Ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советлари ўлка III съездининг материаллари бизгача тўлиқ етиб келмаган. Съезд ҳақида «Наша газета» саҳифаларида турли хабарлар чоп этилган. Воқеа иштирокчиларининг эсдаликлари ҳам узуқ-юлуқ, тугал маъно бермайди. Туркистонда Совет ҳокимиятини эълон қилган бу съезд тарихшунослигимизда кам ўрганилган. Ҳарҳолда, бизгача етиб келган материаллар шундан далолат бермоқдаки, съезд маълум даражада буюк давлат шовинизми руҳида ўтган. В. И. Лениннинг, марказнинг миллий масаладаги кўрсатмаларига амал қилинмаган. Ф. Колесов Ленинга йўллаган телеграммасида:
«Сизнинг барча йўл-йўриқларингизни амалга оширишни ўзимизга вазифа қилиб олдик. Бизнинг қўллаб-қувватлашимизга ишонаверинг» деса-да, аммо тескари иш тутган. Буни III съездда йўл қўйилган қатор хатолар, нуқсонларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, унда қабул қилинган «Ўлка ҳукуматини ташкил этиш тўғрисидаги декларация»да туб аҳоли, зиёли кучлар ўлка турмуши ва ҳаётини яхшилашда фаол қатнашишдан четлаштирилмаслиги, аксинча улар жалб этилиши, ижтимоий ҳаётга фаол аралашиши эътироф қилинганди. Аммо декларацияда бу муҳим эътирофни инкор этувчи бошқа фикр ҳам мавжуд эди. Чунончи, ҳужжатда олий инқилобий ҳукумат идорасига ҳозирча мусулмонларни жалб этиш мумкин эмас, чунки маҳаллий аҳоли ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари ҳукуматига ўз муносабатини тўла ва аниқ ифодалаган эмас. Маҳаллий аҳоли орасида пролетар синфий ташкилотлари етилганича йўқ дейилганди. Шу тариқа 1917 йил ёзидан бошлаб ўлкадан вужудга келган мусулмон Советлари, мусулмон меҳнаткашлари иттифоқлари ва уларнинг ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советлари билан ҳамкорликда олиб борган инқилобий фаолияти инобатга олинмаган. Қолаверса, бу вақтда инқилобий курашда синалган маҳаллий миллатларга мансуб зиёлилар, ҳатто ишчилар, большевиклар гуруҳи ҳам мавжуд эди. Буни инқилобий ҳаракатнинг йирик арбобларидан бири Д. И. Манжара ҳам тан блган эди: «Туркистон ҳукуматининг биринчи таркибига биронта ҳам ўзбек, туркман, қозоқ ёки қирғиз киритилмаганини қурултой қатнашчилари орасида муносиб номзодлар йўқ, деган баҳона билан оқлаш мутлақо асоссиздир».
Туркистон жумҳурияти Давлат ва ҳукумат ташкилотларига маҳаллий миллатлар вакилларини жалб этмасликдан иборат шовинистик йўл сўнгги йилларда ҳам давом этди. Турор Рисқулов, Назир Тўрақулов, Султонбек Хўжанов, Абдулла Раҳимбоев, Қайғисиз Отабоев, Иномжон Хидиралиев, Недирбой Ойтақов сингарилар Давлат ва ҳукумат бошқаруви идораларига 1920 йилдан бошлаб кўтарилган эди. Ўлкада фаолият кўрсатаётган Турккомиссия, Туркбюро, Ўрта Осиё бюроси раислари ҳам фақат европалик марказдан жўнатилган кишилардан тайинланган, ерли аҳоли вакилларидан эса бу ваколатли партия ва совет ташкилотларига жуда оз сонли одамлар киритиларди. Бунга эса тоқат қилиб бўлмасди.
Совет ҳокимияти қарор топган дастлабки кунларданоқ большевиклар Туркистонда миллий сиёсат борасида жиддий камчиликларга йўл қўйганини бошқа мисолларда ҳам кўриш мумкин. 1917 йил — 6-7 декабрда Скобелев шаҳрида бўлиб ўтган Фарғона вилояти шўроларининг IV қурултойида ҳозирги аҳвол, Туркистон мухториятига муносабат, вилоят ҳокимияти, вилоят Шўроси, матбуот нашри, мусулмон демократик кучларини вилоят ва ўлка ҳукуматига жалб этиш, вилоят кенгашини қайта сайлаш, жорий ишлар масалалари қизғин муҳокама қилинади, Ўлка Шўролари III қурултойидагидек, бунда ҳам большевиклар кўпчиликни ташкил қилиб, эсер, меньшевик ва бошқа партиялар вакиллари фикрига қулоқ солишмайди. Шу қурултойда Халқ Комиссарлари Кенгашининг барча халқлар ўз тақдирини ўзлари белгилаш, ҳатто Россиядан бутунлай ажралиб чиқиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги Петрограддан келган телеграмма ўқиб эшиттирилади.
Вакил Ҳ. Ҳусанбоев ўз сўзида мухторият яхши, аммо унга Таъсис мажлиси орқали эришиш керак, деб айтади. М. И. Подполяк: «Мен барча миллатлар ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлиш тарафдориман, бинобарин, Тошкентдаги Шўролар ҳокимияти Туркистон мусулмон меҳнаткашлари оммаси манфаатини ифодалай олмайди, бу аҳволга чек қўйилмас экан, биз европаликлар ўлканинг ташқарисида қолиб кетишимиз мумкин», дейди. Меньшевик Данишевский: «... большевизм қўяётган вазифаларни уддалаб бўлмайди биз бор имкониятни большевизм саҳнадан тушиб кетган чоғда ҳам инқилоб ғалабапарини сақлаб қолишимиз керак», деб таъкидласа, эсер М. Бризгайлов Қўқон мухториятини ёқлаб чиқиб, унга кўплаб мусулмонларни жалб этиш йўли билан бу ҳукуматни демократлашгириш мумкин, дейди. Дориомедов ҳам шу мазмунда гапиририб, қурулой вакилларини Қўқон мухториятчилари билан келишишга чақиради. «Буржуазия» ва «пролетариат» иборалари бирон нарсани тушунтира олмаслиги, улар вазиятни янада кескинлаштириб юбориши мумкинлигини айтади. Подполяк ўз нутқида Қўқон мухторятчиларини ҳимоя қилиб, аввалги «Ҳокимият Советларга» шиори бутунлай йўқ бўлиб кетди, бироқ мухторият мусулмон ташкилотларининг ўлкани, вилоятларни уездларни идора этишдаги иштироки билан амалга ошириши мумкин. Муваққат мухторият ҳукумати мусулмонлардан иборат заминга эга бўлмаса ҳам, рус демократиясидан ўзига таянч топиши лозим, дейди.
Аммо бу сингари тўғри фикрлар қурултой томонидан қўллаб-қувватланмасдан, большевиклар ва бошқа сўл кучлар тазйиқи билан Қўқон мухториятига қарши, ўлка Шўроларм III қурултойи қарорини ёқлаб чиқувчи қарорлар қабул қилади. Мусулмон аҳолисига ишончсизлик қурултойда шу даражага етиб бордики, Ҳ. Хусанбоев қарорни. Бир гуруҳ мусулмон вакиллари учун унчалик тушунарли эмас, деб қайтадан овозга қўйишни таклиф этганида, унга қарши Реутов: «Мусулмонларга ҳеч қандай резолюцияни тақдим этишнинг ҳожати йўқ, чунки улар, барибир уни тушуниб етмайди», деб жавоб қилади. Бундай мисолни Андижон уезд-шаҳар ижроқўми таркиби мисолида ҳам кўриш мумкин.
Миллий сиёсатда йўл қўйилаётган хатоларнинг сабабларидан бири миллий кадрлар етишмаслигида эди. Чунки кейинги 50 йил мобайнида чор мустамлакачилари ерли аҳолими сиёсий ҳаётга, давлат ишларини бошқаришга жалб этишга асло йўл қўймадилар. Мавжуд миллий кадрларни шовинизм, мустамлакачилик ҳиссиёти кучли бўлган европалик раҳбар кадрлар атай четлаштирардилар. Мустамлакачилик сиёсати бошқача шаклда — «Советлар» ниқоби остида давом этарди.
1919 йил 29 март куни мусулмон вакиллари «Дашноқцутюнь» арман инқилобий партияси Туркистон АССР Советларининг VII съезди ҳамда Туркистон Компартияси Марказий Комитети, Туркистон МИК номига норозилик хати топширади. Тўғри, бу ҳужжатда ерли раҳбар ходимларнинг дашноқлар ҳақидаги мулоҳазалари айнан эмас, шарҳланган ҳолда келтирилган. Шундай бўлса-да, 1918 йилда коммунистик партия сафига кирган, «Қўқон меҳнаткашлари Иттифоқи» раҳбари, Қўқон шаҳар Ижроия Комитети ва Фарғона вилояти партия комитети аъзоси Мирзараҳмон Мусахонов анжуманда Қўқон воқеаларининг сабабчиси арманлар бўлди, чунки улар ўша пайти нуқул ароқ сотиш билан шуғулландилар, деган эди. Наманганлик большевик Иномжон Низомбоев «Дашноқцутюнь» партиясини қуролсизлантириш йўли билангина мусулмон аҳолисини ҳалокатдан қутқазиб қолиш мумкин, деб ҳисобласа, вакил Садиров: мусулмон коммунистлари ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида қалъа сари жўнаганларида йўлда қизил гвардиячилар томонидан ўққа тутилди, икки коммунист ўлдирилди ва ўлганлар устига қалбаки карточка қўйилиб, гўё уларни босмачилар ер тишлатганига ишонтирмоқчи бўлдилар, дея таъкидлайди. Туркистон Марказий Ижроия Комитети ҳамда жумҳурият Фавқулодда Комиссияси аъзоси Ҳ. Ҳусанбоев ўз сўзида: «...ўз қуролимиз билан ўзимизни қирмоқдалар, ҳатто мусулмон пролетариатининг ғоявий курашчиларини ўлдириб юбориш учун душманлар қўлига тутиб бермоқдалар», дейди. Яна бир вакил Қирғизбоев Наманган ёнидаги Балиқчи қишлоғида, асосан арманлардан таркиб топган гуруҳнинг тинч аҳолига нисбатан зўравоник қилганини далиллар билан исботлашга уринади.
Дашноқларнинг ерли халққа ўтказаётган зўравонлиги ҳақидаги масала бошқа йиғинларда ҳам кўтарилган эди. Наманган Совети буйруғига кўра, шубҳали одамларни қўлга олиш учун Самсон Давидянц Қўқон воқеасидан кўп ўтмай ўз гуруҳини Учқўрғонга етаклаб келади. Аммо у бу гуруҳи билан талончилик қилади, мусулмонлар устидан зўравонлик ўрнатади. Аҳолининг қонуний талабига биноан С. Давидянц вазифасидан озод этилади, гуруҳи эса тарқатиб юборилади. Шундан сўнг у Андижонга келиб, Андижон Совети рухсати билан янги бир бўлинма тузади. Бу ерда ҳам қатор ноўрин ишларни амалга оширади. Унинг жиноятлари фош этилиб, ҳибсга олиш ва судга беришга қарор қилингач, дарҳол яшириниб, қонуний жазодан қутулиб қолади.
Шу боисдан Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Совети раиси В. Д. Фигельский 1918 йил 8 декабрда Андижон шаҳар коммунистлари йиғилишида қилган маърузасида Андижон, Наманган, Қўқон Совётлари Таркибида дашноқлар борлигини кескин танқид қилади, уларни тез орада Советлардан қувиш, Советларга арман ишчиларидан жалб этиш кераклигини айтади. Мангельдин ўз нутқида Наманганда арманлар пайдо бўлиши ҳамоно ўзбеклар билан арманлар ўртасида можаро келиб чиқди, дейди. Сайдисултон Сайдалиев Фарғона босмачилар тўдалари ҳеч қачон ғазавот эълон қилганлари йўқ, бу ҳақдаги миш-мишларни арманлар, «Дашноқцутюнь» партиясидагилар тарқатмоқдалар, деб изоҳ беради.
Туркистон Советлари VII съезди миллатлар иши бўлмиш аъзоларининг деярли ҳаммаси «Дашноқцутюнь» партияси, умуман арманларнинг барчаси Фарғонада Совет ҳокимиятига хоинлик қилиб, босмачи тўдалари ташкил этиб, мусулмон аҳолисикинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлди, деб таъкидлайдилар.
1919 йил апрель ойи бошларида Андижоннинг Жоме мачитида кўпминг кишилик меҳнаткашлар митинги бўлиб, унда босмачилар, дашноқлар азобидан қутулиш масалалари муҳокама этилади, Жумҳурият Марказий раҳбариятига Андижондаги даҳшатли воқеаларни етказиш ва унга қарши курашда ёрдам талаб этиш мақсадида митингда Акбар Ўрозалиев, Мухтор Олимов, Мадаминбек Битбеков, М. Шарифхўжаев, Ёқубжон Исақуловдан иборат комиссия тузилади. Улар Тошкентга келиб Андижон уездидаги аҳволни ёзма ва оғзаки равишда юқори партия ва Совет органлари раҳбарларига маълум қиладилар.
Фарғона фронтини тугатиш, мусулмон камбағалларини босмачилар тўдаларидан ажратиб олиш ва уларни Советлар ҳокимияти томонига жалб этиш, бунинг учун эса Эргаш, Мадаминбек, Холхўжа бошлиқ босмачилар тўдаларида иштирок қилаётган барча мусулмон меҳнат аҳлига авф бериш, уларнинг Совет ҳокимияти тарафига ихтиёрий ўтишини таъминлаш, хавфсизлиги учун тўла кафолат бериш, вайрон бўлган хўжаликларини тиклаб олиш учун моддий ёрдам кўрсатиш зарурлиги РКП(б) Ўлка комитети ва Ўлка коммунистлари мусулмон бюросининг 23 апрелдаги қарорида ўз аксини топган. Шунингдек, унда Совет ташкилотларини ёт унсурлардан тозалаш, Қизил Армия қисмларида тозалов ўтказиш, уларни иғвогар, фитначилардан халос этиш, «дашноқцутюн»чиларни ҳайдаб юбориш ҳам белгиланган эди.
1919 йил 9 майда Туркистон АССР Советлари Марказий Ижроия Комитети ва Халқ Комиссарлари Советининг «Босмачилар тўдаларида қатнашган Фарғона меҳнаткаш аҳолисига авф бериш тўғрисида»ги мурожаати эълон қилинади. Андижонлик вакиллар талабига кўра Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Совети раиси К. Е. Сорокин (комиссия раиси) миллатлар иши бўйича халқ комиссари С. Турсунхўжаев, РКП(б) Ўлка Мусулмонлар Бюроси раиси Т. Рисқулов, Туркистон Марказий Ижроия комитети аъзолари Ҳ. Ҳусанбоев, В. Билик, Аббосхўжаевдан иборат фавқулодда комиссия тузилади.
Комиссия Фарғона водийсида катта фаолият кўрсатиб, партия, совет ва ҳарбий муассасаларни ёт унсурлардан тозалаш, дашноқларга зарба бериш, мусулмон аҳолиси билан расмий ҳукумат ташкилотлари муносабатларини яхшилаш, миллий кадрларни бошқарув ишига кенг жалб этиш борасида талай ишларни амалга оширди. Улар Қўқон, Марғилон, Скобелев, Андижон, Наманган, Ўшда бўлишиб, митинглар, мусулмон коммунистларининг йиғинларини ўтказиб, партия, Совет қурилишида, босмачилар ва дашноқларга қарши курашда катта ташкилотчилик ишлари олиб бордилар. Аммо халқнинг адолат ўрнатиш борасидаги кураши шу билан тўхтаб қолган эмас.
1919 йил 12 майда Андижон шаҳар мусулмон коммунистларининг умумий йиғили-ши бўлиб, унинг кун тартибига:
1. Марказий-ўлка ҳукумат вакиллари маърузаси;
2. Мусулмон Совети ташкил этиш;
3. Партия дружинаси ташкил этиш;
4. Коммунистлар мусулмонлар фракциясига назоратсиз Марказ ва телеграф орқали алоқа боғлашга эришиш;
5. Қароқчи тўдаларни тугатиш борасида чоралар кўриш;
6. Вилоят конференциясига вакиллар сайяаш;
7. Митингни белгилаш тўғрисидаги масалалар қўйилган эди.
Йиғилишда нотиқлар Фарғонада, жумладан Андижондаги оғир аҳвол сабабларини очишга ҳаракат қилдилар. С. Турсунхўжаев Совет ҳоқимияти ғояси, большевизм мезонларини тушунтириб, Фарғонада Советлар таркибида порахўрлар ўрнашиб олгани, оддий мусулмон омма большевикларни босқинчилар, талончилар деб билаётганини айтади. Большевизм ниқобини кийиб олиб, амалда аҳолини талаётганлар Совет идораларидан қувилмоғи зарурлигини таъкидлайди. У: «Сизларнинг вакилларингиз Тошкентга келиб, Фарғонадаги аҳвол манзарасини чизиб бердилар, мусулмон пролетариати билан маҳаллий ҳукуматнинг ўзаро муносабатларидан хабар топгач, биз бу ерда рисоладагидек ҳаёт ўрнатиш учун етиб келдик. Вакилларингиз нима айтган бўлса, ҳаммаси тўла ҳақиқат эканлигига гувоҳ бўлдик, токи Фарғона мусулмон пролетариати учун муносиб шарт-шароит яратмагунимизча биз бу ердан кетмаймиз. Сизлар коммунистлар ташкилоти сифатида аллақачон безорилар билан курашиш чорасини кўришингиз лозим эди, амалда эса Сизлар қоғоздаги ташкилотгина бўлиб қолгансиз», дейди.
С.Турсунхўжаевнинг коммунистлар фракцияси йўлтўсар, қароқчиларни тугатишда ҳеч қандай иштирок этмаяпти, деган сўзига А. Ўрозалиев шундай жавоб беради: «Бу борада фракцияни айблаш мумкин эмас, чунки бир неча бор ҳукумат аъзоларига бизларни қуроллантириш зарурлигини ва босқинчиларга қарши курашда иштирок этажагимиз тўғрисида мурожаат қилганмиз, аммо бу таклифларимизга ҳукумат заррача эътибор бермади».
С. Тўхтабеков ўз сўзида А. Ўрозалиевни маъқуллаб, Турсунхўжаевнинг мусулмон большевиклари босқинчилик ҳаракатини тугатиш учун чоралар кўрмаяпти, деган фикрига қўшилмайди. Янги шаҳардаги большевиклар мусулмон большевикларига ишонмаслигидан, умумий офатга қарши курашдан тўлалигича четлаштириб қўйилдик, шу боисдан ўлка комиссарининг бизга билдирган таънаси ўринсиздир, деб айтади. Иброҳимов ҳам бу фикрни маъқуллаб: «Турсунхўжаевнинг бизга қилган таънаси ўринсиздир, биз ҳукуматга бир неча бор мурожаат этиб, шаклланиб келаётган босқинчилик ҳаракатларини тугатиш учун чоралар кўришни талаб қилдик. Аммо номаълум сабабларга кўра, ҳукуматдагилар бирон чора кўрмадилар. Янги шаҳардаги ўртоқларнинг бизга ишонмаганлигини исботлаш учун бир воқеани келтираман. Андижон шаҳрининг катта оқсоқоли Мирали Умарбоев митингларнинг бирида Қўқон қишлоқда босқинчилар томонидан ўлдирилган 170 кишининг мурдасини топиб келишини айтиб, ўз йигитларини ҳукумат қуроллантиришини илтимос қилди. Бунга ҳам ҳукуматдагилар ишонмадилар, таклиф қайтарилди. Большевикларни байналмилалчилар деб атайдилар, агар бу тўғри бўлса, уни озиқ-овқат бўлимида текшириб кўриш қерак, шундагина байналмилаллика риоя қилиняптими ёки йўқми, билиш мумкин. Большевиклар босқинчи эмас, талончи ҳам эмас, чунки улар сафида жуда кўп инсофсиз, ярамас одамлар бор, улар Совет ҳокимиятини ҳимоя қилиш байроғи остида қабиҳ ишлар қилмоқда», деб айтади. С. Тўхтабеков қайтадан мусулмон Совети ёки инқилобий қўмита ташкил этиш зарурлигини таъкидлаб, ахир Андижон уезди қишлоқларидаги аҳоли на босқинчиларга, на Совет ҳокимиятига бўйсунишни билмаяпти, деб айтади. (Андижон вилоят давлат архивй, 196-фонд, 2-рўйхат, 189-иш, 191—195-бетлар). Афсуски,талон-торож, зўравонликни ўз кўзи билан кўраётган халқ большевикларга ишонмай қўйган эдилар.
Жойлардаги совет қўшинлари штаблари таркиби ҳам мутлақ европаликлардан иборат эди. Масалан, Андижон штабида (1919 йил 4 апрелдаги ҳолат бўйича) штаб бошлиғи В. Н. Сидоров, шаҳарни мудофаа қилиш бошлиғи Александровский, коммунист-большевиклар фракцияси раиси А. П. Салаев, штаб аъзолари эса Гроссман, Айдинов, Козлов, Корсанов, Висоновлар эди. Ўз-ўзидан савол туғилади: ўлка кимники ўзи?
Туркистонда ленинча миллий сиёсат бузилиши, маҳаллий аҳолининг ҳар жиҳатдан камситилиши, кадрлар масаласида европаликлар билан маҳаллий аҳоли ўртасидаги мутаносиблик йўқлиги Туркистон миллий раҳбар кадрлари томонидан бир неча бор марказий партия ва ҳукумат раҳбарларига билдирилган эди, Афсуски бу гал ҳам ҳёч қандай чора кўрилмаган.
1919 йил 7 май куни В. И. Ленин ҳинд миллий-озодлик ҳаракати арбоби, профессор Муҳаммад Баракатуллони қабул қилади. У Москвага афғон амири топшириғига кўра норасмий визит билан келган эди. Суҳбат РСФСР ва Афғонистон ўртасида, дўстона муносабатлар ўрнатиш имкониятлари, Шарқдаги аҳвол тўғрисида борганди. Афтидан ўзаро фикр алмашув чоғида Туркистондаги аҳвол масаласи ҳам кўтарилган. Чунки М. Баракатулло Москвага бораётиб, Тошкент ва бошқа шаҳарларда бўлиб, Туркистонда рўй бераётган воқеалар билан анча қизиққан. Шу боисдан М. Баракатулло 9 майда «Туркистондаги кенг мусулмон оммани Совет ҳокимияти томонига оғдириш мақсадида бажарилиши зарур бўлган ишлар ҳақида мулоҳазалар» ёзган. Уни айнан келтирамиз, чунқи бу ноёб ҳужжат ҳам Туркистоннинг оғир қисматини маълум маънода кўз ўнгингизда гавдалантиради. «Ўртоқ Ленин билан учрашган пайтда, мен унга Шарқ бўлимининг мудири ўртоқ Вознесенский ҳамда Туркистон мухтор вакили ўртоқ Юсупов иштирокида Марказий Осиёнинг кенг мусулмон оммасини Совет ҳокимияти томонга оғдириш, мусулмонларнинг Туркистондаги рус ҳокимиятига азалий ишончсизлиги ва Совет бошқарувининг моҳиятию юксак вазифаларини тушунмаслик оқибатида келиб чиқадиган қайғули воқеалардан ўзимизни асраш учун нималар қилиш кераклиги борасидаги ўзимнинг самимий фикрларимни билдирдим.»
Комил ишонч билан айтаманки, тавсияларим орқа томонни мустаҳкамлаш учун Афғонистон, Ҳиндистрн, ҳамда Эронда инглизларга қарши фаол ҳаракатлар бошлангунга қадар амалга оширилиши зарур.
1. Туркистонда этнографик негизда ҳақиқий мухторият ўрнатиш зарур. Бунинг учун Туркистон жумҳурияти тўққиз ички мухтор вилоятдан иборат бўлиши керак:
1. Кавказ-орти.
2. Самарқаид, Амударё бўлими билан бирга,
3. Сирдарё,
4. Фарғона,
5. Ёттисув,
6. Тўрғай.
7. Оқмўла,
8. Семипалатинск,
9. Қуйи Ўрал, Букеев ўрдаси билан.
2. Мусулмон аҳолисининг руслардан анча кўплиги туфайли мазкур вилоятлар Советлари таркибига ҳеч бўлмаганда мусулмонларнинг руслар билан тенг даражада киришига йўл қўйиш; комиссарларнинг ҳам ярми мусулмонлардан бўлиши керак.
3. Ҳар бир вилоят ўзининг ички бошқарувида мухтор бўлиши керак.
4. Туркистоннинг Марказий бошқаруви ва Туркистон Марказий Ижроия Комитети тенг иштирокида тузилади; ярми рус, ярми мусулмон.
5. Ҳозирги пайтда тузилган Туркистон ишлари бўйича комиссия беш кишидан эмас, ўн кишидан иборат бўлиши керак, айни пайтда вакиллик нисбати ҳам сақланиши зарур; бежрус ва беш мусулмон кириши лозим.
6. Шу йилнингг бошида нодонлик туфайли ёки ёвуз ташвиқот оқибатида аксилинқилобий характерларда иштирок этган Қўқон аҳолиси ва туркистонлик ерли аҳолига авф инъом этиш зарур. Қўқонга мазкур авфдан аҳолини хабардор этиш ҳамда сўнгги бошпанасидан ҳам айрилган жабрдийдалар ўртасида тарқатиш, вайрон қилинган хўжаликни тиклаш учун бироз пул маблағини (бунинг учун зарур маблағ, фикримча, ўн миллион сўмни ташкил қилади) тақсимлагани махсус шахс юборилиши керак.
7. Юқорида тилга олинган барча тадбирларни иложи бўлса, ўртоқ Ленин ҳамда Сталиннинг Марказий Осиё мусулмонларига мурожаати тарзида тантанали эълон қилиш зарур. Бу улкан таассурот уйғотади ва мусулмонларда қўрқинч туғдирадиган, уларнинг қалбида Совет сиёсатининг самимийлигига ишончсизлик уруғини сочадиган импералистик фитналарга бутунлай барҳам беради.
Юқорида баён этилганларни қараб чиқишингиз ва умумий иш манфаатида чора-тадбирлар белгилашингизни илтимос қиламан».
М. Баракатулло 1919 йил 9 май, Москва.
1919 йил октябрида Андижон мусулмон йўқсиллари номидан Ёқубжон Исоқулов, Султонмақсуд Холботиров, Илья Григорьевич Смирнов (ижроқўм раиси, Туркистон Марказий Ижроия Комитети аъзоси), Латифжон Содиқбоев ва бошқалардан иборат вакиллар Тошкентга келиб, Фарғонада, хусусан Андижон уездида юз бераётган ғоятда оғир сиёсий-ҳарбий, миллий аҳвол ҳақида жумҳурият партия ва Совет раҳбариятига ёзма баённома топширадилар. 1 ноябрда Ўлка партия қўмитаси ижроия бюроси, Туркистон Ўлка мусулмонлари бюросининг андижонлик вакиллар иштирокидаги йиғилиши бўлиб, унда баённома кенг муҳокама этилади. Унга Т. Рисқулов раислик қилади. Йиғилиш Фарғонадаги оғир аҳволни эътиборга олиб, бу ерда мустаҳкам сиёсий ҳукумат йўқлиги, ҳарбий ҳокимият маҳаллий шароитни, миллий муҳитни ҳисобга олмасдан ўзича салбий ишлар юритаётганидан келиб чиқиб, фавқулодда инқилобий қўмита ташкил этишга қарор чиқарди. Инқилобий қўмита Фарғона вилоятида ўтказиладиган барча тадбирларга раҳбарлик қилиш, Совет ташкилотларини назорат ва тафтиш этиш, бу ташкилотларни, ҳарбий қисмлар сафини.Советларга қарши аксилинқилобий унсурлардан тозалаш, шароит тоқазо этса Советларни тарқатиб юбориш ҳарбий мансабдор шахслар билан биргаликда фронтни тезроқ тугатиш, ҳатто айбдор, бўйсунмовчи шахслар, муассасаларни ҳарбий судга, инқилобий трибуналга бериш ҳуқуқига эга эди. Афсуски, фавқулодда инқилобий қўмита ҳам ўз ҳуқуқларидан тегишлича фойдалана билмади. Амалий натижа кўплар кутгани каби чиқмади. (Қаранг: Т. Рисқулов. Революция и коренное население Туркестана. Ташкент. 1925, 109—110-бетлар).
Босмачилар бошлиқлари билан яраш битими тузиш тўғрисида олиб борилган музокаралар ва уларнинг материаллари ҳам кенг оммага етказилишини ўринли,-деб ҳисоблаймиз. Чунки улар билан танишган ўқувчи бизнинг фикрларимиз қуруқ эҳтиросдан иборат эмаслигига ишонч ҳосил қилади. Совет Армияси Марказий Давлат ҳужжатгоҳининг 110-фонди, 1-рўйхат, 15-ишида Наманган уезд-шаҳар инқилобий қўмита аъзоси Имомжон Низомбоевнинг 1919 йил 19 декабрда Мадаминбек билан олиб борган музокарасининг тафсилоти ҳақидаги баённомаси сақланмоқда. Уни айнан келтирамиз: «Ревком томонидан берилган топшириқни бажариш учун беш вакил билан биргаликда 19 декабрь эрталаб Намангандан Жийдакапа қишлоғи орқали Андижон уездига Ҳожимат эшон ҳузурига йўл олдик. Дарёдаги кўприккача ҳеч кимни учратмадик. Қайиқда дарёдан ўтгач, бир нёча қуролли кишиларга дуч келдик. Улар Бойтуманнинг йигитлари экан. Улардан бири Бойтуманнинг аҳволини сўради. Яхши юрибди, деган жавоб олгач, йигитлар бизга Бойтуман Парвардигори оламга ишонмайдиган худосизларга қўшилди, деди. Салла ўраб олган бўлсам ҳам йигитлар шахсан менга ҳайвонга қарагандек назар солишди. Андижоннинг у тарафидаги бутун қирғоқ пахта тойлари билан тўсиб ташланган. Дарёдан ўтгач, Ҳожимат эшоннинг ҳузурига жўнадик, бироқ у киши уйида йўқ экан. Йўлда унинг ўғлига дуч келдик.
У билан бориладиган жойга кундузи соат 4 ларда етиб бордик. Етиб келиб уловимизни тўхтатдик, бироқ аравадан тушмадик. Мачит олдида тумонат одам йиғилганди. Сал фурсат ўтиб қуролланган йигитлари билан қўрбоши келди, унинг ёнида қандайдир ўрис ҳам бор эди. Уни мен Наманганда кўрмаганман. Бизни мачит ёнидаги ҳужрага таклиф этишди. Ҳужрада ўтирганимизга ярим соатлар бўлганда даврада ўтирганлар ворис келяпти, деб қолишди. Ташқарида карнай-сурнай чалинарди. Ҳужрадан ташқарига чиққанимизда қўлида яланғоч қилич тутиб олиб одамларга эсларини йиғиш, имондан айрилмаслик ҳақида ваъз айтиб келаётган мулла йигитни кўрдик. Унинг ортида от миниб Эшон ҳамда 4-5 нафар афғон қеларди. Уларнинг баъзилари ҳарбийча кийинган; баъзилари эса чопон кийиб олган эди. Тантанани кўриб бўлгач, ҳужрамизга қайтиб қирдик. Келганлар қўшни ҳужрага жойлашишди. Халқ ворисни ҳамда Эшонни тўлқинланиб, тиз чўкиб, уларнинг хоки пойи, тўнларининг барини ўпиб кутиб олишди. Эшон билан бирга келган кимлигини сўраган эдик, афғонистонлик ворис деган жавоб олдик. Мачитда шовқин-сурон авжига чиққан, куй-наво тинмас эди. Эшонга Намангандан элчи бўлиб келганимизни етказгач, у киши бизни ҳовлига таклиф этди. Салом-аликдан сўнг у кишига ташрифимиз боисини англатиб, яхшилаб кенгашиб олиш истагимизни билдирдик. Эшон холи бўлган заҳоти ҳузуримизга ташриф буюришини айтди. У киши кеч соат еттиларда ҳужрамизга кириб келди. Мен у кишига ҳозирги аҳвол ҳақида гапирдим, ақлга тўғри келмайдиган йшлар бўлаётганлиги, бекорга қон тўкилаётганини айтдим, келишдан мақсадимни тушунтирдим.
Совғаларни ва ревкомнинг хатини топширдим. Эшон хатни ўқиб беришни илтимос қилди. Мен у кишининг илтимосини бажардим. Шундан сўнг Эшон хатни мендан олиб, жавоб қилиб олиб қолди. Хат ўқилаётганда Эшбн уни диққат билан, ҳатто йиғлаб туриб эшитди. Эшон хатни олиб туриб менга унинг мазмунини тушундим, агар мусулмонлар бирлашса нур устига нур бўларди, деди. «Бекнинг ҳузурига борамиз, унга ҳаммасини айтиб берасизлар», деди Эшон. Биз рози бўлдик, Бизга таом келтиришди. Дастурхон устида Бек ҳузуримизга мирзосини юборганини эшитдик. Эшон билан бир бор маслаҳатлашиб, боришга қарор қилдик. Эшон бизнинг тўла хавфсизлигимизга кафиллик берди. «Бек сизларнинг бир тукингизга зиён ётказишдан олдин менинг ва ўн икки ўғлимнинг бошини олади», деди Эшон. У кишининг маслаҳати билан келтирган совғаларимиз — қўй ва читларимизни олиб, икки йигит кузатувида аравада йўлга чиқдик. Эшон билан афғонистонлик ворис от миниб олдинда кетишди. Бек Эшон турган жойдан 8 чақирим нарида, Қоратерак қишлоғида манзил тутган экан. Бироқ йўл лой бўлиб, қоронғида аравада юриш мушкул бўлганлиги туфайли унинг кўп қисмини пиёда босиб ўтишга тўғри келди. Манзилга кечаси соат 12 да етиб бордик. Йўлда, деярли ҳар чақиримда 3—4 қуролли қоровулга дуч-келдик. Улар ҳар гал бизни тўхтатиб сўроқ қилишди. Биз етиб келган саройда 40—50 отга кўзим тушди, Айвоннинг ичида анча одам тўпланган эди, бироқ аниқ қанчалигини айтолмайман, чунки зимистон эди. Биз Бек яшайдиган болахонага кўтарилдик, у бизга пешвоз чиқиб хонасига таклиф этди.
Хонада биздан ташқари Ҳожимат эшон, афғонистонлик ворис ва яна бир киши бор эди. Ўтирганимиздан кейин афғонистонлик бизнинг кимлигимизни суриштирди. Бизнинг муллалар учовимиз мулла, икковимиз бой бўлиб, Наманган аҳлидан вакил эканимизни айтишди. Бек: Ҳукуматнинг вакили ким? деб сўради. Мен турдим ва ревкомнинг раисимисиз деган саволга йўқ аъзосиман, деб айтдим. Бек кескин, заҳархандалик саволлар берди. Муллаларимиз келишдан мақсадларини баён қилишди. Мен сўз сўраб ҳозирги аҳвол ҳақида гапира бошладим, бироқ Бек сўзимни кесиб, сиз мусулмонга ўхшаш учунгина салла ўрагансиз, деб таъна қилди, тапга уста экансиз, лекин гапга чечан одамлар бизга эмас, большевикларга керак, деб айтди. Мени ўзларингизга қўшилишни, сизлар билан ярашишни таклиф этиб келибсиз, деб давом этди Бек, шартларингиз ва неки истагингиз бўлса айтинг. Мен шу кунларда Мусулмонлар яхши яшаётганлигини, оқ-пошша давридаги ўзбошимчаликлар йўқлигини айтдим. Шуролар йўқ қилингани, 2 европалик ва 2 мусулмондан иборат ревком тузилган ишлар изга тушаётганини билдирдим. Бек айнан ким ревкомга қирганини сўради: мен бирма-бир айтдим. Менга ҳамроҳ бўлган муллалар ревкомга кирганини, у ердан жуда яхши таассурот билан чиқишгани, ўзлари билан хушмуомала, дўстона ва эътиборли муносабатда бўлишганини айтишди. Ревком шариат буюрганига қарши бормаслиги ва бу масалага аралашмаслигини айтганда, Бек большевиклар ваъдани кўп беришади-ю, лекин ваъдаларининг устидан чиқишмайди, ана, улар завод, пахта, молларни олиб қўйишяпти, нима, бунга шариат йўл берадими, деб муллаларга мурожаат қилди, Муллалар йўқ деб жавоб қайтаришди. Мен Бекка жуда кўп моллар, от-аравалар, ем ва бошқа нарсалар тортиб олинган, бу олдин бўлган эди, бу ишни ҳукуматда ўтириб олган безори ва жиноятчи унсурлар қилишган, ундайлар энди ҳукуматдан бадарға қилинган, уларга қарши ўзимиз кураш олиб боряпмиз, ноўрин тортиб олинган нарсаларни қайтариб бераяпмиз, баҳосини тўлаяпмиз, мусодара этилган, тортиб олинган нарсаларни қайтиб бериш ҳақида декрет бор, дедим. Шундан кейин Бек большевикларнинг каттаси Ленин ҳибсга олингани, иттифоқдаги 12 давлат большевикларга қарши юриш қилаётганлиги, ўзлари бу ердан туриб уларга ёрдам беражагини изҳор қилди. Бек Наманганга озиқ-овқат олиб боришни тақиқлаш ҳақида буйруқ берганлиги, уч кун олдин хориждан шу ҳақда телеграф орқали топшириқ ва кўрсатма олгани, иттифоқдаги бошқа давлатлар ҳам большевикларга ҳеч нарса бермасликка қарор қилишганини айтди. Мен Туркистонда барча кулфатлар биз бир-биримизни тушунмаётганлигимиз туфайли юз бермоқда, деб эътироз билдирдим. Бек менинг бу гапимга мужмал жавоб қайтарди. У: «Сизларнинг Николайларингиз ўлди — уларнинг фуқаролари қайси партияга, қайси миллатга тегишлилигидан ва бошқа нарсалардан қатъи назар меросхўр бўлиб қолди. Николайдан кўп бойлик, қурол, аслаҳа-анжом, тўп ва ҳоказолар қолди. Биз бу ерда 95 фоиздан кўпроқмиз, бироқ ўзимизнинг бутун ҳақимизни сўраётганимиз йўқ ана шу бойликнинг ярмини берсангиз ҳам майли, сизлар ўз қонунларингиз билан яшайверинг, биз эса шариат бўйича яшаймиз. Аммо сизларнинг қилаётган ишларингиз бутунлай бошқача. Ахир бир отанинг ўн ўғли бўлиб, улардан учови ақллию қолганлари майиб-мажруҳ бўлса, меросхўрлик қоидасига кўра мерос уч ўғилга эмас, ўнига ҳам тенг бўлиниши керак-ку, большевиклар эса ҳаммасига эгалик қилишни истаяпти, ҳаммасини ўз қўлларига олишяпти. Мен ўрислар ва европаликларни ўлдираман, деб хаёлимгаям келтирмаганман, бундай ниятни хаёлимгаям келтирмоқчимасман. Уларнинг икки мингдан ортиғи қўл остимда хизмат қилади. Аскарларингизга қанча маош берасизлар?» деб сўради Бек. Мен аниқ билмайман-у, лекин минг атрофида бўлса керак, рўзғор тебратишига етади, дедим. Бек икки минг тўлашини айтди ва мендан қанча оласиз, деб сўради. Мен 1130 сўм деб айтдим. Бек бунга бир ойдан кейин қоғоз пул билан эмас, тилла танга билан тўлаш имкониятига эга бўлиши, ҳеч нарсага муҳтож эмаслиги, муҳтожлик сезган тақдирда қўшни давлатлар истаган миқдорда етказиб бериши ҳақида эътироф этди. Агар мен сизларга, Шўро ҳукуматига қўшилсам, сизлар менга қандай ҳуқуқ берасизлар, деди-да, давом этди: ахир мен сизларга ўтган қўрбошиларга ўхшаб большевикларнинг хизматкори бўлиш, уларнинг этигини артиш учун қўшилмайман-ку. Сизлар менга нимани исташларингизни ёзма равишда баён этинг. Мен ҳам ўз шартларимни ёзма равишда етказаман. Мен шартнома тузиш учун эмас, суҳбатлашиш учун юборилганимизни айтдим ва Бекдан Наманганга ўз вакилларини юборишни, уларнинг хавфсизлиги учун кафиллик берилишини айтдим. Бек одам бермаслиги ва юбормаслигини айтди. Бўлиб ўтган ҳамма гапларни ревкомга етказишимни сўради ва бизга қўшилган тақдирда қандай ҳуқуққа эга бўлиши ҳақида ёзма хабар кутишини билдирди. «Коммунистларингиз ва ёшларга айтинг, қуролли ёки қуролсиз бизга келиб қўшилсин, — деб давом этди Бек.
— Уларни афу этамиз, бордию бунга унашмаса оқибати ёмон бўлади. Мабодо шаҳарга борсак, уларни чавақлаб ташлаймиз». Мен, яхши, етказаман, дедим. Афғонистондан келган вакил тожикчалаб, Бекка большевиклар билан мусулмонларнинг фойдасига битимга келишини сўради, Бек бунга розилик бергандай бўлди.
Суҳбатдан сўнг Ҳожимат эшон Бекдан бизни ўзи билан бирга олиб кетишга ижозат беришини сўради. Бек меҳмон бўлиб ётиб қолишга зўрлади, Эшон бунга кўнмади, Бек ўн отар милтиқни олиб келиб, менга кўрсатди. Бу тур қуролдан яқинда 25 мингини олишини, тўпи бўлмаса ҳам 17 пулемёти борлиги, яқинда тўплик ҳам бўлишини айтди. Эрталабгача, қолинглар, қўлимиздаги қуролдан қандай отишимизни кўрсатамиз, деди у. Биз танишиб олдик, худо хоҳласа тез-тез учрашиб туришга умид қиламиз, йигитларингиз бизга тегмаслиги учун ёрлиқ ёзиб берсангиз, деб илтимос этдик. Бек бирортангизга ҳам тегишмайди, деди. Сизлар Эшоннинг ҳузурига келганда қўрбошилар менга хабар етказган ва қайтаётганларингизда ушлаш керакми, керак эмасми — сўрашган эди. Лекин буйруғимсиз сизларни ушламаслигини тайинлаганман. Бек бизга ўз муҳри билан эркин юриш ҳуқуқини берадиган ёрлиқ берди. Бек эрталаб Низомиддин Хўжаев илтимоси билан Скобелевга кетаётганлигини айтди. Бек билан хайрлашиб, Эшонникига келдик, афғонистонлик вакил Бекникида қолди. Эшонникига эрталаб соат бешда етиб келиб, саккизга қадар дам олдик, сўнг нонуштага ўтирдик. Эшон билан суҳбатдан у холис одам эканини англадим, бироқ Бек 12 иттифоқдош давлатга ишониб, уруш олиб бормоқчи. Эшон Бекдан шаҳарга озиқ-овқат ўтказишга рухсат беришини илтимос қилди. Эшон қайсидир қишлоққа боришга отланаётган экан, мендан ҳибсга олишмайди-ми, деб сўради. Мен ҳеч ким сизга тегинмайди, дедим. Эшон нонуштадан кейин хайрлашаётиб, менга зарбоф тўн кийдирди. Муллаларга эса минг сўмдан пул совға қилди. Қайтишда дарёни кечиб ўтдик ва Янгиқўрғон орқали шанба куни шомда Наманганга етиб келдик».
Кўриниб турибдики, ҳужжат «босмачилар» уруш тарафдори эмаслигини кўрсатади. Улар юртда осойишталик ўрнатмоқчи. Оддий инсоний ҳуқуқлар тикланиши тарафдори. Ерли халққа ўтказаётган зулмлари учун Шўро ҳукуматига ишонишмаяпти. Айрим большевикларнинг хатти-ҳаракати ерли аҳолининг ғазабини қўзғамоқда. Бу ҳол қуйида келтириладиган ҳужжатда ҳам ўз аксини топган.
Фарғонадаги бутун босмачилар Бош қўмондони Шермат Шўро Туркистони раҳбарияти билан сулҳ ҳақида музокара олиб бориш учун ташаббус кўрсатади. Шўролар ҳукуматига қарши курашиб келаётган Шерматнинг бу ташаббуси Фарғона аҳлининг ҳақли талаби натижаси эди. Жумҳурият раҳбарияти унинг таклифига мувофиқ Фарғонага келиб, Шермат билан очиқчасига музокара олиб боради, «Фарғонадаги вайронагарчилик, уруш етарли эмасми? Сиз нимани талаб этасиз?» деган саволга у шундай жавоб қайтарган: «Тўғри, биз Фарғонанинг тикланиши ва тинчлик қарор топиши тарафдоримиз. Аммо сизларнинг ҳукуматингиз ғоялари Туркистон жумҳурияти учун яроқсиздир ва маҳаллий аҳоли ҳаётига татбиқ қилиб бўлмайдй». «Туркистон жумҳуриятида тинч ҳаёт қарор топиши учун сизнинг фикрингизча нималар қилиш керак?» деган саволга Шермат биринчи навбатда савдога йўл қўйиш, жойдан-жойга кўчиш эркинлиги, конфискация ва реквизицияларни тақиқлаш, шариат асосидаги судни жорий этиш, вақф ерларни эгаларига қайтариб бериш», деб жавоб қилади.
Бу каби фикрлар юқори расмий доираларда ҳам айтилган, эътироф этилган эди. Лекин большевиклар бошбошдоқлигини тугатишга оммавий киришилмади.
Туркистон вакиллари раиси Ҳусаин Иброҳимовнинг 1919 йил 24 ноябрида В. И. Ленин, Я. М. Свердлов номига ёзган хати ҳам натижасиз қолиб кетганди. Ўша хатда РКП(б) Туркистон мусулмон бюроси жуда қисқа муддатда 200.000 кишилик мусулмон қизил армияси ташкил этишни ўзига вазифа қилиб олгани, бунинг учун марказ зарур қурол-аслаҳа ҳамда иложи борича, мусулмонлардан иборат командирлар билан таъминламоғи зарурлиги айтилган эди.
Уни Туркистон Марказий Ижроия Комитети ҳам ижобий маъқуллаган эди. 12 банддан иборат талабаларни Туркистон вакиллари ҳукумат томонидан бажарилишини илтимос қилган эдилар. Улар РКП(б) Марказий Ижроия комитетининг 1919 йил 12 июлдаги («Туркистондаги раҳбар ташкилотларга мусулмон аҳолиси билан европали аҳолини мутаносиблик асосида жалб этиш» ҳақидаги) радиограммасида илгари сурилган ғоялар назарда тутилган ҳолда билдирилган эди.
Шарқ халқлари коммунистик ташкилотларининг II Бутунроссия съездига, РКП(б) Бутунроссия VII конференциясига ҳамда Бутунроссия Советлари VII съездига борган Туркистон жумҳурияти вакиллари — П. Кобозев, Ҳ. Иброҳимов, Отарбоев, Бисеров, Ҳ. Ҳусанбоев, Б. Иванов, А. Муҳитдинов (вакиллар котиби А. Кинги) 1919 йил 15 декабрида Москвада туриб, РКП(б) Марказий Комитетига, В. И. Ленинга ёзган баённомасида «Босмачилар —- бу Советлар VII съездига қадар Туркистон ҳукуматининг нотўғри миллий сйёсати натижаси ўлароқ шаклланган партизанлардир, деб баҳолган эди.
Ўша хатда Туркистонда миллий масалада йўл қўйилаётган қатор хатолар кўтариб чиқилган эди. Улардан бири Туркистон мухторияти масаласи эди. «1918 йил 1 майда миллатлар иши бўйича халқ комиссари ўртоқ Кобозев томонидан Сталин радиограммасига мувофиқ Мухтор жумҳурият эълон қилинди. Туркистон Советлари VI съездида ишлаб чиқилган ва ўша йилнинг 15 октябрида қабул қилинган Туркистон Конституцияси РСФСР Конституциясининг деярли ўзгинаси эди». Бунга кўра, Туркистон мухторияти Совет Россияси Федерацияси таркибидаги жумҳурият бўлиб, ўз фаолиятини Бутунроссия Марказий Ижроия комитети билан тўла мувофиқлаштириб иш кўриши кузда тутилганди. Туркистон Конституциясига эса Бутунроссия Советларининг 1.11 съезди тасдиқлаган «Россиянинг меҳнаткаш ва эксплуатация қилинган халқлари ҳуқуқи Декларацияси» ва Бутунроссия Советларининг V съездида кўриб чиқилган «РСФСР Конституциясининг умумий низоми» асос қилиб олинган эди.
1919 йилнинг май ойидан то октябрь ойигача ўтказилган Туркистон Коммунистик партиясининг III ва IV съездлари, мусулмон коммунистларининг I ва II конференциялари, Советларнинг VII ва VIII сьездларидан кейингина Туркистон жумҳуриятини тўғри йўлдан олиб бориш, меҳнаткаш оммани РКП(б) шиорлари остида бирлаштириш, РСФСРда ҳокимиятни марказлаштириш ғояси амалга ошаётгани айтилганди. Бунинг рамзи сифатида Турккомиссия келиш куни шарафига Туркистонни истило қилган генерал Кауфман ҳайкали ўрнашган жойда РСФСР байроғи тантанали равишда кўтарилди.
Юқорида саналган съездлар ва конференцияларда Совет ходимлари Туркистонни ҳалок қилувчи унсурлардан халос этиб, низоларга барҳам бергани айтилган эди. Лекин РКП(б) Марказий Комитетининг 12 июлдаги вакиллар мутаносиблиги ҳақидаги радиограммаси маҳаллий халқ мавқеини узил-кесил мустаҳкамлади ва шу вақтдан бошлаб, Туркистон жумҳурияти «соғлом» йўлга чиқди. Туркистонда Совет ҳокимияти мезонларини тугатиш мумкин эмаслигига ишонч ҳосил бўлинди,
Партия VIII съездида қабул қилинган РКП(б) дастурида мазлум ҳалқ меҳнаткашларининг Совет ҳокимиятига ишончсизлигига чек қўйиш учун миллатидан қатъи назар, барча имтиёзларни тугатиш, миллатларнинг тўла тенгҳуқуқлигини таъминлаш, мустамлака ва тенгҳуқуқли миллатларнинг ажралиб чиқиб, ўз Давлатларини тузиш, эзувчи миллатлар пролетариати томонидан эзилувчи миллатларга жуда ҳам эҳтиётлик билан муносабатда бўлиш, мазлум миллатлар меҳнаткашлари оммасидаги миллий ҳиссиёт сарқитларига алоҳида эътибор бериш каби вазифаларни Туркистонда амалга ошириш жуда оғир бўлгани эътироф этилган эди.
Барча вилоятлар, уездларда бўлиб ўтган анжуманлар, йиғилишлар баёнларида ҳам юқорида айтилган ҳақсизликлар ҳақида гап боради. Буни 1921 йил 13 январидаги Наманган шаҳар партиясизлар конференциясида сўзга чиққан Нуриддин Кориев маърузасида ҳам кўриш мумкин. Нотиқ таъкидлашича, мусулмон меҳнаткашлари энг оддий ҳуқуқлардан ҳам маҳрум бўлганлар, турмушнинг қайси соҳасига кўз ташламайлик, ҳамма жойда икки хил ўлчов бор: бири европаликлар учун, бошқаси эса мусулмон аҳолиси учун. Ширкат ва озиқ-овқат идораларида озиқ-овқатлар аксарият европалик аҳолига берилган, мусулмонлар оммаси эса тўқ европалик аҳоли кўз ўнгида очлик азобини тортиб ўлиб кетаверган. Мактаблар, театрлар ва барча маданий муассасаларнинг аксарияти европалик аҳоли учун очилган ва ишлаб турган.
Мустамлакачилик сиёсати натижаси ўлароқ туб аҳоли орасида Совет ҳокимиятига қарши кучли норозилик туғилди. Бундан эса бой ва мулкдорлар фойдаланиб, чекка, узоқ қишлоқларда ўз атрофига норози унсурларни, қолоқ оммани ҳатто кабағалларни тўплаб олиб, миллий озодлик байроғи остида «босмачи» тўдаларини уюштирдилар ва аввалига майда, кейинчалик эса йирик гуруҳларга бирлашиб, Совет ҳокимиятига қарши кураш бошлаб юбордилар.
Рустам ШАМСИДДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор,