loader
Foto

Бир сотқиннинг чақувларида жўмардларнинг таърифлари

ДҲҚ бисотхоналарида 554335-сон рақами ила хатланган ва олтмиш уч йилдан бери етти қулф остида сақланаётган «ИШ»га бугунги кун кўзқарашлари.

Бир  сотқиннинг чақувларида жўмардларнинг таърифлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Улуғ Тангрига шукрки, шундай замонларга етказиб, оғзимиздаги қулфларнинг очилишига, тилимиздаги тушовларнинг ечилишига, кўзимиздаги пардаларнинг сурилишига, қўлимиздаги кишанларнинг узилишига эриштирди, эс-ҳушимизни йигиб олишимизга имкон берди, мазлум кўксимизни кўтаришимизга, хиёл бўлса-да эркинроқ нафас олишимизга бизларни муяссар айлади. Ҳам илкимизга қалам тутқазиб, ушбуни ёзишга юрагимизни мойил қилди.

Буюк турк ўғлони Исмоил Ғаспиралининг шогирди ва собит издоши, негадир узоқроқ ухлаб қолган Туркистон бобони асрий уйқудан уйғотишга, занжирбанд шерни занжирдан халос этишга қатъий бел боғлаб чиққан жадидлардан бири ва ўнгдори, эллик бир ёшли Мунавварҳон Қори Абдурашидхон ўгли 1929 йил нўябирининг 5-куни махфий сиёсий политсайчилар томонидан ҳибсга олиниб, терговга тортилади. Чор Ўрусиясида Уктабир тўнтариши рўй бериб, подшо ҳукумати ўрнига қизиллар ҳукумати келганининг ўн иккинчи йилида — болшавойлар давлати бепоён мамлакатнинг ич-ичларигача хийла томир отиб, ўзини ўнглаб, анча-мунча куч йиғиб ,олган шу болшавойчилик негизида пайдо бўлган ИИҲҚ (Ички Ишлар Халқ Қўмиссарлиги) исмлик идора ғайрат билан ишга тушган, янги давлатнингда (худди эски давлатдек) юргйза бошлаган империячилик сиёсатига «жиддий хавф» соладиган ақлли-зиёли кишиларни битталаб ё тўдалаб териб   ола бошлаган эди.

Туркистонда жадидлар иши юзасидан Мунаввар Қори билан биргаликда бирданига ўттиз етти ватанпарвар сўроққа тортилади. Буларнинг кетидан тагин қирқ бир киши бор-йўғи халқининг, миллатининг, динининг тақдирига қайғургани учун тергов бера бошлайди. Уларнинг орасида сотқинлари ҳам, лақмалари ҳам, иккала томонга хизмат қилганлари ҳам бўлган, аммо, шукрки, иймонлилари, мардлари кўп эди. Жами етмиш саккиз (78) кишининг турфа ранг ҳаёт мазмунлари жами ўн саккиз (18) жилддан иборат ҳар бири ғўладай семиз-семиз тўпламлар қатига кўмилади, жилд устларига «МУНАВВАР ҚОРИ ВА БОШҚАЛАР» деб ёзилади ва «Мутлақо махфий» дея тамғаланади-да... тарих саҳифаларидан юлиб ташланади.

Туркистон бобо тағин ғафлат уйқусида қолаверади.

Жадидларнинг туғилганини, уларнинг ниятларини ўз вақтида Чор ҳукумати ҳам пайқаган. Қул Туркистонда диний ва миллий уйғониш содир бўлаётганидан, истилочиларнинг сиёсий найрангларига фаҳм-фаросати етадиган ва, сал қўйиб берилса, бу «қора халқ»ни озодлик курашига кўтаришга ва бу курашни моҳирлик билан бошқаришга қурби етадиган маърифатли ва миллатпарвар бутун бир авлод шаклланаётганидан таҳликага ҳам тушган. Аммо бу ўртада Биринчи жаҳон уруши бошланиб кетиб, истилочи Чор ҳукумати жаҳон майдонига ташланган катта суяк билан овора бўлиб қолдию чеккалардаги миллийчилар билан жиддий шуғулланишга имкон тополмади. Шунда ҳам маҳфий идораглари, мустамлака сиёсатининг бу ўлкага юборилган мафкурачилари уларни ҳамиша кўз остларида сақлаб турар, ҳам маънавиян, ҳам жисмонан эзиб ташлашнинг қулай мавридини пойлар эди.

Мана шу вазиятда Ўрусияда ҳокимият тўнтириши юз берди ва бу ҳодиса тарихга Уктабир тўнтариши номи билан кирди. Шундай қилиб, ижтимоий аҳвол иккинчи марта Халақит қилди ва Чор мустамлакачиларининг ниятлари яна амалга ошмай қолди. Лекин бу дегани — шум ният ўлди, миллийчилар таъқибдан қутулишди, дегани эмас эди. Чунки энди уларнинг изига болшавойлар давлати тушади. Тўнтариш оқибатида шакл ўзгарган, аммо мустамлака ўлкаларга муносабат зимдан ўша илгаригидай қолган эди. Модомики империячилик сиёсати сақланиб қолган экан, Оқ подшога хавф солган миллий маърифатчилар Қизил қўмиссарни таҳликага солмайдими? Маърифатсизлик устига қурилган давлат, маърифатсизликни шиор қилиб, байроқ қилиб кўтарган давлат маърифатлилардан қўрқишда эски ҳукуматдан-да ўтиб тушди. Фақат? бу янги давлат дастлаб — бутун мамлакатда ўз ҳокимиятини мустаҳкам ўрнатиб олгунча, ўзининг кучига ишонч ҳосил қилгунча «икки қадам орқага» чекиниб туришга мажбур бўлган, яъни, ҳозирча чет ўлкалар тинч турсин, деган мақсадда «миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш»ига ваъдалар бериб, алдаб турган эди. Ниҳоят, биродаркушлик урушида ваҳшийларча ғалабага эришиб, янгича бошқарув тузилмасини (структурасини) жорий этиб бўлгач, Оқ подшодан мерос қолган шум ният эсига тушади ва йигирманчи йилларнинг иккинчи ярмида пистирмадан чиқиб, энди икки қадам олға ташлайди-да, ўша ниятни енг шимариб амалга оширишга киришади. Жадидларни 1922, 1924 йиллари бир-икки безовта қилишлар ўзига хос айғоқ, кучни чамалаб кўриш эди, 1929 йилга келиб ростмана қирғинга ўтилади. «Мунаввар Қори ва бошқалар» иши мана шу тарз юзага келади.

Хўш, Мунаввар Қори ва бошқалар ўзи кимлар эди? Уларнинг мақсадлари нима бўлған? Оқ ҳукуматни-да, Қизил ҳукуматни-да бирдай чўчитадиган нима иш қилганлар?

«...айғоқчилик хабарномаларидан бу юқорида исмлари зикр этилган фуқаролар Совет ҳокимиятини ағдариб ташлашга қаратилган фаолият кўреатаётганликлари, яъни, Ўзбекистон ССР Жиноят мажмуаси 58-модданинг 10-қисмида ва 66-модданинг 1-қисмида таърифланган жиноятни содир этганликлари маълум бўлади. Шуни эътиборга олиб, Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Қўмитасининг 1922 йил 16 ўктабирида чиқарган қонунга мувофиқ ҳамда Бош Сйёсий Бошқарманинг (ГПУнинг) 1922 йил 287-сон ва 1923 йил 362/29-сон буйруқларига мувофиқ...» Мунаввар Қори бошлиқ- ўттиз саккиз киши устидан дастлабки терговларни бошлашга фатво берилади. Бу расмий фатво ҳужжатини Бош Сиёсий Бошқарма Ўрта Осиё бўлими Шарқ бўлинмасининг Катта вакили (катта ваколатли деб ўқилса ҳам бўлади) Агидуллин тайёрлаган, бўлинма бошлиғи Круповский «Розиман» деб имзо чеккан, БСБ Ўрта Осиё бўлимининг бошлиғи Белский «Тасдиқлайман» деб қизил қаламда қўл қўйган.

Мазкур ҳужжатдан биламизки, Мунаввар Қори ва бошқалар «Совет ҳокимиятини ағдариб ташлашга қаратилган фаолият кўрсатганлар» экан. Бу фаолият нималарда кўринади?

Бу саволга жавоб бермоқ учун бизнинг ихтиёримизда икки йўл бор. Бири — тарйхдан билган маълумотларимиз ва 18 жилдлик ҳужжатларга суяниб ўзимизнинг мулоҳазаларимизни билдириш. Иккинчиси — бевосита ҳужжатларнинг ўзига мурожаат этиш. Ҳар икки йўл ҳам ўзича самаралидир. Ҳар икки йўл уйгунлаштириб юборилса, ундан ҳам аъло. Биз мазкур мақолада иккинчи йўлни тутишга қарор қилдик. Бироқ ҳужжат деяётганимизнинг ўзи сонмингта. Терговнинг «илтимоси»га биноан ёзилган Мунаввар Қорининг бутун бошли хотиранрмасини келтирайликми, бошқа иштирокчиларнинг кўргазмаларини келтирайликми? Биз яна иккинчи йўлни танладик. Танлаганда ҳам ўша ўттиз саккиз кишининг ичидан чиққан бир сотқиннинг битикларини эълон қилишни лозим кўрдик. Бизнингча, унинг чақув кўргазмалари шунинг учун ҳам қимматлики, аввало, у—ўз қўли билан ёзилган ҳужжат; иккинчидан, халқимиз ўзининг мард ва ватанпарвар ўғлонлари қаторида сотқин,- қўрқоқ болаларининг ҳам номларини билиб қўйсин; учинчидан, бу сотқин ўз атрофидагиларни анча тиришиб, анча тўлиқ сотгани боис биз йигирманчи йиллардаги умумий вазиятни, зиёлиларимизнинг умумий кайфиятларини, дард ва аламларини ҳарҳолда кенгроқ билиб оламиз. Ва ниҳоят, тўртинчидан ва энг муҳими — биз бундан сабоқ чиқарамиз. Орамизда қуёшпана кўзойнакларини ярақлатиб, латтахочларини (бўйинбоғ) ястиқчасидан тутиб кишибилмас тўғрилаб-тўғрилаб, ҳаммамизга қўшилиб ташвишланиб, ҳаммамизга қўшилиб кулиб юрадиган, аммо фурсат пойлаб, битта ортиқча йўталимизни-да қолдирмай тегишли жойларга етказиб турадиганларимиз билиб қўяйликки, иймонсизлик иллатдир, бугун биз ҳақиқат деб ҳисоблаб юрган нарсалар, бугун биз худо деб сиғиниб юрган кимсалар Тангрининг инояти билан бир кун асл ҳолларида намоён бўлажаклар, халқ барчамизнинг қилмишларимизни қайтадан баҳолаяжак ва биз мингинчи бор иқрор бўлурмизки, бу дунё қайтар дунё экан...

Биз сотқин деб атаётган йигитчанинг исмлари Мадҳиддин, фамилиялари Муҳаммедов. Оталаридан келсак, Солиҳович. Тергов чоғи айни 19 ёшда бўлганлар. Ҳужжатларда «студент» деб қайд қилинган. Елғон кўргазма учун жавобгарлик борлиги тўғрисида огоҳлантирилганларидан сўнг ўз устозлари, қариндош-уруғлари ва дўстларининг «башаралари»ни илҳом билан фош этишга тушадилар. Терговчи сўраган-сўрамаганини ҳам ўзларидан қўшиб, гапираверадилар, бақироқ бир сарлазҳа қўйиб, ростмана рисолача шаклда «асар» ёзадилар ва бировнинг бировникига меҳмонга борганидан ҳам яширин маъно топадиган даражада усталик ила биратўла элликка яқин кишига сиёсий баҳо берадилар. У киши ёзаверадилар, Бош Сиёсий Бошқарманйнг чаққон таржимонларй пешма-пеш ўрисчага ўгираверишади.

Афсуски, туркийчасини ўқишга қийналганимиздан ўрисчасини кўчириб олган эдик, энди ўшани яна туркийга қайта таржима қилиб беришга мажбур бўляпмиз. Сўзлар ўзгарган бўлиши табиий, аммо моҳиятига тегинмадик. Фақат бироз қисқартирдик ваикки қайтадан берган кўргазмаларини битта ҳолга келтирдик. Яна қайтариб айтамизки, ўзимиздан қўшмадик, ўзларидан эшитиб қўяқолдик.

Жадидлар ва уларнинг сиёсий башаралари ҳақида

Жадидлар (ёки, бошқача айтганда, тараққийпарварлар) Туркистонда Ўктабир инқилобидан илгари Ўрусия буржуазиясига ва Туркистонда ҳукм сураётган феодал қолоқликка қарши курашга отланганларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб майдонга чиққан эдилар. Улар ўрис буржуазиясининг мустамлакачи сиёсатидан норози эдилар ва унга қарши курашардилар. Маҳаллий аҳолининг эскича турмуши ва қолоқлигига, бу қолоқликнинг илҳомчилари бўлмиш руҳонийларга қарши ҳам жон-жаҳдлари билан қарши чиқдилар.

Хуллас, жадидлар курашининг асосида феодализм ва эски турмуш асосларини бузиш, миллий буржуазия давлати тузиш мақсади ётарди. Бу ҳаракатнинг кўпчиликка машҳур бўлган раҳбарлари қуйидагилардир: Мунаввар Қори, Мурод Хўжа Домулла, Имом Ҳожи Халилий, Ҳасан Қори, Салимхон, Абдулла Авлоний, Шорасул Зуннун, Шаҳид Эсон, Мир Гейди, Абдуваҳоб Муродий ва Мажид Қодирий.

Улуғ Ўктабир инқилоби эски тузум асосларини бузиб, янги ҳаётга кенг йўл очиб, жадидларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Чунки инқилоб феодализмни яксон қилди, бу билан қаноатланмай, савдо буржуазиясига ҳамда жадид-тараққийпарварларга оғир, ҳалокатли жароҳат етказди. Шундан кейин жадидлар ўз фаолиятларини тўхтатдиларми? Қаёқда... Улар ўлар ҳолатларида бўлишларига қарамай, бор кучларини фаолиятни давом эттиришга қаратишди. Бу орада уларга ҳарбий асир турк зобитлари (офитсерлари) ёрдамга келишди. Булар жадидларнинг яраларини даволаб, оёққа турғаза бошлашди. Ишларига раҳбарлик қилишди, юракларида қайтадан миллатчилик туйғуларини қўзғатишди. Аста-секин жадидлар кучга қайтишди. Бунга барча совет мактаблари уларнинг қўлида эканлиги ҳам қўл келди. Ўсиб келаётган ёшлар уларнинг таъсир доирасига тушиб қолди. Синфимиздаги турк Камол ШАМСИЙ ватан тўғрисида кўзда ёш билан куйлагани яхшигина эсимда турибди. Ўрислар билан бошқа оврупаликлар Туркияга ҳужум қилишяпти, ўз миллатларингизнинг ҳуқуқини ҳимоя қиласизлар деб сизларга катта умид боғлаганмиз, деган эди ўшанда.

ШОРАСУЛ ЗУННУН бизга миллатчилар ёзган туркча шеърлар ўқирди ва юракларимизга сингдиришга ҳаракат қиларди. Мисол учун, у турк шоири Муҳаммад Омилбекнинг ва ўзбек шоирлари Чўлпон билан Фитратларнинг миллатчилик руҳидаги шеърларини ўқирди.



ЭСОН АФАНДИ Туркия урушдан ғолиб бўлиб чиққанини ва бу ғалаба тарихда улкан сиёсий аҳамиятга эга эканини айтган. Кейин Туркия ҳаётини эслашга тушиб кетарди ва яна айтардики, Туркистон муслимлари Туркия раҳбарлиги остига ўтиши лозим, турклар билан қўлни қўлга бериб, бир йўлдан юриши керак. Совет ҳокимиятига келганда, мусулмонларга бу ҳокимият бир чақалик ҳам фойда бермайди, деб айтарди. Эсимда, дарслардан бирида Шорасул ҳам худди Эсоннинг гапларини такрорлаган. Бир куни кўчада Шорасулни учратиб қолдим. У жуда қайғули қиёфада эди. Сабабини сўрадим. «Бу миллат ўзи миллат эмас!» деди. Бўлмаса, нима, десам, «Иллат!», деб жавоб қилди. Нега, деб сўрадим тағин. «Чунки булар ўзинг ягона одамларини ҳибсга олганларини билатуриб ҳам ҳеч қанақа чора кўрмаяпти!» деди.

Совет ҳокимиятининг иккинчими, учинчими йили жадидлар орасида бўлиниш юз берди. Мунаввар Қори, Мурод Хўжа Домулла, Шорасул Зуннун ва Эсон Афанди бошчилигидаги айримлари эски нуқтаи назарда турардилар. Эшон Хўжа Хоний, Ҳасан Қори, Салимхон, Мир Гейди ва Ваҳоб Муродий бошчилигидаги бошқалари эса, ўз ғоя-мақсадларини совет ҳукуматидан фойдаланиб амалга ошириш йўлига ўтдилар. Лекин булар ўз қарашларининг хато эканига тезда ишонч ҳосил қилиб, тағин аввалгиларга қайтиб қўшилдилар (В. Муродов тўғрисида бир нима дея олмайман). Учинчи бир тоифа эса, ўзларининг хато йўлда эканликларини англаб, тўла маънода совет ҳокимияти тарафига ўтдилар (масалан, Абдулла Авлоний).

Агар жадидларнинг ҳозирги мафкурасига назар солсак, улар совет ҳокимиятининг ашаддий душмани эканликларини, бу ҳокимият қачон қуларкин, деб интиқ бўлаётганларини осонгина билиб оламиз. Қулашига эса, улар қатъий ишонадилар. Улар совет ҳокимиятининг (чет) душманлари билан бир сафдадирлар ва бу ҳокимиятни тугатишда иштирок этиш ниятлари бор. Душман хоҳ ичдан, хоҳ ташдан қачон бу ҳокимиятга қарши ҳаракат бошлайдию қачон бу кураш авжга минади — улар шуни кутмоқдалар. Бу фикрларимнинг исботига қуйидаги далилларни келтираман.

Афғонистонда тўпалонлар бошланиб, Бачаи Сақав Омонуллоҳонга қарши курашаётган чоғлари ШОРАСУЛ ЗУННУН фақат шу ҳақда сўзлар ва мен билан бундай баҳслашар эди: «Афғонистонда ҳокимият Бачаи Сақав қўлига ўтган заҳоти бизларнинг аҳволимиз енгиллашишига шубҳа йўқдир. Чунки унда инглизлар совет ҳокимиятига ҳужум бошлайдилар, биз бўлсак, бу имкониятдан фойдаланиб, Ўрта Осиёда миллий ҳукумат тузамиз, Бизда имкон кўп». Қанақа имконлари борлигини сўраганимда, у жавобдан қочди. Шорасул ашаддий тормиллатчилардандир, бу борада у ҳамфикрларини ҳам ортда қолдириб кетади. Лекин табиатан ичимдан топ эмас, бошқаларга ўхшаб фикрларини яшириб юролмайди, ким унга хайрхоҳлик билдирса, бўлди, оғзидан гуллайверади. Боз устига, фикрларига ҳамманинг қўшилишини истайди ва шунга қистайди. Советларга қарши маърузалар ўқий бошлайди. Мен унинг феъл-ҳўйини, хулқини яхшигина ўрганиб олганман. Кўришганимизда, унга: «Бунча озиб-тўзиб кетибсиз, Шорасул ака, мазангиз қочдими ё?» деб гап бошлайман. Бунга у: «Э, ука, шу миллат қайғуси мени бу аҳволга солди-да. Фикру ёдим шу миллатда», деб жавоб қилади. Энг билими зўр болаларни у пивохонага ё ошхонага бошлаб кетиб қолади, совет ҳокимиятига қарши ташвиқ қилади. Ўқишга турк китобларини беради. Бизнинг Ўзбекистонда  бунақа  мажаллалар  йўқ,  деб  афсуслариб  гапиради.

Шорасул эски араб имлосининг тарафдори. У араб имлоси тарихий аҳамиятга эга, ўзбеклар ўзлари қолоқ бўлганлари етмагандай, энди яна битта қолоқ миллатнинг кетидан боряпти, дерди. Араб имлосини мураккаблаштириб юборганларни қораларди. Ақсинча, лотин алифбоси оғир, дерди.

Ўрта Осиёга муносабатда

«Инглизистон Ҳиндистонни қай даражада эзаётган бўлса, Ўрусия ҳам Ўрта Осиёни шу даражада эзяпти. Ўрта Осиё мустамлака асоратидадир. Бизнинг деҳқонларимизни зўрлик билан пахта экишга мажбурлашяпти ва ҳаммасини Масковга ташиб кетишяпти. Деҳқонларнинг ўзлари бу ерда оч-яланғоч қолаётгани билан ишлари йўқ»...

Бунақа гапларни мен ундан ўзим эшитганман. Бундан ташқари Шорасул ўрислар билан тоторларнинг масъул лавозимларни эгаллаб олганларига қарши эди. 1929—30-йили у Аёллар билим юртига она тили ўқитувчиси қилиб тайинланган эди. Бир аёл ундан техникумнинг илмий бўлим мудири ким — ўрис эмасми, деб сўраганида, у: «Албатта, ўрисда, ўрис бўлмай ким бўларди», деб жавоб қилган. Буни менга Бухарин мактабида хизмат қиладиган Акбар Асқарий айтди. Партия сафларини тозалаш кетаётган палла мен бир куни Шорасулни учратиб қолдим ва: «Мана, Партия сафларини сизнинг дунёқарашингиздаги унсурлардан тозалаяпмиз», деган эдим. у: «Партияни бизлардан эмас, бизларнинг муҳитимизни партиядан тозаланглар», деб айтди. Партияни у зарарли касаллик деб ҳисобларди. Гарчи мен унинг умуман совет ҳокимиятига қарши фарлиятидан кўп далиллар келтиришни зиммамга ололмасам ҳам, унинг хотинлар юзини очиш масаласига қарашлари тўғрисида айрим гапларни айта оламан. У ўзининг хотинини расман очгани билан амалда очмаган. Хотинини мактабга ё йиғилишга, ё уюшма қошида ташкил этиладиган кечаларга қўймайди. «Ҳозир аёллар очилиб, бузилиб кетяптилар», дейди. Бунақанги ёт қарашлари учун биз уни Наримонов техникумидан ҳайдаганмиз.

Эски шаҳардаги Ленин номли мактабнинг 8-синфида Шавқий деган бир ёш ёзувчи ўқирди, у фақат мактаб деворий газитига ёзар эди. У Чўлпоннинг давомчиси бўлиб, унга тақлид қиларди. Мафкура жиҳатдан асов нарсалар ёзарди. Ўша мактабнинг 6—7-синфларида адабиётдан дарс берадиган Юнус Латифийнинг ҳамда Шорасулнинг ўзининг сўзига қараганда, Шавқийни Шорасул йўлга солиб тураркан. Шеърга мавзуларни ҳам у бераркан. Қанақа йўналиш берасиз, деб мен Шорасулдан сўраганимда у: «Мен уни миллий руҳда шеър ёзишга ўргатяпман», деган. 1928—29-ўқув йилида Шорасул Наримонов техникумида адабиётдан дарс берган. Яна ўша ўзининг эски усулида, яна ўша эски адабиётга, хусусан, турк ва форс шоирларининг асарларига суяниб ўқитган. Ўқувчилар конференсасида бунинг учун уни қоралашди ва ишдан бўшатишни таклиф қилишди. (Саҳифанинг шу ерига кейинчалик қизил қаламда энг таниқли чекистлардан Оғабеков деган терговчи: «Шавқий аксилинқилобий ташвиқоти учун сургун килинган», деб ёзиб қўйибди.)

Мен Шорасулдан: «Нимага пролетар адабиётига суянмай, эски адабиётга суянасиз?» деб сўрасам, «Хоҳлаганимда ҳам пролетар адабиётини ўқитолмайман, чунки уни сизлар ўқитасизлар, мен эса ҳазм қилмайман, унга қизиқмайман ҳам, у менинг руҳий эҳтиёжимни қондиролмайди», деди. «Адабиётда пролетар мафкураси ривожлана олмайди ва ҳоким мафкура бўла олмайди», дерди у. Шорасул эски имло бўйича она тилидан дарслик ёзган ва унга бўяб-бежаб ёт миллатчилик қарашларини ҳам сингдириб юборган. Масалан, у: «Яшасин советлар ҳокимияти!» деб ёзади-да, охирида: «Ўзбеклар уйғон!» деб қўшиб қўяди. Нимага бу сўзларни қўшгансиз, деган саволимга у кулиб туриб «Бу билан мен ўзбеклар орқа-олдиларига қараб ҳаракат қилсинлар, совет ҳокимиятининг асослари мустаҳкам эмас, унинг ҳозир ҳукмронлигидан фойдаланиб қолсинлар ва мустақилликка эришсинлар, дейман», деб жавоб қилади. Наримонов техникумида ишлаб юрган чоқлари у ҳар хил латифалар, эртаклар айтиб, ўқувчиларни ўз-қўл остига жалб қилишга уринарди...

Ўқувчиларни Туркиянинг миллатчилик руҳидаги адабиёти билан таъминлаб туради. Шунақа китоблардан у, Юнус Латиповга, Ғулом Қодир Ҳикматий (Каримий)га, Сафо Зуфаровга, Юсуфжон Иноғомовга берган.

Ўтган йили мен Тошкент йўқсил ёзувчилар жамиятида ўқиш учун Ойбек асарлари тўғрисида маъруза ёзганимда менга турк миллатчи шоири Турхон Сайфийнинг шеърий тўплами керак бўлиб қолди, чунки Ойбек узоқ вақт Турхон Сайфийнинг таъсирида шеърлар битган, Кутубхоналардан излаган китобимни топмай, Шорасул Зуннунга мурожаат этдим. Шорасул Зуннун аввалига кўнмади, кейин бари бир бериб турди. Шунда ҳам Турхон Сайфийнинг тўпламини эмас, балки унинг битта шеъри босилган «Расмли ой» журнолидан икки нусха берди.

Унга ҳамфикр талабалардан ҒУЛОМ ҚОДИР КАРИМИЙ билан НИЗОМ ЭШОНИЙни биламан. Улар иккаласи ҳам миллатчилик мафкураси билан заҳарланган эдилар. Масалан, Ғулом Қодир эски миллатчи адабиётнинг катта мухлиси, Чўлпоннинг мухлисидир. Янги йўқсиллар адабиётини у ёмон кўради ва мутлақо ўқимайди. Мен техникум талабаси Шодмон Тўхтаевдан бир гап эшитдим, яъни Ғулом Қодир Каримий Шарифа Саид Носированинг (Пед. билим юртининг собиқ ўқувчиси. У ердан ёт унсур сифатида ҳайдалган) шеърлар дафтарига Ўзбекистон тўғрисида бир шеър битибди. Ўша шеърида Ғулом Қодир Ўзбекистонни катта дарахт соясида қолиб кетган ёш ниҳолга ўхшатибди ва катта дараҳт қуёш нурларини ёш ниҳолга ўтказмаётгани ҳақида ёзибди. Катта дарахт деганда у ўрисларни назарда тутган. Нияти аниқ.



ЭШОН ХЎЖА ХОНИЙ — менинг яқин қариндошим (онамнинг укаси), бир ҳовлида бирга яшаймиз. Собиқ жадид Туркистонда жадидлик ҳаракатида фаол иштирок этган, мафкура жиҳатидан ёт унсур.  Совет ҳокимиятининг айрим тадбирларидан қаттиқ норози. Масалан, пахтачилик соҳасини кенгайтириш кампаниясидан ва буғдой етишмовчилиги муносабати билан жуда норози бўлган. У менга дердики, Ўзбекистонда ун тахчиллиги қаттиқ сезилиб турган бир маҳалда Масков деҳқонларни пахта экишга мажбур қиляпти, боз устига, Масковнинг ўзи ваъдасига хилоф равишда Ўрта Осиёга буғдой етказиб бермаяпти, натижада деҳқонларни ун билан таъминашда мана шунақа қийинчиликлар юзага келяпти. Бир сўз билан айтганда, пахтачилик тармоғини кенгайтириш аҳолининг бошига битган бало, бундан фақат ўзбек деҳқонлари зарар кўрадилар. Бундан ташқари, биз Масковни пахта билан таъминлаяпмиз-у, ўзимиз етарли миқдорда саноат молларини, жумладан, мануфактура олмаяпмиз... »

Шунақа суҳбатлар чоғида Акбар Асқарий (ўқитувчи) ҳамда Хайриддин Ҳасаний (қишлоқ хўжалиги техникуми толиби) иштирок этишган.

Аёлларнинг юзини очиш масаласида Эшон Хўжа Хоний жадидларнинг қўзқарашларини баён қиларди. Яъни, «Аёлларнинг юзини очишга ҳали эрта ва хотин-қизларнинг ўзларини тайёрламасдан туриб юзларини очиш тўғрисида ўйлаш ҳам фойдасиз. Аввал уларни тарбиялаш керак, ана ундан кейин паранжи масаласини ўйлаб кўриш керак. Ўзбек аёлининг ҳозирги аҳволида унинг юзини очиш уни бузуқликка итариш билан тенг», деб ҳисобларди.

У вақтларда Эшон Хўжа Хоний «Ҳужум» кампаниясида ҳеч қанақасига иштирок этмади, ўзининг хотинини ҳам очмади.  Қизини очди, лекин уни ҳам фақат ўқиётгани ва паранжида мактабга кўрина олмаслиги учун очди.

У жадид мактабларида сабоқ берарди, инқилобдан кейин 1926 йилгача совет мактабларида ўқитувчилик қилди, мактабларнинг мудири бўлиб ишлади. Совет мактабларида диндан дарс берарди. Эшон Хўжа Хоний мудирлик қилган «Ҳаёт» номли мактаб ўқувчиларининг менга айтишларича, у ўқувчиларга миллий (миллатчилик) ғояларини ўқитган, мактаб жамоат ташкилотлари ва комсомол ишларига тўсқинлик қилган. «Ўқувчилар мактабда фақат ўқиш билан банд бўлсинлар, ҳар хил жамоат ишлари, таълим-тарбия ишларига ҳалақит беради», дерди.

Шунингдек, у пахта кампаниясинида маъқулламасди. «Туркистон ўрисларнинг мустамлака ўлкасидир, — дерди у. — Деҳқонларни, ишчиларни зўрлик билан пахта экишга мажбур қилишяпти ва пахтани ўзларининг ватанларига олиб кетишяпти. Маҳаллий аҳолини эса товарлар ва саноат ускуналари билан таъминлашмаяпти, натижада аҳоли қаҳатчиликни бошидан кечирмоқда. Бундан ташқари, аҳоли озиқ-овқат билан ҳам таъминланмаяпти». Бу қарашларини у шахсан менга айтмаган, буларни у ўзининг дўстларига айтган (Акбар Асқарийга ҳамда Хайриддин Ҳасановга. Иккинчиси Қишлоқ хўжалиги техникумида ўқийди).  Маҳкамаларга ўрислар жойлашиб олганига у кескин қарши эди. «Бизнинг мамлакатда бегоналар кўпайиб кетди», дерди. Бир куни хизматга бораётиб, кўчада кўриб қолдим, ким биландир гаплашиб турарди. «Беш йиллик режага биноан Қозоғистонга уч юзу қанчадир минг ўрисларни кўчиришни мўлжаллашяпти», деб турган экан ўша шеригига...

Эътиқоди жиҳатидан у тормиллатчи. Доимо ўрисларга қарши гапиради ва Ўзбекистонга ўрислар кўчиб келавериб эгаллаб боряпти, ҳамма муассасаларда ўрислар ўтирибди, дерди. «Ўзбекистон муассасаларида ўзбеклар ўтириши керак», дерди у.



ҲАСАН ҚОРИ ХОН
ҳам менинг қариндошим (она томонидан, яъни, онамнинг укаси). Мафкура жиҳатдан Эшон Хўжа Хонга яқин. Собиқ жадид, узоқ йиллар жадидларнинг китоб дўконига мудирлик қилган. 1926—27-йиллари ўзбек давлат нашриётининг дўконида ишлаган. Ўзининг айтишича, Ўздавнашрда ишлаган чоғи ўрислар билан чиқишмаган ва шунинг учун ҳам уни ишдан ҳайдашган. Шундан кейин доим айтиб юрардики, ўрислар ўзбекларни кўрарга кўзлари йўқ ва улар доим ўзбекларни муассасалардан ҳайдашга ҳаракат қилишади ва ҳоказо...

Эшон Хўжа Хоний билан Ҳасан Қори Хоний Мунаввар Қори, Эсон Афанди, Салимхон Тиллахоновлар билан жуда яқин эдилар, бир-бирларини меҳмонга чорлашарди, суҳбатлар қилишарди, улфатчиликлар уюштириб туришарди. Нималарни гапиришгани менга қоронғи, чунки ҳеч қачон мен уларнинг орасида бўлмаганман.



МУНАВВАР ҚОРИ — жадидчиликнинг илҳомчисидир ва шу оқимнинг раҳбаридир. 1927 йили Тошкент музофоти зиёлиларининг қурултойи бўлиб ўтди. Мен унда делегат эдим. «Қизил Ўзбекистон» газитининг мухбирлари номидан вакил сифатида қатнашганман. Қурултойда мафкура жабҳасидаги кураш масаласида мунозара қўзғолганда Мунаввар Қори нутқ сўзлади ва: «Бу мафкурани бизнинг мафкурага мосласак бўлмасмикан», деди. Бундан кўринадики, у партия бу масалани қандай ҳал этаётганини маъқулламайди. Унга берилган бир қандайдир саволга: «Ўрислар бизнинг ишларимизга халақит қилишяпти, мен улар билан келишолмаганим учун хизматдан кетдим. Биз улар билан бир қозонда қайнамаймиз», деб жавоб қилди. Мунаввар Қори умум манфаати учун эмас, ўзининг манфаати учун куйинаётганини шу мисол ҳам тасдиқлайди. У ўзининг обрўсини кўтармоқчи. Унинг кураши ҳам обрў учун. У манфаатпараст шахс.



МУРОД ХЎЖА ДОМУЛЛА — эски шаҳардаги Ленин номли мактаб ўқитувчиси, У билан-яқинда танишдим, шунгача яқин танишлигим йўқ эди. 29-йили у «Зебунисо» мактабида хизмат қилган. У ҳам жадидлардан (тараққийпарварлардан), юқорида санаганларимиз билан муомаласи бор. Жулқуннинг «Меҳробдан чаён» деган китоби чиққанида у бу китобни қониқиш билан ўқиди ва уни мақтаб шеърлар битди. Бу шеърини у ўқувчиларга ўқиб берган, бу ҳақда мен Юнус Латифийдан билдим, Унинг қандай одамлигини ҳам, буғдой жамғариш ва пахта кампаниясига муносабатда аксилсоветий қарашларини ҳам менга Юнус Латифий айтди.



ЮСУФ ИНОҒОМОВ — Наримонов техникумини мен билан бирга тугатган ва 28—29-ўқув йиллари ишга Термизга юборилган эди... Тошкентга қайтганда Термиздаги аҳвол ҳақида сўраганимда, у: «Термизда кўп муассасаларни ўрислар билан тоторлар эгаллаб олишган. Одамга алам қилади. Уларга имтиёзлар яратилган. Капиратив дўконлар уларга энг яхши молларни топиб беради. Шўрлик ўзбеклар ҳеч қачон улар билан тенг кўрилмайди, ҳар жабҳада улардан паст туради», деди.

Ҳозир Иноғомов қишлоқ факультетининг I курсида ўқийди. Комсомол аъзоси эди, чиқибди.



ҲАЛИЛ ҒАФФОРОВ ҳам курсдошим. Бир вақтлар Хивада ишлаган, ўша ерда ақлдан озиб, Тошкентга қайтган. Хивадан қайтиб қелган баъзиларнинг айтишича, Ҳалил у ерда эски тарихимизга қизиқиб қолибди ва ўзбекларни эзаётган ўрисларни жуда ёмон кўриб қолибди ва шу асосда ақлдан озибди. Ҳозир ишламайди ҳам, ўқимайди ҳам. Унча-мунча соғайиб боряпти...

СТУДЕНТЛАР ҲАҚИДА

Қуйидаги студентлар Шорасул билан Мунаввар Қорининг таъсиридадирлар:



ҒУЛОМ ҚОДИР ҲИКМАТ — Наримонов техникумида ўқиган, адабиётга қизиқади, ўзининг асарлари ҳам бор. Бир куни бир расм чизган, Унда думли қуёш бўлиб, у илонга ўхшаб ўзбекни бўғаётгани тасвирланган. Ўзининг тушунтиришича, қуёш - Ўктабир инқилоби, илон бошли дум эса — ўрислардир. Расмда: «Миллат, эҳ, менинг миллатим», деган ёзув битилган. Расмларини у айрим дўстларига кўрсатган ва ўзининг фикрларига қўшилишларини сўраб авраган. Бу ҳодиса муҳокама қилинганда, у ўз ўқитувчилари Мунаввар Қори билан Шорасулнинг таъсирида бўлгани учун шунақа расмлар чизганини айтган.



ҒУЛОМ ҚОДИР КАРИМИЙ — миллатчи ва Шорасулнинг ишончли малайи. Техникумнинг II курс студентлари Шодихон Тўхтаев ва бошқаларнинг сўзига қараганда, у Шариф Носир Хўжаевнинг албомига икки дарахтнинг расмини чизган. Биттаси катта, иккинчиси кичик. Каттаси кичигидан қуёш нурларини тўсиб турибди. Ўзининг тушунтиришича, катта дарахт — ўрислар, кичиги эса — ўзбеклар эмиш. Шунинг  ўзиёқ унинг миллатчилигига далолат...»

Менинг билганларим шугина.

Илдирим: Мадҳиддин Муҳаммадий.

15/ХI. 29 й.

Перевёл: Пом. Упол. ВО ПП ОГПУ в Ср. Азии

(Каримов)»

*  *  *

Мадҳиддин Муҳаммадий жонбознинг «билганлари шугина» экан. Лекин у кишининг ўзлари ким-у, у киши сотаётган жадидлар ким эканини, жадидлар нима қайғуда-ю, бу киши ниманинг қайғусида эканини, ва ниҳоят, бу жамият қанақа асосга қурилганини-ю қандай кимсаларга таяниб иш кўрганини билиб олишимиз учун, ўйлашимча, бизга «шугина»нинг ўзи етса керак. Шу андишада бу жирканч чақувномани сатрма-сатр изоҳлаб беришни ортиқча машғулот деб билдик ва фикрлашни мулоҳазали ўқувчи ихтиёрига қолдириб, шу жойда нуқта қўйдик.

Тангри ҳаммамизни бунақа шармандаликдан асрасин. Омин

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон