Буюк Хитой деворини милоддан аввалги III асрда ҳукмронлик қилган император Цинь Шихуанди қуришни бошлаган.
Бу улуғвор деворни қуришдан мақсад Хитойни шимолдан келадиган кўчманчи халқларнинг ҳужумларидан, биринчи навбатда хуннлар ва кейинроқ мўғулларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиш эди. Император душман армиялари учун енгиб бўлмас тўсиқ яратишга, ўз ерлари ва аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга интилган.
Бироқ, тарих кўрсатишича, девор доимо ўз вазифасини самарали бажара олмаган. Чингизхон қўшинлари уни енгиб ўтишга муваффақ бўлган, сўнгги муваффақиятли ҳужум эса 1933 йилда японларнинг бостириб кириши вақтида содир бўлган.
Ҳозирги вақтда баъзи олимлар деворнинг қурилиши ва вазифаси ҳақида бошқа, номаълум цивилизация вакиллари уни қурган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, муқобил назарияларни илгари сурмоқдалар.
Палеоконтактлар Хитой заминида содир бўлган, деган тахминни қадимги Хитой матнларига асосланиб айтиш мумкин. Уларда доно ва инсонпарвар «осмон ўғиллари» (кейинчалик императорлар шундай номлана бошлаган) ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Қизиғи шундаки, бу «осмон ўғиллари»нинг пайдо бўлишидан олдин турли космик ҳодисалар кузатилган. Масалан, биринчи «осмон ўғли» Хуанди келишидан олдин «катта чақмоқнинг нури Кавш (Катта Айиқ) юлдуз туркумидаги Цзи юлдузини ўраб олди». Хроникаларда айтилишича, Хуандининг ўзи узоқроқ жойлардан — ҳатто Арслон юлдуз туркумидан келган. Юз йил давомида Хитойни бошқаришдан чарчагач, у «ўз юлдузига қайтган».
«Осмон ўғиллари» ўша давр учун (ҳатто бизнинг давримиз учун ҳам) ақл бовар қилмас техникавий қурилмалар ясаб, улардан фойдаланишган. Юқорида тилга олинган Хуанди «ўн иккита буюк кўзгу ясаб, уларни Ойни кузатиб фойдаланган». Қолаверса, кўзгулар ажойиб хусусиятларга эга бўлган. Хроникаларда ўқиш мумкинки, «кўзгуга Қуёш нурлари тушганда, унинг орқа томонидаги барча тасвирлар ва белгилар кўзгу туширган сояда аниқ кўринар эди». Оддий қилиб айтганда, кўзгу шаффоф эди. Ўша Хуандининг тўрт метрлик, Арслон юлдуз туркумига қаратилган «ажойиб уч оёқли таянчлари» ҳам бўлган. «Уч оёқли таянчлар» Хуандининг буйруғи билан жойдан жойга кўчиб юрган, бу пайтда уларнинг ичида нимадир шовқинланиб қайнаган. «Осмон ўғли» ўтмиш ва келажак ҳақида маълумотга эга бўлган, гравитация сирларини билган. У ва унинг ворислари роботлардан, ҳам механик, ҳам биологик, инсонга ўхшаш ва тўлиқ ички органлар мажмуасига эга бўлган роботлардан фойдаланишган. Биринчи «осмон ўғли»ни Ерда «аждар» олиб кетган, у космосга катта тезликда кўтарилган (матнларда айтилишича, аждар «бир кунда минглаб фарсаҳни босиб ўтади, унга минган одам эса икки минг йил умр кўради»).
Табиийки, келганлар ва уларнинг ворислари ўз сайёралари аҳолиси билан ҳам, бошқа мумкин бўлган цивилизациялар билан ҳам ўта узоқ галактикалараро алоқага муҳтож бўлишган. Шу мақсадда Буюк Хитой девори қурилган ва Гизедаги Миср пирамидалари умумий галактикалараро «радиостанция»нинг қисмларига айланган. Уларнинг ёрдамида Ердан келган сигналлар коинотнинг исталган нуқтасига бир зумда етиб борган. Санкт-Петербурглик муҳандис-электрофизик В.И. Коробейников — кўп марталик «Бурон» космик кемаси учун алоқа тизимларини лойиҳалаштириш билан шуғулланган мутахассис шундай гипотезани илгари сурмоқда.
— Бир қарашда Хитой деворини қуриш режаси жуда оддий. Аввалига 7 метр масофада иккита ғишт девор тикланган. Уларнинг оралиғи тупроқ билан тўлдирилиб, тошдан қолишмайдиган даражада қаттиқ қилиб зичланган, — дейди Владимир Коробейников. — Бироқ, Буюк девор режасини янада чуқурроқ ўрганиш шуни кўрсатадики, унда аниқ математик ҳисоб-китоблар шифрланган. Қурилиш жойининг ўзи, деворнинг узунлиги ва конструкцияси электромагнит таъсирлашувларини тасвирловчи Максвелл тенгламалари ечимларининг натижаларига мос келади.
Буюк девор Ляодун бўғозидан мамлакат ичкарисига тахминан 30-географик параллел бўйлаб чўзилган. Бунда нима ажабланарли, дейишингиз мумкин? Аммо маълумки, экватор Ер шарини икки қисмга ажратади, лекин тенг эмас. Шимолда қуруқлик майдони анча катта. Агар сайёрани айнан иккига бўлувчи «хаёлий» экватор чизиғини ўтказсак, у тахминан 30-параллел бўйлаб ўтади ва ҳақиқий экватор каби текис бўлмайди. Айнан зигзагсимон «хаёлий» экватор бўйлаб Хитой девори чўзилган, агар уни янада давом эттирсак, у Гизедаги пирамидалар орқали ҳам ўтади.
Ер сайёрасининг ўз электр заряди бор. Хитой девори остида у шимол ва жануб томонга тенг тақсимланади. Коробейниковнинг версиясига кўра, Ер сайёрасининг Галактикада ўзининг электромагнит тўлқини ҳам бор (расмий фан ҳозирча буни тасдиқламайди).
Кимдир Буюк девор орқали электр сигналини ўтказган, бу Ернинг электр зарядини шимол ва жанубий қисмлар ўртасида қайта тақсимланишига олиб келган. Ўз навбатида, Ер зарядининг қайта тақсимланиши космосга тарқалаётган сайёра тўлқинининг тузилишини бир зумда ўзгартирган.
— Бу фанда ҳозирча номаълум бўлган трансцендент (чегарасиз) тезкор алоқа тизимларининг принципи, — таъкидлади Коробейников. — Аммо, агар ҳозир назарий электродинамика бундай нарсаларни тушунишга эндигина яқинлашаётган бўлса, бу ҳақда милоддан аввалги даврда қаердан билишган? «Галактикалараро қабул қилгич»да Миср пирамидалари антенна-резонаторлар ролини ўйнайди. Улар Ернинг ва галактика тўлқинларининг тўлқин узунликлари фарқида «ишлайдиган» космосдан маълумот қабул қилади. Шунинг учун пирамидалар учун жуда аниқ техник параметрлар танланган.
Эҳтимол, Қуёш тизими доирасидаги бундай «радиостанция» ягона эмасдир. Балки, «2-рақамли қабул қилгич» Марсдир? Ҳар ҳолда, Америка сунъий йўлдоши Марс пирамидалари ва сфинксининг суратларини олган, лекин сфинкс кейинги суратлардан қаергадир «йўқолиб қолган». Келгусида Марсда Буюк Хитой деворига ўхшаш иншоот топилиши эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, Марс «радиостанцияси» (қисман вайрон бўлган Ердагидан фарқли ўлароқ) соз ҳолатда бўлиб, ундан фойдаланиш мумкин, ёки кимдир фойдаланаётган бўлиши ҳам мумкин.
Агар расмий фан Коробейниковнинг версиясини қабул қилса, унда, албатта, Ердаги галактикалараро «радиостанция»ни тиклаш чоралари кўрилади. Шунда биз космик эфирда қандай маълумот «айланиб юрганини» билиб оламиз. Балки, ерликларга ҳали ҳам Арслон юлдуз туркумида қаердадир яшаётган «осмон ўғли» Хуандининг ўзи жавоб берар?
Абу Муслим тайёрлади