1905–1907 йиллардаги сайлов қонунларининг чеклангани, шунингдек, марказий ва ҳудудий маъмурларнинг сайлов кампанияларини бошқариш жараёнига бевосита аралашуви шунга олиб келдики, Русия Давлат думасининг инқилобдан олдинги тарихида парламентга жами 79 мусулмон депутати, шундан 25 депутат 1-чақириқ Думасига, 37 депутат – иккинчисига, ўн депутат – учинчисига, етти депутат эса тўртинчи чақириқ Думасига сайланган эди. Айрим депутатларнинг икки ва ундан кўпроқ марта сайлангани ҳисобга олинса, мамлакат мусулмон аҳолисининг парламентдаги манфаатларини алоҳида уюшма (фраксия) га уюшган 67 шахс ҳимоя қилган эди.
1907 йилги сайлов қонунларининг камситувчи ҳолатига кўра, 1897 йилги аҳоли рўйхати билан солиштирганда айрим мусулмон ўлкаларининг Думадаги ваколати аҳоли сонига мос келмасди. Масалан, тўрттала чақириқ Думасида Волга-Урал минтақасидан 40 нафар, Туркистон ва Қалмиқия ўлкасидан 16, Қофқоз ва Қиримдан 23 депутат сайланган эди.
Ваҳоланки, ўн тўққизинчи аср охири ва йигирманчи аср бошларида Русия империяси таркибига мусулмонлар яшайдиган улкан ҳудудлар: татарлар ва бошқирдлар макон тутган Волга-Урал, ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар ва тожиклар яшайдиган Ўрта Осиё ва Қозоғистон, қирим татарлари ва кўп сонли тоғлилар ҳамда озарлар юрти Қирим ва Қофқоз кирган эди. 1897 йилги Бутунрусия аҳоли рўйхати натижаларига кўра, Бухоро ва Хива хонлигини ҳисобламаганда Русия империясида 13,9 миллион мусулмон яшарди. Буларнинг 3,5 миллиони Русиянинг Оврупа қисмида, 7 миллионга яқини Ўрта Осиёда, уч миллиондан ортиқроғи Қофқозда ва 122 минги Сибирда эди. Фоизга айлантирганда мусулмон аҳоли Оврупа қисмида яшайдиганларнинг 3, 8 фоизини, Ўрта Осиёда 90, 2 фоизини, Қофқозда 34,5, Сибирда 2, 2 фоизини ташкил қиларди. Давлат Думасига депутат сайлашда ана шу омилларнинг эътиборга олинмагани Русия жамоатчилигининг норозилиги ва қаршилигига сабаб бўлди. Ўрта осиёлик мусулмонлар ваколатини Думада тиклаш талаби ўша пайтдаги мусулмонлар сиёсий платформасининг энг кўп учрайдиган бандларидан эди.
Дилора Усмонова,
Қозон Давлат университети дотсенти, тарих фанлари доктори.
(«Биринчи Бутунрусия мусулмон форуми материаллари тўплами»дан).