loader
Foto

Туркий нўғайлар фожиаси ва қотил Суворов

1783 йилда Россия империяси Қримни бутунлай аннексия қилди. Бу сана яриморолда янги давр – "озодлик", "қайта бирлашиш" ва "қайтариш" даврининг бошланиши сифатида қабул қилинади. Аммо бутун бир халқ – асрлар давомида Шимолий Қора денгиз даштларида яшаган кўчманчи нўғайлар учун бу якуннинг бошланиши эди.

Бугун улар деярли эсдан чиқарилган. Улар янги тартибга мослаша олмадилар. Улар шунчаки йўқ қилинди. Тарихчиларнинг таъкидлашича, бу жараёнга шуҳрат ва ёдгорликлар билан ўралган босқинчи саркарда Александр Суворов бошчилик қилган.

1. Қатлдан олдинги зиёфат

Тарихий ёзувларда ҳам, британиялик журналист Оливер Буллоунинг «Озодлигимизни сақлаб қолайлик» китобида ҳам қайд этилган даҳшатли эпизод мавжуд.

Суворов нўғайларнинг "ҳушёрлигини сусайтириш" мақсадида дабдабали зиёфат уюштирган: дастурхон ёздирган, 100 бош қорамол, 800 бош қўй сўйдирган, 500 бочка ароқ қўйган – ва одамлар бўшашганда, қирғин қилишга буйруқ берган. Бу эпизод тафсилотларида қанчалик аниқ эканлиги баҳсли, аммо умумий воқеа кўплаб гувоҳликлар билан тасдиқланади.

Рус ҳарбий тарихчиси В.А. Поттонинг сўзларига кўра, қаршилик бостирилгандан сўнг Суворов «ўлжа» сифатида 300 минг от, 40 минг бош йирик шохли қорамол, 200 минг қўй, шунингдек, "беҳисоб аёллар ва болалар"ни асир олган. Жонли инвентарь. Одамлар – худди чорва каби. Ҳаммасини талон-тарож қилингандек ўзаро бўлишиб олишган.

2. Ноғай ўчоқларининг кули

Асрлар ўтди. Буллоу Азов ва Кубан даштларига бориб, минглаб ҳайвонлар ҳайдаб кетилган ва бутун бир халқ қувғин қилинган ерлар нимага айланганини кўришга қарор қилди. У бой яйловлар, подалар, ободонлаштирилган фермаларни кўришни кутган эди. Аммо у шуни кўрди: «…юзлаб километр масофада – атиги иккита сигир, бир пода ғоз ва битта чўчқа. Ўғирланган нарсалар қаерда?»

Хулоса қатъий: ер асрлар давомида унда яшаганлардан империя манфаатлари йўлида тортиб олинган. Аммо натижада бойлик кўпаймаган – фақат буғдой, маккажўхори етиштирилган ва унутилган хотира қолган.

3. Империя мантиғи: "Кесиш – демак эгаллаш"

Суворов шунчаки ҳарбий қўмондон эмас эди. У Россия империясининг этник муҳандислиги воситасига айланди. У Полшани «тинчлантирди» (Варшава чеккасидаги Прагада 20 000 гача аёл ва болалар ўлдирилган қирғин), Қрим татарларини эзди, кўчирди, тозалади, "янги тартиб" ўрнатди.

•    Қрим нўғайлар ва татарлардан руслар учун «тозаланди».

•    Ўнг қирғоқ Украинаси поляклардан тозаланди.

•    Шимолий Кавказ черкеслардан тозаланди.

Ва ҳамма жойда – бир хил нарса: зўравонлик, кўчириш ва империяга "содиқ" бўлган янги халқларни жойлаштириш.

4. Мактабда ўргатилмайдиган хотира

Қўнхўр Суворов ҳали ҳам Россияда шарафлар билан ўралган шахс бўлиб қолмоқда: кўчалар, ёдгорликлар, орденлар. У зўравон босқинчилар қаторига қўйилмайди, гарчи унинг "муваффақиятлари" кўп жиҳатдан айнан шафқатсизлик ва геноцидга асосланган бўлса ҳам.

Аммо тарих – бу фақат ғалабалар паради эмас, балки сукут учун тўлов ҳамдир.

Ноғайлар – тарихдан олдинги даврларда эмас, балки Екатерина II ҳукмронлиги даврида харитадан ўчирилган кўплаб халқлардан биридир. Бу "цивилизация" ва "тартиб" шиорлари остида амалга оширилган онгли йўқ қилишдир.

"Биз тараққиёт олиб келдик", – дейишади империя апологетлари.

Аммо агар бу минглаб инсонларнинг ҳаёти, йўқ бўлиб кетган маданиятлар, бир пайтлар подалар яйлаган бўш яйловлар эвазига бўлса – унда бу тараққиёт эмас, балки шов-шувлар остидаги талон-тарож бўлганми?

Бугун, чегаралар яна ёрилиб, эски империя рефлекслари бош кўтараётган бир пайтда, нафақат қаҳрамонларни, балки қурбонларни ҳам эслаш муҳимдир.

Ноғайлар унутмади. Полша кечирмади. Кавказ эслайди.

Ва биз – бутун ҳақиқатни билишга ҳаққимиз бор.

Абу Муслим

(Тарих илми сайтининг бош муҳаррири, профессор)