loader
Foto

Қадимги шумерлар дини: дунёвий илк илоҳий тушунчалар манбаи

Қадимги Шумер цивилизацияси инсоният тарихидаги энг илк ёзувли ва давлат тизимига эга бўлган жамиятлардан бири ҳисобланади. Бу цивилизация Месопотамия — яъни ҳозирги Ироқ ҳудудида, асосан Тигр ва Евфрат дарёлари орасида жойлашган бўлиб, милоддан аввалги IV-III минг йилликларда юксалишга эришган. Шумерлар дини эса нафақат уларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида, балки инсониятнинг илк диний тасаввурларининг шаклланишида ҳам катта аҳамият касб этган.



ДИНИЙ КОСМОГОНИЯ ВА ИЛОҲИЙ ПАНТЕОН

Шумерлар кўп худоли (политеистик) динга эга бўлганлар. Улар оламнинг пайдо бўлишини ибтидоий тартибсизликдан (хаос) сўнг худолар олами воситасида ташкил топган, деб эътиқод қилишган. Улар учун табиат ҳодисалари, жисмлар ва жамият ичидаги ҳар бир муҳим воқелик ортида муайян худо ёки илоҳий мавжудот турарди.

Энг юқори мақомга эга бўлган илк шумер худолари қуйидагилар эди:

•    Ан (An) — осмон худоси, илоҳий падари азам.

•    Энлил (Enlil) — шамол ва ҳаво худоси, кўпинча худолар шоҳи деб тасвирланади.

•    Энки (Enki) — билим ва ер ости сувлари худоси, ақл ва ихтиролар рамзи.

•    Инанна (Inanna) — муҳаббат, уруш ва ҳосилдорлик илоҳаси (кейинчалик бобилликларда Иштар сифатида танилган).

Бу худолар ўзларига хос вазифалар ва шаҳарлар билан боғлиқ эди. Масалан, Энлил Ниппур шаҳрининг асосий худоси бўлган бўлса, Инанна Урук шаҳрида марказий мавқега эга эди.



ИБОДАТ ВА ИБОДАТХОНАЛАР

Шумерларда ибодат жамоавий ва маросимий шаклда амалга ошириларди. Худоларга қурбонлик қилиш, ният қилиш, дуо ва турли тантаналар ибодатнинг муҳим қисмлари бўлган. Ҳар бир катта шаҳарда худога бағишланган зикурат деб номланган юқори пирамидали ибодатхоналар қурилган бўлиб, бу ибодатхоналар нафақат диний, балки сиёсий ва иқтисодий марказлар вазифасини ҳам бажарарди.

Ибодат маросимларини асосан руҳонийлар (эн ва энси) бошқарган ва улар орқали халқ билан худолар ўртасида алоқа ташкил этилган. Худоларга фақат ибодат ва қурбонлик орқали ёқиш мумкин, деб ишонганлар.



ОЛАМНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА ОЛАМДАН КЕТИШ

Шумерлар оламни учта қаватдан ташкил топган, деб тасаввур қилишган:

1.    Осмон – Ан худосининг жойи.

2.    Ер – инсонлар ва ҳаёт жойи.

3.    Ер ости дунёси – ўликлар олами.

Ўликлар дунёси ғамгин, қоронғу ва чанғ билан тўлган деб тасвирланган. Инсон ўлгандан сўнг руҳи (гидим) ер ости оламига тушар ва у ерда абадий қоларди. Шумерлар учун охират ҳаёти жуда ёруғ тасаввур эмасди. Шу боис, улар бу дунёдаги ҳаётни қадрлар ва уни улуғлардилар.



АҲЛОҚ ВА ИЛОҲИЙ ҲУҚУҚ

Шумер дини инсонни худолар олдида масъул деб билади. Худоларнинг амрларига бўйсунмаслик жиноят сифатида қараларди. Шунингдек, руҳий ва ахлоқий покликка ҳам эътибор берилган. Айниқса қасам, алдамчилик, аҳдга хиёнат, зино ва ноҳақ қон тўкиш каби ишлар катта гуноҳ ҳисобланган.

Шумерларда ҳуқуқий ва диний тушунчалар чамбарчас боғланган бўлиб, Эанна ва Энлил қонунларни инсониятга етказган деб эътиқод қилинган. Кейинчалик Бобиллик Хаммурапи қонунлари ҳам айнан шу диний-ҳуқуқий анъаналардан илҳом олган.

Ҳуллас, Қадимги Шумерлар дини инсоният тарихидаги илк ёзма динлардан бири бўлиб, кейинчалик келган Месопотамия ва Шарқ цивилизациялари учун асосий диний ва ахлоқий таянч бўлиб хизмат қилган. Ушбу диннинг таъсири нафақат тарихий ва диний, балки фалсафий ва маданий жиҳатдан ҳам оламшумул аҳамиятга эга бўлган. Қадимги шумерлар орқали инсон илк бор табиат ва олам ҳақида илоҳий тушунчага эга бўлган ва уни тизимли равишда изоҳлашга ҳаракат қилган.

Абу Муслим

(профессор, сиёсий таҳлилчи)