loader
Foto

Ипархон – уйғур халқи афсонаси

Уйғур афсоналарига кўра, Ипархон хитой босқинчиларига қарши курашган қаҳрамон аёл бўлиб, император гаремига тушгач, канизак бўлишдан кўра ўлимни афзал кўрган.

Ипархон ёки Дилшод Хотун ҳақидаги афсоналар ҳам уйғурлар, ҳам Хитойда машҳур бўлиб, у ерда унга Сянфэй – «хушбўй канизак» деб лақаб берилган. Улар бир-биридан анча фарқ қилади, лекин умуман олганда, уларнинг моҳияти шундаки, Ипархон нуфузли уйғур оиласидан бўлиб, император гаремига олиб кетилган. Хитой афсоналарига кўра, император унинг ноёб гўзаллиги ва хушбўй ҳиди учун севиб қолган ва у ватанини соғинмаслиги учун деразаси остига масжид, воҳа ва ҳатто бозор қурдирган. Бундай муносабатни кўриб, Ипархон императорнинг севгисига жавоб қайтарган, дейилади. Уйғур ривоятлари эса анча фожиалироқ. Улардан бири қуйидагича:

Ипархон уйғур ҳукмдорлари сулоласидан бўлиб, ўз гўзаллиги билан машҳур эди. 1760-йилда хитойликлар Оқсу Учтурфон вилоятига бостириб киришганида, уни гаровга олиб, эри тез орада унинг олдига етиб келишини ваъда қилиб, аёлни Пекинга жўнатишган. Ипархон бўйсунган. У биринчидан, босқинчи қўшинларнинг уйғур ерларини тарк этишига ҳисса қўшишни ўйлаган, иккинчидан эса императорни ўлдиришни ният қилган. Аёл ҳали пойтахтга келаётган пайтда, унинг эри бостириққа учраб ўлдирилган. Ипархон саройга олиб келиниб, император ҳузурида пайдо бўлган. Ҳамма унга таъзим қилиб эгилганида, у бундай қилмаган. Ҳайрон бўлганларга аёл шундай деган: «Биз фақат Аллоҳга таъзим қиламиз. Сиз мусулмон эканлигимни унутдингизми?»

Ипархон эрининг келишини кутган, аммо бу содир бўлмаганида, уни алдашганини тушунган. Шу вақтда хитой императори уйғурлар устидан ўз ҳокимиятини ўрнатиш учун унга уйланишга қарор қилган, лекин у рад этган. Ўз шаъни ва поклигини ҳимоя қилишга қарор қилган аёл, агар унга тегса, ўз жонига қасд қилишини айтган. Афсонанинг бир вариантига кўра, у шундай қилган. Бошқа версияга кўра, у императорнинг онаси буйруғи билан ўлдирилган.

Хитой афсоналарига кўра, Ипархон императорнинг ёнида дафн этилган. Аммо уйғур афсоналарига кўра, унинг жасади Қашқарга олиб келиниб, Аппақ Хожа мақбарасида дафн этилган. Масжид ва мадрасани ўз ичига олган бу мажмуада Шарқий Туркистоннинг диний ва сиёсий арбоби, авлиё сифатида улуғланадиган Афақия тариқатининг асосчиси Аппақ Хожа оиласининг беш авлодининг қабрлари жойлашган. Ипархон ҳақидаги афсоналар унинг қабрини XIX аср охирида бу муқаддас жой билан боғлай бошлаган, ҳозирда эса бу расмий версияга айланган. Баъзи ривоятлар ҳатто уни Аппақ Хожанинг набираси деб ҳам атайди.

Ипархон уйғур маданиятида алоҳида ўрин тутади. Халқ хотирасида у озодлик курашчиси ва вафодор рафиқа сифатида қолган. Унинг исми ва хотираси авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. У уйғур аёлининг рамзига айланган. У ҳақида китоблар ёзилади, фильмлар ва теледастурлар ҳам ўз ватанида, ҳам бошқа мамлакатларда суратга олинади.

Абу Муслим

(профессор, сиёсий таҳлилчи)