...Нега сенинг қалин товшинг «кет» демайди уларга!
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қўлларга!
Чўлпон. «Бузилган ўлкага».
Абдурауф Фитрат «Ҳуррият» рўзномаси (1917—18 йилларда 86 сони нашр этилган) саҳифаларида эълон этган уч сочмаси ва бир шеърини «Юрт қайғуси» деб атади. У мазкур туркумни «Ватан ҳасрати», «Халқ дарди» дея баландпарвоз, жарангдор номлашдан ўзини тийди. Ва бу сирадаги дастлабки мақоласини ўзи муҳаррирлик масъулиятини зиммасига олган куни, яъни, 1917 йилнинг 28 июлида чоп эттирди. Худди шу кунй Петроградда «Июль воқеалари» деб аталган шармандали қўзғалишлар барҳам топиб, Ленbн бошлиқ большевиклар икки ҳокимиятчилик мувозанатини зўравонларча бузиб ташлаб, қуролли тўнтариш йўли билан ҳокимиятни олишга ният қилишган эди. Қарийб етмиш йил давом этган йўқсиллар зўравонлиги (пролетариат диктатураси)нинг ибтидоси амалда ўша кундан бошланган эди. Фитрат ёзади: «Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Нечук кунларга қолдинг? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларин ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун...» Фитрат бу сатрларни Петроград воқеаларини назарда тутиб ёзмаган эсада, мазкур зўравонлик (диктатура) бундан роппа-роса икки юз йил аввал зобит Пётр томонидан Хивани, Туркистонни босиб олиш учун юборган 3727 пиёда, 617 отлиқ, икки минг казак, 230 денгизчи, 22 тўп билан йўлга чиққан княз Бекович-Черкасский отряди бошлаган босқинчиликнинг мантиқий давоми эканини чуқур ҳис қилганди. Ўртадаги икки юз йиллик фарқнинг қалин пардалари бироз кўтарилса, Пётр «Хива, Туркистон билан тотув муносабат ўрнатиш мақсадида» бу ишга журъат қилган бўлса, Ленин «пролетариат диктатураси» ниқоби билан ҳаракат бошлаган эди. Фитрат «кимсасизлик юкиндан ориғланган танда золимона урулган қамчиларнинг яраси бор», деб ёзаркан, на Пётр юришини, на Ленин зўравонлигини назарда тутмаган ҳам бўлиши мумкин. Бироқ «бош-оёғлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботган, бақирурға товуши, қутилурға кучи қолмаган» Ватан хаёлини мунгли хотун қиёфасида тасаввур этиб, «Золимлар сени кимсасизми кўрдилар? Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен бутун борлуғим билан сенга кўмак қилурға ҳозир. Мана мен, чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлурға рози... Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса, оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса, яна сен сари чопарман. Дунёнинг бутун балолари бошимга тўкилса, зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимға кирса, яна сени қутқараман» (Ўша газета, 31-сон), дея курашга бел боғлаганда, шубҳасиз, рус зобитларини назарда тутган. Фитратнинг бу мардона хитобларига аниқлик киритиш зарурати туғилса, айни 1917 йилнинг буғдой пишиғида кечган қирғинбарот жанглардан Фитрат асарларига томган, «Ҳурриятпнинг сарғайган варақларига сингган ўша қонларнинг доғларини аниқроқ илғаш қийин эмас: «Кўрдим, кездим, эшитдим, ўқидим. Мамлакатлар орасинда Туркистонимиз каби бахтсиз бир мамлакат йўқдир. Бутун ёлғизгина отларини тарихда қўйиб кетган эл-улусларнинг эзилиб кетдикларига биринчи сабаб шул айрилиқ, шул иттиҳодсизлиқдир... Биз туркистонликлардаги бу иттиҳодсизлиқдан кўпроқ фойда кўрган, каттароқ осиғлангон эски Русия ҳукумати эди...» Шу ўринда Фитратнинг сўзларини бўлиб, Туркистон генерал-губернатори Духовский ўз императори Николай II га 1899 йили ёзган баённомасидаги мана бу сўзларни ёдга олайлик: «Буюк олампаноҳ, Сиз бошқараётган ҳозирги буғ ва электр асрида ҳамма миллий нифоқларни текислайдиган, ўзаро нифоқлардан кучланган умумий тинчлик ғояси ва бунга қандай қилиб бўлса ҳам интилиш чуқур мулоҳазали иш бўлур эди». Айни шу даъват ва тасдиқда Фитрат мулоҳазаларининг индаллоси айтилган эди. Мақолани ўқишда давом этамиз: «Қуллуқлар улуғ тангримизгаким ўлмак, шу золим ҳукуматнинг йиқилдиғини кўрдик. У золим ҳукумат йиқилди. Русиянинг эски ҳукумати билан биргалашиб, орамизда нифоқ ва айрилиқ қўрғонларининг дахи йиғилиб кетмаги керак эди (Духовский орзу этган), лекин бу қорақўрғонлар ҳоло йиқилмади, ҳоло эски чидамини сақлаб турибдир» (25-сон). Фитрат бунда «янги ҳукуматнинг саодат ваъдаларидан фойдаланурға» даъват этсада, бу ҳукумат орадаги нифоқларнинг камайиши эмас, аксинча, уни кучайтиришга уринаётганини англаш мумкин. «Мусулмонлар, ғофил қолманг!» (33-сон), «Биринчи чорамиз» (34-сон), «Шўройи исломнинг хатоси» (36-сон) мақолаларида эса шаҳар думасидан, Шўро сайловидан фойдаланиб, думада кўпроқ овоз олиб, демак, мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳал қилувчилар рўйхатига ёзилишга интилаётган шаҳардаги рус, армани, жуҳудларнинг найрангларидан мусулмонларни огоҳ бўлишга чақиради ва бу йўлда улар билан иттифоқ қилган «Шўройи ислом»нинг хатосини кўриб, ажабсинади: «Ажаб, Шўро жамияти (Шўройи ислом» назарда тутилмоқда) нечун шуни тушунмайди?.. Шўро шу масалани тушунмаган бўлса, миллатнинг ўзи тушунсин ва ортуқ қайси нўмер рўйхатга тавуш бермак керак эдигини тайин этсун» (36-сон). Бунинг учун эса элни яна «иттифоқ этмакка» (46-сон) чақиради: «Бугун ер юзида саксон милиион боланг бор. Буларнинг томирларидаги қон Чингизларнинг, Темурларнинг қонидур». У буларнинг кучи дунёнинг ҳар ёнига тарқалган Турк улусининг кучи эканини яна бир бор эслатиш баробарида Темур олдида, унинг сағанасига бош уриб, Турк юртининг қайғулари тарихидан сўз очади: «Эзилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим, ҳоқоним! Юз йиллардан бери жафо кўриб, ғам чекиб келган қонли кўз ёшларим этакларингга тўкарга келдим. Қоронғулар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олгали келдим. Номусини бад кишиларнинг оёғлари остинда кўруб турклик қони қайнағай, мусулмонлиқ ҳамияти тошғай, тумуғ оловлари каби сачрагай. Лекин ўз кучсизлигини англаб қайтиб ўтирган ва қон йиғлаган турклик ҳолини арз этарга келдим, ҳоқоним!» (47-сон). Туркларнинг муқаддас ўчоғини золимларнинг оёғлари остидан тозалашга уруниш айни ўша 1917 йилнинг кузидаги воқеаларга дахлдор, бироқ «ўз кучсизлигини англаб, қайтиб ўтирган» деганда Фитрат «асосан, икки фирқага тақсим этилган» Бухоро уламосини асл йигитларини узоқ Русия учун мардикорликка бериб, ўзи ҳимоясиз қолган Туркистонни, «Биринчи жаҳон уруши» деб ном олган чалкаш савашлардан ўзига бирор хулоса қила олмай, «Англиз ўйунлари» олдида ожиз қолган зиёли ва сиёсатдонларни, юрт олдида турган қатор чалкашликларни назарда тутади. Бунинг устига «иккинчи йўла қўзғолон большевик балоси» (49-сон) ва улар «инқилоб» деб атаган Петрограддаги тўнтаришларнинг сабабларини ўз газитхонларига тушунтирмакчи ва бунда биз «туркистонийлар учун хатарсиз йўл»ни белгилаб бермакка уринади. Бир томонда, «Бухоро хонлигида очлик» давом этаётган, иккинчи томондан, ўрис тўралари ва англиз зодагонлари Туркистонга эгалик қилиш учун яширин мушоҳадалар (55-сон) олиб бораётган бу кунларда, «туркликнинг қонини қайнатгувчи, имонини юксалтгувчи бир қувват берган бир суюнчли сўз» (57-сон) туғилди: «27 ноябрнинг кечасинда миллий лайлатул қадримиз бўлган Туркистон мухторияти» эълон қилинди. «Шўл қопқоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз каби ялқиллаган» бу мухториятни олқишларкан, Фитрат «маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтган, ёруғсиз турмаларда ётган, йиртқуч жандарманинг тепғуси билан йиқилган, ёндирулган, осилган «диндошларимизнинг ҳолатини арз этади: «Элли(к) йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдиқ, қўлимиз боғланди; тилимиз кесилди, оғзимиз қоплонди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсон-лигимиз оёғлар остига олинди — тўзумли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруқға бўй-сундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик ёлғиз бир фикрни бермадик, яшунтурдик, имонларимизга ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!» (57-сон) Фитрат гарчанд «демократия ҳақға таяниб, ҳар бир миллатнинг ўз ҳақларини қайтариши»га ишонса ҳам, буни мухториятдан кутиб, унинг келажагига илҳақ қараса ҳам, бу олдинда бўлажак курашнинг «бисмиллоҳи» эканини, Мухторият эълон қилинишининг ўзи билан юртдошларимиз озод бўлиб қолмаслигини, уни асрашга, барқарор қилишга куч ва қувват, маблағ ва идрок зарурлигини ўша куниёқ уқтирганди.
1917 йилнинг 5 декабрида эълон этилган мақоласидан сўнг 1918 йилнинг бошларида 62-сондаги «Бухоронинг ҳоли» мақоласига қадар «Ҳуррият» саҳифаларида Фитрат «кўринмайди». Деярли ҳар бир сонда бирор мақола, хабар ёки маслаҳат билан қатнашаётган Фитратнинг қарийб бир ойдан мўлроқ вақт мобайнида газитда «кўринмаслигиянинг сабаби тўғрисида (ҳозирча) турк олими Аҳмад Заки Валиди Тўғоннинг «Хотираларинда айтилган «Фитрат Туркистон мухториятининг даъвати ила Қўқонға борди», деган маълумотдан ўзга бирор гап айта олмаймиз. Хуллас, Фитрат «Бухоронинг ҳоливда ёзади: «Русия инқилоби; императорнинг тахтдан тушгани, рус ҳуку-матининг халқ қўлига кўчдиғи Бухоро ҳукуматига инқилобнинг ҳақиқати ва инқилобчиларнинг тилакларини билдурди. Инқилобчиларнинг ҳимоясига сиғинғон ёшлардан Бухорб ҳукумати бироқ қўрқди». Демак, шу руҳдан аланга олиб, имкониятни бой бермай инқилоб сари ҳаракат қилмоқ лозимлигини Фитрат тушунади: «Яхши сўзлар билан, тавозелар билан, ёлбрришлар билан Бухоро Ҳукуматини йўлға кетурмак бўлмас. Золимнинг... табиатиға ўхшаш бир табиати бордир: қочғонда қувар, қувғонда қочар. Золимларнинг шул табиатларини, шу «аҳволи руҳия»ларини кўзда тутмай-ин ҳаракат қилатурғонлар хато йўлдадирлар, зарар кўрарлар. Қўрқмайин, тортинмайин кескинроқ ҳарақат қилмоқ керак бу кун... Мунча адолат ва ҳаққоният қуёшлари билан ёруғон, ойдинлашган бир қитъанинг ўта сохта, инсофсизлиқ қоронғуси туролмас, йўқолур». Шундай даъват ва чақириқлар билан Фитрат Бухоронинг қоронғудан чиқиши учун йўл ахтаради, ҳатто рус ишчиларига-да эргашмоқчи бўлади, бироқ вазиятни, ўрис тўраларининг зобитлик тарихини яхши билган адиб бу йўлда ўрис ишчиларига-да эргашиб бўлмаслигйни уқтиради (63—64-сонлар) ва натижада.Бухоро учун айрича бир йўл — инқилоб зарур, деган хулосага келади. Фитрат «Бухорода инқилоб» туркум мақолаларида ёзганидек, «халқ оғзинда бир тушиб қблди: Бухорода ҳуррият бўлар экан. Муни ёшларнинг Николай билан рус консулхонаси қила(р) экан». Фитрат Бухоронинг инқилоб йўлини белгилар экан, аввало бу миш-мишларга аниқлик киритмоқчи бўлади, яъни, 1918 йилда юз берган қатор ҳодисаларни таҳлил қилиб, халқнинг кўзини очмоққа ва ана ундан кейин бу ҳаракатни инқилоб сари бурмоққа ният қилади. Шу мақсадда «мана бул рисолани, шунларни англатмоқ учун қўлимга олдим. Неча ким ҳақиқатни халққа онглатмоқдир. Ҳақиқатни бутун очиб англата билмак учун бул рисолани уч бўлакка тартиб этдим. 1) Бухоронинг ҳоли. 2) Фитна соатлари. 3) Ёшларнинг тилаклари» (69-сон). Афсуски, рисоланинг биринчи қисми эълон этилган, холос. 1918 йилги қонли воқеалардан Сўнг, «Ҳуррият» ёпиб қўйилди.
1917-18 йиллар Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий таъсис этган ва Фитрат «эл рўзномасига айлантирган «Ҳуррият» газети саҳифаларида эълон этилган Фитрат қаламига мансуб «Туркистонда руслар» номли мақолани муштарийларимиз эътиборига ҳавола қилиш баробарида «Юрт қайғуси»да битилган ушбу сўзларнинг ҳеч бўлмаса етмиш беш йил кейин рўёбга чиқишига ниятдошмиз: «Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга, нафрат сени кўмгани келганларга!»
Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ