loader

"ЗАФАРНОМА" сақлаб қолинди

Туркистонда ўн беш йилча ҳукмронлик қилган чоризм генерали фон Кауфман Тошкентда қозилик қилган Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон ҳақида: "У зот Худодан бўлак ҳеч кимдан қўрқмаган ажойиб инсон эди" дея, энг зўр рақибига тан беришга мажбур бўлган. Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон вафотидан сўнг қозикалонлик лавозими барҳам топиб, Себзор даҳа қозиси мансабини у кишининг ўғли Муҳиддинхўжа эгаллайди. Муҳиддинхўжа ҳам маърифатпарвар, халқнинг маданиятли бўлиши ҳақида кўп қайғурувчи, илм-фанни суйган киши эди. Даврининг илғор зиёлиларидан бўлган Муҳиддинхўжанинг шахсий кутубхонасида жамланган ноёб қўлёзмалар қаторида Шарафуддин Али Яздий "Зафарнома"сининг жаҳонда ягона мукаммал нусхаси ҳам бор эди (ундаги тўқсон саҳифадан иборат кириш қисми бошқа бирорта нусхада учрамайди). Ана шу ноёб китоб билан боғлиқ бир воқеа қозининг нечоғли маърифатли бўлганига далолатдир.



Ўша давр манбаларидан маълум бўлишича, Муҳиддинхўжа қозининг маърифатпарварлик фаолияти генерал-губернаторликка ҳам, маҳаллий мутаассибларга ҳам асло ёқмаган. 1899 йил охирларида ана шу адоват туфайли қозининг ашаддий душманлари уни бир даъвогардан катта пора олишда айбламоқчи бўлишади. Сирдарё губернатори, вилоят прокурори, шаҳар ҳокими каби мустамлакачи амалдорлар қатнашган шаҳар қозилари йиғинида шу масалани кўриб чиқишга қарор қилинади.



Йиғинга Муҳиддинхўжанинг порахўр эмаслигини исботлаш учун йигирма чоғли холис гувоҳ келади. Лекин улардан бирортасининг сўзини эшитишмайди. Аксинча, Муҳиддинхўжани Каломуллоҳ билан қасам ичишга мажбурлашади. Қуръон билан қасам ичиш ғоят оғир ҳол эканини, қасамхўрлик эл-юртда мақбул иш эмаслигини билган Муҳиддинхўжа йиғилганлардан холис гувоҳлар сўзини эьтиборга олишни илтимос қилади. Лекин улар қасддан оёқ тираб туриб олгач, қасам ичишдан кўра туҳмат қилинган маблағни тўлашни афзал билиб, йиғинни тарк этади.



Бироқ бунча маблағни тўлашга қозининг қурби етмас эди. Шу важдан ота-боболаридан қолган ягона бойлик — каттагина ажойиб боғига ҳарбий ташкилотни ижарага қўйиб, "қарз"дан қутулмоқчи бўлади.



Орадан бир неча ой ўтаб, 1900 йилги Халқаро Париж кўргазмасидан Муҳиддинхўжа қози номига шошилинч телеграмма келади. Унда илгарироқ қози Париж кўргазмасига юборган Шарафуддин Али Яздий "Зафарнома"сининг ноёб нусхасини катга маблағ тўлаб, сотиб олишга розилик сўралган эди. Сил касали билан оғриётган, айни пайтда иқтисодий танг аҳволда турган қозига биргина ана шу қўлёзмани сотиш кифоя қиларди. Аммо маънавий хазинанинг ноёб дурдонасини ҳеч нарсага алишмай, телеграф орқали рад жавобини беради ва қўлёзмани ўзига қайтаришларини сўрайди. Шу тариқа маърифатпарвар қози Муҳиддинхўжа соғлиғини бериб, обрўйини тўкиб бўлса ҳам, "Зафарнома"ни келгуси авлодлар учун сақлаб қолади.

Шариф ЮСУПОВ,

адабиётшунос ва муаррих

Манба: Шариф Юсупов. «Тарих ва адаб бўстони», Т., «Маънавият», 2003, 63-6.