Қўрбошилар ва лашкарбошиларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳарбий фаолиятини ўрганиш ва уларга баҳо бериш тарихчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Турли архивларда қўрбошилар ҳақида кўплаб материаллар бор. Шаҳобиддин Яссавий, Мусо Туркистоний сингари хорижий муаллифлар ўз китобларида 200 га яқин қўрбошилар тўғрисида умумий маълумотлар беришган. Биз ҳам қўлимизда мавжуд бўлган ҳужжатлар асосида мазкур ҳаракатнинг баъзи бир раҳбарлари ҳақида маълумот бермоқчимиз.
Хориждаги тарихчи олимлардан бири Б.Ҳайит тадқиқотларида Парпибек қўрбоши фаолияти билан боғлиқ айрим маълумотлар берилган. Бу маълумотларга кўра, Фарғона водийси ҳудудларида ҳаракат қилган кўрбошилар орасида Ўзганда Жонибек қози, Новқатда Муҳиддинбек, Андижон атрофида Парпибек анчагина катта гуруҳларга эга бўлишган. Чунончи, Парпибек кўшинида 3600 дан ортиқ аскар хизмат қилган. «Босмачилар»га қарши курашда қизил армия қўшинларида 14 та артиллерия, 376 та пулемёт, ўнлаб самолёт, 7 та бронепоезд бўлгани учун улар ғоят оғир шароитда кураш олиб борганлар.
Кўзга кўринган қўрбошилардан бири Охунжон 1919 йил 12 июнда қизил аскарлар қўшини қўмондони Д.Е. Коновалов билан сулҳ тузиб, ўз йигитлари билан советлар томонига ўтган ва ўша йилнинг сентябрь ойида Андижон мудофаасида советлар тарафида туриб катта жасорат кўрсатган. Аммо большевикларнинг сиёсий ўйин ва найрангларини кўрган Охунжон ўз ниятидан қайтиб, шу вақтда Андижон уездида катта куч ва мавқега эга бўлган Парпибек қўрбоши билан яширин музокаралар олиб боради. Бундан қизиллар огоҳ бўлишади. 1920 йилнинг май ойида Туркфронт қўмондони М.В.Фрунзе иштирокида бўлиб ўтган инқилобий қўмита ва партия қўмитасининг қўшма йиғилишида, бошқа масалалар билан бир қаторда, Охунжон отрядини Тошкентга жўнатиш масаласи ҳам кўрилади. 25 майда Андижонда гарнизон қўшинлари кўриги ўтказилаётган вақтда собиқ қўрбошиларидан бири Охунжоннинг Парпи қўрбоши билан биргаликда ҳаракат қилиши ҳақида музокара олиб бораётгани тўғрисида хабар келади. Шундан сўнг Охунжон отрядини қуролсизлантиришга ҳаракат қилинади. Аммо қуролни топширишдан бош тортган Охунжон отрядидан бир қанча киши аскарларга қарата ўт очади. Отишма натижасида ҳар икки тарафдан қурбонлар бўлади. Охунжон ва унинг йигитлари қуролсизлантирилиб, Тошкентга юборилади.
Аммо Охунжон, унинг ноиби Абдураззоқ ва бошқалар Тошкентдан Наманган орқали қочиб, Қўқон қишлоқдаги Парпибек қўрбоши қўшинига бориб қўшилади. Бу билан Парпибек қўрбошининг қўшини янада кучайиб, қудрати ортади. Аммо Охунжон қўрбоши советларга қарши жангларнинг бирида ҳалок бўлади. Бу, Парпибек қўшини жанговорлигига салбий таъсир қилади.
Парпибек қўрбоши большевикларга қарши олиб борган курашида турли муносабатлар билан Андижон шаҳри аҳолисига мурожаат этиб турган. Қуйида унинг ана шундай мурожаатномаларидан бирини айнан келтирамиз:
ЭЪЛОННОМА
Умум мусулмонларга эълон қилиб ёзаманки, биз 4 йилдан бери ноҳақчи болъшевиклар билан маҳораба қилиб қон тўкуб, неча мусулмонлар хонавайрон бўлуб, шу жойга келдук. Эй мусулмонлар, кўзларингни очиб қаранглар! Қўқонқишлоқ, Чувама ва бошқа қишлоқларда бу ноҳақчи большевиклар ёш гўдак болаларни бетартиб чопиб, кўп жафолар қилди ва яна туриб шуни бадалида бизларни тепамизга қаттиқ ҳужумлар қилиб, кўп ишларни кўнгилларига муддао қилиб юрди. Худога хос эканмиз, ҳақ йўлига юрганимиз маълум бўлди. Ҳозирги вақтда шаҳар атрофларини бесарамжон қилиб турибдир. Очиқдан-очиқ маълум бўлиб, бизларни йигитларимизни тутмоққа тадбирлар жорий қилибдур. Умум мусулмонлар, нечаларга қаттиқ сармофий қиламанки, бундан буён мундоқ ноҳақ ишлар бўлмасун. Бир, икки нафар бизларни йигитларимизни тутган бирлан ҳеч нима воқеа бўлмаса керак. Ўшал жосус чиққан маҳалладан бир дона йигитимизга неча нафарини жазо бермоққа қодирмиз. Ушбу бизларни йигитларимизни тутмоққа тадбир жорий қилган жосусларни Қорбура гузарида жазоларини кўзларига кўрсатдук. Ушбу жума кунидан ўтадурғон кечаси. Агарчи, ҳар ким жосуслик қилса, шундоқ жазога гирифтор қиламиз. Иккинчи чакана ўғрилар воқеаси шулки, ҳар ким ўғрилик қилиб, қўлимизга тушса, хоҳ ўзимизга қарашлик йигитлардан, ҳох шаҳардаги ўғрилардан бўлса, бизни қўрбошиларимизга фармойиш қилдим: ҳақиқат орқали ўлим жазосига борадурлар.
Яшасин ҳақ йўлга юргувчилар! Битсин ноҳақчилар! Ушбу жумадан шанбага ўтадирғон кечаси чакана ўғрилардан бир донасини отиб юбордук. Сойгузарда.
Амири лашкар — Парпибек Ғозий Маҳдум.
Муҳр: Насруллоҳ. Оллоҳ қўлласин."
Кунларнинг бирида қизил аскарларнинг Андижон шаҳридан Кўқонқишлоққа қараб чиққани ҳақидаги хабар Парпибекка етиб келади. Парпибек жангчиларнинг бир қисмини Қўқонқишлоқда қолдириб, асосий кучларни теварак-атрофга тарқатади. Қизиллар катта куч билан Қўқонқишлоққа келадилар ва бу ердаги оз сонли қаршилик кўрсатувчилар билан жанг бошлайдилар. Бир неча муддат давом этган отишмадан сўнг у Қўқонқишлоқни бўшатиб, ўз лашкари билан атрофдаги кучларига бориб қўшилади.
Қизиллар ғолиб келиб, Қўқонқишлоқни ва Парпи қўрбоши қароргоҳини ишғол этадилар. Аммо қизиллар жойлашиб улгурмасларидан қаршилик кўрсатувчиларнинг Қўқонқишлоқнинг уч томонидан бошлаган ҳужумига дуч келиб, довдираб қоладилар. Қўрбошиларнинг ҳар бири муайян йўллар билан ҳужумга ўтган, аммо Андижон йўлини очиб қўйган эдилар. Шиддатли жангга дош беролмаган қизиллар чекинишга мажбур бўлишади ва аста-секин мудофаага ўтиб, Андижон томонга чекина бошлайдилар. Улар оғир юклари, тўп, тўпхона, аравалари билан катта йўлдан Андижонга етиб боргунларича «босмачи»лар пистирма йўллар ва тор кўчалар орқали ўтиб, Хайробод атрофига жойлашиб оладилар. Қизиллар Хайрободга етиб келганларида улар қизилларга қарши орқа ва ён тарафлардан ҳужумга ўтадилар. Ўқ ёмғирига учраган қизиллар чекинадилар. Уларнинг 200 га яқин омон қолганлари бир саройга кириб яширинишга мажбур бўлади. Ўч кеча-кундуз давом этган отишмадан кейин тинкалари қурийди. Озиқ-овқатларнинг йўқлигидан оч қоладилар, ўқ-дорилари ҳам тугаб қолиб, таслим бўлишга мажбур бўлишади.
Сарой дарвозасининг икки ёнида турган миллий курашчилар саройдан чиқаётган қизилларни қуролсизлантириб, асирга олишади ва отиб ташлашади. Бундан хабар топган Андижоннинг Янги шаҳарида яшовчи большевиклар Эски шаҳар аҳолисидан қизил аскарлар жасадини олиб келишни талаб қиладилар. Акс ҳолда Эски шаҳар аҳолисини қириб ташлаймиз, деган таҳдид ҳам қилинади. Эски шаҳар фуқаролари йиғилишида вакиллар сайланиб, улар ўлган қизил аскарларнинг мурдаларини олиб келишга отланади.
Бу воқеа Мусо Туркистонийнинг «Улуғ Туркистон фожеаси» асарида бундай тасвирланган: «Андижонда Нодир эшон домла, Мулла Абдукарим, Охун домла, Шамсутдин тўра, Сулаймон баззоз (шоир Чўлпоннинг отаси — муаллиф) ва бошқа машҳур домлалар, амалдорлар ва халқ оммасининг диққат-эътиборини қозонган нуфузли кишилардан, жами 10 кишини элчи қилиб Парпи кўрбоши ҳузурига юбордилар.
Элчилар Қўқонқишлоқда Парпи қўрбоши қароргоҳида қабул қилинди. Элчилар ҳаммаси таъзим ва тавозеъ ила ўлтирдилар. Элчилардан чиройликкина, соқол-мўйловларини қисқартирғонлардан бири сўз бошлади: «Бек ака! Бизлар ҳукуматнинг элчиларимиз, ҳукумат айтадурки, ўликларимизни берсун, Андижонга келтириб кўмайлик, ўзлари сулҳ қилиб биз билан ярашсинлар, шаҳарга кирсинлар, муносиб мансабларга ўлтирсинлар», дейдур.
Шу жойга келганда тўп овозлари, пулемёт овозлари билан баробар ўрус аскарларининг ҳужум қилиб келгани маълум бўлди.
Парпи қўрбоши Халон нажотларига мудофаа қилишга амр берди... Сўнгра бу ўн кишини эъдомга ҳукм қилди. Бу ҳукм Парпи қўрбошининг отахони (маслаҳатчиси) Муҳаммад Иброҳимга етди. Дарҳол Парпи қўрбошини кўриб, элчилар ҳақидаги эъдом ҳукмини таъдим этди. Буларни аробага чиқариб, Орол, Бўтақора ила Андижонга жўнатди. Видо (хайрлашув) асносида Нодир эшон бошлиқ ҳамма элчилар қўл кўтариб, отахон Муҳаммад Иброҳимни ҳаққига дуо қилдилар. Отахон дедики: «Дуоларингиз ижобат бўлса, фойдаси охиратда, албатта, бўлғайдир. Бу дунёда фойдаси тегадурғон бирор нарсаларинг йўқму?», деб хитоб қилди. Шу гапдан кейин элчилар ичидаги силлиқ салла, теварак соқолли киши бир табассум қилди. Қўлига қалам- қоғоз олди, икки тилда (русча, ўзбекча) бир парча хат ёзиб, қўлига бериб, айтди: «Ҳар вақт Андижонга кирадирғон бўлсангиз, шу хат билан бемалол кира биласиз, дунё ишларингизни қила биласиз».
Отахон Муҳаммад Иброҳим айтадур: «Ушбу хат (ёрлиқ) билан беш-ўн маротаба Андижонга кириб чиқдим, ҳеч бир зотга учрамадим, ўруслар қайси жойда кўрсалар, кимсан, деб сўрайдур. Ерлиқ хатни кўрсатсам, «пожалуйста, буюринг», дедилар. Шу ҳангомаларда ўрислар сиёсий рафторларни 3—5 қадам орқага ташлаб мажбуриятликда қолди. Баъзи ишларда юртга кенгчилик берди. Масалан, Андижоннинг 4 даҳасига 4 қози тайин қилди. Миллат ўз ихтиёри билан сайлади. Уч ойда бир марта бу 4 қози тўпланиб, бир ҳайъат ўлароқ баъзи нозик масалаларни ҳал қиладурғон мажлис ҳам тайинлади. Сўнгра бу приказ билан йўқ қилинди. Фирқани қарори билан ГПУни ҳукми жорий бўлди, қозиларни ўрнига суд (народное судья) тайин қилинди».
Андижондаги совет ҳукумати шаҳар атрофидаги қўрбошиларга қарши жанг олиб боришга журъат этолмаганликларидан уларни сулҳ тузиш орқали ўз томонларига оғдириб олишга бир неча бор уринди. Бу ҳийла Парпибек қўрбошига нисбатан ҳам ишлатилди.
Фарғона водийсида 1918—1923 йиллар ичида 10 марта қўрбошилар қурултойи ўтказилган. Бу қурултойларда қуролли ҳаракатга 1918 йил мартида Катта Эргаш, 1918 йил ноябрида Мадаминбек, 1920 йил майида Шермуҳаммадбек, кейинчалик Ёрмат маҳсум, Исломқул водий бўйича бош қўмондон — лашкарбоши этиб сайланган. Парпибек ана шу қурултойларда фаол қатнашган. Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек бошчилигида кўпдан-кўп жангу жадалларда қатнашиш унга насиб этганди.
Мадаминбек қизиллар фитнаси оқибатида қатл этилгач, қуролли ҳаракат янги куч билан аланга олди. Бу ҳаракатнинг илҳомчиси ва ташкилотчиси Шермуҳаммадбек (совет тарихчиларининг китоб ва мақолаларида у Кўршермат деб ҳақоратлаб келинган) бўлди. 1920 йил 3 майда Шермуҳаммадбек ташаббуси билан «Туркистон турк мустақил жумҳурияти», яъни Туркистон муваққат ҳукумати ташкил бўлди. Бу ҳукумат водийдаги истиқлолчилик ҳаракатида муҳим роль ўйнади. Шермуҳаммадбек қўмондонлигида барча қўрбошилар бирлашди ва янги отрядлар тузилди.
Андижон ҳудудидаги кўплаб қўрбошилар билан бир қаторда Парпибек қўрбоши ҳам ўз қўшини билан Шермуҳаммадбекнинг умумий қўмондонлиги остига ўтди.
1920 йил июль охирида Пойтуғда Шермуҳаммадбек, Холхўжа, Омон полвон, Парпи ва Мулла Собир қўрбошилар бирлашиб, 4—5 минг лашкар билан Татар бригадаси аскарларини қуршовга олдилар. Аммо Пойтуғ гарнизони жангчилари ва Андижондан етиб келган 1-отлиқ полки ёрдами билан рота бир амаллаб қуршовдан қутулишга муваффақ бўлди.
Шермуҳаммадбек 1920 йил октябрь ойининг охирида Фарғона водийси қўрбошилари билан кенгаш ўтказади. Андижондан Парпибек қўрбоши ҳам унда қатнашади. Жадидлар сардори Мунаввар қори Абдурашидхонов ва «уламо»чилар вакили Миён Бузрук қатнашган бу кенгашда Шарқий Бухоро ва Афғонистонда советларга қарши кураш олиб бораётган Иброҳимбек қўрбоши билан ҳамкорликда курашни давом эттиришга қарор қйлинади.
1920 йил 24 ноябрда бош қўмондон Шермуҳаммадбек, Алиёр ва Парпибек қўрбошилар ўзаро ҳамкорликда Шоҳимардонда қизилларга қарши жанг олиб бордилар. Андижон уезди Қўқонқишлоқ туманидаги жангларда иштирок этиш учун Шермуҳаммадбек 1000 аскари билан келади. Бу даҳшатли жангда Парпибек лашкари ғалаба қозониб, қизил аскарларнинг 2 замбараги, 4 пулемёти ва турли қурол-аслаҳаларини ўлжа олади.
Совет қўмондонлиги 2000 дан зиёд аскари бўлган Парпибекка қарши 1920 йил охирларида Қўқонқишлоқ ва Омончўрада қаттиқ жанг бошлаб юборади. 8- отлиқ бригада қўмондони Я.А.Мелькумов операцияни бошқаради. Шиддатли жангда Парпибекнинг асосий таянч базаси Қўқонқишлоқ ва Омончўра душман қўлига ўтади. Парпибек Бозорқўрғон томонга чекинишга мажбур бўлади. Душман бу ерда унга кучли зарба беради.
Шермуҳаммадбек ва Холхўжа қўшинларининг мағлубиятга учраши айрим миллий курашчиларнинг руҳини тушириб юборади ва улар советлар томонига ўтишга мажбур бўладилар. 1921 йил 31 январда 2600 аскари билан Акбарали ва Маҳкам ҳожи қўрбошилар ҳам қизиллар томонига ўтадилар. 1921 йилнинг бошида Парпибек қўрбоши 2-ўқчи Туркистон дивизияси жангчилари билан бўлган жангда мағлубиятга учрайди. Бу жанг Жалолобод, Сузокда бўлиб ўтади. Парпибек қўрбоши аскарларининг ярми жанг майдонларида ҳалок бўлади. Парпибек қўрбоши шу жангда оғир ярадор бўлиб, 1921 йилнинг апрель ойида вафот этади.
Р. Шамсутдинов, А. Қодиров