«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» ҳақида икки оғиз сўз
«Тузуки Темурий» («Темур тузуклари»), «Малфузоти Темурий» («Темурнинг айтганлари») ва «Воқиоти Темурий» («Темурнинг бошидан кечирганлари») номлари билан аталмиш бу асар эътиборга молик тарихий манбалар жумласидан. «Эътиборга молик» дегани-мизнинг боиси шуки, унинг нусхалари (қўлёзмалари ҳам, тошбосмалари ҳам) кўп тарқалган. «Темур тузуклари»ни бугун жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида, масалан, Совет Иттифоқи, Англия, Франция, АҚШ, Финляндия, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, қайси бир асар қимматли, амалда зарур бўлса, ундан кўпроқ нусха кўчирилган. «Темур тузуклари» ҳам шундай. У кўпроқ соҳиби тожларга керак бўлган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларнинг кўпчилиги бу ва шунга ўхшаш асарлардан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхоналарида асраганлар ва ижтимоий-сиёсий фаолиятларида улардан муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланганлар. Масалан, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳ Жаҳон (1628—1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821 — 1842) ва Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885—1910) чапдаст котибларига буюриб, «Темур тузуклари»дан ўзлари учун нусха кўчиртирганлари маълум. Кўчирганда ҳам зўр масъулият ва қунт билан кўчирганлар. Ҳиндистонлик муаррих Абдулҳамид Лоҳурийнинг (1654 й. вафот этган) «Подшонома»сида (мавлавий Кабириддин Аҳмад ва Абдураҳимлар амалга оширган нашр, Калкутта, 1866-1872 й., I жилд, 288-саҳифа) бундай гап бор: «Ҳижрий 1047 (милодий 1637—38) йили Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий деган шахс Шоҳ Жаҳонга «Тузуки Темурий»нинг форсийча таржимасини тақдим этган. Подшо таржима билан танишиб чиқиб, уни Декан фавждори (қози калони), истеъдодли ёзувчи Муҳаммад Афзал Бухорийнинг (1651 ёки 1652 й. вафот этган) қўлига тутқазган ва Шарафуддин Али Яздийнинг (1454 й. ва-фот этган) машҳур «Зафарнома» асарига солиштириб ва камчиликлари бўлса, тузатиб, хаттот ва муаррихлари ўзидан қўшган ортиқча жойлари бўлса ўчириб ташлашни буюрган. «Темур тузуклари»нинг шу кунларгача етиб келган қўлёзма ва тошбосма нусхалари ўша Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий таржимаси асосида яратилган. Бу — биринчидан. Иккинчидан, мазкур асар XVIII асрдан бери (балки, анча бурунрокдир, лекин бу ҳақда қўлимизда маълумот йўқ) дунё олимларининг диққат-эътиборини қозониб келади. Масалан, асарнинг матни, тадқиқот ва зарур илмий изоҳлар билан 1783 йилда Англияда, 1785 ва. 1891 йилда Ҳиндистонда, 1868 йили Эронда чоп этилди. Асар жаҳон тилларидан бир нечтасига: француз (1787), инглиз (1830), урду (1845), рус (1894,1934) ва эски ўзбек (1835,1857, лекин тўлиқ эмас) тилларига таржима қилиниб, нашр этилди. Унинг тошбосма нусхалари (Теҳрон— 1868, Тошкент — 1890 ва ҳ.к.) ҳам кенг тарқалган.
Қизиқ, бу тасодифийми ёки қонунийми — билмадим, «Темур тузуклари» ҳам, Ўрта Осиё заминида яратилган кўпгина ажойиб асарлар сингари, аввал ўзга юртларда, хусусан, Европада шуҳрат топди.
«Темур тузуклари» — подшоларнинг туриш-турмуш ва ахлоқ-одоб нормаларини белгиловчи рисоладир. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда жаҳон тарихида машҳур фотиҳ, саркарда ва истеъдодли давлат арбоби сифатида ном қолдирган Амир Темурнинг етти ёши (1342)дан то вафотига (1405 йил, 18 февраль) қадар кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, анйқроқ қилиб айтганда, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиш, феодал тарқоқликка барҳам бериш ва марказлашган давлат тузиш, қўшни юрт ва мамлакатларни, масалан, Эрон ҳамда Афғонистонни ўз тасарруфига киритиш, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон (1376—1395), бутун Европага қўрқув ва даҳшат солган Туркия султони Боязид Йилдирим (1389—1402)га қарши ва ниҳоят, буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Грузия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган.
Иккинчи қисм жаҳонгирнинг номидан айтилган ва унинг тожу тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панд-насиҳатларидан иборат. Унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнцнг маоши, мамлакатларни бошқариш тарти-би, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар хусусида гап боради.
Таъбир жоиз бўлса айтмоқчиманки, «Тузук» ёзиш одати Амир Темурдан аввал ҳам бўлган, кейин ҳам. Бу одат аслида хитойлардан ва турк-мўғул хонларидан қолган. Масалан, турк хоконларидан қолган «Қонуннома», Чингизхондан қолган «Билик», Хондамир (1474—1535) ёзган «Қонуни Ҳумоюн», Рузбехон (1458—1521 ёки 1530) нинг қаламига мансуб бўлган ва шайбонийлардан Убайдуллахоннинг топшириғи билан ёзилган «Сулук ал-мулук» (Подшоларга йўл-йўриқ) шулар жумласидандир. Бундай асарларда давлатни идора қилиш тартиб-қоидалари, турли мансаб эгалари вазифалари, хайри садақа қилиш тартиби, солиқ солиш ва уни тўплаш тартиби, ҳарбий юришларни ўтказиш ва қўзғолонни бостириш қоидалари баён этилади.
Мутахассис олимларнинг (А. А. Семёнов, Ч. Рье, Э. Г. Браун ва бошқалар) сўзларига қараганда «Темур тузуклари» бошда туркий тилда ёзилган ва унинг бир нусхаси Яман ҳокими Жаъфар пошанинг кутубхонасида сақланган. Юқорида номи тилга олинган Мир Абу
Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг форсийча таржимаси ана шундай туркийча нусхалардан бирига асосланган, албатта.
Асарнинг муаллифи маълум эмас. Бутун воқеа бир шахс — Амир Темур номидан ҳикоя қилинади. Аслида шундайми ёки Амир Темур айтиб турган, котиб ёзиб олганми, ё бўлмаса унинг айтганларини кимдир жамъ қилиб китоб тузганми, бу ҳақда қатъий бир фикр айтиш қийин. Шарқ мамлакатларида бу машҳур асар чиндан ҳам Амир Темур тарафидан ёзилганлиги ва унинг таржимаи ҳоли эканлиги эътироф қилинади. Чунончи, Сомийнинг «Қомус ул-аълом» (Истанбул, 1891. 1727- бет) асарида Амир Темур «Тузукот» унвонли қонунлар мажмуасини қаламга олиб, унда ўзининг таржимаи ҳолини баён этган» дейилган. Темур билан Тўхтамишхон ўртасидаги урушлар тарихини ёзган француз шарқшуноси М. Шармуа ва рус ҳарбий тарихчиси М. И. Иванин (1801 —1874) «Тузуклар»ни Амир Темур ўзи ёзган ва у муҳим автобиографик асар, деб айтганлар. Бироқ европалик бошқа бир гуруҳ олимлар (Э. Г. Браун, Ч. А. Стори, В. В. Бартольд) «Темур тузуклари»ни сохта асар, уни Амир Темур ёзмаган, дейдилар. А. Ю. Якубовскийнинг фикрича, асар XVIII асрда Ҳиндистонда ёзилган. Инглиз олими Ч. А. Стори юқорида номи зикр этилган Мир Абу ал-Ҳусайний ат-Турбатийни асар муаллифи деб тахмин қилган. Хуллас, қандай бўлмасин, асарни Темур ёки бошқа одам ёзганлигидан қатъий назар, у сохта эмас, балки чин асардир. Агар унда баён этилган воқеаларни Низомиддин Шомийнинг Амир Темур тарихини ўз ичига олган машҳур «Зафарнома»си ёки Шарафуддин Али Яздийнинг шу номдаги асари билан солиштирилса, бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Масалан, Шарафуддин Али Яздий шундай ёзади: «...шу тартибда улҳазрат (Амир Темур) ҳаётининг улуғ воқеалари ва кечинмаларини ўз ичига олган туркий манзума ва форсий асар, алоҳида-алоҳида назм ва [наср] тарзида тузилган эди».
«Темур тузуклари» ҳам феодализм жамияти шароитида битилган бошқа асарлар сингари ҳукмрон синфнинг мақсад ва манфаатларини кўзлаб ёзилган, ўша синфнинг дунёқарашини ифода этган. Асарда Амир Темурнинг ҳарбий юришлари бузуқ, одамларнинг кўпайишининг олдини олувчи ҳаракат деб, ўз озодлиги ва ватанининг мустақиллигини ҳимоя қилган халқлар эса кофир, бузғунчи, безори (авбош) деб аталган. Тобеликдан бўйин товлаган ёки шунга интилган не-не юртларнинг халқи «оқ уйлик» қилиниб, ўзга юртларга мажбуран кўчириб юборилган. Темурнинг ўзи эса одил ва инсонпарвар подшо сифатида тасвирланади, унинг шахси кўп жиҳатдан идеаллаштирилади.
Шунга қарамай, асарда фан учун муҳим маълумот ва фактлар кўп. Авваламбор, «Темур тузуклари» Амир Темурнинг тарихи, унинг замонида, аниқроғи, 1342—1405 йиллар орасида Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи, Темур ва темурийлар давлати ҳамда қўшинининг тузилиши, ўша йилларда Темур давлатининг қўшни мамлакатлар ва халқлар билан бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилади. Мен юқорида бу асарда муҳим ва оригинал маълумотлар кўп, деб айтдим. Буни мутахассисгина эмас, балки асарни холис ва синчиклаб ўқиган ҳар бир киши бемалол илғаб олиши мумкин. Шундай бўлса ҳам улардан айримларини мисол тариқасида қайд этиб ўтамиз.
Асарда айтилишича, давлат асосини ўн икки ижтимоий тоифа:
1) саййидлар, уламо, машойих, фозил кишилар;
2) ишбилармон, донишманд одамлар;
3) художўй, таркидунё қилган кишилар;
4) нўёнлар, амирлар, мингбошилар, яъни ҳарбий кишилар;
5) сипоҳ ва раият;
6) махсус ишончли кишилар;
7) вазирлар, саркотиблар;
8) ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, муҳандислар;
9) тафсир ва ҳадис олимлари;
10) аҳли ҳунар ва санъатчилар;
11) сўфийлар;
12) савдогар ва сайёҳлар ташкил этади. Унинг тақдирини эса уч нарса: подшо, хазина ва аскар ҳал қилади.
Иккинчи мисол. Қўшин асосан ўн, юз, минг ва туманга бўлинган, ўн кишилик ҳарбий бўлинма тепасида турган бошлиқ — ўнбоши, юз кишилик қисмнинг бошлиғи — юзбоши, минг кишилик қўшин етакчиси — мингбоши, туман бошлиғи нўён деб аталган. Асарда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ойлик маоши ҳам аниқ кўрсатилган. Масалан, оддий сипоҳий минган отининг баҳоси баробарида, баҳодирлар 2—4 от баробарида, ўнбоши қарамоғидаги аскарга нисбатан икки баробар кўп, юзбоши ўнбошидан икки баробар ортиқ маош олишган. Мингбошиларнинг маоши эса юзбошиникидан уч баробар ортиқ бўлган.
Учинчи мисол. Амир Темур ўзининг улкан империясини улусларга бўлиб идора қилди. Мовароуннаҳрдан бошқа унинг тасарруфида бўлган барча вилоят ва мамлакатлар тўрт улусга бўлинди. Темурнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгирга бир вилоят билан 12 минг кишилик қўшин, иккинчи ўғил Умар Шайхга Форс вилояти ва 10 минг аскар, учинчи ўғли Мироншоҳга Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон билан 9 минг кишилик қўшин, кенжа ўғли Шоҳрухга Хуросон, Журжон, Мозандарон, Сеистон билан 7 минг аскар берилди. Лекин улуслар гарчанд марказий ҳукуматга итоат этсалар-да, маълум мустақилликка эга эдилар. Улус ҳукмдорларининг алоҳида давлат аппарати, мустақил қўшини бўлиб, уларнинг марказий ҳукуматга тобелиги хирожнинг бир қисмини Самарқандга юбориб туриш ва олий ҳукмдор ҳарбий юришлар уюштирганда ўз қўшини билан қатнашиш ёки олий ҳукмдор талаб қилганда аскар юбориб туришдан иборат эди.
Тўртинчи мисол. «Тузуклар»да вазирлар, амирлар ва волийлар ҳақида ҳам муҳим маълумотлар келтирилган. Масалан, Темур давлатини етти нафар вазир:
1) мамлакат ва раият ишлари бўйича вазир (бош вазир);
2) вазири сипоҳ, яъни ҳарбий ишлар бўйича вазир;
3) эгасиз қолган мол-мулкларни тасарруф этиш ишлари вазири;
4) салтанатнинг кирим-чиқим ишларини бошқарувчи вазир, яъни молия ишлари вазири;
5, 6, 7) сарҳад (чегара) вилоятларининг ишларини назорат этиб турувчи вазирлар. «Вазирлар,— дейилади «Тузуклар»да,— салтанат устунларидир... [улар] мамлакат ободончилигини, раиятнинг тинчлигини, сипоҳларнинг бирлигини, хазина бойлигини доимо кўзда тутадилар. Давлат, салтанат ишларини юзага чиқаришда камчиликка йўл қўймайдилар. Салтанатга зарарли нарсаларни қайтаришда молу жонини аямайдилар».
Амирлар ҳақидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовор. «Тузуклар»да келтирилган маълумотларга қараганда, амирлар асосан ҳарбий кишилар бўлишган ва Амир Темурга тобеъ бўлган қирқ аймоқдан ўн иккитаси: барлос, арғин, жалоир, тулкичи, дулдой, мўғул, сулдус, тўғой, қипчоқ, арлот, тотор ва тархонлар ичидан сайлаб олинган. Амирлик рутбаси Амир Темур фаолиятининг дастлабки пайтларида у билан бирга бўлган 313 кишига берилган. Булардан юзтаси — ўнбоши, юзтаси — юзбоши, юзтаси — мингбоши, тўрттаси — бекларбеги, биттаси — амир ул-умаро (амирлар амири: бош амир) бўлган. Қолган саккиз мансаб, фикримча, сарой хизматида бўлган мансабдорлардан баъзи бирларига берилган бўлиши керак. Булардан бошқа яна ўн икки кишига биринчи, иккинчи... ўн биринчи, ўн иккинчи даражали амир деган унвон берилган. Ун иккинчи даражали амир одатда амир ул-умаронинг нойиби ҳисобланган. Ўн икки амирнинг ҳар бирига биттадан байроқ ва биттадан ноғора, амир ул-умарога бир байроқ, ноғора, туман — 10 000 кишилик қўшин, туғ ва чортуғ, тўрт нафар бекларбегининг ҳар бирига биттадан байроқ, ноғора, чортуғ ва бурғу берилган.
«Тузуклар»да вазирлар, амирлар ва ҳокимларга бериладиган инъомлар ҳақида ҳам гапирилган. Масалан, қайси бир амир бирон қўшинни енгса ёки мамлакат олса уни уч нарса:
1) туғ, ноғора ва баҳодирлик мартабаси;
2) давлат кенгашларига бемалол кириш ҳуқуқи;
3) бирон сарҳаднинг ноиблиги билан сийлаганлар.
Расмий маросимларда, яъни подшонинг олий мажлисларида ўлтириш тартиби ҳақида маълумотлар ҳам диққатга сазовор. Айтилишича, саййидлар, қозилар, уламо, фузало, машойих, улуғ ва олий табақадаги кишилар подшонинг ўнг тарафидан, амир ул-умаро, бекларбегилар, амирлар, нўёнлар, сардорлар, улус, тумонот ва қўшунот амирлари, шунингдек, мингбошилар, юзбошилар, мансаб ва мартабаларига қараб, подшонинг сўл тарафидан ўрин олганлар. Девонбеги ҳамда вазирлар — тахт рўбарўсидан, калонтарлар, кадхудолар — вазирларнинг орқасидан жой олганлар. Баҳодирлар, қиличбоз йигитлар — тахт орқасида, унинг ўнг тарафидан, қоровул-лар — тахт орқасида, унинг чап тарафидан ўрин олганлар ва ҳоказо.
Маълумки, Темур тузган қўшин ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг муқаммал ва кучли армияларидан ҳисобланади, унинг ташкилотчиси ва етакчиси эса тажрибали моҳир саркарда сифатида шуҳрат топди. «Темур тузуклари»да ўша қўшиннинг тузилиши, қуролланиьпи, ҳарбий санъати ҳақида муҳим маьяумотлар келтирилган. Хусусан, унинг жанг олдидан сафга тизилиши ва жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотлари ниҳоятда кимматлидир. Темур қўшинининг ўз даврига нисбатан нақадар мукаммал бўлганлиги асарнинг Фотиҳ Каримов матбаасида 1307 (1889—90) йили чоп этилган нусхасига илова қилинган карталардан ҳам яққол кўриниб турибди.
«Тузуклар»да Амир Темур даврида алоҳида ундириладиган солиқ ва жарималар ҳақида ҳам эътиборга молик маълумотлар бор. Ўша вақтларда солиқ тўловчи халқдан хирож, молу жиҳот, совурин, қўналға, бож, шилон пули сингари солиқ ва жарималар ундирилган. Солиқ ва жарималарни йиғиш ва харж қилишга алоҳида эътибор берганлар. «Хирожни йиғиш вақтида,— дейилади ушбу асарда,— икки вазир тайинлансин. Бири тўпланган молни ёзиб раият аҳволини текшириб турсин, бож олувчилар фуқарога зулм қилиб, уларнинг аҳволига хароблик етказмасинлар. Вилоятларда йиғилган тамом мол-ашёни кирим дафтарига ёзишлари лозим. Иккинчи вазир эса чиқим дафтарига ёзиб, йиғилган моллардан сипоҳ маошига тақсим қилсинлар». Шуни ҳам айтиш керакки, хирож баъзан суғориладиган ерлардан олинган ҳосилнинг учдан бир қисми, ёмғир суви билан битган ерларда умумий даромаднинг тўртдан бир қисми ҳажмида тўпланган.
Мен яна «Темур тузуклари»да тилга, олинган иккита масала устида қисқа тарзда тўхтаб ўтмоқчиман:
1. Асарда «турк-тожик» деган иборани икки-уч ерда, биринчи мақолада ҳам, иккинчи мақолада ҳам учратдик. Бунда Темур ва темурийлар давлатига қарашли ўлкаларда туркий халқлар билан ёнма-ён тожиклар ҳам истиқомат қилганликлари, улар ҳам бу давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида роль ўйнаганликлари кўриниб турибди.
2. Яна бир-икки жойда, хусусан, Амир Темур фаолиятининг дастлабки даври билан боғлиқ воқеалар баёнида, «ўзбеклар», «ўзбеклар жамоаси» деган атама ва иборалар учрайди. «Тузуклар»да айтилишича, улар ўша вақтларда ҳам Мовароуннаҳрда истиқомат қилганлар,. маҳаллий аҳолига, жабр-ситам ўтказганлар ва гўёки Темур улар билан курашган. Бу ерда, чамаси, бир вақтлар, аниқроғи, Ботухон замонида (1227—1255), 1251 йилдан бошлаб, Чиғатой улусининг ғарбий қисми (Мовароуннаҳр) Олтин Ўрданинг ҳарбий-сиёсий таъсири остига тушиб қолган кезларда, Дашти Қипчоқдан шу ўлкага кўчиб келиб қолган уруглар ва қабилалар хусусида гап бораётганга ўхшайди. Рашид уд-Диннинг (XIII аср) «Жомеъ ут-гаворих» ҳамда Ўтамиш ҳожининг «Чингизнома» (XVI аср бошида) асарида бу ҳақда ишончли маълумотлар бор. Маълумки, Дашти Қипчоқ аҳолиси, аниқроғи, унинг Оқ ўрда ва Шайбон улусида истиқомат қилган қисми XIV — XV асрларда ёзилган тарихий асарларда «ўзбек» номи билан аталган. Бундан ўзбеклар ХIV-ХV асрларда пайдо бўлган халқ экан, деган фикр-хаёлга бормаслик керак. Ўзбеклар ҳам, Ўрта Осиёдаги бошқа халқлар сингари қадимий халқ. Улар ҳам бақтрияликлар, сўғдийлар, шошликлар, хоразмликлар ҳамда парканаликларнинг авлоди ҳисобланадилар, лекин бошқа халқларда ҳам бўлгани каби, фақат уларнинг (ўзбекларнинг) номи кейинроқ пайдо бўлган. Бу — ҳаётий ҳақиқат. Одатда, халқнинг тарихи номидан бирмунча олдин юради. Буни мутахассис олимлар яхши биладилар. Ёки бу гаплар — «ўзбеклар», «ўзбеклар жамоаси» деган гаплар — асар форс тилига таржима қилинган пайтда юқорида номи зикр этилган Шоҳ Жаҳоннинг кўрсатмаси билан қўшиб қўйилган бўлиши ҳам мумкин, чунки Бобурийларнинг Шайбон авлоди ва кўчманчи ўзбекларга муносабати бизга яхши маълум.
Асарнинг ўзбекча таржимаси дастлаб «Гулистон» ойномаси саҳифасида чоп этилган. Лекин бу воқеа бундан қарийб 25 йил муқаддам — 1967 йили бўлган. Ўша таржима шарқ тилларининг билимдони Алихон Тўра Соғуний (1885—1976) тарафидан бажарилган эди. Мазкур таржима, таржимоннинг ўз сўзига қараганда («Гулистон», 1967, № 1,16—17-саҳифалар), Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бош идорасининг кутубхонасида сақланаётган нусха асосида амалга оширилган эди. Лекин мазкур нашр билан яқиндан танишганимизда унинг бир қатор жузъий камчиликлари аниқланди: биринчидан, ўшанда Алихон Тўранинг таржимаси маълум сабаблар билан тўла тарзда чоп бўлмаган экан. Иккинчидан, таржима эски ўзбек тилида бўлиб, уни бу тилдан хабарсиз киши махсус луғатларсиз ўқиб тушуниши қийин. Учинчидан, Алихон Тўра таржимасининг тушириб қолдирилган жойлари ҳам аниқланди ва ниҳоят, унинг кўп жойлари эркин таржима қилинган; матндан чиқиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди. Тўртинчидан, кўп ўринларда номлар ва атамалар нотўғри ёзилган. Домланинг таржимасини қайтадан нашр этиш масаласи ўртага қўйилганда унинг мана шу камчиликларини бартараф қилиш зарур деб топилди. Ана шу мақсадда «Тузуклар»нинг юқорида қайт этилган таржимаси асл нусха (Ўзбекистон ССР Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмаси, инв. № 8201) ҳамда унинг ҳижрий 1285 (милодий 1868) ва ҳижрий 1307 (милодий 1889—1890) йилларда чоп этилган тошбосма нусхалари билан солиштирилди ва Алихон Тўра Соғунийнинг таржимаси жиддий равишда тузатилди. Бу ўта оғир иш истеъдодли ёш шарқшунос олим Ҳабибулло Кароматов тарафидан бажарилди. Асарнинг мазкур нашри юқоридаги нусхалар асосида қайтадан таржима қилинди, десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Тарихий ва жуғрофий изоҳлар Б. Аҳмедов, Амир Темур шажараси эса Ҳ. Кароматов тарафидан тузилди.
Бу таржима «Шарқ юлдузи» ойномасининг 1989 йилдаги 8- сонида ўқувчиларга тақдим этилган эди. «Темур тузуклари»нинг ушбу нашрида эса журналхонларнинг мулоҳазалари ҳисобга олиниши билан бирга, матн мавжуд қўлёзма ва тошбосма нусхалари билан яна бир бор қиёслаб чиқилди, лозим топилган ўзгаришлар киритилди.
Нима учун аввал Темур ва темурийлар тарихига оид бошқа асар эмас, балки «Темур тузуклари» чоп этилаяпти деган савол туғилади. Биринчидан, бу фақат Амир Темурнинг таржимаи ҳолидан иборат асар эмас, балки Мовароуннаҳрнинг ҳали яхши ўрганилмаган қарийб 60 йиллик ижтимоий-сиёсий тарихи ҳамдир. Иккинчидан, бу асар Амир Темур асос солган нисбатан марказлашган феодал давлатнинг тузилиши, XIV асрда жаҳонга даҳшат солган Темур қўшинининг таркибй, феодал мунбсабатлари ва бошқа илмий масалаларни ўрганишда муҳим манба ролини ўташи мумкин. Қблаверса, у Темур шахсининг нақадар зиддиятли эканлигини очиб берадиган асардир.
Фикримча, бу асарни чоп қилиб тўғри иш қилинаётир. У авваламбор, тарихий ўтмишни билишни истаган кўп сонлик ўқувчи хоҳиш-истагининг инобатга олинингидир.
Бўривой Аҳмедов
БИРИНЧИ МАҚОЛА
ТАДБИРЛАР ВА КЕНГАШЛАР
Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни [кўнглини овлаб] дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу тадбир ва кенгашларни қўлладим.
Пирим Зайниддин Абубакр Тойбодий менга ёзмишларким, «Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни
1) кенгаш;
2) машварату маслаҳат;
3) қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик;
4) эҳтиёткорлик.
Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишлари ва айтган гаплари ри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан, салтанат бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юргизгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан. Шуни ҳам билишинг керакким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билап булгай. яна бир қисми билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. [Хуллас] бажарилиши шарт бўлган тадбирларнинг таърифидан ва зикридан сўнг [шуни таъкидлаш лозимки] қатъийлик, сабр, Чидамлилик, соғлиу сергаклик, эҳтиёткорлик ва шижоат билан барча ишлар амалга оширилур. Вассалом».
Мактубда ёзилмиш сўзлар эса салтанат ишларида мен учун энг тўгри йўлбошчи эди. Шунга кўра давлат ишларининг тўққиз улуши кепгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим. [Донишмандлар] демишларким, ўз ўрнида қилинган тадбир билан саноқсиз лашкар қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, беҳисоб лашкарни енгиб бўлур. Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон, мардлик ва ишжоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши, минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир. Чунки тажрибали бир киши минг кишига иш буюради. Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашқарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳининг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик [тангрининг] мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен икки юз қирқ уч киши билан кенгашган ва тадбир юритган ҳолда Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан қальа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Тангри таолонинг ёрдами етиб, узим кўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қальасини қўлга киритдим, сўнг Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлик аскар билан устимга бостириб келиб мени Қарши калъасида қамал қилдилар. Мен тангрининг мадади ва иноятига ишониб, тадбиркорлик ва эҳтиёткорлик ишлатган ҳолда қалъадан чиқдим ва [душман билан] бир неча маротаба жанг қилдим. Пировардида шу икки юз қирқ уч йигитим билан ўн икки минг отлиқ ғаним лашкарини мағлубиятга учратдим ва уларни бир неча фарсанг ергача қувиб бордим.
Яна менинг тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг кандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, акли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир. [Шу сабабли] пайғамбаримиз Муҳаммад, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, хар ишни кенгашган ҳолда қилдим. Хар вақт кенгашчилар йиғилиб, мажлис очилар экан, яхши-ёмондан, фойда-зиёндан, олдимиздаги ишларни қилиш-қилмасликдан сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Буларнинг сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мулоҳаза қилиб, фойда-зиёнларини кўнгилга келтирардим. Айниқса, ул ишни хатарли томонларига кўпроқ эътибор берардим. Агар икки хатарлик [ёки] бир хатарлик ишларни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарлигини ихтиёр этардим. Бунга мисол, Дашти Жете амирлари Туғлуқ-Темурхонга қарши исён туғини кўтардилар. Бу хусусда Туғлуқ-Темурхон мендан маслаҳат сўради. Агар ғанимни тор-мор этгали лашкар юборса икки хатар, ўзи борса бир хатар борлигини билдириб, унга йўл-йўриқ кўрсатдим. Менинг кенгашим билан даштга, исёнчилар устига ўзи бориб эди, барча ишлари мен айтганимдай бўлиб бажарилди.
Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, чинлик-чидамлилик кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоқни кўриб, ортини ўйлаган ҳолда охирига етказардим.
Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш эгалари бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасинлар.
Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири — тил учида айтилгани, иккинчиси — юракдан чиққани. Тил учида айтилганини [шунчаки] эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.
Агар [ғаним устига] лашкар тортмоқчи бўлсам, уруш-ярашдан ўртага сўз ташлаб, амирларим кўнгилларининг бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим, агар урушга мойил бўлсалар, унинг нафъ ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим, қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган [турумсиз] кенгашни эшитишдан сақланардим. Қайси киши ақлга сиққан бир ишни куйиниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.
Чунончи, Чингизхоннинг набираcи Туғлуқ-Темурхон Мовароуннаҳр мамлакатини босиб олиш қасдида қўшин тортиб, Хўжанд сувидан кечиб ўтгач, менга, амир Ҳожи барлос ва амир Боязид жалойир номига ёрлиқ жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилганди. Улар мен билан кенгашдилар. Ўз эл-улуслари билан Хуросонга кетиш ёки Туғлуқ-Темурхон олдига бориш ҳақида маслаҳат сўрадилар. Мен уларга шундай йўл кўрсатдим: Туғлуқ-Темурхоннинг ҳузурига борсангиз икки фойда, бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг [эса] икки зиёни, бир фойдаси бордир, дедим. Улар менинг кенгашимга кирмай [эл-юрти билан кўчиб) Хуросон томонга кетдилар. Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ-Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пирим (Тойбодий)дан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: «Тўртинчи халифа [ҳазрати Али ибн Абу Толибдан], унга тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон — камон, ер — камон ипи, ҳодисалар [ва офату кулфатлар эса] ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи-худойи таоло бўлса, унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қерга ҳам қочадилар? Халифа жавоб қилиб, одамлар тангрининг қошига қочсинлар,— дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ-Темурхоннинг олдига қочгил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олгил». Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ-Темурхон қошига боришга аҳд қилдим.
Лекин бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олға, кейин Қуръондан фол очардим ва Қуръон ҳукми билан иш қилур эдим.
Туғлуқ-Темурхон олдига боришдан аввал Қуръондан варақ очсам «Сураи Юсуф алаиҳи-с-салом» чиқди ва Қуръони мажид ҳукмига амал қилдим.