XVIII аср ўрталарида Тошкент тўртта — Бешёғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхонтоҳур даҳаларига бўлинган. 1784 йили Шайхонтоҳур даҳаси ҳокими Юнусхўжа томонидан барча даҳалар бирлаштирилиб, ягона сиёсий ҳокимият барпо этилган.
Кўкча даҳаси шаҳарнинг ғарбий қисмида, асосан, ҳозирги Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган. Унинг ҳудудини чуқур жарликлар кесиб ўтган. Чегараси шарқда Сағбон кўчасининг шарқидан, жануби-шарқ тарафидан Қуйи Бўзсув бўйлаб (Маннон Уйғур ва Самарқанд дарвоза кўчалари оралиғидан) ўтган. Бу ерларнинг ғарбида кўкчаликларнинг боғлари ва полизлари бўлган. Асосан, Кайковус ва унинг шохобчаларидан суғорилган Кўкча даҳасининг чорбоғлари Назарбек, Кўксарой ҳамда Келес дарёси бўйларидаги жойларда бўлган. XIX аср ўрталарида Кўкчада учта — Сағбон, Чиғатой ва Кўкча дарвозалари бўлган.
Кўкча маҳалласи тарихи бевосита Шайх Зайниддин-бобо билан узвий боғлиқ. Бу зотнинг отаси бағдодлик машҳур сўфий, сухравардия тариқатининг раҳнамоларидан саналган шайх Шаҳобиддин Сухравардий (1145-1235) бўлган. Тарихдан маълумки, шайх Шаҳобиддин 1215 йили Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига Бағдод халифаси Носирнинг (1180-1225) элчиси сифатида келган. Шайх Зайниддин отаси таълимотини Тошкентда кенг тарғиб этган. Уни шайх Зайниддин Куйи Орифоний деб улуғлашади. Унинг вафотидан сўнг, қабри зиёратгоҳга айланиб, атрофи Орифон деб ном олган қишлоққа айланган (ХШ аср). XIV асрнинг 90-йилларида Амир Темур Тошкентда бўлганида қабр устига мақбара қурдирган. XVI асрда унинг атрофида Орифон маҳалласи бунёд этилган бўлиб, у шаҳар ташқарисида жойлашган. Бу маҳалла XIX асрда Шайх Зайниддинбобо, кейинчалик Кўкча деб ном олган.
Кўкча аҳолиси, асосан, кўнчилик билан шуғулланган. Архив маълумотларига кўра, 1871 йилда даҳадаги 695 устахонадан 341 таси кўнтери, 218 таси косибчилик устахонаси бўлган. Кўкчада 7 та хумдон, 22 та тегирмон, 22 та обжувоз, 34 та мактаб, 4 та мадраса (Эшон Бўрихўжа Сақичмоний, Шукурхон, Ҳофиз Кўҳакий, Шарафибой), 60 та масжид, 14 та қадамжо-мозорлар (Лангар ота, Яланғоч ота, Ваққос ота, Қўйчи мозор ва ҳ.к.) бўлиб, шундан энг машҳури Шайх Зайниддинбобо қабристони ҳисобланади.
Кўкча даҳасига қуйидаги маҳаллалар кирган: Айрилиш, Аллон, Баландкўприк, Гузарбоши, Дамак, Жарариқ, Ишқобод, 1-Каллахона, 2-Каллахона, Каттаҳовуз, Кесакқўрғон, Кунжак, Кўкча, Лангар, Маҳкама (Чорсу бозори маҳалласи; маҳалланинг бошқа қисми Бешёғоч, Себзор даҳаларида), Молҳарам, Обиназир, Оқилон, Оқтепа, Пичоқчилик, Подахона, Сархумдон, Сақичмон, Сағбон, Сағбон Оқтепа, Торкўча, Тўқшжаллоб, Хиёбон, Ходабозор, Хонақоҳ (Хонақоҳи бузург; бир қисми Бешёғоч даҳасида), Хотинмасжид (бир қисми Себзор даҳасида), Хўжакўча, Хўжапарихон, Чақар, Чиғатой Чақари, Чиғатой, Чуқурқишлоқ, Шайх Зайниддинбобо, Янгишаҳар, Шоҳнишинтепа, Ўзгант, Ўрикзор, Қатортерак, Қилбел-боғ, Қозикўча, Қозоқбозор (Чорсу бозори маҳалласи; бир қисми Себзор даҳасида), Қорақийиқ, Қўрғонтаги, Қўштут, Қалимкўп, Ҳожималик, Ҳофиз Кўҳакий. Шуни назарда тутиш лозимки, XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошларида маҳаллалар сони ва номланиши ўзгариб турган.
Обиназир — Кўкча даҳасидаги қадимги маҳаллалардан бири бўлиб, шаҳарнинг ғарбий қисмида Кўкча дарвозасига яқин ерда жойлашган. Маҳалла номи баъзи тадқиқотчилар томонидан «Ёбуназир» шаклида, Кўкча дарвозасини қўриқлаган «Ёбу» қабиласи номидан олинган деб ҳисоблашларига қўшилиб бўлмайди. Аслида эса, унинг мазкур қабилага мутлақо алоқаси йўқ. Тарихчи Салоҳиддин Тошкандийнинг ёзишича: «1390-91 йилларда Дашти Қипчоққа отланган Амир Темур Тошкентда бўлганида Ҳазрат Шайх Зайниддин Кўйи Орифонийга Кайковус суйидин чиқариб, қабрлари узра гумбаз кўтариб, андин кейин Занги отани муборак қабрларини бино қилган». Бундан кўринадики, бу ариқнинг номи Обиназир — «назир қилинган сув» демакдир. Хожа Аҳрор Валий маноқибларида («Рашаҳот» ва б.қ) битилишича, Зайниддинбобо зиёратига келиб астойдил Аллоҳдан фарзанд тилаган бефарзанд оилалар муродларига етишган. Обиназир ариғи муқаддас саналган, унинг суви кўпгина дардларга даво бўлган. Ҳозиргача аҳоли масжид эшиги ёнида, ер остидан чиқадиган шу сувдан фойдаланиб келмоқда. Хулоса қилиб айтганда, маҳалла XIV аср охири - XV аср бошларида айнан мана шу ариқ бўйида вужудга келган ва унинг номи билан аталган. Ҳозирда Шайхонтоҳур туманига қарашли маҳалла Янгишаҳар, Боғкўча, Гулобод, Жарариқ маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла ҳудудида XIX асрга оид меъморий обидалардан Обиназир ва Пўлатбой масжидлари сақланиб қолган.
Янгишаҳар маҳалласида қадимда Кўкча дарвозаси жойлашган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида келтирилишича, Шайх Зайниддин қабристонидан Кўкча дарвозасигача бўлган масофа 1800 қадамни ташкил этган. Маҳалла Обиназир, Кўкча, Жарариқ, Оқилон маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла номининг келиб чиқиши ҳақида тарихчи олим Х.Мелиқулов «Маҳалла — Ватан ичидаги ватан» китобида шундай ёзади: «Бир пайтлар Кўкча атрофи бутунлай боғ-роғлардан иборат бўлган. Фақатгина мана шу Янгишаҳар деб аталадиган қисмидагина баланд-баланд иморатлар бўлган, яъниким шаҳарчага ўхшаб турган, номи ана шу ўхшашлик билан боғлиқ». Бизнингча, бу унчалик тўғри эмас. Янги шаҳар маҳалласи қўшни Обиназир маҳалласи тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, тах-минан XIV-XV аср бошларига бориб тақалади. XIX аср охири - XX аср бошларида шаҳар ҳудудининг кенгайиши натижасида, шаҳар девори ташқарисида кўплаб янги маҳаллалар вужудга келган (масалан, Янгишаҳар Минор, Янгишаҳар Турк, Янгишаҳар Лабзак ва ҳ.к), шулардан бири Янгишаҳар маҳалласи бўлган. Маҳалла аҳолиси, асосан, майда ҳунармандчилик, боғ-дорчилик, деҳқончилик, савдо-сотиқ билан шуғулланган.
Шоҳнишинтепа ҳам Кўкча даҳасидаги қадимги маҳаллалардан бўлиб, Чиғатой дарвоза кўчаси (ҳозирги Форобий)да жойлашган. Маҳалла номи шу ердаги Шоҳнишинтепа археологик ёдгорлиги (VII-ХIII асрнинг бошлари) номидан олинган. Ривоятларга кўра, Турон подшоси Афросиёб ўз фуқароларини шу ерда қабул қилган. Шоҳнишин — шоҳ ўтирган ер маъносини билдиради. Бу тепаликдан илк ўрта асрларга оид моддий маданият ёдгорликлари топилган. IХ-Х асрларда бу ерда кўшк барпо этилиб, у Бинкат рабоди таркибига кирган. Маҳалла аҳолиси кулолчилик билан машғул бўлган, археологик изланишлар натижасида бу ердан кулолчилик устахоналари ва хумдонлар топилган. Мўғуллар босқинига қадар Шоҳнишинтепа Бинкат рабоди маҳаллаларидан бири бўлган.
XIX аср охири - XX аср бошларида Шоҳнишинтепа (халқ тилида «Шаршинтепа») Эски шаҳар бозори атрофидаги маҳаллалардан бири бўлиб, у Чақар, Тўқлижаллоб, Чиғатой маҳаллалари билан чегараланган. Анча гавжум маҳаллада 300 га яқин хонадон яшаган. Аҳоли, асосан, майда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, шаҳар атрофидаги боғ ҳовлиларида (Захариқ, Оқтепа, Белтепа, Дамариқ мавзеларида) боғдорчилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Маҳалла гузарида чойхона, баққоллик дўконлари, масжид бўлган. Ҳозирда Шоҳнишинтепа «Эски шаҳар» ва «Чиғатой дарвоза» маҳаллалари таркибига кирган.
Даҳа ҳудудида бир қанча зиёратгоҳ мозорлар бўлган, жумладан, Қорақийиқ маҳалласида — Хўжа Бобохўжа мозори, Кўкча маҳалласида — Шайх Зайниддинбобо мозори, Каллахона маҳалласида — Оқчўллиқ-Кўктўнлик ота мозори, Ўзганд маҳалласида — Лангар ота мозори, Ҳофиз Кўҳакий маҳалласида — Ҳабзи ота мозори, Чимбой маҳалласида — Турсун ота — «Давлат шоҳота» мозори, Молҳарам маҳалласида — Чилик ота мозори, Тўкдижаллоб маҳалласида — Яланғоч ота мозори, Сағбон Оқтепаси маҳалласида — Қорахўжа ота мозори, Чиғатой маҳалласида — Қўйчимозор, Пичоқчилик маҳалласида — Эски мозор, Қорақамиш маҳалласида — Ваққос ота мозори, Хиёбон маҳалласида — Чилла мозори, Янгишаҳар маҳалласида — Кўкча мозори ва бошқалар.
1929 йил шаҳарда районлаштириш жараёни бошланиши билан Кўкча даҳаси янги ташкил этилган район (собиқ Октябрь, ҳозирги Шайхонтоҳур) таркибига киритилди.
Машҳура ҲАСАНОВА