loader

Икки тақдир: Тавалло ва Ҳожи Муин

Бугун биз маданиятимиз, матбуотимиз тарихида сезиларли из қолдирган, лекин минглаб бегуноҳ кишилар қаторида Шўролар ҳукумати томонидан қатағон қилинган халқимизнинг икки истеъдодли фарзанди ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Уларнинг ҳар иккиси бир йилда - 1883 йилда туғилганлар. Бирлари сал олдин, бирлари озгина кейин хорижда «Ёвузлик салтанати» деб ном олган қизил империя панжасида ҳалок бўлганлар. Уларнинг бири тошкентлик шоир ва журналист Тавалло, иккинчиси самарқандлик драматург Ҳожи Муин эди. Тавалло номини шеър мухлислари, ижодкор зиёлилар яхши биладилар.



10-йиллардаёқ:

Осмондаги тайёралар, боқғил қаёнга боралар,

Эй нафс ила оворалар, нечун кўролмайсиз ҳануз! —



дея бонг урган, бизни асрий уйқудан уйғотган шоирларимиздан бири мана шу Тавалло эди.

У Ватан ва Миллат тушунчаларини муқаддас тутган, ор-номусни баланд ушлаган шоир эди. Унинг шеърлари, бир вақтлар дунё тараққиётининг тамал тошини қўйган, бироқ сўнгги асрларда залолатга ботиб, тутқунликкача келган миллатнинг фожиали аҳволи ҳақидаги чуқур ўйлар, изтироблар билан тўла эди.



Мана унинг XX аср бошидаги Тошкент манзараларига бағишланган бир шеъри:



Тошканда кони ибратдур тамошо боғимиз,

Ва ҳаводислар кўрармиз онда борган чоғимиз.

Бир ажойибхонадур, минг турли инсон сайр этар,

Ҳеч келишмас онда боруб бизни ўлтирмоғимиз.

Кур, чаман булбуллари товус каби қилса хиром,

Тўплашиб йўл устида гўёки бизлар зоғмиз.

Искамейка узра ўлтирса неча роҳат қилиб,

Кафшимиз лойи била биз устида ётмоғимиз.

Ёз фасли оқбаданлар оқ кийимлар кийсалар,

Пахталикни тангламай, елкага чиқғон ёғимиз.

Уч қабат камзулни устидан яна бир каттакон

Боғлабон маҳкам қилиб саккиз қулоч белбоғимиз.

Тўғри юрмай туртиниб, босдук аёғин нечани,

Русча «лень», тоторча «ёлқов», туркча «шалтоғ»миз.

Ўтсалар ҳар ён шифиллаб туфли киган ҳар тараф,

Чангитармиз, бизни кўр, судраб ҳамон пайпоғимиз.

Кўтаруб иштонни тиздан юқори, кўкрак очиқ,

Кўрсатуб кўкракда жун неча семиз қурсоғимиз.

Келса «убрайс» деб «садовник», қувласа боғдан бизи,

«Гаспадин»дан бошқа сўз йўқ, русчага чўлтоғмиз.

Гар мабодо кўрсамиз солдатни мундир кийганин,

Боққа кирмасдан қочармиз, ўлгунча қўрқоғмиз.

Қоровул кўрсак, югуруб, кўчаларда ҳар тараф,

Бил, Тавалло, уйга келганда юраки тоғмиз.

 

Наҳотки, шу Соҳибқирон Темурни, Беруний, Синодек илм доҳийларини, Навоий, Беҳзоддек гўзал санъат ижодкорларини жаҳонга берган, ўрта асрлардаёқ жамият ахлоқининг темир қонунларини яратган миллат бўлса?! (Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувватномаи султоний»-сида кийим кийишнинг 15, дастурхонда ўтиришнинг 37 одоби бўлганлигини, кўчада юриш, ҳатто салом беришнинг ўнлаб қоидалари эл орасида жорийлигини ва уларни бирма-бир келтирганини эслайлик.)



Мана бу истеҳзолар остида қанчалар дард бор, алам бор:

Ёврупо аҳли, сиз қулоқ солингиз,

Биз ҳунарлар ёзуб, тонуштирамиз.

Келтурунг, занбарак, қурол неча хил,

Бизни сопқон ила отуштирамиз.

Афтамабил аробангиз қайда?

Ҳўқанд ароба билан чопуштурамиз...

Қани айрипилону гидропулон,

Варварах билан учуштирамиз.

Борми сизда бедона, какликлар?

Пул тикуб ўртага чўқуштирамиз...



Яна бир парчани диққатингизга ҳавола этамиз. Бу шоирнинг «Ўз виждон-вужудима хитоб» шеъридан:



Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,

Миллати маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас.

Бунларинг шўрба-палов, норин ебон чой ичса бас,

Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас.

Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.



Тавалло шеърлари миллатпарварлиги, ватанпарварлиги ва албатта, ҳаққонийлиги учун севиб ўқилади. Машҳур Ойбекнинг «Болалик» асаридаги хотираларини эслайлик:



«Айвонда мук тушиб, Таваллонинг шеърларини ўқишга киришаман. Ҳажвий шеърларида эски одамларнинг тўй-ҳашамларини хўп танқид қилган. Кўпгина шеърларида ҳаёт лавҳалари, манзаралари яхши бир тасвир этилган. Менга қаттиқ таъсир этади. Тўю базмлар, бойларнинг фисқу фужури, халқнинг саводсизлиги, маданиятсизлиги, қолоқлик тўғрисидаги ҳар хил ўткир иборалар менга ғоят таъсир қилади. Айниқса, мактаб масаласи, театр ҳақида, ёшларнинг биринчи марта томоша қўйишлари ҳақида ёзганлари ғоят таъсирли. Ўқийман, диққат билан берилиб, узоқ ўқийман... ҳажвлари ўткир, сўзлари юракдан айтилган, самимий... Шеърлар рангдор, жонли, тили ўзига хос, равон...»



Уни фақат бизда эмас, четда ҳам билганлар. Ҳозир ҳам ўрганаётганлар бор. 1997 йилда биз унинг Тошкентда 1993 йилда чоп этилган «Равнақул ислом» номли шеърлар тўпламини Германияда, машҳур Гегель яшаган Бамберг шаҳридаги университет профессорлари қўлида кўрдик. Таржима ва тадқиқ қилишаётган экан. Афсуски, биз узоқ йиллар унинг ҳаёти тафсилотларидан бехабар келдик. Истиқлол миллатимизнинг эрк ва озодлик учун курашган минглаб фидойилари қаторида унинг ҳам қадрини ўрнига қўйди. Биз учун муҳими, ҳаёти-фаолияти саҳифаларини тиклаш имконини берди. Кўп нарса ойдинлашди. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати архивидаги 32592 рақамли 119 саҳифалик «Тўлаган Хўжамёров иши» деб номланган папкадаги материалларга кўра, у 1882 йилда эмас, 1883 йилда Кўкча даҳасида Оби Назир маҳалласида туғилган бўлиб, отаси чорвадор бой Хўжамёр Жиянбоев 1909 йилда вафот этган. Тўлаган эски мактабда савод чиқарган, «Бекларбеги» мадрасасида, рус-тузем мактабида ўқиган. 1900—1910 йилларда Пржевалсқда Усмонбек Солиҳжонбоев деган кишининг қўлида приказчиклик қилган. 1910—1917 йилларда Тошкентда турли савдо ширкатларида иш юритувчи бўлиб ишлаган.

Бу фактларга шуни қўшимча қилиш мумкинки, Тўлаган Хўжамёров 10-йиллардан ўзининг шеър ва мақолалари билан матбуотда қатнаша бошлаган. Машҳур шоир Юсуф Сарёмийга шогирд тушган. Ва ундан «Тавалло» тахаллусини олган.

1916 йилда «Равнақул ислом» шеърлар тўпламини бостирган. 1913—1917 йилларда Авлоний ва Мунавварқориларнинг «Турон» жамиятида қатнашган. 20-йилларда «Муштум» журналининг фаолларидан бўлган.

Фактларга қайтамиз. Таваллонинг «меҳнат дафтарчаси»даги қайдга кўра, у 1918—1919 йилларда Тошкент Эски шаҳар ва Янги шаҳар ижроия қўмитасида аъзо бўлиб ишлаган. 1919—1922 йилларда Туркистон ЧК (Фавқулодда комиссия)сининг коллегия аъзоси; 1922—1923 йиллар — Туркистон ЧКси Эски Тошкент ижроия қўмитаси аъзоси, шикоятлар бюроси аъзоси, Фарғона ревтрибунал аъзоси; 1924 йил — Ташсоюз бошқармаси аъзоси. 1925—1927 йиллар — кустпромсоюз раиси; 1927 йил 23 октябрдан 1928 йил 11 январгача қамалган. 1928 йил — Қуруқ мева омборида таржимон; 1929 йил — Ширкатлар суғурта уюшмасида инструктор; 1930 йил — аризасига кўра ишдан бўшатилган. 1932 йил — Хомашё ва савдо сектори инспектори; 1933 йил 1 январь — Ўзпромстрой трестида назоратчи-инструктор; 1934 йил апрель — аризасига кўра ишдан бўшатилган. 1935 йил 29 январь — «Красний утилшик» артелида инструктор; 1935 йил 29 май — аризасига кўра бўшатилган.

Бир ўринга изоҳ берамиз. 1927 йилда 6500 сўмлик давлат мулкини талон-торож қилишда айбланиб, 5 йилга қамалган. Партиядан ўчирилган.

Анкета маълумотларидан: ташқи кўриниши — ўрта бўй, бўйи 1 метру 56 сантиметр, кўзи — қўй кўз, сочи қора.

1937 йил 14 августда «аксилинқилобий «Турон», «Шўройи ислом», «Иттиҳоди тараққий», «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол» ташкилотларининг аъзоси», «миллионернинг ўғли», «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинади.



Қамоққа олинганида оилада беш киши бўлган: ўзи — 54 ёшда, хотини Зуҳра Миёрова — 40 ёшда, ўғли Мақсуд Миёров — 16 ёшда, қизи Санобар Миёрова — 11 ёшда. 1913 йилда туғилган Раҳбар исмли қизи 1936 йилда турмушга чиққан бўлиб, Бухорода яшар эди.

Агентура материалларидан: «Т. X. миллий республикани мустамлака деб айтди. Кўпчилик орасида «Ўзбек халқи ўзаро ихтилофлари, қўрқоқпиги туфайли хор-зор, қизилларга тутқун бўлди, сабр косаси бир кун тўлади, халқ совет ҳукуматига қарши қўзғалади. Агар мен инқилобни шундай кунларга олиб келишини билсам, бутун вужудим билан унга қарши курашар эдим» деб айтди».

Тўлаган Хўжамёровнинг тергов ишлари тезлашиб кетди. Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссари муовини Леонов имзолаган «Айблов хулосаси» 1937 йил 9 сентябрда 25 кунда тайёр бўлди. Унда Таваллонинг 1919 йилда Осипов қўзғолонига қатнашганигача «тасдиқлатиб» олинди ва бир қатор «айб»лар билан учлик ҳукмига ҳавола этилди. Ўша йилнинг 19 сентябрида НКВД қошидаги учлик мажлисида Тавалло отиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Ҳукм айни йил 10 ноябрда ижро этилди.

Адабиётшунослик фанида эса, 1939 йил унинг вафот йили сифатида кўрсатиб келинар эди... Адиб 1969 йил 18 октябрда оқланди.



Иккинчи тақдир эгаси Ҳожи Муин миллий уйғониш даври Самарқанд адабий муҳитининг самарали ижод этган истеъдодли вакилларидан эди. Исми шарифи Ҳожи Муин ибн Шукрулло бўлиб, «Меҳрий» адабий тахаллусидир. 1883 йилнинг 19 мартида Самарқанд шаҳрининг Руҳобод мавзеида дунёга келган. 1890 йилда онаси, 1895 йилда отаси вафот этиб, 12 ёшдан бобоси Мирсаид Муҳаммадшариф қўлида тарбия топган. Эски мактабда савод чиқарган. Мадрасада Саидаҳмад Васлийдан араб наҳви(синтаксиси)ни ўрганган. Форс, турк, озар тилларида эркин сўзлаша олиш ва ёзиш салоҳиятига эга бўлган. Рус тилини, Европа маданиятини мустақил ўзлаштирган. 1901 йилдан ўқитувчилик фаолияти бошланади. Беҳбудий, Ажзий, Шакурийлар таъсирида фикри ўзгариб, 1903 йилда ўз маҳалласида «усули жадид» мактаби очган. Ушбу мактаб учун 1908 йилда «Раҳнамои савод» номи билан алифбо нашр эттирган. 1913 йилда Беҳбудийнинг «Самарқанд» газетасида ва «Ойна» журналида ишлай бошлайди. Ижодкор ва ташкилотчи сифатида Беҳбудийнинг рағбат ва ҳурматини қозонади. Масалан, 1914 йилда Беҳбудий «Ойна» ишлари билан икки ойлик сафарга чиққанида журналнинг масъул муҳаррирлигига Саидризо Ализодани, муваққат муҳаррирликка эса Ҳожи Муинни тавсия этиб, ҳукуматдан рухсат олган эди.



Ҳожи Муин 10-йиллардан бошлаб ўзбек ва тожик тилидаги шеър ва мақолалари билан матбуотда кўрина бошлайди. 1914 йилда «Гулдастаи адабиёт» шеърий тўплами босилиб чиқади. Нусратилла Қудратилла билан биргаликда «Тўй» пьесасини эълон қилади. Сўнг 1916 йилда кетма-кет ўз қаламидан чиққан «Эски мактаб — Янги мактаб», «Мазлума хотин», «Кўкнори» саҳна асарлари дунё юзини кўради. Бу асарлар қисқа муддатда ўлканинг бир қатор шаҳарларида қўйилади. «Мазлума хотин»ни В.Я.Вяткин рус тилига таржима қилади.



1916 йилда Ҳожи Муин кўплар қатори мардикорликка олиниб, ўша йили 2 ноябрда таниқли маърифатчи А. Шакурий ва шоир Ф. Рожий билан биргаликда фронт орқасидаги қора ишларга юборилади. Минск губерниясининг Новоборисов шаҳри яқинидаги ўрмонларда дарахт йиқитиш, хандақ қазиш ишлари билан шуғулланади. 1917 йилнинг майида (февраль ўзгаришидан сўнг) она юртига қайтади ва матбуот ишларига шўнғиб кетади. Фитратнинг «Ҳуррият» газетасида ишлайди. 1918 йилнинг 11 июнида «Меҳнаткашлар товуши» газетасини йўлга қўяди. 1920 йилнинг 1 январидан унга илова сифатида «Таёқ» номли кулгили журнал чиқаради. 1922 йилда «Зарафшон» газетасининг таҳририятида ишлайди. 1924 йилнинг 1 июлидан унга қўшимча бўлиб чиққан «Машраб» кулгили журналига асос солади. 1926 йилда «Овози тожик» газетасига адабий ходим ва мусаҳҳиҳ бўлиб ўтади. Унинг иловаси «Мулла Мушфиқий» ҳажвий журналида масъул котиб вазифасини бажаради. Шу орада адибнинг мусаҳҳиҳлик фаолияти билан боғлиқ бир нохуш воқеа юз берадию, унинг тақцири алғов-далғов бўлиб кетади. Воқеа шундай эди: «Овози тожик» газетаси 1929 йил 24 апрель сонида 1-май байрамолди чақириқларини русчадан тожикчага ўгириб бераётганида «долой социал-империалистов, да здравствует коммунистический интернационал!» матни таржимасида «да здравствует («зинда бод»)» эътиборсизлик туфайли тушиб қолади-ю, «...нест бод коммуниста байнал-милал!» («йўқолсин коммунистик интернационал») бўлиб чиқиб кетади.



Мазкур техник хатога сиёсий тус берилади. Мусаҳҳиҳ Ҳожи Муин ва таржимон Саидризо Ализода аксилшўровийликда айбланадилар. Ҳожи Муин Сибирнинг Канск округ Пугачан районига сургун қилинади. Адиб ўз ватанига 1932 йилда қайтиб келди. Яна газетада ишлади. Жумладан, 1934—1937 йилларда «Қизил юлдуз» номли ҳарбий газетада хизмат қилади. Унинг корректорлиги яна бахтсизлик олиб келади. «Отишга ҳукм қилинган халқ душмани Муралов» деганнинг исми-шарифи шу йилларнинг довруқли давлат арбоби Молотов билан алмашиб кетади. Ҳожи Муинни бу ишни онгли қилганликда айблайдилар. «Аксилшўровий тарғибот билан шуғуллангани», «жосуслик, бузғунчилик фаолияти», «инглиз разведкасига хизмат қилганлиги» учун 10 йил га ҳукм қилинади ва 1942 йилнинг 21 июлида Перм областининг Соликамск шаҳрида вафот этади. Унинг покиза номи 1963 йилда оқланди.

Зариф Баширнинг «26 йиллик хизмат қаҳрамони» («Зарафшон» газетаси 1927 йил 19 май) мақоласида Ҳожи Муиннинг 1917 йил га қадар ўндан ортиқ газета-журналда фаол қатнашгани, 10 та китоб нашр эттиргани қайд этилган. Муаллифнинг ўзи 1937 йилда ёзган «Ижодий таржимаи ҳолим» рисоласида 1907—1937 йиллар давомида 23 хил газета ва журналда 200 мақола, 400 хабар, 1500 га яқин ўзбекча ва тожикча шеърлар бостирганини хабар беради. Ва асарларининг тўла рўйхатини келтиради. Маълум бўлишича, унинг Беҳбудий тақдири ҳақида ёзган «Маориф қурбонлари» пьесаси ҳамда «Жувонбозлик қурбонлари», «Бой ила хизматкор», «Қози ила муаллим» каби саҳна асарлари, икки шеърлар тўплами, «Алфози мутародифа» (арабча-форсча-туркча-ўзбекча луғат), «Тарожими аҳвол», «Алифболар тарихчаси» каби қанчадан-қанча китоблари, тўплаган ўзбекча ва тожикча мақолалари, «Хулосаи қавойиди форсий» каби форсча, Фитратнинг «Бухоро саёҳати» асарининг ўзбекча таржималари босилмай қолиб кетган. Булар сирасига муаллифнинг тугалланмай қолган «Беҳбудийнинг таржимаи ҳолига оид материаллар», «Тааддутоти завжот» (кўп хотин олиш), «Хотираларим» каби асарларини ҳам киритсак, унинг ғоят сермаҳсул ижодкор эканлиги маълум бўлади. Юқоридаги рўйхатнинг ўзиёқ Ҳожи Муиннинг журналист, шоир, драматург, таржимон сифатида адабиётимиз ва маданиятимиз тарихида салмоқли мавқега эга эканини кўрсатиб турибди. Гап асарларининг сонидагина эмас. Бунга унинг Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон билан яқин алоқалари далил. Фақат буларни ўрганиш ва баҳолаш керак.



Хулоса



1.    Бугун тарихшуносликда, шу жумладан, адабиётимиз, маданиятимиз тарихини ўрганишда мутлақо янги шарт-шароит майдонга келди. Жумладан, эрк ва мустақиллик йўлида шаҳид кетган шўро тузуми қурбонларининг фожиали тақдирларини бутун тафсилотлари билан ўрганиш имкониятига эга бўлиб турибмиз. Афсуски, бу имкониятдан егарли фойдаланаётганимиз йўқ. Ҳолбуки, бу истиқлолнинг аҳамиятини англашда, бугунги куннинг қадрига етишда янги авлод тарбиясининг муҳим воситаси бўла олади.

2.    20-йиллардаги кураш икки ўзаро қарама-қарши мафкура курашидир. Бири миллатнинг ўз ерида эркин, мустақил яшашга ҳақли эканлиги билан боғлиқ фикр-қарашларни ифода қилган, иккинчиси эса сохта, Шарқ халқлари турмуш тарзига зид қизил шиорларга ўраб берилган, аслида великорус шовинизми манфаатларига хизмат қилган мафкура эди. Дунёда миллат деган тушунча бор экан, унинг манфаати деган гап ҳам, албатта, бўлади. Мамлакатлар ўз тараққиёти ва геополитик имкониятларига кўра бир хил даражада бўла олмас эканлар, мафкуравий курашга ҳам интиҳо йўқдир. Шу маънода 20-йиллар кураш тарихи бизга ҳамиша ибрат ва аччиқ сабоқ бўлиб хизмат қилади.

Бегали Қосимов, “Уйғонган миллат маърифати” китобидан