«Бу воқеа Пасхадан (Исо алайҳиссаломнинг тирилиш байрами) сўнг дарҳол содир бўлди. Ҳали Троица байрамини кутиб улгурмасимиздан, минглаб ўсмирлар ишини ва уйини ташлаб, йўлга тушишди. Уларнинг баъзилари эндигина олти ёшга тўлган, баъзилари эса уйланиш ёшида бўлса-да, келин ўрнига Масиҳ йўлидаги жасорат ва шон-шарафни танладилар. Улар ўзларига топширилган юмушларни унутишди: кимдир ер ҳайдаётган омочини ташлади, кимдир оғирлик қилаётган аравасини қўлдан чиқарди, бошқаси эса бўрилардан ҳимоя қилиб юрган қўйларини ташлаб, бошқа ғанимлар — мусулмонлар бидъати билан кучли бўлганлар ҳақида ўйлай бошлади... Ота-оналари, ака-ука ва опа-сингиллари, дўстлари уларни йўлдан қайтаришга қанчалик уринмасинлар, тақводорларнинг иродаси тебралмас эди. Улар ўзларига хоч (крест) тақиб, байроқлари остида бирлашиб, Қуддуси шариф томон йўл олдилар... Бутун дунё уларни телбалар деб атади, аммо улар олдинга интилишда давом этдилар».
1212 йилда бутун насроний жамиятини ларзага солган воқеа ҳақида ўрта аср манбалари тахминан шундай ҳикоя қилади. Ўн минглаб немис ва француз болалари тушунтириб бўлмас бир интилиш билан Исо қабрни яна мусулмонлар қўлидан озод қилиш учун узоқ Қуддусга йўл олдилар. Улар учун «Исо Масиҳнинг танҳо қабри йиллар давомида худосизлар қўлида қолаётгани — барча насронийлар учун ор ва ҳар бир насронийнинг юзидаги ювиб бўлмас доғ» эди.
Бундан чорак аср аввал машҳур султон Салоҳиддин Айюбий салибчиларни мағлуб этиб, Қуддусни улардан тозалаган эди. Ғарб дунёсининг энг сара рицарлари йўқотилган муқаддас қадамжони қайтаришга уриниб кўришди. Муқаддас шаҳар йўлида Фридрих Барбаросса ҳалок бўлди. Ричард Шериракли ҳам ғалабага эриша олмади. Мусулмонлар Қуддусини олгандан кўра, православие маркази бўлган Константинополни эгаллаш осонроқ бўлиб чиқди. Гўёки салибчиларнинг иши тўлиқ муваффақиятсизликка учрагандек, ҳамма нарса мусулмонларнинг фойдасига ҳал бўлаётгандек эди. Шунда тўсатдан бир гап тарқалди: муқаддас жойларни озод қилиш фақат гуноҳ ва иллатлардан пок бўлган болаларгагина насиб этади. Худди «аҳмок» (тўсатдан содир бўладиган ақлдан озиш) сингари ғалати бир ҳолат насроний оламини қамраб олди. Кўплаб ювош, оддий ва кўнгли тоза болалар бирданига уйларини ташлаб, номаълум ўлкалар томон равона бўлишди.
1212 йил май ойида болалар қўшини Кёльн орқали ўтаётганда, уларнинг сафида 25 мингга яқин ўғил ва қиз болалар бор эди. Улар кемаларга ўтириб, Ўрта ер денгизи орқали Фаластинга ўтиш учун Италия томон кетишарди.
Замонавий тарихчиларнинг ҳисоблашича, XIII аср солномаларида кейинчалик «Болалар салиб юриши» номини олган ушбу сирли юриш эллик бир марта тилга олинган. Бу хабарлардаги кўп нарсалар шунчалик ғайритабиий кўринадики, улар афсонага кўпроқ ўхшайди. Бошқа томондан эса, солномалардаги кўпгина маълумотлар шу қадар ишонарли ва ҳатто ҳаётий тасвирланганки, уларга ишонмасликнинг иложи йўқ.
Бироқ, ўша қадимги фожианинг барча тафсилотлари бизгача ҳаққоний етиб келганми ёки ўрта аср солномачилари ҳақиқат билан бирга ўзларига етиб келган ҳар қандай миш-миш ва ишончларни ҳам қайд этишганми — бундан қатъи назар, уларнинг ҳикояси ўша давр тафаккурининг энг чуқур асосларига дахл қилади.
Ўша давр одамлари ўз умрлари давомида кўплаб фалокатларни бошидан кечиришди. Улар ўз даврининг энг буюк давлати — Византия империясининг парчаланишига гувоҳ бўлишди. Улар гуноҳлари учун Худо ўзларидан юз ўгирганини ва мусулмонларга Қуддусни қайтариб олишга изн берганини кўришди. XII–XIII асрлар бўсағаси — кучли маънавий изланишлар ва даҳшатли адашишлар даври эди. Худди бизнинг кунларимиздагидек, юз минглаб одамлар турли бидъатчи секталар таълимотига маҳлиё бўлиб қолишганди. Бутун Жанубий Франция бидъатлар гирдобида эди. Одамлар уйларини ташлаб, бойликларидан воз кечиб, сирли бир руҳ таъсирида тарғибот ишларига шошилардилар. Катарлар Эски Аҳдни (Таврот қисми) инкор этиб, ўз черковларини тузишди. Вальденслар ибодат ва иконаларни тан олмас, солиқ тўлашдан ва ҳарбий хизматдан бош тортишарди. Уларнинг таълимотлари бутун Европага тарқалди.
XII асрнинг охирида сектантларга қарши курашиш учун инквизиция ташкил этилди. Расман рухсат берилган «секталар» — францисканлар ордени (1210 й.) ва доминиканлар ордени (1216 й.) пайдо бўлди. Гўёки бутун насроний олами гуноҳлардан покланиш ва йўқотилган имонни қайта тиклаш илинжида ҳаракатга келгандек эди. Мутаассиб ота-оналар авлоди ақлдан озган болалар авлодини дунёга келтирди.
Биз бошида иқтибос келтирган солнома муаллифи, шубҳасиз, ўша шиддатли воқеаларнинг гувоҳи бўлган. Чунки у Кёльнда яшаган, унинг кўчаларидан эса юришга отланган «Худо фарзандлари»нинг оломонлари ўтган эди. Демак, у кўрганларини иккинчи ёки учинчи қўллардан эмас, балки ўз кўзи билан кўриб ёзган.
Унинг ҳикояси 1216 йил билан саналанган. Ўша пайтга келиб у беозор латифадек бошланган бу тақводорлик саргузашти нима билан тугаганини билар эди: «Уларнинг кўплари ортга қайтишга мажбур қилингунча Мецгача, бошқалари эса Пьяченца ва ҳатто Римгача етиб боришди. Баъзилари Марселга етишди. Улардан бирортаси Муқаддас заминга етиб бордими ва тақдири нима бўлди — номаълум. Фақат бир нарса аниқ: минглаб одамлар бу йўлга чиқдилар, лекин уйга жуда камчилик қайтди».
Бошқа солномалардан маълум бўлишича, бу ғалати воқеа Кёльн атрофида яшовчи Николас исмли қишлоқлик боланинг ҳайратланарли ваҳий (каромат) кўришидан бошланган (баъзи маълумотларга кўра, у ўшанда ўн олти ёшда бўлган, бошқаларига кўра эса ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган эди). Унга фаришта зоҳир бўлиб, Илоҳий қабр қилич билан эмас, балки тинчлик билан озод қилинишини айтган. Бу ўсмир, кўринишидан, харизматик етакчилик қобилиятига эга эди. У кўрганларини шу қадар самимият билан гапириб берардики, минглаб одамлар уни тинглаш учун тўплана бошладилар. Фаришта назари тушган бола ҳамманинг севимлисига айланди. «У қаерда пайдо бўлмасин, болаларни ўзига оҳанрабодек тортарди», — деб ёзган эди Бернгард Куглер «Салиб юришлари тарихи» китобида. Унинг ваъзларини худди ўз вақтида «Битлз» гуруҳи концертларини тинглагандек эшитишарди. Унинг ихлосмандлари сафи «Аум Синрикё» сектаси каби кенгайиб борди. Ёш воиз ўзига ишонганларга Мусо пайғамбар каби «денгиз ўртасидан қуруқликда» юришларини ваъда қилди. Олдинда уларни Қуддусда ўрнатиладиган «абадий тинчлик подшоҳлиги» кутарди.
Бир неча ҳафта ичида Рейн дарёсининг қуйи оқимидаги барча ерлар жунбушга келди. Ҳамма нарса ҳаракатга тушди. Хайрихоҳлар кўп эди. Халқ бола-салибчиларга ёрдам бериш учун бир-бири билан мусобақалашарди. Агар бирор жойда уларнинг «армияси»ни шаҳарга қўйишмаса, шаҳарликлар далага ичимлик ва таом олиб чиқиб, йўлга чиққанларни сахийлик билан меҳмон қилишарди.
Фақат саноқли кишиларгина бундай васвасага қарши тура олдилар. Айрим солнома муаллифлари Николаснинг ўзини ва унинг кетидан эргашганларни лотинча stuiti («нодонлар») ёки ҳатто «Иблиснинг қуроллари» деб атаб, бу умумий қизиқишга салбий муносабат билдиришди.
Бироқ, бу таъналар умумий жўшқинлик денгизида ғарқ бўлиб кетди. «йигирма минг ўғил ва қиз болалардан, шунингдек, тартибсиз оломондан иборат тўда тўпланди» (Б. Куглер) ва Кёльндан жанубга қараб йўл олди. Кёльндан 150 км жанубда жойлашган Трир шаҳрида юритилган солнома муаллифи ҳам бу болаларни кўрган. Унинг сўзларига кўра, Николаснинг кийимида «муқаддаслик ва мўъжизавий куч белгиси сифатида улуғланадиган „тау“ (Т) ҳарфи шаклидаги хоч каби» қалқон ярқираб турарди. Ўша пайтда кўпчилик худди шундай хочни ўша даврнинг энг машҳур кишиларидан бири — ассизилик Франциск ҳам тақиб юришини биларди. «Балки Масиҳнинг бу ёш жангчисини ҳам энди шундай шон-шараф кутаётгандир?» — дейишарди баъзилар. «Худди шундай машъум шуҳрат», — деб ўйларди бошқалар. Аммо Николас чиндан ҳам францисканмиди?
Ҳозирги кунда Франциск Ассизский намунали ҳаёт кечирган католик авлиёси сифатида улуғланади. Вақт унинг таржимаи ҳолидаги барча ғализликларни ювиб юбориб, фақат исми ва хизматларини қолдирди. Замондошларига эса, айниқса бошида, Францискнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш анча қийин эди. Унга «Бизни қоралигимизда севинг, оқлигимизда эса бизни ҳамма ҳам севаверади» деган ибора жуда мос келади. Г.К. Честертон ёзганидек, Франциск машҳур бўлгунига қадар унинг ҳаётини икки қаторга сиғдириш мумкин эди: «Бузуқ бир йигит энг тубанликка қулайди, том маънода лойга ботиб юради».
Ўша Франциск — у янги тақводор Николасдан тахминан ўн беш ёш катта эди — аллақачон телба ва жанжалкаш сифатида ном чиқаришга улгурганди. Ундан қариндош-уруғлари ва яқинлари юз ўгиришган, черков ва дунёвий ҳокимият ундан ғазабда эди. У ўз тарафдорларидан камбағаллик, иффат ва итоаткорликни талаб қилар, умр бўйи дарбадар кезишларини хоҳларди. У қонунларни ва қурол-яроғни ёмон кўрар, бойлик ва ҳокимият одамларни бузади деб ҳисобларди. У черков ва бидъат орасидаги чегарада юриб, ўзи билан бирга тобора кўпроқ «биродарларни» эргаштирар ва ўтда ёқиб юборилиш хавфи остида яшарди. Фақат 1210 йилга келибгина унинг жамиятдаги мавқеи бир оз мустаҳкамланди. Папа Иннокентий III унга ўз «расмий сектаси»ни — францисканлар орденини тузишга рухсат берди.
Унинг Римдан қайтиши худди Николаснинг келиши каби зафарли бўлди. Одамлар тўда-тўда бўлиб унинг ҳузурига оқиб кела бошладилар. «Айтишларича, барча аҳоли — эркаклар, аёллар, болалар — ишини, пулини, уйини ташлаб, қандай бўлса шундайлигича „биродарлар“ орқасидан эргашишди ва уларни Раббий қўшинига қабул қилишларини ўтиниб сўрашди», — деб ёзади Г.К. Честертон. 1212 йилда Николас ва Францискнинг тақдирлари, ниҳоят, бир нуқтада кесишди. Италян тақводори ҳам салиб юришига боришни ният қилди. Фақат у ортидан оломонни эргаштирмади, уларнинг жасадлари билан тинчлик подшоҳлигига йўл солишни ўйламади. Унинг бутун қўшини фақат ўзидан иборат эди. У мусулмонлар юртига, Сурияга бориб, у ерда уларни «бидъатдан» воз кечишга ва Исо Масиҳни улуғлашга кўндиришни мақсад қилганди. У одамларни ўлдириш эмас, балки тарбиялаш кераклигига қаттиқ ишонарди.
Воқеалардан илгарилаб айтиш жоизки, 1219 йилда Франциск Мисрга келди. У ерда салибчилар Дамиетта қалъасини қамал қилишаётган эди. У султон ал-Комил ҳузурига кириб, унга насронийлик асосларидан таълим бера бошлади. Унинг ўзини тутиши шу қадар ғайритабиий ва қўрқмас эдики, ҳайратда қолган ҳукмдор бу «кофир»ни жазоламади, шунчаки ҳайдаб юборди. «Шарқ ва Ғарбни бирлаштириши мумкин бўлган кўприк шу заҳоти қулаб тушди ва тарихнинг амалга ошмаган имкониятларидан бири бўлиб қолди». Аммо кутилмаган миссионер билан бўлган бу воқеадан аввал, чақирилмаган меҳмонлар — болалар билан боғлиқ мудҳиш якун содир бўлган эди.
Николас ва Францискнинг таржимаи ҳолларида ғалати, ҳатто машъум ўхшашлик бор. Иккаласи ҳам одамларни ортидан эргаштира оларди. Уларнинг биргина сўзи билан ҳар қандай тарафдор борини ташлаб кетишга тайёр эди. Иккаласи ҳам Масиҳга бўлган имонни мустаҳкамлаш ва ер юзига тинчлик келтириш учун пайдо бўлишди. Бири минглаб камбағалларнинг ҳаётини сақлаб қолди; иккинчиси эса минглаб болаларнинг жонига завол бўлди.
Беихтиёр Ж. Ньюменнинг афоризми ёдга тушади: «Агар Дажжол Масиҳга ўхшаса, унда Масиҳ ҳам Дажжолга ўхшаса керак».
1212 йил 25 июлда ёш «Масиҳ жангчилари» Шпейерга етиб келишди. У ерлик роҳиб шундай қайд қолдирган: «Ва буюк зиёрат содир бўлди, эркаклар ва қизлар, йигитлар ва қариялар юриб боришарди, уларнинг ҳаммаси оддий халқ вакиллари эди». Бир ойдан сўнг, 20 август куни Николас бошчилигидаги «немис болалари, гўдаклар, аёллар ва қизлар тўдаси» Италиянинг Пьяченца шаҳрига етиб келди. Маҳаллий солномачи улар денгизга борадиган йўлни сўрашганини қайд этган. Ўша кунларда Кремонада ҳам Кёльндан келган болалар тўдасини кўришган.
1212 йил 25 август, шанба куни ўша даврнинг йирик порт шаҳарларидан бири бўлган Генуяга ғалати мусофирлар кириб келишди. Уларнинг кўз ўнгида ўзлари кесиб ўтишни ёки сузиб ўтишни истаган денгиз намоён бўлди.
Солномачи Огерий Панис етти минг нафар эркак, аёл ва болани санаганини ёзади. Уларнинг кийимларига хочлар тикилган; елкаларида хуржун; баъзилари қўлларида зиёратчиларга хос сурнай ёки ҳассаларни тутиб туришарди. Паниснинг хабар беришича, эртаси куни кўпчилик нимадандир руҳи тушган ҳолда шаҳарни тарк этган. Уларни нима хафа қилганини у ёзмаган.
Бошқа бир генуялик солномачининг хабар беришича, Николас ўз тарафдорлари билан соҳилга йўл олган. «Ҳақиқат лаҳзаси» келган эди. Барча тўпланганлар буюк мўъжизани кутишарди. Ҳозир Николас «қўлини денгизга чўзади ва уни иккига бўлади». Ҳозир зиёратчилар Муқаддас замингача қуруқликдан юриб кетишади. Ҳамма кутди ва кутди, лекин мўъжиза содир бўлмади.
Минглаб одамлар ёш мақтанчоқнинг лофларига алданиб қолишганини бирданига тушуниб етганларида нима бўлганини англаш қийин. Солномачилар тарихнинг бу қисмини чалкаш ва тушунарсиз ҳикоя қилишади. Бир манбага кўра, умидсизликка тушган «салибчилар»нинг кўпчилиги Генуяда қолишган, чунки уларнинг ортга қайтгани, Альп тоғларини қайта кесиб ўтгани мадори қолмаган эди. Бошқа бир манба баъзи мусофирларни соҳилнинг ўзида қароқчилар ўғирлаб кетганини айтади. «Шундай қилиб, улар мангуга ғойиб бўлишди». Бошқалари эса Пизага йўл олишган шекилли. У ерда улар иккита кемага ўтириб, Муқаддас заминга қараб сузиб кетишган.
Баъзи маълумотларга кўра, бу қуролсиз «Масиҳ қўшини»нинг бир қисми Римгача етиб борган ва у ерда папа Иннокентий III улар олдида нутқ сўзлаган. Айнан ўшанда у бутун насроний оламига қарата таъна билан шундай деган: «Бу болалар бизни уялтиришмоқда; биз ухлаб ётган бир пайтда, улар Муқаддас заминни забт этиш учун шодлик билан кетишмоқда».
Жарангдор ибора! Бу ибора Фаластинга эгалик қилаётган Миср султонига қарши янги ҳужумга ундади (тўғри, Бешинчи салиб юриши 1217 йилда, Иннокентий вафотидан кейин бошланган). Фақат тарихчилар эндиликда папа ва Муқаддас замин учун дунёнинг чеккасига боришга тайёр бўлган бу оломон ўртасидаги учрашув ҳақиқатан ҳам содир бўлганми, деган шубҳадалар. Ҳар ҳолда, Ватиканнинг 1212 йилги батафсил анналларида (йилнома) бу учрашув ҳақида бирорта сўз йўқ. Балки бу ваъда қилинган ерни қидирганлар, Масиҳ йўлидаги биродарлари учун жасорат кўрсатишни орзу қилиб, ўзларининг бемеҳрлигидан ҳалок бўлганлар учун ўйлаб топилган гўзал бир афсонадир.
«Ортга қайтиш йўли бу болалар қўшинининг деярли барча қолган қисмини йўқ қилди, — деб ёзади Б. Куглер. — Уларнинг юзлаб нафари сафар давомида ҳолдан тойиб йиқилди ва катта йўлларда аянчли тарзда ҳалок бўлди. Фақат бир неча кишига меҳрибон оилалардан бошпана топиш ва ўз меҳнати билан ризқини топиш насиб этди, лекин аксарияти нобуд бўлди».
Николаснинг ўзига нима бўлгани номаълум. У ҳақдаги хабарлар зиддиятли. Баъзи солномачилар у ўзига содиқ оз сонли одамлар билан Бриндизига — бир пайтлар Спартак қочишга уринган шаҳарга етиб олиш учун Италия жанубига йўл олганини ва йўлда худди ўша қадимги саркарда каби вафот этганини айтишади. Бошқалари эса у барибир у ерга етиб борган дейишади. Баъзи маълумотларга кўра, у ҳатто Қуддусгача етиб борган ва бир неча йилдан сўнг қўлида қурол билан Бешинчи салиб юриши иштирокчилари билан елкама-елка туриб жанг қилган. Юқорида тилга олинган Трирлик солномачининг хабар беришича, Бриндизи шаҳри епископи унинг Фаластинга кетишига тўсқинлик қилган. Гўёки у Николаснинг отаси барча ёш салибчиларни сарацинларга (мусулмонларга) қул қилиб сотишни режалаштирганидан хабар топган.
Бир-бирига зид бўлган бу фактлар чигаллигини тушуниш, ҳақиқатни уйдирмадан, эътирофни туҳматдан ажратиш эндиликда жуда қийин, балки имконсиздир.
Тарих зулматларида омадсиз пайғамбар, унинг отаси ва деярли барча тарафдорлари ғойиб бўлади. Уларнинг тақдири тўлиқ аниқ эмас, лекин у жуда аянчли бўлганига шубҳа йўқ.
Умуман олганда, «Болалар салиб юриши» ҳақидаги хабарлар жавоб беришдан кўра кўпроқ саволлар туғдиради. Аввало, бу ғалати саргузаштнинг номи нотўғри. Тор маънода «салиб юриши» деб Рим папасининг чақириғи билан, Муқаддас Рим империяси императори ва Англия ҳамда Франция қиролларининг розилиги билан бошланган ҳарбий юришга айтилади. Бу воқеада биз бунга ўхшаш ҳеч нарсани кўрмаймиз. Ўрта аср солномаларида бўлиб ўтган воқеани commotio («ҳаракат») ёки peregrinatio («зиёрат») деб аташган. Бундан ташқари, бу саргузашт иштирокчиларида қурол-яроғ бўлгани ҳеч қаерда айтилмаган. Қуролсиз қандай ҳарбий юриш бўлиши мумкин? Улар Муқаддас замин учун жанг қилишга, лекин қилич ва найза билан эмас, балки фақат Худонинг ёрдамига таяниб кетишарди. Аввалига уларнинг олдида денгиз иккига бўлиниши, кейин эса қалъа деворлари қулаши керак эди. Биринчи мўъжиза содир бўлмагач, улар бошқасига ҳам ишонмай қўйишди.
Қўлларидаги ҳассалари, хуржунлари ва сурнайларини — йўлга ўзлари билан олган ягона нарсаларини — саросимада сиқиб ушлаганча, улар чарчоқ билан олисга тикилишди. Уларни бирданига мадор тарк этди. Денгиз томон «ёвойи, тиним билмас оломон» шошарди. У биринчи тўсиққа урилиб парчаланди. Улкан денгиз соҳилида қаерга боришини билмай, заиф ва руҳи синган одамлар ҳанг-манг бўлиб туришарди.
Бу «ҳаракат» иштирокчиларини фарқламасдан «болалар» деб аташади. Бироқ, келтирилган иқтибослардан кўриниб турибдики, оломон жуда аралаш эди; у ерда барча ёшдаги одамлар бор эди: «Эркаклар ва қизлар, йигитлар ва қариялар», «болалар, гўдаклар, аёллар ва қизлар тўдаси». Тўғри, оломонда ёшлар кўпчиликни ташкил этарди. Бу ғайритабиий зиёрат иштирокчиларининг аксарияти йигирма ёшга ҳам тўлмаган, кўпчилиги эса, эҳтимол, ўн беш ёшдан кичик эди. Фақат шу фактгина «болалар» деган сифатни оқлайди.
Бу ерда филологнинг тушунтиришисиз илож йўқ. Қадимги солномаларда Николаснинг тарафдорлари одатда pueri сўзи билан аталади. Лотин тилидан таржима қилинганда бу сўз «ўсмир» деганини англатади, лекин, масалан, Ўрта асрларда Русьда «отрок» (ўсмир) деб нафақат болалар, балки хизматкорлар ва қулларни ҳам аташган. Ғарбий Европада XIII аср бошида pueri тушунчаси худди шундай кенг маънода талқин қилинган. Агар одамнинг на ери ва на мол-мулки бўлса (у пайтда мерос фақат тўнғич ўғилга қоларди), у кунбай ишчи, чўпон ёки хизматкор бўлишдан бошқа чораси йўқ эди. Бундай «ёш боладек чорасиз, камбағал» одамларни ҳам pueri дейишган.
Шундай қилиб, болалар салиб юришини «ҳуқуқсиз оддий халқнинг зиёрати» деб аташ тўғрироқ бўлади. Унинг иштирокчилари 1096 йилда Питер Пустынник (Гўшанишин) ортидан ишонувчанлик билан эргашиб, фақат ўлимини топган бахтсиз камбағалларни эслатади. Ўша шонсиз юришга ҳам камбағаллар ўз хотинлари ва болаларини олишган эди. Тарих қандай такрорланади-я!
Айтганча, баъзи олимлар Гамельн шаҳридаги каламуш овловчи ҳақидаги афсонанинг келиб чиқишини «болалар салиб юриши» билан боғлайдилар (бу ҳақда алоҳида мақолада батафсил тўхталамиз). Эслатиб ўтамиз, ўша каламуш овловчи флейта чалиб, шаҳардаги барча болаларни ортидан эргаштириб кетган ва уларни бошқа ҳеч ким кўрмаган. Худди номаълум бир юришга отлангандек...
Нима учун шунча одам, кичигу катта, бир ўсмир-тарғиботчининг биринчи чорлови билан номаълум ўлкаларга ошиқишга тайёр эди? Нима учун улар жойларида тинч ўтира олишмади? Гап шундаки, XIII асрга келиб Европада яшаш шароитлари ўзгарган эди. Варварлар зарбаси остида антик полислар ҳалок бўлганидан бери, Европа давлатлари кўп асрлар давомида «шаҳарсиз мамлакатлар» бўлиб келган эди. Ва мана, ҳамма нарса ўзгарди. XIII асрда кичик, аянчли девор билан ўралган қўрғонлар шиддат билан ўса бошлади. «Шаҳар инқилоби» содир бўлди. Савдо тез ривожланди. Одамларнинг фаровонлиги ошди. Туғилиш кескин кўпайди. Аҳоли зичлиги ортиб кетди.
Бу демографик портлаш феодализм асосларини аста-секин емириб борарди. Ер ҳаддан ташқари кўпайиб кетган қарам деҳқонларни боқа олмасди. Қишлоқда иш топа олмай, улар «ҳавоси одамни озод қиладиган» шаҳарларга қочишар, кунбай ишчи бўлиб ёлланишар ёки қўриқ ерларни очишга кетишарди. Қашшоқлик ва бойлик ўртасидаги жарлик кенгайиб борди. Айнан мана шундай уй-жойсиз, дарбадар одамлар — «ёш боладек чорасиз камбағаллар» орасида, ниҳоят, насронийларга тегишли бўлган бу мамлакатда ўз ер участкасига эга бўлиш учун Фаластинга боришни хоҳловчилар кўп топилди.
Черков ва дунёвий ҳокимият насроний оламида пишиб етилаётган инқирозга деярли эътибор бермади. Уларни фақат ўзаро низолар қизиқтирди. Ҳатто Учинчи салиб юриши (1189–1192) пайтида ҳам, Шарқда салибчилар томонидан ташкил этилган давлатлар тақдири ҳал қилинаётганда, Англия ва Франция қироллари адоватни давом эттиришди. Ҳал қилувчи пайтда қўшиннинг бир қисми қирол бошчилигида Францияга сузиб кетди ва биринчи Европа колонияларини тақдир ҳукмига ташлаб қўйди.
XIII аср бошида шиддатли урушлар аллақачон Европанинг ўзида кетаётган эди. 1202 йилда Венециядан Мисрга йўл олган салибчилар, охир-оқибат, Константинополга тушиб қолишди ва уни талон-торож қилишди. Илоҳий қабр ўрнига улар олтин, кумуш ва бошқа бойликларни қўлга киритишди — папа Иннокентий III куйинганидек, улар «самовий неъматлардан кўра дунёвий бойликларни» афзал кўришди.
1209 йилда Фаластиндан мағлубият билан қочган француз қироли Филипп II Август қўшини Лангедокка — Франция жанубидаги бой вилоятга бостириб кирди (қиролнинг ўзи бу юришда қатнашмаган). Лангедокда бидъатчилар — катарлар ва вальденслар таълимоти жуда машҳур эди. Шунинг учун, биринчи қарашда, уруш диний асосга эга эди. Насронийлик имони ҳимоячилари уни таҳқирлаганларга қарши курашишарди. Бироқ бу ерда ҳам иқтисодий ва сиёсий манфаатлар биринчи ўринда эди: Франция қироллиги қўшни, анча ривожланган давлатни ютиб юборди.
Рим папаси Иннокентий III бойлар ва камбағаллар ўртасида тобора кенгайиб бораётган жарликни яхши англарди — бу жарликка унинг қўл остидаги бутун дунё қулаши мумкин эди. Халқ черковдан юз ўгираётганини кўриб, у сақлаб қолиш мумкин бўлган нарсани сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Айнан 1212 йилда папа минглаб бечора, ғазабнок ва ҳамма нарсага тайёр одамларнинг энергиясини фойдали ўзанга йўналтиришга бор кучи билан ҳаракат қилди. У уларни мусулмонларга қарши урушга гижгижлади.
Ўша 1212 йилда (ҳақиқатан ҳам бу йилда ҳамма митинглар ўтказади ва худосизларга қарши курашга чорлайди: ўсмирлар ва черков иерархлари, дарбадар телбалар ва телба қироллар!) Пиреней ярим оролида Европадаги араб эгалиги тақдирини ҳал қилган энг муҳим жанг бўлиб ўтди.
Кастилия, Наварра, Португалия ва Арагон ҳукмдорлари анчадан бери испанияликларнинг ярим орол жанубига қараб ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ал-Муваҳҳидунлар (фундаменталист мусулмонлар) ҳокимиятини тор-мор қилишни орзу қилишарди. Энди улар кучларини бирлаштириб, урушга тайёргарлик кўришди. Бундан хабар топган папа ўз «содиқ хизматкорларини» олқишлади ва келажакдаги ҳудудий босиб олишни «имон учун уруш» деб атади. Папа умид қилардики, ғалаба — агар Худо изн берса — насронийлар қалбига қувонч бағишлайди, уларни руҳлантиради ва мустаҳкамлайди; у жамиятни яна жўшқинлик қамраб олишини ва маънавий юксалиш бошланишини кутганди.
1212 йил февраль ойида Кастилия қироли Альфонс VIII тез орада жанг бўлишини эълон қилди. Бутун Европа бўйлаб жўшқинлик тўлқини ёйилди. 16 май куни, уруш арафасида, Рим папаси черков ал-Муваҳҳидунлар билан урушни тўлиқ қўллаб-қувватлашини кўрсатиш учун Римда юриш ташкил қилди. Кўпгина тарихчиларнинг фикрича, бундай юришлар Германия ва Франциянинг турли бурчакларида ҳам бўлиб ўтган. Эҳтимол, Николаснинг ўзи жамиятдаги мана шу кайфият таъсирида бўлган ва айнан шу нарса уни қашшоқлар, болалар, аёллар ва қарияларни ўз байроғи остига тўплаб, Қуддусга «салиб юриши» бошлашга ундаган.
Ўша кунлари кўнгиллилар учун Шарқ ва Ғарб йўли очиқ эди. Бойроқ одамлар маврлар билан уруш учун жиҳозланиб, Испанияга боришлари мумкин эди. Насронийликнинг камбағал ватанпарварлари эса пиёда юришга отланишди. Икки қўшин деярли бир вақтда мусулмонларга қарши ҳаракат бошлади; бири уларни тарқатиб юборди, иккинчиси эса ўзи тарқалиб кетди.
1212 йил 16 июлда Лас-Навас-де-Толоса қишлоғи яқинида араблар қўшини насронийлар томонидан бутунлай тор-мор қилинди. Реконкиста (қайта эгаллаш) жараёни ортга қайтмас тус олди. «Ғарб варварлари» шу йилги илк «салиб юриши»да ғалаба қозонишди. Николас одамларни бошлаган иккинчи юриш эса Италия соҳилларида якунланди. Аммо яна учинчи юриш ҳам бор эди; у ҳам 1212 йил баҳорида — «насронийларнинг умумий сафарбарлиги» баҳорида бошланган эди.
Ҳайратланарлиси шундаки, ўша 1212 йилда, бутун Германия бўйлаб болалар қўшини тўпланаётган ойларда, худди шундай иштиёқ француз ўсмирларини ҳам қамраб олди. Солномачилар Орлеандан ғарбда жойлашган Клуа қишлоғида яшовчи Стефан исмли чўпон бола пайдо бўлганини хабар қилишади.
1212 йил май ойида (бу сана насроний оламининг қанчалик жунбушга келганини яна бир бор кўрсатади!) у ўзи билан содир бўлган ажабтовур воқеа ҳақида эълон қилди. У бир тиланчига таом берган, у эса Стефаннинг қўлига Исонинг ўзи томонидан юборилган хатни тутқазган ва бу муқаддас мактубни имкон қадар тезроқ қирол Филипп Августга етказишни сўраган.
Афсуски, солномачилар бу самовий хатнинг мазмуни ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Аммо шундоқ ҳам кўриниб турибдики, Стефан ҳам худди Николас каби харизматик шахс бўлиб, ўша кунларда ўз қўшинини тўплаган. Унинг ёрдамчилари ҳам топилди; улар қўшиқлар ва ибодатлар билан Стефан ҳузурига зиёратчилар оломонини бошлаб келишарди. Бутун халқ ёш қаҳрамонларга хайрихоҳлик билдирар ва улар билан фахрланарди. Ҳатто одамлар ўз болаларининг йўлга чиқишига тўсқинлик қилган ота-оналарни айблашгача боришди. Стефаннинг қўшини ҳам, худди Николасники каби, саноқли кунларда катталашиб кетди. Ва мана, иккита қуролсиз қўшин ўз тақводорлиги билан душманларни енгиш учун юришга тайёр эди.
Лаон монастирида юритилган солномалардан бирига кўра, ёш саркарда ўз байроғи остига 30 мингга яқин «бола»ни (pueri) тўплаган. Улар билан бирга у қиролнинг қасри жойлашган Сен-Денига йўл олди. Стефан айнан қирол билан кўришишни сўраган эди.
Аммо қирол уни қабул қилмади, аксинча, кўп ўйлаб ўтирмай, аксарияти ўн икки ёшга ҳам тўлмаган болаларни уйларига жўнатиб юборди. Стефаннинг ўзига нима бўлгани тарихга номаълум.
Бироқ, кейинчалик бир роҳиб томонидан тузилган йилнома бу болаларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Унинг сўзларига кўра, француз pueriлари — худди немис тенгдошлари каби — барибир Муқаддас заминга етиб боришга интилишган. Уларнинг сафи нафақат болалар, балки катталар — деҳқонлар, ҳунармандлар, руҳонийлар ва ҳатто жиноятчилар билан ҳам тўлиб борган. Улар бутун Францияни кесиб ўтиб, Марселга етиб келишган. Бу ерда улар (қандай ажойиб параллел!) тўлқинлар иккига бўлинишини ва уларни Қуддусга ўтказиб юборишини кутишган.
Лекин мўъжиза содир бўлмади. Денгизни сузиб ўтиш керак эди. Шунда Хуго Темир ва Вильгельм Чўчқа исмли савдогарлар ёрдамга келишди. Айтиш жоизки, машъум лақабли бу икки шайтоний шахс солномачининг уйдирмаси эмас. Уларнинг исмлари бошқа манбаларда ҳам тилга олинади. Маълумки, Фридрих II бу жиноятчи савдогарларни қўлга олиб, қатл эттирган. Ўшанда эса уларнинг тилидан бол томарди. Улар «Масиҳ ҳимоячиларини Худонинг мукофоти учун» олиб кетишга тайёр эдилар.
Улар болаларга ўзларида бўлган еттита кемага чиқишни таклиф қилишди ва Қуддусга олиб боришни ваъда қилишди. Бўрон пайтида иккита кема Сардиния қирғоқларида, Сан-Пьетро ороли яқинида ағдарилиб кетди; барча йўловчилар чўкиб кетди. Қолганлари мусулмонлар заминига етиб боришди. Фақат кемалар Фалантинга эмас, балки Жазоир ва Мисрнинг Искандария шаҳрига келиб тўхтади. Бу ерда болаларни қул бозорида сотиб юборишди. Қул қилинганлардан бири ўн саккиз йилдан кейин Европага қайтиб келди ва шерикларининг аянчли тақдири ҳақида сўзлаб берди. Унинг ўзи ўқишни билгани учун баъзи имтиёзлардан фойдаланган, кейинчалик эса озод қилинган эди. Бошқалар эса, агар тирик қолган бўлишса, ҳамон қул сифатида кун кечиришмоқда.
Бу воқеа ҳақиқатми? Сардиния қирғоқларидаги кема ҳалокати тўқима эмас. Папа Григорий IX (1227–1241) чўкиб кетганлар хотирасини ёд этиш учун Сан-Пьетро оролида ибодатхона қуришни буюрган. У ҳозиргача мавжуд.
Бироқ, тарихчилар бу ҳикоянинг ҳаммаси ҳақиқатга мос келишига ишончлари комил эмас. Эҳтимол, солномачи Альберих фон Труафонтен Европанинг адашган фарзандлари ҳақида ёзаётиб, бир ёзда содир бўлган иккита ўхшаш воқеани — Германиядаги Николас ва Франциядаги Стефан воқеасини аралаштириб юборгандир. Масалан, у кёльнлик солномачининг баъзи pueriлар Қуддусга сузиб кетиш орзусида Марселга етиб келгани ҳақидаги хабарини сўзма-сўз такрорлайди. Йилноманинг бу қисмида Альберих аслида Николас тарафдорларининг тақдири ҳақида гапираётган бўлиши мумкин. Улар — ва Николаснинг ўзи ҳам — қул бўлиб кетишган. Балки иккала юриш ҳам шундай якунлангандир. Эҳтимол, ишонувчан салибчиларнинг сотиб юборилгани ҳақидаги даҳшатли ҳикоя бу саргузашт иштирокчилари уйларига қайтмагач, пайдо бўлган миш-мишлардан туғилгандир.
Албатта, саволлар кўп. Аммо умумий манзара аниқ. Саккиз аср аввал Европа инқирозни бошдан кечираётган эди. Унинг аҳолиси доимий равишда ўсиб борарди. Тобора кўпроқ ёш, ғайратли одамларнинг на моли, на мулки бор эди ва улар кучларини қаерга сарфлашни билишмасди. Улар қатъият билан тарғиботчилар ортидан эргашишди. Бидъатчилар ва сектантлар сафи кенгайди. Оломонни дунёнинг чеккасига бўлса ҳам бошлаб кетишга тайёр бўлган ўзбошимча раҳнамолар пайдо бўлди. Бу одамлар ўз тарафдорларида очкўзликни уйғотишга ҳаракат қилишмади — ҳақиқий рицар-салибчилар бой ўлжа учун ҳар қандай мамлакат ва шаҳарни талон-торож қилишга тайёр эдилар ва уларда бу сифат етарли эди. Йўқ, уларни фақат ғоя руҳлантирарди. Улар насроний олами учун йўқотилган ерларни қайтаришни орзу қилардилар ва нари борса «ўша ердан бир парчагина» олишга умид қилишарди. Лекин улар на қурол ва на куч ишлатишни хоҳлашди. Улар фақат мўъжизага — «тоғлар ва денгизларни жойидан жилдирувчи» имонга таянишди. Уларнинг бу телбаларча режасида ўрта аср одами тафаккури жуда ёрқин акс этган. Бу давр жамоавий ҳаяжонлар даври эди. Худди улкан резонатор каби, оломон воизнинг ҳар бир сўзини, ҳар бир ҳаракатини кучайтириб берарди. Ва шунда минглаб одамлар, қарию ёш, Раббийга хизмат қилиш ва У йўқотган муқаддас қадамжоларни қайтариш учун уйларини, мол-мулкларини ташлаб чиқиб кетишди. Бўрон кўтарган тўлқинлар каби, «Масиҳ жангчилари» бутун Европа бўйлаб изғиб юришди. Уларнинг хаёлида мукофотлар эмас, фақат жасоратлар эди! Нима ҳам дердик, у пайтда жасорат кўрсатиш ҳар ким учун очиқ эди, чунки жасорат кўрсатиш ҳаёт қийинчиликларига чидашдан кўра осонроқ эди. Афсуски, уларга «ширинзабон фаришта» ваъда қилган Муқаддас заминга етиб бориш насиб этмади. Улар ишонишди, лекин имон уларни ҳеч қаерга олиб бормади.
Профессор Абу Муслим тайёрлади
