loader
Foto

Мунтахаб ат-таворих (3)

Бобо парвоначининг акаси Худоёрбий валинаъмининг амирлик ўрнига ўтириши

Худоёрбий валинаъмининг вафоти хабари Бухорода Шоҳмуродбий валинаъми қулоғига етишгач, тўхтовсиз равишда Ўратепа томон йўлга тушди. Неча масофаларни босиб ўтиб, Зомин мавзесига етишди. Бу ернинг ҳокими саййидлик паноҳи азиз акам Маҳмудхон эди. Шоҳмуродбий валинаъми Зомин қалъасини паргор чизиғи каби айлана қилиб, ўртага олган кўйи қамал ва уруш ишларига киришди. Саййидлик паноҳи ҳам ўқу тўфанг отиб, қалъа мудофаасини тўла-тўкис амалга ошириб турди. Аммо, уч кундан сўнг ўртага сулҳ сўзи солина бошлади. Ниҳоят саййидлик паноҳи шартга кўра қалъани бўшатиб, Ўратепа томонга кетди. Шоҳмурод валинаъми қалъани қўлга киритгач, у ердан қўзғалиб, Ўратепа яқинига бориб қўш ташлади. Шоҳмуродбий валинаъмининг келганидан хабар топган Бобо девонбеги дарҳол ўз номусини улоқтириб, Хўқандга Норбўтабий валинаъми ҳузурига доно чопарлар жўнатиб, ўз ниятини билдирди. Норбўтабий валинаъми унинг сўзини қабул қулоғи билан тинглаб, Фарғона лашкари билан Ўратепа томон йўналди. Анча йўлларни босиб ўтгач, Хўжандга келиб тушди. Ҳар учала соҳиби давлат ўртасида саййидлар ва уламову умаро ва талай катта кишилар анча борди-келди қилишди. Аммо, буларнинг ҳеч бири тугунни еча олмадилар. Ниҳоят фақирнинг бобоси жаноб саййидлик ва нажиблик паноҳи эшон Ҳаким тўра Шоҳмуродбий валинаъми ўрдусига ташриф буюрди ва оталарча насиҳат қилди. Ул қадрни англовчи мир жаноб эшоннинг сўзларини жону дили билан қабул қилди. Шу тариқа бобом ҳазратлари ҳар учала амирлик паноҳларини яраштирди ва уларнинг ҳар бири ўз қароргоҳига қайтиб кетдилар. Шоҳмуродбий валинаъми Бухорога етгач, бир неча кун хотиржамик билан дам олиб, ҳордиқ чиқарди.

Шоҳмуродбий валинаъмининг Хўжанд вилояти томон йўналгани зикри

Шоҳмуродбий бошига яна Хўжандни босиб олиш ҳою-ҳаваси тушиб, катта қўшин билан вилоят келинчаги томон йўналди. Чунончи айтмишлар, Назм:

Ҳофиз ту тарки суҳбати хубон намекуни,

Дони кужост жойи ту - Хоразм ё Хўжанд.

(Мазмуни:

Ҳофиз, гўзаллар суҳбатин этмасанг тарк агар,

Биласанми, жойинг қаер - Хоразм ё Хўжанд).



Бир неча масофани босиб ўтгач, ул шаҳарни узукнинг қошидек ўртага олди. Худоёрбийнинг тўнғич ўғли Бекмуродбий ўқу тўфанг отишга машғул бўлди. Уч кундан сўнг Шоҳмуродбий Хўқанд томондан ваҳимага тушиб, қайтиб кетди. Аммо, Хўжанднинг хосу оми ва қишлоқларини талон-тарож қилиб, аҳолисини Самарқандга кўчириб кетди. Тун ярмидан оққанда эса Шоҳмуродбий у ердан ҳам кўчиб, Жиззахга келди. Унинг олдида машъаллар ёқиб боришарди. Иттифоқо, таланиб ва асир олиниб кетилаётган кишилардан биттаси ушбу байтни баланд товуш билан ўқиди, байт:

Дуди машъал пеш-пеш, оҳи мазлумон зи пас,

Гар ба ин наҳж аст мулкдориҳо ҳавас.

(Мазмуни:

Машъал дуди олдинда, кетидан мазлумлар оҳи,

Шу йўл билан экан-да, юрт олмоқ ҳою ҳаваси).

Шоҳмурод бий буни эшитгач «ҳа, тўғри айтибди», деди ва ушбу мисрани ўқиди. Мисраъ:

Сўфи шудани ўзбак ишкамаи роҳ мемонад (Ўзбакнинг сўфи бўлгани йўлнинг қавариғига ўхшайди); Шоҳмуродбий Хўжанддан кўчириб келтирган одамларини Самарқандда жойлаштирди ва уларни Самарқандни обод қилиш ишларига буюрди. Ўзи эса Бухоро томонга қайтди. Бу сўфи сифат амирнинг кароматли ва одатдан ташқари ишларидан бири шу бўлдики, ўша Хўжанд сафаридан қайтишда касалга чалингач, кўрган одамига қараб «бизнинг ишимизни валийлар султони Муслиҳиддин Хўжандий бир ёқлик қилди. Тағин худо билади-ю, бу касалдан тузалмасам керак», деган экан. Иттифоқан, бир неча кундан сўнг борлиқ этагини бу нопойдор хокдондан йиғиштириб, юзини охират томон қаратди ва ўша бир минг икки юз ўн иккинчи йили ҳақнинг чақирув хитобига «лаббайка» дея жавоб берди.

Байт: Дунё ки дар ў бўйи вафо нест падид,

Бояд к-зи ҳар чи ҳаст пайванд бурид.

Ин сурати маргро дар ойинаи адл,

Аз руйи хирад ҳамеша мебояд дид.



(Мазмуни:

Вафо деган нарсанинг ўзи йўқ бу дунёда,

Қандай богланган бўлсанг ҳам уни узмоқ керак.

Ўлимнинг бу юзин ақл ойнасида,

Хирад юзидан ҳамиша кўрса бўлади).



Шоҳмурод бийнинг уч нафар баркамол ўғли бор эди: Амир Ҳайдар подшоҳ, Дин Носирхон ва Муҳаммад Ҳусайинхон. Амир Ҳайдар подшоҳнинг онаси Абулфайзхон аштархонийнинг қизи эди. Қарши ҳукумати шу амирга қарашли эди. Дин Носирхон Марви Шоҳжаҳонда ҳукмронлик қиларди. Муҳаммад Ҳусайинбек Самарқандда амирлик мансабида ўтирганди. Шоҳмуродбийнинг умри муддати олтмиш беш ёш бўлди. Амирлиги ўн етти йил давом этди. Ўрнига амир Ҳайдар подшоҳ салтанат тахтига ўтирди ва тахт поясини осмон томи устига қўйди. Давлат тожини то Сурайё юлдузига теккудек қилиб бошига қўндирди. Ва Бухоро мамлакатини адолат зевари билан безади. Ва укаси Дин Носирхон акасидан ҳадикспраб, Марвни бўшатганча, Эронга қочиб кетди. Фатҳалишоҳ қожор унинг қадамини муборак санаб, иззат-икром кўрсатди. Муқаддас Машҳад шаҳрида муносиб жой тайёрлаб, шунга туширтирди ва Дин Носирхон ўша ерда фароғат топди. Муҳаммад Ҳусайинхон ҳам Самарқандда ўтирганча иши юришмаслигини сезди ва ноилож йўналиш жиловини Шаҳрисабз томон бурди. Ниёзали валинаъми бу хабарни эшитиб, муносиб равишда кутиб олди ва яхши бир уйга тушириб, кўп иззат-икром кўрсатди. Бир неча вақтдан сўнг ўзининг ожизасини унинг никоҳи қайдига киритди. Муҳаммад Ҳусайинхон ул вилоятда турғун бўлиб қолди.

Амир Ҳайдар подшоҳнинг Ҳисор вилоятига йўналгани зикри

Мир Ҳайдар подшоҳ кўнглини укалари ҳадики ва қўрқинчи ташвишидан тинчитгач, Ҳисори Шодмон томонга йўналди. Йўлларни босиб ўтиб, манзилга етиб, ул вилоятни бутунича эгаллади. Бу ернинг ҳеч бир соҳиби давлатга бўйин эгмайдиган ҳокими Аллаберди Тоз неча бир хорлик билан мағрур бошини подшоҳ кундасига қўйиб, мир унинг танини бошидан енгиллатди. Айримлар айтишича, мир Аллабердини ҳали подшоҳлик номини олмасдан бурун ўлдирган экан. Алқисса, ул вилоят мамлакатларини Саййид оталиқ юзга топшириб, Бухорога қайтди.

Мир Ҳайдар подшоҳиииг Шаҳрисабз вилоятига лашкар тортгани

Анчадан сўнг мир Ҳайдар Шаҳрисабз томон лашкар тортди. Бир неча масофани босиб ўтиб, ул вилоятга етди. Ниёзали девонбеги унинг келганидан воқиф бўлиб, уруш ва уруш ишига ҳозирлик кўрди. Эртаси куни улар орасида шундай қаттиқ жанг бўлдики, қадимгиларнинг қиссаси тарих саҳифаларидан ўчишига сал қолди. Мир Ҳайдар подшоҳ қараса, иши юришадиган эмас. Ноилож ярашиб, Бухорога қайтди. Ўша пайтда Ўратепада Бобо девонбеги ҳукмронлик қиларди. Худоёрбий валинаъмининг тўнғич ўғли Бекмуродбек Бобо девонбегишшт куёви бўлиб, тажрибасизликдан бир нечта хушомадгўй ва ҳаромийлар сўзига кириб, ўзининг бузруквор амакисини аёвсиз қиличнинг дамидан ўтказди ва унга шаҳидлик шарбатини ичирди. Бу ўта ярамас иш ниҳоят унинг ёқасидан олиб, олти ойдан сўнг ўзи қазиган чуқурга ўзи қулади. Мазкур воқеа тафсили шуким, Бобо девонбегишшт шаҳидлигидан кейин, Бекмуродбий амирлик мансаби ўриндиғига ўтириб, Ўратепани барча тобе ерлари билан бирга қўли остига олди. Бу хабар эса бутун Туркистон бўйлаб тарқалиб, амир Ҳайдар подшоҳ ҳам воқеа тафсилотини эшитгач, йўналиш жиловини ул шаҳар томон бурди.

Амир Ҳайдарнинг Ўратепа томонга лашкар тортгани

Шундан сўнг ҳеч тўхтовсиз лашкар билан Ўратепа сари юриб, анча масофани босиб ўтгач, Ем мавзесида қўш ташлади. Бу хабар Бекмуродбий қулоғига етиб, хизматкорликни ўзига касб қилиб олган кўйи элчи юбориш орқали «агар жаноб амир меҳрибонлик кўргузиб, гуноҳимдан ўтсалар, кўнглим тинчиб, шу заҳоти даргоҳлари бўсағасини ўпиш учун бораман», дея арзга етказди. Мир Ҳайдар подшоҳ Бекмуродбекнинг бу сўзларини эшитиб, жуда хурсанд бўлди ва унинг элчисига олий сарупо инъом қилиб, ул бечоранинг кўнглини тўлдирди ва ўзининг элчисини ҳам келган элчига қўшиб юборди. Бекмуродбий қон тутиб, Мир Ҳайдарнинг буғдой деб, арпа сотувчи сўзларига алданган кўйи унинг ўрдусига келди. Мир Ҳайдар подшоҳ ўша куни унга марҳаматлар кўргузиб, яхши бир жойга туширди. Эртаси куни Бобо девонбегишшт ўғлига «отангнинг қони учун ундан қасос ол», деб буюрди ва Бекмуродбий бузруквор амакисига ичирган шарбатдан ўзи ҳам татиб, бировга қилган ёмонлиги ўзига қайтиб, оламдан ўтди. Бундай ишлар ҳақида демишлар, байт:



Бади макун ки дар ин кшшпзори зуд завол,

Ба даспг овари ҳамон бидарави ки худ кори.



(Мазмуни: Ёмонлик қилма ки бу ўткинчи далада,

Нимани эксанг шуни ўриб оласан).



Мир Ҳайдар подшоҳ Бекмуродбий ишидан тинчигач, у ердан қўзғалиб, Ўратепа қалъасига кириб қўш ташлади. Ўратепани барча тобе ерлари билан бирга ўзининг қувват қўлига киритиб, ул мамлакат ҳукуматини мулло Эрназарбий манқит зиммасига юклади. Бухоронинг Ҳаким қўшбегишшт акаси Муҳаммад Қобилбий иноқ, Бекмурод парвоначи каби улуғ амирзодаларига ўхшаш тожику ўзбакдан иборат тўрт минг жасур кишини ўша мамлакатга тайин қилиб, ўзи Бухорога қайтди.

Элтузархоннинг Бухоройи шариф томонга лашкар тортгани ва унинг дарё наҳанги оғзига кетгани зикри

Ўша пайтда Хоразм мамлакатида Элтузархон давлат ноғорасини чалиб ўтирган эди. Мовароуннаҳр подшоҳларини писанд этмай, ўз югурдакларидан бири ўрнида кўрарди. Ниҳоят, давлат ғурури уни ўз ҳолига қўймай, Бухорони фатҳ этиш умидида катта лашкар билан Омуя дарёсидан кечиб ўтди. У бу ғурур орқасида муҳрига ушбу исмни назм билан ўйиб ёздирган эди, муҳр-га ўйилган исм будир:

Хасмдин айламогон андеша,

Элтузархон шижоат пеша

Элтузархон хабари мир Ҳайдар подшоҳ қулоғига етишгач, тўхтовсиз равишда Бухоронинг барча амирларига душман қаршисига чиқиш борасида фармон берди. Амирлар бир неча масофани босиб ўтгач, ўзларини манзилу мақасадга етказдилар ва қўшиннинг довул ва сурнай-карнайлари овози замину замонни ларзага келтирди. Маснавий:



Ғиревидани кўси дарида мағз,

Ба пойи тамаккун бароварда лағз.

Ду дарёйи хунин бароварда жўш,

Медарид магзи сарон з-он хурўш.



(Мазмуни: Ногора товуши мияни тешди, Сабот оёғига ларза тушди. Икки қонли денгиз кўпириб, Бошдаги мияни ёрди сурони).



Икки томон урушга кирдилар ва ўлдир-ўлдир бозори қизигандан-қизиди. Анча уруш ва жангдан сўнг зафар насими бухоролик амирлар байроғи томон киришди ва Урганж лашкари қочиш сари юзландилар. Қочоқларнинг жуда кўпи дарёга гарқ бўлишди. Ҳали ҳам ўз фикрида турган Элтузархон қараса, иш қўлдан чиққан ва олов билан ўйнашиб бўлмайди. Ноилож бўйнини эгиб, кемага чиқди ва қочиб кета бошлади. Байт:



Оҳ аз он толеи баргашта ки ҳар рўз маро,

Рў ба жойе бинамояд ки бало бештар аст.



(Мазмуни: Қайтган толедан оҳким, у ҳар кун бизни,

Бало кўпроқ жойга бошлаб боради).



Бечора дарёда сафар қилмоқчи бўлди-ю, аммо шу кўйи охират сафарига чиққанини билмади. Чунки, қочоқ аскарлар душман чангалидан қутулиш ниятида хон чиққан қайиқ атрофини ўраб олиб, улар ҳам чиқмоқчи бўлишди. Ахир хони билан бирга дарёдаги балиқларга ем бўлажакларини қайдан ҳам билишибди. Элтузархон ўзи омон қолиши мақсадида ҳеч кимни кемага яқинлаштирмаслик учун қанча уринмасин, барибир ажал ёқасидан ушлаб олиб, бирор фурсат қўйиб юборишга йўл бермади, яъни хоннинг ҳаракатлари беҳуда кетиб, одамлари қайиққа қаттиқ ёпишиб олишди ва улар оғирини кўтара олмаган кема ҳаммасини олган кўйи дарё тубига чўкди. Шу зайл хону аскарлар барчаси фано дарёсига ғарқ бўлдилар. Урганж аҳолиси бу воқеани кўриб, таслимга рози бўлдилар. Бухоролик амирларни кутиб олиб, Урганжнинг фатҳ этилганини билдирдилар. Ўша куни Урганжнинг Бешқалъасида мир Ҳайдар подшоҳ номига хутба ўқилди. Бухоро амирлари Урганж қалъаси ичига кирмоқчи бўлиб турганларида эгри юрувчи фалак эски одатини қилиб, имкон оламида бошқа бир тақдир ўйинини қизитиб юборди. Шоир айтмиш, мисраъ: Наздики лаб оранду чашидан натавонанд (Оғзига яқин келтиришади-ю, ичиша олмайди); Бу воқеанинг юзага келиш сабаби шуки, ўша вақтда олий мартабали амир Олимхон Фарғона лашкари билан Ўратепа сари йўналди ва ул вилоятни бир ҳамладаёқ эгаллаб, бу вилоятда ҳимоя учун қолдирилган барча бухоролик амирзодаларни тўрт минг кишиси билан асир олди. Бу хабар бутун Мовароуннаҳр бўйлаб ёйилди. Буни эшитган амир Ҳайдар подшоҳ қаттиқ ташвишда қолиб, узоқ ўйга толди. Ноилож, кетма-кет енгилюрар чопарларни фармон билан амирлар олдига жўнатиб, «Урганжни ўз ҳолига ташлаб, дарҳол олий даргоҳ остонаси сари қайтинглар, чунки бу томонда ялписига бало-қазо офати қўзғалажак кўринади», дея буйруқ берди. Амирлар Урганж шаҳрини фатҳ қилмоқчи бўлиб турган айни чоғда бу каби буйруқ нишонини ўқиб, нонни сувга ботирган бир вақтда тарвузлари қўлтигидан тушди ва ноилож Хоразм мамлакатини қўйиб, тезлик билан Бухоро томон йўналдилар. Урганж халқи эса Бухоро амирлари кетганидан хабар топгач, Элтузархоннинг укаси Муҳаммадраҳи мхонни салтанат тахтига чиқардилар. Муҳамадраҳимхон ўта шижоатли ва ботир киши бўлиб, бутун Хоразм мамлакатини ўз тасарруфи доирасига киритди ва фармонфармолик ишлари билан машғул бўлди. Ўша пайтда Муҳаммадраҳимхон Хоразмда, жаноб амир Умархон Хўқандда ва амир Ҳайдарподшоҳ Бухорода ҳукмронлик қилишарди. Шу сабабли бир шоир ўша мазмунни ушбу туркий байтда жойлаштирган экан. Байт:



Муҳаммадраҳим олдида топса жой,

Умар тобе ўлмазми, Ҳайдар муте.



Алқисса, мир Ҳайдар подшоҳ Ўратепанинг фатҳ этилганини эшитиб, ўз амирларини Хоразмдан чақириб олиш пайидан бўлди.

Мир Ҳайдар подшоҳнинг Ўратепа томонга лашкар тортиб боргани зикри

Мир Ҳайдар подшоҳ бир оз муддатдан сўнг катта қўшин билан сана 1221 /1806-07 йили Ўратепа томон юзланди. Анча йўлларни ортда қолдириб, ул диёрга етди ва Истравшан қалъасини паргор чизиғи каби айлана қилиб ўраб олиб, қамал ишига киришди ва урушга кириш учун барча лашкарига фотиҳа берди. Ўша вақтда Ўратепа вилоятини амир Олимхон томонидан қўйилган мулло Раҳматуллоҳ ва Қадам иноқ бошқарар эдилар. Ул икки сардор қалъа сари югурганларга қарата узлуксиз отиш йўсини билан ўқ ва милтиқ ёмғирини ёғдиришди. Натижада ўликлардан тепаликлар ҳосил бўлди. Чунончи, Қадам иноқнинг ўз оғзидан эштишимча, битта мерган ўточар милтиқ билан бир ўзи юз нафар душман аскарини санаб туриб ер тишлатган экан. Энди шундан қиёс қилаверасиз. Мир Ҳайдар подшоҳ қараса, қалъани фатҳ этиш ақлдан йироқ ва хаёлдан узоқ гап. Шунингдек, айни топда Хўқанд томондан амир Олимхоннинг ёрдам учун отлангани хабари ҳам келиб қолди. Ноилож, Ўратепани олиш фикридан қайтиб, ул диёрни ўз ҳолига қўйган кўйи Бухорога қайтиб кетди. Анча йўл босиб, Бухорога кириб борди ва чарчоқларини ёзиб, дам олишга киришди. Унинг кетидан Хўқанд амирларининг энг эътиборлиси ҳисобланган Ражаб девонбеги амир Олимхондан ҳадикка тушиб, қочганча амир Ҳайдар подшоҳ хизматига келди. Амир Ҳайдар унинг келганини улуғ бир файзу баракот сирасидан деб билди ва Ражаб девонбегиви ўзига яқин надимлар қаторига киритди. Ўша Ўратепадан қайтиш пайтида Каттақўрғонда саййидлик паноҳи азиз акам Маҳмудхон рухсат олиб, Сангзор қалъасига бориб кирди. Уч кундан сўнг амир Олимхоннинг Жиззахдан қайтгани ва Ўратепани ҳам холи қолдирганча, ўзи Хўқандга кетгани ҳақида хабар келди. Маҳмудхон бу хабарни эшитган заҳоти ҳеч тўхтовсиз ва тез равишда ёнига атиги икки-уч кишисини олиб, Ўратепа томонга қараб кетди. Маҳмудхон менинг ўзимга «биз ўшанда Ўратепани икки оқ танга билан қўлга киритган эдик» деганини эшитганман. Маҳмудхон бу тўғрида шундай ҳикоя қилганди: - Шу кетишда бориб тўғри шаҳарга кирдик, аммо, бизни йўқлаб келгувчи бирор одам бўлмади. Икки кун сой бўйида тунашимизга тўғри келди. Икки кундан сўнг ёнимизда қолган ўша бор-йўғи икки тангага анчагина мол гўшти сотиб олиб, шўрва пиширдик ва шаҳар оқсоқолларидан беш-олтитасини меҳмонга чақирдик. Уларга яхши-яхши сўзлар айтиб, кўнглиларини тўқ қилдик. Улар биз учун ёрдамга ошиқиб, халқ билан бирга ҳукумат гумашталарига ҳужум қилдилар. Бизни эса уринишга қўйишмади. Ҳа, ўшанда бисотимда мазкур икки тангадан бўлак ҳеч вақо йўқ эди.» Маҳмудхон Ўратепани барча тобе ерлари билан қўлга киритгач, мамлакат ободончилиги учун киришди.



Ва ўша пайтларда Кобулдан Шоҳ замон ташриф буюрди. Ақл эгалари кўнглидан яширин қолмасинким, бу соҳиби давлатларнинг ҳар бири ҳақида батафсил баён этишга киришсам, сўз узоққа чўзилади. Шунинг учун бошида ўзбак давлати баёнини айтдик ва охирида Бухоро ва Хўқанд давлати ҳақида бўлак-бўлак сўз юритамиз. Бинобарин, бу ерда Афғония аҳволи баёнида бир неча сатр ёзиш фурсати келди. Гарчи маънолар мағзини чақувчи нуктасанжлар кўнглига малол келса ҳам бу мавзуни айтиб ўтмасак бўлмайди. Гапнинг қисқаси шуки, соҳибқирон Нодиршоҳ ўлими воқеаси рўй бергач, шоҳ ёнидаги барча амирлари тарқаб, ўз ўлкалари сари кетдилар. Шу орада садозай жамоасидан бўлмиш ва Нодиршоҳнинг удайчиси мансабида турган Аҳмадхон ибн Садад афғон ўз жамоасини олиб, Кобул томонга юзланди. Унинг ёнида Кобул шаҳзодаларидан бири ҳам бор эди. Иттифоқо, йўлда жаҳон кезган ва дунё кўрган бир қаландар йўлиқди. Ул сочлари патила-патила қаландар қўлида бир дона буғдой бошоғини ушлаб олган эди. Аҳмадхон қаландардан ёнидаги шоҳзода учун дуо қилишни сўради. Ул сайёҳ қўлидаги бошоқни шоҳзода бошига тақишини билдирди. Ул бедавлат шоҳзода эса бундай ўзини олиб қочиб «бу оёқ яланг, боши очиқ девона дуоси билан мушкилимиз ечилмасов», деди. Байт:



Либоси кўҳна қадри дардмандон кам намесозад,

Агар жавҳаршиноси тегро урён тамошо кун.



(Мазмуни:

Эски тўн дардли ошиқлар қадрин пасайтирмас, бил,

Агар гавҳаршинос бўлсанг, қилични ялангоч томоша қил).



Ул ҳақ йўлидаги мажнун шоҳзоданинг бу сўзларидан жаҳли чиқди ва ўрнидан сапчиб туриб, қўлидаги буғдой бошоғини Аҳмадшоҳнинг бошидаги салласига санчиб қўйди ва Аҳмадшоҳ ҳаққига дуо қилди. Мисраъ: Маълум шуд ки рўзии кас кас намехўрад (Аён бўлдиким, биров бировнинг ризқини ея олмайди); Аҳмадшоҳ эса ўрнидан ирғиб туриб, ул қаландарнинг қўлини ўиди ва таъзиму ҳурматини жойига қўйди. Кейинчалик Аҳмадшоҳ «бутун рубъи маскунга фармон берувчи бўлишимни ўшандаёқ англаган эдим», дея ҳикоя қилган экан. Камина ҳам бу каби воқеани муборак Жидда шаҳрида бир жаҳонгашта сайёҳ ва Яман подшоҳзодаси ўртасида кечганини бу шоҳзоданинг маҳрами биродарим Юсуф афанди гувоҳлигида мушоҳада қилган эдим. Ҳозирда бир нечта ҳожилардан эшитишимча, ул шоҳ зода Яман мамлакатлари барчаси устидан ҳукм юргизишга эришибди ва бугунги кунда ҳам ҳаёт экан. Байт:



Кас намедонад дар ин баҳри амиқ,

Сангреза қадр дорад ё ақиқ.



(Мазмуни: Киши билмайди бу чуқур денгиз тубида, Майда шагал борми ёки аъқиқ тоши).



Аҳмадшоҳ Кобул шаҳрига етишгач, оз вақт ичида Кобул мамлакатини эгаллади ва Ҳиндистоннинг етти донги мулки томон юриш қилиб, у ер мамлакатининг анчасини ўз қўлига киритди ва ул иқлим фармонфармоси бўлди. Анчадан сўнг вафот этиб, ўрнига ўғли Темуршоҳ жаҳон бошқариш тахтига минди. Темуршоҳ жудо доно, шоир ва илмда моҳир подшоҳ эди. Яна талай афғон ўлкаларини қўл остида сақлади. Вафот этганида ундан кўп фарзандлар ёдгор қолди. Унинг замонида баракзай жамоаси мансабларга эришдилар. Чунончи, Фатҳихон баракзай вазирлик ўриндиғиға ўтирди. Укаларининг ҳар бири бирор туманда ҳоким бўлдилар. Чунончи, сардор Азимхон жаннатга менгзар Кашмирда ҳукм сурди. Темуршоҳнинг давлати бир неча йил ўз ўрнида барқарор бўлиб, ниҳоят бу давлат қуёши ботиш сари юз тутиб, Темуршоҳ бу ўткинчи дунё билан хайрлашди ва ўрнига фарзанди шоҳзода Замоншоҳни салтанат тахтига ўтқаздилар. Унинг муҳрига эса қуйидаги битикни ўйиб ёзган эдилар, Замоншоҳ муҳридаги сажь:



Чу тахти шаҳи шуд зи Темур тиҳи,

Замон дар замон ёфт шаҳаншаҳи.



(Мазмуни: Шоҳлик тахти Темурдан бўлди холи, Замонда Замон топди шаҳаншоҳлик).



Замоншоҳ ул вилоятда фармон берувчи бўлгач, ўша пайтларда қариндоши Маҳмудшоҳ Ҳиротдан Кобул сари юриш қилиб, Замоншоҳ устидан ғалаба қозонди ва уни ушлаб, ёруғ жаҳонни кўрувчи кўзига мил тортиб, кўр қилди. Демишлар, байт:



Ба чашми мунираш кашиданд мил,

Фишонданд аз наргисаш оби Нил.



(Мазмуни: Нурли кўзига тортдилар мил,

Қилиб кўз ёшин юзида гўё Нил).



Ғолиб чиққан Маҳмудшоҳ салтанат тахтига ўтирди. Аммо, амирлар уни хоҳламай, бир неча кундан сўнг барчаси иттифоқ бўлиб, Шоҳ Шужоъ ал-мулкни тахтга ўтқаздилар. Шоҳ Маҳмуд эса қочиб, яна Ҳиротга кетди. Бироқ, анча вақт ўтгач, неча бир ҳийла ва найранг билан Фатҳихон вазирни қожорга қарши уруш баҳонасида Кобулга чақирди ва неча бир хорликда ул вазирлик паноҳини қатлга етказдилар. Бу хабар унинг укаларига етиб, ўз подшоҳзодаларига қарши бош кўтардилар. Анча урушлар рўй бериб, Шоҳ Шужоъ ал-мулк икки марта тахтдан туширилиб, икки марта қайта тахтга чиқди. Ниҳоят, қочиш сари юз тутиб, Лоҳур томонга кетди. Лоҳур подшоси Ранжид уни ушлатиб, қамоққа ташлади. Бу ҳибсга олишининг сабаби шунда эдики, ер юзидаги подшоҳлар ўртасида жуда қимматга эга бўлган иккита тош бор - биттаси «Дарёи нур», иккинчиси «Кўҳи нур». «Дарёйи нур» Эрон подшоҳлари қўлида бўлиб, мен уни доруссалтана Теҳронда Фатҳалишоҳ билагида кўрганман. «Кўҳи нур» эса афғон подшоҳлари қўлида бўлиб, уни Шужоъ ал-мулк ўзи билан бирга Ранжид ҳузурига олиб борган эди. Бинобарин, қамоққа олиб, қийноқлар билан қўлидан тортиб олди. Шужоъ ал-мулк у ердан қочиб, Шоҳжаҳонободга фарангилар ҳузурига борди. Кобул вилояти эса анча жанжал ва олишувлардан ҳамда сардор Муҳаммад Азимхон вафотидан сўнг Дўст Муҳаммадхон ғози қўлига ўтди. Дўст Муҳаммадхон соҳиби тадбир, шижоатли ва доно бир амир эди. Камина жуда кўп ўлкаларни кўрдим ва эл-юрт орасида эҳтиромга эга бўлган анчагина подшоҳларнинг суҳбатида бўлдим. Аммо, оғам амир Дўст Муҳаммадхон каби кишини кўрмадим ва эшитмадим. Амир Дўст Муҳаммад даврида Шужоъ ал-мулк уч марта фарангий ёрдамига суяниб, лашкар йиғиб келди ва улар ўртасида қаттиқ урушлар рўй берди. Ҳар гал енгилиб, ҳар сафар Ҳиндистонга қочиб кетди. Давлат шу билан садозайлар хонадонидан баракзайлар қўлига ўтди. Дўст Муҳаммадхон билан Шужоъ ал-мулк ўртасида кечган тўртинчи галги уруш воқеасини эса, Худо хоҳласа, кейинроқ баён қиламиз. Алқисса, Замоншоҳнинг ёруғ жаҳонни кўрувчи кўзига мил тортилгач, бир неча кундан сўнг оиласи билан кўч-кўронини кўтариб, Мовароуннаҳр мамлакатлари сари йўлга тушди. Анча йўлларни орқада қолдиргач, Бухоро яқинига келди. Бу хабар амир Ҳайдар подшоҳ қулоғига етиб, кутиб олиш учун хос на эшиларини юборди. Улардан бири Ражаб девонбеги бўлиб, у шундай ҳикоя қилганди: «Мир Ҳайдар подшоҳ бир неча нарсани мулоҳаза қилган кўйи бир кечаси меҳмонни ўз ҳузурига чорлади ва кўрунишхонанинг олдигача келиб, истиқболига пешвоз чиқди. Афғон шоҳи ва ўзбак подшоҳи бир-бирини бағрига босиб кўришдилар. Амир меҳмоннинг қадамига ҳасанотлар айтиб, унга иззат-икромлар кўрсатди. Суҳбат охирида кетишга рухсат берди ва яшаб туриши учун яхши бир уй тайин қилди. Иўл чарчоқларини ёзиб, дам олди. Ул ғурбатда қолган шоҳнинг ҳаё пардаси ортида ўтирган бир қизи бор эди. Мир Ҳайдар подшоҳ ул мастура қиз дарагини эшитиб, Шоҳ Замон олдига совчилик расми билан одам юборди. Шоҳ бу гапдан ғазабланди ва «биз ул зотнинг ҳам тенги эмасмиз ва ҳам аларнинг вилоятига мусофир сифатида келиб қолдик. Бу ишдан бизни маъзур тутсалар» деди. Шохнинг бу жавобидан сўнг амир Ҳайдар подшоҳ вужудини ғазаб туйғуси чулғаб олди ва шоҳ ҳарамининг ул исмат пардаси ортидаги қизини зўрлик билан ўз никоҳига киритди. Ул юртсиз овора шоҳ эса неча бир ҳасрат ва алам доғи билан байтуллоҳ сари равона бўлди.» Ўша вақтларда 1225/1810 йили амир Олимхоннинг вафот этиб, ўрнига Умархон салтанат тахтига ўтиргани хабари келди. Анчадан сўнг саййидлик паноҳи Маҳмудхон амир Ҳайдар подшоҳдан арзимаган нарса учун аразлаб, ундан айрилганча амир Умархонга келиб қўшилди. Бу хабарни амир Ҳайдар подшоҳ эшитиб, ул вилоят сари юзланди.

давоми бор...