loader
Foto

Худоёрхоннинг вафоти

Қўқон хонлигининг сўнгги ҳукмфармоси Сайид Муҳаммад Худоёрхон Шералихон ўғлининг насаби султон Бобур ва хотини Сайидофоқ бегимдан туғилган Олтин Бешикхондан бошланганлиги айтилади. Бу насаб Султон Бобурнинг ота-боболари орқали буюк Соҳибқирон Амир Темур Кўрагонга бориб уланади.

Ўтмишдаги кўпгина ўзбек муаррихларнинг китобларида бу хусусда анчагина маълумотлар мавжуд. Масалан, Ниёзмуҳаммад ибн Авазмуҳаммаднинг «Тарихи Шоҳруқия», Мирзо Олим Мушрифнинг «Ансобу-с-салотин ва тавориху-л-хавоқин» («Султонларнинг насаблари ва хоқонларнинг тарихи»), Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» («Тошкентнинг янги тарихи»), Фозилбек Отабек ўғлининг «Мукаммали тарихи Фарғона», Муҳаммад Аминбек Худоёрхон ўғлининг «Фарғона музофоти хонлари хусусидаги воқеотлар», рус тарихчиси Владимир Наливкиннинг «Краткая история Кокандского ханства» («Қўқон хонлигининг қисқача тарихи») асарлари шу жумлага киради.



Юқорида номлари зикр этилган муаррихлардан анча илгари яшаб ўгган баъзи нуфузли муаллифлар ҳам бу фикрни таъкидлаганлар. Масалан, Амир Умархон ўз девони дебочасида: «Бу ошуфта тасвидот роқими ва бу паришон абёт нозими андоқ баёни ҳол ва шарҳи мофилбол қилурким, вужудим гулбуни Темур Кўрагон гулистонини шажарасини самарасидур, асолат бўстонида иззат баҳорининг обу ҳавоси тарбияти бирла бош чекиб, нашъу намо пайдо қилди ва хилқатим ниҳоликим, Бобур Султон чаманининг навбодасидир (Амирий. Девон. Т., «Фан», 1972, 19-бет)» дея бу ҳақиқатни тарих учун нақшлаб қолдирган бўлса, Хоннинг тоғаси Раҳмонқули оталиқнинг қизи ва завжаи муҳтарамаси Нодирабегим ҳам ўз ғазалларида бу фикрни такрорлаганини кўрамиз. Чунончи бир ғазалида у:



Саёдат хонадони шоҳ Бобур насли покиман,

Худоё, раҳмат айла жумла авлоди изомимни,—



байтини битиб, ўз устози фикрларини давом эттирганлиги маълум (Пўлатжон Қаюмов. Тазкираи Қайю-мий. Т., 1998, 150-бет).



Айни вақтда бу фикрларни рад этиб, «Олтин бешик» воқеасини ривоят деб ҳисобловчи тадқиқотчилар ҳам оз эмас. Биз эса «Олтин бешик»ни ривоят эмас, балки ҳақиқат, деб билувчилар тарафидамиз.



Шу вақтдан Умархон ва Нодирабегим гувоҳликларини ҳақиқатга яқин ҳисоблаб, Умархонни ҳам унинг амакиваччаси Худоёрхонни ҳам Амир Темур авлодларидан дея ҳисоблашга мойилмиз.

Худоёрхон уч марта — 1845, 1862, 1865 йилларда тахтга чиқиб, умумий ҳисобда чорак аср чамаси хонлик қилиб, 1875 йил июль ойида сохта Пўлатхон ва унга қўшилган укаси Султон Муродбек, ўғиллари Насриддинхон, Муҳаммад Аминбек, шунингдек, собиқ саркардалари Ийсо авлиё, Абдураҳмон офтобачининг бирлашган қўшинлари ҳужумига тоб беролмай, Хўжандга жўнашга мажбур бўлади, орадан бир неча кун ўтгач, Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман чақириғи билан Тошкентга келиб, ўша йилнинг 12 августида: «Петербургга, император ҳузурига борасан», деб алдаб, Россия ичкарисига жўнатиб юборилади. Императордан олинган махфий фармойиш асосида Оренбург генерал-губернатори Крижановский томонидан ўша шаҳарда мажбурий ушлаб қолинади ва икки йилдан зиёдроқ хонабанд ҳолда сақланади. Худоёрхон узоқ муддат хуфия тайёргарликдан сўнг 1877 йил ноябрида Турдиали исмли ҳарбий билан тил топишиб, унинг ёрдамида аввал Афғонистон, сўнг Эрон ҳудуди орқали ҳаж ниятида Маккага боради. Ҳаж зиёратидан сўнг Ироқ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда бўлади. Хон ҳаётининг охирги ойлари ҳақида «Туркистон вилоятининг газети»да 1881 йил 15 мартда қуйидагича хабар босилади: «Илгари Хўқандда хон бўлғон Худоёрхон Бўмбай шаҳридан ёзғон мактубида зоҳир қиладурким, ўтган йилларда Ўрунбурхдин Маккага кетиб, касал бўлиб, ўзиға муолажа қилмоқ учун Бўмбай шаҳриға келибдур. Аммо Ўрунбурхдин подшоҳ ҳазратларидин берухсат кетгани учун Маккадин қайтар маҳалда Худоёрхон улуғ императори аъзам ҳазратлариға маъруз айлаб, гуноҳин афв қилмоқни илтимос қилғон экан. Энди эшитиладурки, Туркистон вилоятининг улуғ генерал-губернатори Худоёрхондин маъафв айлаб, Ўрусия мамлакатиға қайтмоқлари хусусида розилиқ берибдурлар».



Хоннинг пгундан кейинги қисмати ҳақида «Тарихи Муҳйии Хўқандий» китобида бундай битилган: «Бўмбайдин яна Боғдод тарафи билан дарё орқали бирмунча муддат Ғавсул Аъзам ва Имоми Аъзам мозорларида чилла ўтириб, у ердан Илоҳ иродаси билан Эрон йўлидан Қобул тарафга дарвеш либосида бир неча дарвешлар билан Ҳазор денгизига, ундан Ислом шайх Ҳиротий маскан тутган Каррух деган жойга келди... Хон Эронда эканидаёқ амир Абдураҳмонхон эшитиб қолиб, Ҳирот ҳокимига Қўқон хонининг барча буюмларини Ҳиротга олиб келиш ва у ердан икрому эҳтиром билан Кобулга етказиш хусусида фармон беради. Бироқ Каррухда хоннинг бетоблиги зўрайиб, Ҳиротдан келган сардор ва аскарбошилар билан учрашганда, уларга асло рўйхуш бермаган, уларнинг Ҳирот шаҳрига таклифларини қабул ҳам қилмаган. Каррухда хон бевафо дунё лаззатларидан воз кечиб, бу дунёдан кўз юмди. Марҳум хон вафотидан сўнг Абдураҳмон амри ила Каррух мавзеида хонга ниҳоятда яхши мақбара қурилди, қорихона бино қилдириб, кўпдан-кўп ҳужралар солинди. Хон Ҳирот шайхулисломи бўлмиш Эшон шаҳид Ислом шайх мозорига дафн этилди». Ўзбекистон Республикаси Давлат архивида сақланаётган ҳужжатларга кўра, Худоёрхон 1882 йил ёзида вафот этган.



Худоёрхон вафоти ҳақидаги кўплаб манбаларда у Маккада билагига чиққан ёмон ярани Бўмбайда инглиз докторига операция қилдирган бўлса ҳам яра тузалмагани ва хоннинг ўлими ҳам шу яра оқибатида содир бўлгани қайд этилган. Сўнгги вақтда ЎзРМД архивида топилган материалларга, жумладан Худоёрхон билан ҳаж сафарида, ундан сўнг Каррухда бирга бўлган, хонни дафн этиш маросимида шахсан қатнашган хивалик савдогар Турдибойхўжа Ўтамишевнинг гувоҳлигича, хон Каррухга яқинлашган чоғда қаттиқ кўкрак оғриғи касалига учраб, бир ой чамаси ётганидан сўнг шу дард туфайли вафот этади. (ЎзРМД архи-ви, ж.1., ҳ. 4, иш 45, 35-саҳифа).

"Тарих Уммони сирлари" китобидан, Шариф Юсупов