loader
Foto

Хотираларимдан. Мунаввар Қори (3)

ҚАНДАЙ ҲУКУМАТ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАҚИДАГИ МАСАЛА

Туркистон жадидлари орасида февг.аль инқилобигача қуйидаги бирлашмалар бор эди: Уқитувчилар жамияти; ҳарбий хизматчилар жамияти; «Турон» номидаги санъат жамияти ва бошқа «гап» номи билан юритилган жамиятлар. Улар ҳақида олдинги ўз хотираларимда айтганман. Уларнинг бирортаси ҳам сиёсий қиёфага эга бўлмаган. Февраль инқилобидан кейин бу бирлашмалар ишчи ва аскар депутатлари шўросига ҳатто ўз вакилларини юбора олмадилар. Булар ҳақида ҳам олдин ёзган эдим.

Жадидларнинг бу гуруҳи сиёсий ва маданий жиҳатдан қолоқ бўлганлиги учун ҳам феврал инқилобигача Туркистонда мухтор бошқарув масаласини кўтариб чиқа олмаган эди. Бу тўғрида улар ўйлаган ҳам эмас. Уларнинг бутун умиди Россиядаги инқилоб жараёнида махаллий аҳолини миллий, диний чеклаш ва жабрланишдан озод қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини овруполиклар билан тенглаштириш, хилма-хил мактаб ва матбуот ишлари ҳамда турли-туман жамиятлар ташкил зтишга кенг имконият яратиб беришга қаратилган эди.

У (жадид)ларнинг энг яхши кўрган шиори: Озодлик, Тенглик ва Адолат бўлган. Феврал инқилобидан кейин жадидлар ўрислар билан биргаликда бир қанча сиёсий масалада йиғилиш ва қурултойлар ўтказишади. Бундан ташқари, улар Кавказ ва Татаристондан келган зиёлилар билан туркистонликларга маданий ёрдам бериш масаласида бир неча марта суҳбатлар ташкил қилади. Шу жараёнда маҳаллий зиёлилар миллий мухторият, маҳаллий мухторият, федератив ва демократик жумҳурият ва бошқа мухториятлар ҳақида баҳс юрита бошлайди.

Ниҳоят, бу масала Туркистон мусулмонлари қурултойида муҳокама қилинади [46]. Эсимда бор, узоқ муҳокама ва тортишувлардан кейин делегатлар демократик федератив жумҳурият учун қўл кўтаради. Шуни ҳам айтиш керакки, муҳокамада қатнашганларнинг кўпчилиги, шу жумладан, менинг ўзим ҳам жумҳурият билан мухторият ўртасидаги фарқни тушунмаган эдик [47]. Феврал инқилобининг охирларигача маҳаллий зиёлилар шу қурултой қарори ечимини талаб қилади. Агар маҳаллий зиёлиларнинг бу талаби таъсис мажлиси томонидан қониқарли ҳал қилинадиган бўлса, улар жумҳуриятни бошқариш усулини танлаш ҳақидаги масалада овруполик социалистлар ёрдамига умид қилар эди. Улар (овруполик социалистлар — С.Х)нинг ёрдами маҳаллий зиёлилар қарамоғида катта маданий куч бўлмагани учун ҳам зарур эди. Бошқа ёрдам сўраб турк ва татарларга мурожаат қилиш ҳақида ҳам фикрлар бор эди. Инқилоб бошларида маҳаллийларнинг ўзаро муносабати социалистлар билан унча яқин бўлмаган, қачонки уламолар ғалабага эришганидан кейин уларнинг алоқаси сезиларли даражада ўзгаради.

Октябр инқилобидан кейин аҳвол бирдан ўзгариб кетди, социалистлар (меньшевиклар) инқилобининг бошида маҳаллий аҳолидан шаҳар шўросига делегат юборишга қарши эди. Энди эса, Туркистон мухторияти фойдасига ташвиқотни бошлаб юборди. Бу пайтда Марказий ижроия қўмитаси Қўқонда қурултой чақиради.

Қурултой вақтида мен ўзим шунинг гувоҳи бўлдим-ки, бир неча меньшевиклар Чўқаев, Хўжаев, Тинишпаевга Лениннинг Шарқ халқларига, улар ўз ҳукуматини бошқаришни қўлларига олиш ҳақида ёзма равишда юборган мурожаатини кўрсатиб, мана Ленин ҳам мухторият эълон қилинишига қарши эмас, шунинг учун бу қурултойда мухторият эълон қилинишига ҳамма куч сарфланиши зарур деб айтади. Натижада қурултой мухторият эълон қилади. Шахсан мен бунга қарши эдим... [49] Менинг фикримча, мухториятнинг эълон қилиниши бевақт бўлди. Мен меньшевиклар бу мухторият жараёнида маҳаллий аҳолидан қурол сифатида большевикларга қарши фойдаланиб, ҳукумат юқори лавозимларини эгаллашга ҳаракат қилади деб ўйлаган эдим. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Бу мухторият кўпгина қонли воқеаларга сабаб бўлди. Мухторият туфайли Тошкентда декабр намойиши бўлиб, у бир неча кишининг қурбон бўлиши билан тугади. Бу ерда мен Эски шаҳар аҳолисини Янги шаҳарга ўтказмасликка ҳаракат қилдим. Аммо Шайҳонтоҳурдан Ўрдагача чўзилган намойиш раҳбари Низомиддин Хўжаевни кўндиришнинг иложи бўлмади... Мухториятнинг фаолияти ва дастури Сизга маълум. Шунинг учун мен уни қолдириб, яна («Иттиҳоди тараққийпарвар») ташкилотига тўхталмоқчиман. Бироқ, ундан олдин большевикларнинг мухторият муваққат ҳукуматини буржуазия ва меньшевиклар ҳукумати деб баҳолашига қўшила олмаслигимни ҳам яширмай айтиб қўймоқчиман. Негаки, бунинг учун жуда кўп факторлар бор. «Иттиҳоди тараққийпарвар» ташкилоти ўз олдига асосий мақсад қилиб Туркистон аҳолисини жаҳолат ва қулликдан қутқаришни қўйган бўлса-да, у қандай ҳукумат тузиш ва уни қандай усулда бошқариш масаласи билан шуғулланмаган. Унинг дастури ҳам, ҳатто лойиҳаси ҳам йўқ эди. Улар (тараққийпарвар) ҳамма кучни эсқи турмуш иллатларига қарши курашиш ва мактабларни яхшилаш ва кўпайтиришга қаратади.

Раис Зиябекнинг муҳим масалаларни ҳал қилиш учун ташкилот раҳбарлари кенгашини чақириш одати бор эди. Боку турклар томонидан ишғол қилингандан кейин Зиябек мени, Саъдуллахўжа ва бошқа бир неча кишиларни чақириб, Туркия қўшини Туркистон остонасида турибди, Озарбойжон Туркияга қўшилди, тез Орада турк қўшини Туркистонга кириши кутилмоқда, Туркистон Туркияга қўшилади, шу муносабат билан ташкилот номидан қарор қилишимиз керак, деб айтди.

Бу вақтда маҳаллий халқ орасида пантуркистик кайфият шу даражада кучли ривожланган эди. Зиябек қуйидаги қарорни қабул қилишни таклиф этади: «Иттҳоди тараққий» ташкилоти Туркистоннинг Туркияга қўшилишига қаршилик билдирмайди. Қарор ушбу қўшимча билан қабул қилинади: «Мабода Туркистонни турк қўшини эгаллаб олса». Бу қарор қабул қилинганидан 3—4 ой ўтгач, турк қўшини чекинади. Озарбойжонда муссоватчилар ҳукумати тузилади ва туркистонликлар турклар ҳақидаги ўз орзуларини унутади. Энди Англия томонидан хавф пайдо бўлади. «Иттиҳоди тараққий» ташкилоти большевиклар билан биргаликда унга қарши тарғибот олиб боради ва (қуйидаги) шиорни олға сурадилар: «Курашамиз, қон тўкамиз, аммо Англия қармоғига илинмаймиз ва унга ўз Ватанимизни бериб қўймаймиз!..»

Турклар Бокудан кетганидан кейин уларни ҳеч ким эсламайди. Шундан сўнг «Иттиҳоди тараққий» ўз олдига шўро ҳукумати яратиб берган қуйидаги имтиёз ва ёрдамдан фойдаланиш мақсадини кўзлайди:

а)    ўқув юртлари сонини кўпайтириш;

б)    мактаблар қошида катталар учун саводсизликни тугатиш курслари очиш ҳамда тўгарак ва жамиятлар ташкил этиш.

в)    мазкур шўро ҳукумати мухториятини мустаҳамлаш.

г)    шўро ҳукумати ағдарилган такдирда Туркистон мухториятини сақлаб қолиш мақсадида тараққийпарварларнинг янги кучини тайёрлаш.

Шўро ҳукумати яшаб қолишига ишонч пайдо бўлганидан кейин тараққийпарвар ташкилоти тарқатиб юбо-рилади, унинг баъзи бир аъзолари коммунистик фирқага кириб мухториятни мустаҳкамлаш ва (шўро) аппаратларини маҳаллийлаштириш бўйича асосий ишни давом эттиради.

Қачонки, марказдан Кобозев келиб, раҳбарлик қила бошлагач, бу ғоя янада кучаяди, шу билан бирга Москва ёрдам беришига умид пайдо бўлади. Бунга (миллийлаштиришга) қаршилик кўрсатганларга мустамлакачи деб қаралади.

Бу мустамлакачилар қурултой ва конференциялар ёрдамида ғалаба қозонишга ўтдилар. Москвага йўл очилганидан кейин (50) улар тўғрисида марказга шикоят қилиш ва у ердан ёрдам олиш йўли билан Туркистонда тўла ҳуқуқли мухторият бошқарувини ўрнатиш мумкинлигига ишонч пайдо бўлади. Бу ишонч VIII қурултой [51] дан кейин янада кучаяди. Чунки, Марказий ижроия қўмита, ўлка комиссариати ва бошқа баъзи бир комиссариатларда раҳбарлар маҳаллий ходимлардан тайинлана бошлайди. Бу тадбирлар маҳаллийларнинг талабларини энг кўп даражада қондиради деб айтса бўлар эди. Бу талаблар расмийлаштирилмаган бўлса ҳам, Москва билан қисман ёки бевосита боғланмаган комиссариатлари, масалан, ҳарбий комиссариат, молия комиссариати, чет эл ишлари комиссариати мустақиллигини билдирар эди...

Гапнинг қисқаси, ўша вақтларда маҳаллий ходимлар ҳам, «Тараққийпарвар» аъзолари ҳам марказнинг миллий, синфий ва фирқавий сиёсати ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас эди...

1930 йил 12 июнъ



Бизларнинг синфий дунёқарашимиз негизида синфларни инкор этиш ётади. Бизлар синфларни билмас эдик, агар йирик буржуазия деб ҳисоблаётган катта ер эгалари ва савдогарларнинг жуда озгина гуруҳи ҳисобга олинмаса, бизларнинг кўз ўнгимизда ҳамма тенг эди. Буржуазия тўғрисида гапирганда бизлар йирик савдогар ва катта ер эгаларинигина назарда тутар эдик. Бизлар шўро ҳукуматининг мана шуларга эмас, балки майда ва ўрта ҳол буржуазияга нисбатан олиб борган тадбирларига қарши бўлдик. Бинобарин, бизлар асосан майда буржуазия манфаатларини ҳимоя қилдик: мана шундан бизларнинг октябр инқилобидан кейин мамлакат сиёсий ҳаётида тутган ролимиз, шўро ҳукумати, йўқсил диктатурасига қарши олиб борган курашимиз тушунарли бўлса керак. Бизларнинг мустақиллик ҳақидаги шиоримиз, аввал буржуа-демократик Туркистонни, ундан сўнг эса Ўзбекистонни ташкил этиш, ҳокимиятни майда ва ўрта буржуазия қўлига бериш тўғрисида ҳаракатимиз ана шундан келиб чиқади. Пантуркистик интилишлар ҳам ўз ўрнига эга эди. Бизнингча, буларнинг оммавий кўриниши Ўрта Осиёдаги туркий халқларнинг ҳаммаси учун умумий бўлган тил яратишдан иборат бўлиши керак эди. Бизлар шу умумий тил орқали бу халқларнинг бирлигини осонгина мустаҳкамлаймиз деб ўйлаганмиз. Бизларнинг пантуркизм Ўрта Осиё доирасидан четга чиқмас эди, чунки бизлар уни бугунги куннинг оммавий вазифаси деб тушунганмиз. Пантуркизм ғоясини бутун туркий халқларга нисбатан амалга оширишга («Буюк Турон» ғоясига) бизлар ишонмас эдик. Фақат турк ҳарбий асирлари келиб ишлай бошлаган пайтда бизларда бу интилиш бироз жонланди.

Ўзбек ва қозоқ қишлоқ тилларида ўхшашлик борлигини ҳисобга олиб, улар асосида умумий тил яратмоқчи бўлган эдик. Мана шу умумий тил асосида умумий адабиёт яратишни ҳам ўйлаган эдик.

Бизнинг пантуркизмнинг туб сиёсий мазмуни шундан иборат эдики, асосий мақсад бўлган мустақилликка бутун Ўрта Осиё халқларининг ягона ҳаракати билан тезроқ эришиш мумкин деб ўйлагандик...

«Чиғатой гурунги»га бирлашиб Фитратга эргашган ёшлар янги ўзбек адабий тилига асос қилиб Навоий, Чиғатой турклари тилини олди, эски атамалар (арабизм ва форсизм аралашмаси) барча туркий тиллардан, ҳатто ўлик Чиғатой тилидан олинган янги атамалар билан алмаштирилди. Мана шулар асосида ва ўз навбатида эса, алифбо масаласида бизлар билан фитратчилар ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Аммо бунинг сиёсий ғояларга даҳли йўқ эди.

Мен афғон консули Ғулом Жайлоний олдига борганим ва у билан ўзимнинг Афғонистонга кетишим ҳақида гаплашганимни Миён Бузрук Солиҳовга айтган эдим. Миён Ўзбекистонга қайтиб келганидан афсусланиб гапирди ва имконият бўлса яна Афғонистонга ўтиб кетиш хоҳиши борлигини айтди. Унинг ўзи айтишича, у афғон ҳукумати рухсати билан Ҳиндистонга бориб, кейин у ердан Туркияга, Истамбулга ўтади... [52].

Афғон консули билан гаплашишдан мақсадим ўзим ва менга яқин бўлган кишилар, масалан, Салимхон, Миён Бузрук, Муротхўжа, Саидкамолхон, Мирсоат Мирзокиров, Муҳаммадрасул домла, умуман, 10—15 кишининг Афғонистонга ўтиб кетиш хоҳишини амалга ошириш бўлган эди. Консул билан гаплашганимда фақат Салимхон билан Миён Бузрукни тилга олган эдим. Бошқалар ҳақида эса ҳеч нима демадим, чунки булар эртами кеч у ёққа кетишга мажбур бўлар эди. Консул Кобулга хат ёзиб, хат олишга ҳатто Афғонис¬тонда ўқитувчи бўла оладиганларга махфий равишда рухсатнома (виза) беришга ваъда берди. Консул билан бўлган музокара натижасини мен фақат Миёнгагина айтдим. Кобулдан жавоб келишини кутишга қарор қилдик. Бачи Соқов исён кўтариши муносабати билан бизда Афғонистонга кетиш орзуси йўқолди, аммо Омонулла ҳукумати қайта тиклансагина ўз ниятимизни амалга ошириш умидида бўлдик...

Консулнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши тўғрисида: охирги пайтларда ҳеч қандай кўмак бўлмайди. Фақат шуни айтиш керакки, консуллик ходими Мансурхон мени таништирган консул ўрнига келган янги консул 1923 йилнинг охирларида мендан миллий фаолият аҳволи ҳақида сўради ва Афғонистондан моддий ёрдам келиши мумкинлигини маълум қилди. Мен унга фаолият давом этиши учун энди одамлар ҳам, маблағ ҳам йўқ. Қўшни давлатлардан бирортаси ҳам бизга ёрдам беришни хаёлига келтирмайди, дея кулим-сираб қўшиб ҳам қўйдим. Шундан кейин у агар илтимос қилинса, Кобулдан моддий ёрдам келиши мумкинлигини баён қилди.

Бу суҳбат ҳамда афғонларнинг ёрдам бериш ваъдаси тўғрисида мен Саидносир Миржалиловга (назарим-да Толибжон Мусобоевга ҳам) айтдим, шунингдек Сайидвали семизнинг уйида 1924 йилида Убайдулла Хўжаев, Саидносир, Толибжон, Шаҳоб Нишон ва бошқалар иштирокида бўлган йиғилишида ҳам гапирдим, қатнашганлар рўйхати сизларда ҳам бор...

1930 йил 4 январь

«ИТТИҲОДИ МИЛЛИЙ» ТАШКИЛОТИ

1) 1919 йил январь воқеасидан кейин маҳаллий зиёлиларнинг бир қисмида шўро ҳукуматининг мустаҳкамланиб яшаб қолишига ишонч ҳосил бўлди. Улар Туркистон халқини қуллик ва жаҳолатдан фақат коммунистик ташкилот ёрдамидагина озод қилиш мумкин деган фикрга келади. Зиёлилар орасида мана шундай ишонч бўлганлиги сабаб «Иттиҳод ва тараққий» («Иттиҳоди тараққий») ва унинг ўрнини босган «Бирлик» ҳам тарқалиб кетади.

Шу билан бир қаторда маҳаллий зиёлилар орасида юқоридаги ишончга қўшилмай, бирорта қандайдир яширин ташкилот тузиш иштиёқида юрганлар ҳам бор эди. Зиёлиларнинг бу гуруҳи бошида Садритдинхон ва бир неча турк офицерлари бўлиб, улар бир неча бор менга комфирқага кирганлигимни тана қилган ҳолда мени янги ташкилот тузилишида қатнашишга таклиф қилдилар.

Мен бу пайтда комфирқада жуда ҳам берилиб ишлаётган эдим. Шунинг учун ҳам мен уларнинг таклифига тахминан қуйидаги рухда рад жавобини бердим: «Агар сизлар мени миллатчи деб тан олсаларингиз, сизларга шундай деб айтаманки, коммунизм менимча миллат ва халқнинг эҳтиёжига тўла жавоб беради. Мен энди миллат ва халқнинг кўпчилигини ташкил этувчи камбағал ва меҳнаткашлар манфаати учун ишлашни афзал кўраман. Мана шу мақсадни деб мен комфирқа-га кирдим. Бошқа ҳеч қандай ташкилотга эҳтиёж йўқ деб биламан».

Уларга мен шу мазмунда жавоб бердим ва бир неча митингларда шу маънода нутқ сўзладим. Ўша вақтда «Шарқни озод қилиш» жамиятида ҳам унчалик фаол бўлмадим, фақат унинг бир икки умумий йиғилишидагина қатнашдим холос.

У пайтда менинг муҳим хизматим Халқ маорифи комиссарлигида эди. Шунингдек, Мусулмон бюроси (РКП(б) Мусбюроси) ва ўлка қўмитаси (крайком) мажлисларида фаол қатнашардим. Маҳаллий коммунистларга П. А. Кобозев раҳбарлик қилади. У ҳар доим бизга (маҳаллий аҳоли коммунистларига) шундай деб айтарди: Туркистон Шарқ дарвозаси, у орқали бошқа шарқий мамлакатларга инқилобий кайфият олиб кириш мумкин бўлади. Шунинг учун ҳам Марказ Туркистонда алоҳида шарқий сиёсат деб номланувчи сиёсат олиб боришни ўйламоқца ва ҳатто у зарурият бўлса, бу ерда Таъсис қурултойини чақириши ҳам мумкин. Бу тўғрида Кобозев VIII қурултойда маҳаллий аҳоли вакилларидан миллий гуруҳ деб номланган гуруҳни тузиб, уни ўзи бошқарган эди. Ўрт. Кобозевнинг бу раҳбарлиги сабаб маҳаллий зиёлиларда Туркистонда мухтор давлат тузилиши ва уни бошқа шарқий мамлакатларга намуна бўлишига маълум даражада ишонч уйғонади. Бунга қарши бўлган (Казаков ва Успенский каби) овруполикларни маҳаллий зиёлилар мустамлакачилар деб атайди.

Қурултойдан сўнг Рисқулов ва Саъдуллахўжа Турсунхўжаев ҳукумат раҳбари бўлиб қолади. Марказдан ўрт. Элиава раислигида Туркистон иши бўйича махсус комиссия (Турккомиссия) келди.

Бизларнинг фаолиятимиз кейинчалик Туркистонни Турк жумҳурияти деб номлаб, мухториятни кенгайтиришга, давлатни маҳаллийлаштиришга, бошқача айтганда Кобозев кўрсатма (директива)ларини тўлалигича ҳаётга тадбиқ этишга қаратилди.

Бироқ Рисқуловчиларга ҳужум бошланиши билан бу сиёсатнинг умри жуда қисқа бўлди. Ҳужум Казаков, Успенский каби мустамлакачилик кайфиятидаги кишиларнинг фаолияти билан боғлиқ эди. Натижада Рисқулов ўз ловозимини ташлаб, Марказга арз қилишга қарор қилди.

Рисқулов ва Низомиддин Хўжаев Москвага бориб, у ердан бутунлай енгилиб қайтди. Бокудаги Шарқ халқлари қурултойида Рисқулов бу масала тўғрисида Зиновьевга мурожаат қилади. У эса бу ишни кўриб чиқишни Москва ихтиёрига ташлайди. Рисқуловлар ўз ловозимларидан кетгач, мен ҳам Бокудан келишим билан ишдан бўшатилиб, Бухорога командировка қилиндим. Бу хатти-ҳаракатни эса маҳаллий зиёлилар мустамлакачилик кайфиятидаги овруполикларнинг ғалабаси деб баҳолади. Мана шу муносабат билан маҳаллий зиёлилар кун сайин «Иттиҳод ва тараққий» ташкилотини тузиб, овруполикларнинг мустамлакачиликка интилишларига қарши курашиш зарурлигини ҳис эта бошлайди.

Биз Бокуда бўлган пайтда Тошкентга Турккомиссиянинг янги раиси Сафаров келди. У ҳам Рисқулов ва унинг тарафдорларига бўлган олдинги (салбий) муносабатни ўзгартирмади. Бу ҳолат маҳаллий зиёли ва коммунистларнинг коммунизмдан кўнглини совутди. Худди мана шу пайтда Бухорода, Тошкентда «Иттиҳоди миллий» ташкилот ташкил топганлиги тўғрисида гап тарқалди. Бу тўғрисида Тошкент марказидан кўпгина хатлар олинди. Бизлар, яъни Бухородаги туркистонликлар ташкилот марказини Тошкентдан Бухорога кўчиришга ҳаракат қилдик. Шу сабабдан Тошкент билан муросамиз келишмай қолди (Бу тўғрида мен олдинроқ батафсил ёзганман). Мен «Иттиҳоди миллий» (баъзан «Миллий иттиҳод» деб ҳам аталади) қачон қандай пайдо бўлганлиги тўғрисида қамоққа олинганим (1921 йил) ва ундан озод бўлганимдан кейинги пайтда баъзи бир маълумотларга эга бўлдим.

«Иттиҳоди тараққий» ва «Бирлик» тарқалиб кетгач, уларнинг раҳбарлари бизлардан ажралиб қолади. Бизлар 8-қурултойда миллий гуруҳни тузиб, Казаков ва бошқалар билан кураш олиб бораётганимизда улар¬нинг ўзлари «Иттиҳоди миллий»ни ташкил этди. Унинг марказида дастлаб Муҳаммадбей, Сулаймон Сами ва Садритдинхон бўлган. Бу ташкилот устави олдинги «Иттиҳоди тараққий» уставининг айнан ўзи эди. Фақат унинг номигина ўзгарган холос (собиқ «Иттиҳоди тараққий»нинг устави, қарорлари ва рўйхати Садритдинхонда эди).

Улар янгитдан қабул қилинаёттан кишиларга, ташкилот таркибига «Иттиҳоди тараққий»нинг ҳамма собиқ аъзолари, 8-қурултойда миллий гуруҳга кирган делегатлар, ҳатто Рисқулов ва Кобозев ҳам киради деб айтар эди. Ташкилот аъзоларининг тартиб сони мингдан ортиб кетди. Рисқулов ҳукуматдан кетганича ташкилот шу ҳолатда иш олиб боради. Унинг фаолияти асосан аъзолар сонини кўпайтиришдан иборат бўдди.

Рисқуловдан кейин улар ташкилот уставига бироз ўзгартириш киритди. Марказий қўмита аъзоларининг сони 5 тагача, вилоятларда эса 7 тагача кўпайтирилди. Аъзолик сафига фақат тараққийпарварларгина эмас, ҳамма хохдовчилар қабул қилинди.

Бизлар Бухорога сафарбар (командировка) қилингандан кейин улар ташкилот ҳақида хабар беришни лозим деб топади ва бизларнинг ёрдамимизда унинг Бухоро бўлимини ташкил этишга ҳаракат қилади.

Маълумки, бу ердагилар бўлимни очиш ўрнига ташкилот марказини Тошкентдан Бухорога кўчириш иштиёқида бўлади, муҳр, устав ҳақида шов-шув кўтаради.

Бизнинг ташкилот марказини Бухорога кўчириш тўғрисидаги таклифимиз асосида Тошкент марказчилари орасида қарама-қаршилик пайдо бўлади. Турклар марказни Бухорога кўчириш тарафдори бўлса, Садритдинхон бунга қарши бўлади. Охир-оқибатда бу ажралишга олиб келади. Сулаймон Сами ва Муҳаммадбей ташкилотдан чиқади.

Шундан сўнг ташкилот бошида биргина Садрит-динхоннинг ўзи қолади ва ўзича иш олиб боради.

Босмачилар билан алоқани тиклайди, Каримов билан бирга ўша машҳур хатни ёзади. Бошқача айтганда контрреволюцион йўлга киради. Атрофидаги кишилар масалалар муҳокамасида иштирок этмасдан, унинг буйруғини тўғридан-тўғри бажарар эди. Буни у Москва ва Бухородаги марказий органлар номидан амалга оширади. Бухорода (Туркистон миллий бирлиги —- Марказлар маркази) марказий қўмита ташкил топгач, у Тошкент марказини Бухорога кўчириш так¬лифи билан чиқади. Бироқ у бунга ҳам бўисинмайди, устав ва муҳрни ташкилот иши фош бўлиб, ярим йўлда қолиб кетишидан хавфсираб, Бухорога юбормайди...

1921 йилдаги бостирма (облава) пайтида у (Садритдинхон) ўзи ташкил этган босмачиларга қочиб кетади. Суд бўлганидан сўнг у қамоқда бўлди. У ердан яна босмачиларга, ундан сўнг эса хорижга, Эронга ўтиб кетади. Ҳозир ҳеч ким унинг тўғрисида ҳеч қандай, тирик ёки ўлик эканлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.

«Иттиҳоди тараққий»нинг фақат устави бўлиб, дастури йўқ эди. «Иттиҳоди миллий»нинг алоҳида дастури бўлмаса-да, фақат уставга суянган. Унинг марказий қўмитасида турклар ҳам бўлган. Алоҳида махсус дафтарда берилган топшириклар қайд қилинса, иккинчи дафтарда эса ташкилот аъзоларининг исмлари ёзилиб, улар номерлар билан белгиланади.

Турклар кетганидан кейин ҳамма иш унинг (Садритдинхон) қўлига ўтади. Шундан кейин у дафтарни тўлдириб борган, бормаганини ҳеч ким билмайди. Шунингдек, у қочоқли даврида ташкилотнинг дафтари ва муҳрини нима қилганлиги ҳозиргача ҳам аниқ эмас.

«Иттиҳоди тараққий» нима учун «Иттиҳоди миллий» деб номланганини мен шу вақтгача ўйлаб кўрмаган эканман. Энди ўйласам унинг сабаблари қуйидагилардан бўлган бўлса керак:

1.    Ўша ташкилот пайдо бўлаётган пайтда қурултойда миллий гуруҳ ташкил топган эди. Шу гуруҳ номи остида ниқобланиш ва ўзларида уларга ташкилотнинг курултойдаги вакиллари деган тушунчани билдириш мақсадида «Иттиҳоди миллий» номини олган бўлишлари мумкин.

2.    Садритдинхон дин ва исломпарасат бўлган. Балким, унинг таъсирида бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожикларни бирлаштириш мақсадида ташкилот номи «Иттиҳоди миллий» («Миллатлар уюшмаси») деб аталганлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.

3.    Муҳаммадбей Туркиядаги усмонпарастлик оқими тарафдори бўлган. Меним эшитишимча, у туркпарастлар ва туранпарастлар норози бўлиб, бир неча туркий бўлмаган, яъни яҳудий, арман, араб ва грек миллатларини бирлаштирувчи усмонлилар давлатини Туркия номи билан аташ тўғри бўлмайди деб айтган. Шу сабабдан ҳам, у кишининг таъсирида Туркистонда яшовчи қозоқ, қирғиз, ўзбек, туркман, тожик, рус ва яҳудийларни бирлаштириш мақсадида ташкилот «Иттиҳоди миллий» деб номланган бўлиши мумкин.

Умуман, «Иттиҳодий миллий»ни «Иттиҳодий тараққий»га айнан ўхшаш, фақат маҳаллий тараққийпарварлардан иборат бўлган, эски маиший турмуш ва мустамлакачиликка қарши мақсадда бўлган ташкилот деб аташ ҳам унча тўғри эмас. Аслида у жуда кенг мақсадни кўзлаган...

давоми бор...