loader
Foto

Бухоро босмачилари аслида ким эди?

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тарихан қисқа даврда ҳам ички, ҳам ташқи сиёсат  бобида улкан ютуқларга эришди. Шу Мустақиллик шарофати билан халкимизнинг ўтмишига, тарихига холисона ёндашиш ва ҳақиқий тарихни яратиш соҳасида ҳам катта вазифалар ҳал қилинмоқда.

Президентимиз И. А. Каримов айтганидек «қуллик ва мутелик исканжасидэн озод бўлиш, қадни баланд тутиш, ота-боболаримизнинг удумларини тиклаб, уларга муносиб ворис бўлишдан шарафлирок вазифа йўқ бу дунёда!»(И. А. Каримов. «Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик». Тошкент, 1993, 7—8-бетлар.)

Дарҳакиқат, тарихимиз, унинг ижодкорлари бўлмиш ота-боболаримиз ўтган мустамлакачилик замонида кўп  маломатларга қолди.  Уларнинг  тарихи  бузиб  кўрсатилди, ўзлари эса қораланиб тарих саҳнасининг бир қоронғу бурчагига суриб қўйилди. Шундай камситишлар халқимизнинг шўро тузуми ва коммунистик хунрезликка қарши олиб борилган 10-12 йиллик кураши тарихига ҳам тааллуқлидир. Бу курашлар, ижтимоий ва миллий озодлик ёки қаршилик ҳаракати «босмачилик» деган ҳақоратнамо бир сўз орқали бадном этилди.



Хўш, бу ҳаракат қадимдан муқаддас саналган Бухорода қандай шаклланди? Қандай намоён бўлди ва нимага эришди? Қаршилик ҳаракатига кимлар раҳбарлик қилди?..

Жаҳон инқилоби талвасаси билан ҳаракат қилаётган Россия большевизми ўз таъсир доирасини кенгайтириш ва очлик ҳалокатидан қутулишнинг ягона йўли Шарқнинг энг бой давлатларидан бири бўлган Бухоро амирлигини босиб олишда деб тушунди. Россияни Бухоро халқининг озодлиги, эрки қизиқтирмас эди. Уни Бухоро амири ва бекликлар хазиналаридаги тонналаб олтин ва бошқа бойликлари қизиқтирар эди. Натижада Шўро ҳукумати босқинчиликка тайёрлана бошлади. Аммо РСФСРнинг баъзи инсофли раҳбарлари бу хунрезликни амалга ошириш катта фожиаларга олиб келиши мумкинлигидан олдинроқ огоҳлантириб, ҳатто бундай режаларнинг олдини олишга ҳаракат қилиб кўрдилар. Жумладан, БМИК ва ХКСнинг Туркистон ишлари бўйича бўлим бошлиғи Г. И. Бройдо 1920 йил 13 июнда Ленинга мактуб йўллаб қуйидагиларни маълум қилди. «Бизнинг айрим ҳарбий-сиёсий раҳбарларимиздан, амирликни тор-мор этиш учун бор-йўғи 2-3 полк етарли деган гапларни кўп эшитмоқдамиз. Аслида ундай эмас. Менимча амир армиясини яксон этиш қийин эмас, аммо Қизил Армия узоқ муддатда давом этадиган фронтга дучор бўлади ва озодлик келтирувчи эмас, босқинчи деган номни олади. Бухоро лартизанлари эса ўз юрти мустақиллигини таъминлаш учун курашни давом эттираверадилар». Орадан сал вақт ўтгач, яъни 23 июлда эса РСФСРнинг Бухоро ишлари бўйича фавқулодда вакили А. Е. Аксельрод ҳам В. И. Ленинга қарийб юқоридагидек мазмунда хат ёзди. Унда жумладан шундай дейилади: «...Амир армиясини тор-мор этиш ҳеч гап эмас, аммо ярмидан кўпи тоғларда яшаётган икки ярим миллионли Бухоро халқини енгиш мутлақо мумкин эмас...».

Лекин бу огоҳлантиришлар қилйчини қинидан чиқаришга улгурган Кизил Армияни Бухорога ҳужумини тўхтата олмади.

1920 йил августнинг охирида Туркистон фронти қўшинлари (қўмондони М. В. Фрунзе) 25-30 минг кишилик армия билан Бухорога ҳамма томондан ҳужумга ўтди, тўплар ва аэропланлар ёрдамида шаҳар ва унинг атрофлари қаттиқ бомбардимон қилинди. Натижада амир Олимхон шаҳарни ташлаб Шарқий Бухорога қараб кетди. 2 сентябрда шаҳар тўлиқ қизиллар қўлига ўтди.

28 августдан 2 сентябргача давом этган Бухоро операцияси натижасида минг-минглаб одамлар нобуд бўлди, 11 аэропланнинг тинимсиз бомбардимони натижасида шаҳарнинг бешдан бир қисми ёниб, обидалар ер билан яксон бўлди, амир хазинаси, қушбеги ва бошқа Бухоро бойларининг бойликлари таланди. Таланган амир олтинлари ва бошқа қимматбаҳо бойликлар Фрунзе кўрсатмаси билан сентябрнинг ўрталарида 14 вагонга юкланиб Москвага юборилди.

Бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган Турккомиссия аъзоларидан бири Г. Сафаровнинг ёзишича «Бухорога келган рус қўшинлари ва Қизил гвардиячилар энг аввало талончилик ва зўравонлик билан шуғулландилар. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани тападипар. Умуман, руслар Бухорони талаш учун келган эдилар» деб хотирлайди.

Ўзингиз ўйланг, босқинчиликка қайси халқ чидай олади! Албатта ор-номуси бор инсон босқинчиларга қарши курашга чиқиши муқаррар. Бухоро халқи эса шундай курашга отланди. Бу кураш адолатли, азодлик кураши эди. У «босмачилик» эмасди. У босқинчиларга нисбатан қаршилик ҳаракати эди. Бухородаги қаршилик ҳаракатига тахтдан маҳрум этилган Амир Олимхон, Иброҳимбек, Анвар пошшо, мулло Абдуқаҳҳор ва бошқа ватанпарварлар раҳбарлик қилдилар.

Бутун амирлик ва Бухоро жумҳурияти ҳудудидаги қаршилик ҳаракати тўғрисидаги воқеалар кўлами ғоят кенг эди. Аммо 1920 — 1924 йилларда Бухоро шаҳри атрофидаги каршилик ҳаракати тўғрисида гапирадиган бўлсак, амир ҳокимияти ағдарилгандан сўнг Ватан озодлиги учун, айниқса, Ислом ва шариат қонунларини ҳимоя қилиш учун амирликнинг барча собиқ бекликларида ва туманларида маҳаллий аҳоли ўз беклари ва қўрбошилари атрофида жипслаша бошпади.

Бухоро ва унинг атрофидаги кентларда «Халқ ҳаракати авж олди. Аввал кичик тўдалар, кейинчалик йирик қўшинлар Қизил Армияга қарши қўлига тушган нарса билан қуролланди. Уларнинг ягона шиори «Бухорони ҳимоя қилиш ва мустақилликни сақлаб қолишдан иборат эди».

1921 йилнинг бошидан бошлаб Бухоро атрофида қуйидаги қўрбошилар шўролар ҳуку-матига қарши кураш олиб бормоқда эди: «Аъзам Ҳожи, Файзулло ва Тош Мурдамўй гуруҳи 200 дан кўпроқ киши билан эски Бухоро яқинидаги қишлоқлар — Галаосиё, Харгуш туманларини ўз назоратларида сақлаб турдилар. Бозор КЎрбоши, Ота Мурод, Абдулло қўрбошилар эса 280 кишилик қўшини билан шаҳарнинг шарқий томонидаги қишлоқлар ва Баҳовуддин туманида ҳаракат қилмоқда эди. Ҳамро қўрбоши, Ражаб Камандир, Қобил Чўлоқлар бошчилигидаги ватанпарварлар эса Ромитон туманида  150 кишилик гуруҳ билан ҳаракат этмокда эди. Қўрбоши Жўра Амин, Ҳамро Полвон, туркманлардан Чори ва Ҳожи Сардорлар 300 га якин қўшин билан Жондор ва Крракўл туманида ҳаракат қилмокда зди».

Булардан ташқари Ғиждувон туманида Бойқаро, Қозоқбой, Ванғозеда Ғайбулло қўрбоши ва бошкалар маҳаллий аҳолининг озодлик ҳаракатига раҳбарлик килганлар.

Аммо шўро армияси Бухорода ўз мавқеини сақлаб колиш мақсадида ҳамма жойда ҳам ўз айғоқчиларини қишлоқ советлари раислари ва маҳаллий ревком раислари қилиб сайлаб қўйди. Улар ихтиёрида замонавий куроллар билан қуролланган қизил аскарлар хизмат қилар эди.

1920 — 1921 йилларда Кизил Армиянинг Шарқий Бухорода қаршилик ҳаракати кучлари билан курашда бандлигидан фойдаланиб Ғарбий ва Марказий Бухорода маҳаллий халқ ўз қўрбошилари раҳбарлигида катта натижаларни қўлга киритдилар.

«1921 йил декабрда Қарши туманида Муҳиддин Махсум ва Абдужаббор, Ғиждувон туманида Мулло Абдулқаҳҳор қўшинлари мазкур туманларда шўро тузумини тугатдилар. Вазият ўзгариб Анвар пошшонинг Ғарбий Бухорога кириши учун йўл очилгач (Қарши орқали) Бухоро халқ шўролар жумҳурияти ҳарбий вазири Абдулҳамид Орипов «босмачиларга қарши» курашиш ниқоби билан Ғиждувонда турган Мулло Қаҳҳор қўшинларига келиб қўшилди, сўнг эса Анвар пошшо штабининг фаолларидан бирига айланди».

Бу курашлар туфайли Ғарбий Бухоронинг катта қисми қаршилик ҳаракати иштирокчилари қўлига ўтди. Аммо Туркистон фронти ва Турккомиссия бу ҳолга бардош беролмай Бухорога марказдан катта ҳарбий куч ташлади.

1922 йил март ойининг бошларида Шўро ҳокимиятининг аҳволи янада оғирлашди. Чунки Ғарбий Бухоро ватанпарварлари Бухоро халқ шўролар жумҳуриятининг пойтахти эски Бухорони ҳамма томондан қамал қилиб олдилар. Ҳатто шаҳарнинг Қарши дарвозаси, Файзиобод, Моҳихоса ва Бухоро яқинидаги темир йўллар ватанпарварлар қўлига ўтган, қаршилик ҳаракати кучлари ҳукумат қўшинларига нисбатан кўпрок эди.

1922 йил 5 мартда Шўролар ҳукумати Туркфронтдан қўшимча ёрдам сўраб ўз жонларини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. 9 март куни Туркистон фронти Бухоро учун яна 12 минг кишилик қўшин ва бир неча бронепоездни юборди. Энди кучлар нисбати қизиллар томонидан кўп эди. Аввал Темир йўллар, сўнг шаҳар яқинидаги қаршилик кучлари яксбн қилинди. 9 март кечга яқин Бухоро камали тугатилиб ватанпарварлар 10-15 чақиримга чекинишга мажбур бўлдилар. 10-11 март кунпари эса қизиллар техник ва сон жиҳатдан кўплигидан фойдаланиб Вобкент, Ғиждувон ва Карманани ишғол қилдилар. Абдукаҳҳор, Хўжа Амин, Нарзи Полвон, Бойқаролар тоғларга ва Қизилқумнинг ичкарисига яшириниб алоҳида-алоҳида курашни давом эттиришга мажбур бўлдилар.

Кизиллар Маҳаллий қаршилик ҳаракати иштирокчиларининг тарқоқлигидан фойдаланиб уларни алоҳида-алоҳида тугатишга киришдилар.

Айниқса, 1922 йил ноябрь-декабрь ойларида маҳаллий каршилик ҳаракати иштирокчилари катта талафот кўрдилар. Жумладан, 16 декабрь куни Зандане туманида ҳаракат қилаётган Остонча гуруҳи батамом тор-мор этилди. 26 — 27 декабрда эса Жондор атрофларида ҳаракат қилаётган Жўра Аминга тўсатдан ҳужум қилиниб унинг тўдаси ҳам яксон қилинди, 15 киши жангда ўлди, 30 га яқини асир олинди ва Жўра Амин Варахша харобаларига яширинди. Бундай хунрезликлар Коракўл, Ромитан, Харгўш ва Баҳовуддин туманларида ҳам амалга оширилди. Натижада фақат 1922 йил декабрида Қизил Аскарларнинг қонли ҳужумлари туфайли Бухоро атрофларида «511 киши шаҳид бўлди, 127 киши асир олинди. Қизиллар эса 260 милтиқ, 52 та тўппонча, 11 мингдан зиёд патрон, 220 от ва 1 пулемётни ўлжа қилиб олдилар» .

1923 йилдан бошлаб эса қизиллар қўлга киритилган ютуқлардан руҳланиб маҳаллий аҳоли бошига янги-янги фожиаларни солдилар. Айниқса, шу йилнинг июнь-июль ойларида Бухоро атрофидаги тинч аҳоли катта зарар кўрди. Кизиллар тўғридан-тўғри салла ўраган барча кишини — кексами, ёшми қатъи назар «босмачи» сифатида санаб уларни қийноққа солдилар, от-уловларни таладилар, ҳатто хотин-қизларни зўрлаш ҳоллари ҳам содир бўлди. Бу ҳол айниқса қўлга тушган қўрбоши ва «босмачииларнинг оналари, хотинлари, қизлари, опалари ва сингилларига нисбатан амалга оширилди.

Ғиждувон тумани Араблар қишлоғида истиқомат қилган 91 ёшли Маъруф бобо (1992 йил майда оламдан ўтган)нинг гувоҳлик беришича «айрим кишилар бу шармандаликларга чидай олмасдан халқдан турли йўллар билан яширинишга ҳаракат қиларди. Уларнинг кўпчилиги турли томонларга бош олиб кетди, ўзларини сувга, оловга ташлаганлар ҳам бор эди».

Қизиллар ўз она ерини ҳимоя қилаётган кучларга шафқатсизларча муносабатда бўлдилар. Жумладан, 1 июндан бошлаб Ғиждувон туманида ҳаракат қилиб турган кўрбоши Бойқаронинг 86 йигитига тўсатдан ҳужум қилиб уни Қизилқумга суриб ташладилар, жанглар туфайли 30 га яқин киши нобуд бўлди.

«1923 йил июль ойининг бошларида эса Хўжазаффарон ҳудудида жон сақлаган Ҳамро Полвон гуруҳига қарши махфий ҳужум тайёрланди. Қумлик ва саксовуллар орасида яширинган Ҳамро Полвон гуруҳини топишда аэропланлар ишлатилди. 14 июлдаги тўқнашув натижасида бу гуруҳ батамом тор-мор этилди, жанг майдонида 30 киши шаҳид бўлди, 50 дан ортиқ киши яраланиб асирга тушди. Қизиллар 45 от, 21 митиқ, 17 тўппонча ва 1000 дан ортиқ патронни ўлжа олдилар. Жангда Ҳамро Полвон ва унинг 2 кўрбошиси ҳам ҳалок бўлди» .

Аммо Ғарбий ва Шимоли Шаркий Бухорода озодлик кучлари ҳамон курашни давом эттирмокда эди. Бу воқеалардан хабардор бўлган Олимхон ўз яқинларидан Турсун хўжа ва Латиф Девонбегини совға-саломлар билан Мулло Қаҳҳор ҳузурига юборди, уларнинг келиши қаршилик ҳаракатини янада руҳлантирди. Сабаби — авом халқ Амирга, озодлик ва мустақилликка ишонар эди.

Аммо босқинчилар янги кучлар ва куроллар билан кучлантирилиб, мадорсиз, заиф куролланган маҳаллий кучларга кетма-кет зарба бермоқда эди.

Фақат 1924 йилнинг дастлабки 3 ойида қизиллар билан олишувда «16 та кўрбоши, 341 оддий жангчи ҳалок бўлди, 2 қўрбоши, 97 оддий жангчи яраланди, 8 қўрбоши, 127 оддий жангчи асир олинди. Қизиллар кўп миқдорда (400 га яқин милтиқ) ўлжа олдилар».

Биз қизил аскарларни доим халоскор, йўқсулларнинг дўсти сифатида ўргандик. Аслида бундай эмасди. Қизил аскарларнинг кирдикорларидан ва уларнинг ғайридин эканликларидан ғазабланган аҳоли ўлган ёки асир тушган қўрбошилар ўрнига янги, халқ ичида обрўга эга бўлганларни ўз раҳбари сифатида сайлаб қўяр эди. Шундай воқеалардан бири 1924 йил май ойида Харгўш (Вобкент ва Галаосиё ўртасида) қишлоғида содир бўлди. Чилибоев деган кишининг тўйига тўпланган халқ тўй охирида катта митинг қилиб «Совет ҳукумати уларнинг ҳолидан хабар олмаётганлиги, қизилларнинг бебошларча талашларини олдини олиш учун Тош Мурдашуйни ўзларининг қўрбошиси этиб тайинлайдилар. Йиғилиш протоколига 2000 киши бармоқ босиб тасдиқлайди» .

Бундан хабар топган Шўро ҳукумати Харгўш, Галаосиё, Вобкент ва Ғиждувон ту-манларида «босмачиликни тугатиш» режасини ишлаб чиқди. 16 июнь куни қизил аскарлар Харгўшга етиб келади, улар аввал Ҳофиз Ҳожи гуруҳини топиб тор-мор этадилар. Жангда Ҳофиз Ҳожи шаҳид бўлади, қизиллар унинг гавдасини топиб олиб бошини кесиб оладилар, унинг ҳақиқатдан ўлганлигини исботловчи далил сифатида каллани Бухорога жўнатадилар. Ҳа, бундай воқеаларнинг «ижодкори» қизиллар эди.

Ҳукумат айғоқчилари 4 кундан кейин Харгўш ва Галаосиё оралигида қўрбошилардан Саид Биринчи, Ҳомид Юзбоши ва Тош мурдашуй гуруҳларининг яширинган жойларини ҳам аниқладилар. Гарчанд улар қўлга тушмаса-да, бутун моли дунёси бир неча аравага юкланиб Бухорога олиб келинди. 1924 йил 22 июнь куни қизиллар Харгўшдан Галаосиёга кела туриб тўсатдан Аъзам Хўжа қўшинларига дуч келдилар. Икки соатлик тенгсиз жангда Хўжа қўшинлари мағлубиятга учради. Ўзи эса Ғиждувонга қараб қочди. Қўрбошининг уйи тинтув қилинганда унинг уйидан «олтин билан безатилган зарҳал тасма (пояс), 1 дона кумуш тасма, учта амирлик олтин ордени (Олимхон амирлик учун хизматлари эвазига берган бўлса керак), 3 та Эроннинг кумуш ордени, 2 та амирлик кумуш ордени, 18 дона амирнинг олтин тангаси ва бошқа мол-мулки тўлиқ мусодара қилинди» .

Шундай қипиб фақат июнь-июль ойларида «Бухоро билан чегарадош аҳоли кентлари ва қишлоқларида 420 киши Қизил Армиянинг қурбони бўлди, шундан 40 нафари қўрбоши эди» .

Худди шу кезларда Москва Ўрта Осиёда катта сиёсий иғвогарликка, яъни давлат чегараланишини ўтказиб, ўлкани тақсимлаб ташлашга тайёргарлик кўрмоқда эди. Аслида эса яхлит иқтисодий муҳит, тил, маданият ва динга эга бўлган халқларни тақсимлаб ташлашга киришилди. Бу сиёсий иғвогарликдан кўзланган асосий мақсад яхлит Туркистон, Бухоро ва Хоразмни бир неча бўлакларга парчалаб, кучларни бўлиб юборишдан иборат эди. Ўрта Осиёда қаршилик ҳаракатини батамом йўқотмасдан туриб юқоридаги вазифани ҳал қилиш мумкин эмас эди.

Туркистон фронти қўшинлари Ўрта Осиёда «осойишталик ўрнатиш» мақсадида 1924 йилнинг июль-ноябрь ойларида яна бир қанча хунрезликларни амалга оширди. Қизиллар замонавий армия ва техникага суяниб Шарқий Бухорода Иброҳимбек, Ғарбий Бухорода эса Ислом лашкари Мулло Абдуқаҳҳор ва бошқа катта-кичик гуруҳларни асосан тугатиб, сунъий равишда, қонли террор йўли билан «тинчлик» ўрнатди. Умуман ЎзССР тузилгунча ўлка мустақиллиги учун курашларда 1500 киши шаҳид бўлди ва 640 киши асирга олинди. Ҳаммасидан ошиб тушгани шу бўлдики, қилич ёрдамида ўтказилган миллий давлат чегараланишидан сўнг жумҳурият ҳукумати собиқ қаршилик ҳаракати иштирокчиларига ўзига хос авф эълон қилди. Яъни ўз озодлиги ва мустақиллиги учун кураш олиб бориб қон тўккан кишилар гўё «килмишлари» учун авф этилди! Аслида, минглаб йиллар давомида тинч ва мустақил ўлкани забт этган босқинчилар, минглаб аҳолининг ёстиғини қуритган жиноятчилар ғолиб сифатида ўлкада мустаҳкамланиб олдилар.

Умар РАШИДОВ