Кўп асрлар аввал Германиядаги кичик Гамельн шаҳри атрофида бир ривоят туғилган. Кейин у халқ қўшиғига айланиб, бутун Германия бўйлаб тарқалган, доимо халқ балладалари тўпламларига киритилган. Болаликдан саксон, бавар, вестфал, тюрингиялик болалар ғамгин тарих сатрларини ёдлаб олганлар:
Кўп асрлар аввал Германиядаги кичик Гамельн шаҳри атрофида бир ривоят туғилган. Кейин у халқ қўшиғига айланиб, бутун Германия бўйлаб тарқалган, доимо халқ балладалари тўпламларига киритилган. Болаликдан саксон, бавар, вестфал, тюрингиялик болалар ғамгин тарих сатрларини ёдлаб олганлар:
Гамельнда катта ташвиш бор.
У ерда каламушлар жуда кўпайган.
Уйларда йўқотишлар саноқсиз.
Магистрат қўрқиб кетди…
Ва шу пайтда Гамельн кўчаларида, «шаҳар оталари» ва барча аҳолининг бахтига —
…тўсатдан сеҳргар — айёр фирибгар —
Ранг-баранг плащ кийиб келиб қолди,
Ажойиб найда марш чалди
Ва каламушларни тўғридан-тўғри Везерга ҳайдади.
Аммо зиқна ва хиёнаткор гамельн шаҳар кенгаши ваъдасини бузиб, каламушлардан қутқаргани учун тўлашдан бош тортди. Шунда алданган найчи ғазабланиб, яна дудуғини олди:
Ва шу заҳотиёқ бу овозларга
Барча уйлардан болалар йиғилди,
Ва нотаниш киши уларни гур-гур қилиб
Везерга томон олиб кетди…
Мана шундай ғамгин тарих. Бечора болалар чўкиб кетдилар. Ота-оналарга фақат йиғлаш қолди, магистратга эса пулни тежаб қолганидан хурсанд бўлиш. Лекин қўшиқда бу ҳақда энди айтилмайди.
Асрлар ўтди, кўз ёшлар қуриди, ўша «айёрлик билан сақлаб қолинган» пуллар емиралиб, йўқ бўлди, аммо бугунги Гамельнда, Ганновер яқинида жойлашган Қуйи Саксония ерларида, Крисоловнинг шафқатсиз қасоси ҳақида кўп нарса эслатиб туради. Бу ерда «Крисолов уйи», «Сукунат кўчаси» бор — унда қадимдан мусиқа асбобларида чалиш тақиқланган. Сўнгги уруш пайтида вайрон бўлган шаҳар соатлари тикланган: уларда кунига бир неча бор йигирма тўққиз қўнғироқ жаранги остида найчи, болалар, каламушлар, шаҳар аҳли жонланади; уч қаватли доира бўйлаб ёғоч ҳайкалчалар ҳаракатланиб, қадимий ривоят саҳналари намойиш этилади.
Маҳаллий музейда эса сиз каламушлар — ўтмишда баъзан бутун ерларни қириб ташлаган бубон чумаси ташувчилари — билан курашиш осон иш бўлмаганини билиб оласиз. Шунинг учун ўрта аср шаҳарларида крисолов касби анча ҳурматга эга бўлган.
Демак, Крисолов ҳақидаги ривоят эҳтимолки мутлақо ўйлаб топилган эмас. Албатта, гамельнлик ёвуз фақат най овози билан болаларни Везер гирдобларига жалб қила олмас эди. Аммо, кўринадики, у қандайдир йўл билан болаларни алдаб, ҳалок қилган. Демак, қадимий ривоят асосида қандайдир ҳақиқий воқеа ётади…
Маълумки, даҳшатли найчи-крисолов ҳақидаги биринчи расмий ёзма ёдгорлик қуйидагича: «1284 йилда, — дейилади қадимий гамельн солномасида, — Иоанн ва Павел куни, июнь ойининг 26-кунида, ранг-баранг либос кийган найчи шаҳардан Гамельнда туғилган юз ўттиз болани Кальвария яқинидаги Коппен томон олиб чиқди, у ерда улар йўқолиб кетдилар».
Бу ёзувни афсона ўсиб чиққан ҳақиқат уруғи деб ҳисоблайдилар. Бу ерда ҳали сеҳрли найнинг ғайритабиий кучи ҳақида ҳеч нима айтилмаган. Боришди, боришди — эҳтимол, найчи яхши чалгандир, шунинг учун мусиқасига ўйнаб кетгиси келгандир. Хўш, кейин болаларга нима бўлди? Ахир ёзувга қараганда, улар дарёга эмас, бутунлай бошқа томонга кетганлар.
Шунингдек, маълумки, илгари, XVI асргача, авлоддан-авлодга ўтиб келган ривоятда яна икки мўъжиза билан омон қолган бола ҳақида ҳикоя бўлган. Улар орқада қолиб кетган, юришдан анча орқада қолган, аммо кўришга улгурганлар:
…тош ёнбағирда очилди дарвоза —
Чуқур, қоронғи ғор гумбазлари.
Ва найчи ортидан очилган киришга
Ўйнаб-кулиб кириб кетди шўх халқ.
Охиргилари ғорга кириб йўқолгач,
Гранит эшиклар маҳкам ёпилди.
Мана нима деб ҳикоя қилган болалар. Шунинг учун улардан бири тез орада кўр бўлиб қолган, иккинчиси эса нутқдан маҳрум бўлган. Демак, ифлос куч уларга ҳам етиб келган.
Бу сюжeт бурилишини қандай тушуниш мумкин? Демак, болалар дарёда чўкиб кетмаган, балки ғорда ҳалок бўлганлар? Бугун флейтистнинг шаҳар кўчалари бўйлаб болалар йўқолган ўша чуқурларгача борган аниқ йўли кўрсатилган буклетни сотиб олиш мумкин. Бориб ўша чуқурларни кўриш мумкин. Аммо буклет ҳеч нарсани тушунтирмайди, фақат қайд этади. Хўш, бу — ҳақиқий воқеами ёки ўйлаб топилганми?
Буни турлича изоҳлайдилар. Айримлар Гамельндан болалар эмас, балки ёш жангчилар чиққан, улар Минден епископи қўшини билан тўқнашувда ҳалок бўлган, деб ҳисоблайдилар. Аммо у жанг йигирма беш йил олдин, яъни 1259 йилда бўлган, унда ўттиз киши ҳалок бўлган, юз ўттиз эмас.
Бошқалар эса ривоятда «болалар салиб юриши» қатнашчилари ҳалокати акс этган, деб ишонадилар, аммо у юриш 1212 йилда бўлган.
Учинчилар болаларни чума қирган, деб тахмин қиладилар, аммо 1284 йилда бу касаллик эпидемияси кузатилмаган.
Тўртинчилар эса ўша даврда Европада «рақс психози» эпидемияси юрганини эсга оладилар — бу ғалати касалликда одамлар тийилмасдан рақсга тушар, бу ҳол оммавий тус олар, рақсчилар муқаддас Витт рақсигидек титраб-қақшар эдилар. Олим Мейнард, шу версия тарафдори, тарихда бу дарддан кўплаб одамлар ҳалок бўлган ҳолатларни келтирган.
Бешинчилар жавобни XVI аср охирида бир бургомистр фармойиши билан Маркиткирхе черковида ўрнатилган витраждан қидирганлар. Витраж сақланиб қолмаган, аммо унинг тавсифи қолган. Унда майда болалар эмас, балки қандайдир ёлловчи томонидан бошқа ерларга кўчишга кўндирилган ўсмирлар тасвирлангани айтилган. Уларга кейин нима бўлган? Бир версияга кўра, уларнинг барчаси денгиз саёҳатида ҳалок бўлган, иккинчисига кўра, Германиядан анча узоқ Шарқда пайдо бўлиб, ўша ерда яшаб қолганлар.
Аммо бу версияларнинг ҳеч бири етарлича ишончли эмас. Ва ниҳоят, 1961 йилда немис олими Вальтраут Веллер ҳақиқат тубига етиб бориш вақти келди, деб қарор қилди! Энг аввало фожиа жойини аниқлаш керак эди. Лекин буни қандай қилиш мумкин, агар камида 750 йил ўтган бўлса? Ҳатто манзара ҳам ўзгарган, дарё ўзанлари силжиган, тепаликлар юмшаган. Демак, тарихий гувоҳликлар йўлидан бориш керак, улар деярли ўзгармайди.
Ривоятнинг энг қадимий вариантларида ҳам, келтирилган шаҳар солномасида ҳам каламушлар ҳақида ҳеч қандай тилга олиш йўқ. Фақат Коппен тоғли ҳудудида йўқолган болалар ҳақида айтилади. Бу жойни топишга уринишган — Гамельн дарвозалари ёнидаги тепаликлардан бирини ўша Коппен деб қабул қилишган. Аммо у ерда на штольнялар, на ғорлар, на қандайдир хавфли табиий «қопқонлар» топилмаган. Шунга қарамай, шу билан қаноатланишган. Ва ҳеч кимга муаммо ечимини бутунлай бошқа томондан излаш керак, деган фикр келмаган.
Аслида, нега бу Коппен — фожиа жойи — албатта шаҳар деворлари ёнида бўлиши керак? Ахир болалар унга қараб юришган ва анча узоқ юришган. Эслайсизми, кўрганларини изчил айтиб беришга қодир бўлган икки бола жуда чарчаб, орқада қолган?
Демак, вазифа шундай: хусусиятлари бўйича болалар билан бахтсиз ҳодиса юз бериш эҳтимолини берувчи ва шу билан бирга — ҳозир ёки қадимда — Коппен деб аталган жойни топиш. Ва бахтсиз жой топилди.
Гамельндан 15 км узоқликда, қоялар орасида маҳаллий аҳоли «Шайтон чуқури» деб атаган қоронғи, ботқоқ чуқурлик бор. Бу ерга фақат тор тоғ дараси орқали кириш мумкин. Чуқурлик ҳар томондан тик қоялар билан қопланган, тубида — тош бўлаклари, қулаган дарахт таналари, ер ботқоқ, қалин ўт билан қопланган. Ҳозир ҳам бу манзара қоронғи кўринади, дейди Вальтраут Веллер, етти юз йил олдин эса бу жой бутунлай ҳалокатли бўлган. Демак, болалар учун жуда хавфли.
Яна шу қизиқ: яқин атрофдаги қишлоқ Коппенбрюгге (!) деб аталади, қадимда эса Коппенбург (!!!) деб номланган — бу ерда 1303 йилда қурилган қаср номи билан боғлиқ — ва ҳали-ҳамон у ерда илгари Шайтон чуқурида қандайдир одамлар ҳалок бўлгани ҳақида ривоят яшаб келади.
Шу билан ривоятда акс этган воқеалар бўлиб ўтган жойни энг катта эҳтимол билан аниқлашга имкон берган қидирувлар якунланди. Энди гамельнлик болалар нима сабабдан ҳалок бўлганини ва нега шаҳардан шунча узоққа чиқиб кетганини аниқлаш қолган эди.
Бугун, етти аср ўтгач, бу саволларга аниқ жавоб бериш қийин. Аммо мана олтинчи версия бор, у ҳозирги кунда энг ишончли ҳисобланади.
Қадимдан Шайтон чуқури атрофидаги тоғлар чўққиларида ёзги қуёш туриши байрамида оловлар ёқилган. Ва 1284 йил 26 июнда Гамельн ёшлари ва болалари бу ерга сайрга йўл олишган. Олдинда сариқ-қизил кийимдаги карнайчи кетган.
У бошини баланд тутарди.
Сочларининг ранги ёруғ эди,
Ёноқларини қорайтирган эди қуёш.
Ёш эмас, аммо ҳали қария ҳам эмас,
У қиличдек ингичка, келишган эди.
Лабларида табассум ўйнар,
Кўк кўзларида айёр бир нигоҳ
Баъзан устарадай ўткир эди…
Юриш Гамельн дарвозасидан чиқиб, ривоят ва солномаларда тилга олинган Кальвариенберг тоғини ортда қолдирди ва шарқ томон йўналди.
Узоқ йўл болаларни чарчатди. Улар жойга етганларида аллақачон қоронғи тушган эди. Ана шу ерда, кўринадики, улар Шайтон чуқурининг ботқоғига тушиб қолишган. Эҳтимол, бунга ер кўчиши ҳам қўшилиб, фожиа кўламини янада оғирлаштирган. Юришдан орқада қолганлар, ривоятга кўра, рўй берган бахтсизлик ҳақида сўзлаб берганлар.
Қўрқинчли тасаввур: байрамни интиқлик билан кутган, унга шошган юздан ортиқ бола қора ботқоққа ғарқ бўлар, тунда улар устида бу ерда-у у ерда қувноқ оловчалар ёниб турганини кўрар эдилар… Албатта, бундай воқеа одамлар хотирасида узоқ сақланиб қолиши керак эди.
Вальтраут Веллернинг фикрича, бу гипотезани Шайтон чуқурида қазиш ишлари орқали текшириш мумкин, чунки чўкиб кетганларнинг қолдиқлари мумиёланиб сақланган бўлиши керак.
Хўш, унда каламушлар бу тарихга қаердан қўшилди? Маълум бўлишича, улар ривоятга фақат кейинги асрларда «ёпишган». Ўша пайтга келиб бой Гамельн қашшоқ қўшни шаҳарларда ҳасад уйғота бошлаган. Ана шу пайтда гамельн кенгашининг очкўзлиги ва маккорлигини шарманда қилиш мақсадида ривоятнинг эски вариантига шаҳарни каламушлар босқинидан қутқарган найчи ва миннатдор бўлмаган шаҳар аҳолиси ваъда қилинган ҳақни тўлашдан бош тортгани, шунинг учун қаттиқ жазолангани ҳақидаги ҳикоя қўшилган. Гўёки, бу очкўз гамельнликлар пул учун ўз болаларини ҳам аяшмайди.
Қишлоқдан қишлоққа, шаҳардан шаҳарга сайр қилган сеҳргар-крисолов ҳақидаги халқ қўшиғи шундай деб чақирган:
Бу воқеани ҳамма эслаб қолсин,
Болаларни заҳардан асраш учун.
Инсон очкўзлиги — мана шу заҳар,
Гамельн болаларини ҳалок қилган…

Абу Муслим таржимаси
(профессор, сиёсий таҳлилчи)
