«Башар нафси ёмонликка мойил этишдан узоқ эмас. Қуръонда дейилган: «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс, агар Парвардигорнинг Ўзи раҳм қилмаса, албатта барча ёмонликларга буюргувчидир». «Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир». Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат ман қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружу қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, улар битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» пардаси остида беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри ила юмшатсалар» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик…».
(Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айни шу майни қатағон қилган фармондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, темурий подшоҳлардан Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган, унинг ўзи мастлигида суюмли ва умидли набираси Мўмин Мирзо қатлига фармон берган).