишни талаб қилишди. Орадан кўп ўтмай, Баёда уруғи оқсоқоли тутқунликда сақланаётган яҳудий ўспиринларни қатл этишга буйруқ берди. Авс қабиласи бундан фойдаланиб Назир ва Қурайза билан Ҳазражга қарши иттифоқ тузди ва жангга тайёргарлик кўра бошлади. Ҳазраж ҳам энди урушнинг олдини олиш учун ҳеч қандай йўл қолмаганини кўриб, жангга ҳозирлик кўра бошлади. Иккала томон зудлик билан тарафдорларини йиға бошлади. Ўспиринлар ўлдирилганидан сўнг бир ярим ой ўтгач, Қурайзага қарашли Буос номли жойда қонли жанг содир бўлди. Олдинги тўқнашувларда бўлгани каби Авс ва унинг иттифоқчилари енгила бошлашди, бироқ Ҳазражнинг бош қўмондони Амр ибн Нуъмоннинг кутилмаганда ҳалок бўлиши, ҳазражликларни саросимага солиб қўйди ва улар қўрғонларига яширина бошлашди. Авсликлар уларни қўрғонларига қамаб қўйишса-да, қўрғонларни бузиб Ҳазражни бутунлай қириб юборишни ўзларига лозим кўришмади. Жанг тугагандан сўнг бир неча кун ўтгач, Авс бош қўмондони Ҳудайр ибн Самак жангда олган жароҳатларидан вафот этди. Бу жанг натижасида Ясриб иқтисоди жуда катта моддий зарар кўрди. Кўплаб кишилар қатори Авс ва Ҳазражнинг барча оқсоқоллари ҳалок бўлди.

Ясрибликлар бу каби мантиқсиз урушлардан ташқари, вақти-вақти билан уюштириб туриладиган бадавийларнинг ҳужумларини ҳам қайтаришлари лозим эди. Бу босқинчиликлар ҳам Ясрибга жуда катта зарар келтирарди. Бундай инқирозли вазиятдан чиқиш учун ясриблик қабилалар бирлашиб ўзларига умумий бошлиқ сайлаш тўғрисида музокаралар бошлаб юборишди. Асосий номзод Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Ҳазражий эди. Бироқ номзодларни танлаш чўзилиб, кўрсатилган номзодлар барчага маъқул келавермади.

Айни шу вақтда Маккада Ислом дини ёйила бошлаган ва мусулмонлар қаттиқ тазйиққа олинган эдилар. Ясрибдан Маккага борган зиёратчилар мусулмонлар билан танишиб, янги дин ҳақида қониқарли жавоб олишди. Келгуси йили Макка яқинидаги Ақоба номли жойда бир гуруҳ ясрибликлар Расулулоҳга байъат қилишди. Улар мусулмонларни Ясрибга таклиф қилишди. Маккалик дастлабки мусулмонларнинг ва Пайғамбарнинг Ясрибга ҳижрат қилиш (кўчиб келиш)лари ясрибликларнинг умумий бошлиқ сайлаш тўғрисидаги ихтилофларига барҳам берди.

Макка. 617 йил – Мушриклар эътиқодидан қатъи назар Ҳошим авлодига қарши иқтисодий қамал эълон қилишди ва уларни Маккадан қувиб чиқаришди. Ҳошимийлар Абу Толиб дарасида 3 йилга яқин вақт оғир шароитларда кун кўришди.

Ҳабашистонга иккинчи-ҳижрат (83 эркак ва 18 аёл йўлга чиққан).

619 йил – “иқтисодий қамал” ҳақидаги қарор 5 нафар қурайшликлар томонидан йиртиб ташланди ва бекор қилинди.

620 йил – Биринчи бўлиб Исломни қабул қилган аёл – Пайғамбарнинг хотинлари Хадича вафот этади, сўнг амакилари Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ҳам вафот этди. Абу Толиб вафотидан сўнг Ҳошимийлар етакчиси бўлиб олган Абу Лаҳаб ибн Абдулмутталиб Пайғамбарни ўз ҳимоясига олишдан бош тортди.

Мушрикларнинг зулми аввалгилардан ҳам ошиб кетди. Пайғамбар Тоифга бордилар, бироқ у ердаги мушриклар Пайғамбарга қаттиқ азият етказиб Тоифдан чиқариб юборишди.

"Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан