Рус босқинчилари зўрлик ва алдов билан тортиб олган маданий бойликларни Туркистон бозорларида хорижликларга сотиб, пулига ароқхўрлик, бузуқлик қилишган, қимор ўйнашган. Бухорода амир Абдулаҳад, Саид Олимхон ҳукмронлиги даврида кўпгина нодир қўлёзмалар, китоблар амирзодаларнинг қимор ўйнашлари эвазига ўрис ва четэл савдогарлари қўлига ўтиб кетди. Бу борада Туркистон бош губернатори Розенбахнинг хотини Олга Ивановнанинг нафси наҳанг бўлган. У хонлар ва амирлардан ундирган ноёб бойликларни Тошкентда кимошди савдосида пуллаб, беҳисоб бойлик орттирган. Шу тариқа халқнинг нодир маданият ёдгорликлари, қимматбаҳо қўлёзмалар Русия, Британия, Туркия, Эрон, ҳатто Америкага ташиб кетилган.
Биргина 1917-1923 йилларда Туркистон ўлкасидан тўплаб олиб кетилган осори атиқалар, маданий бойликлар икки юз эллик тўрт минг икки юзтани ташкил этган. Булар расмий маълумотлар, яширинча ўғирлангани, куйдирилгани, нобуд қилингани бу ҳисобга кирмайди.