loader

Ўрта Осиё ҳудудида ибтидоий жамоа тузуми

Ибтидоий жамоа тузуми кишилик жамияти тараққиётидаги энг узоқ давом этган ва энг қадимги давридир. Бу даврни ёзма манбалар асосида ўрганиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу даврни чуқур ўрганишда археология, этнография, антропология каби фанларнинг аҳамияти беқиёсдир. Қадимги одамлар ўз фаолияти даврида атроф-муҳитга таъсир кўрсатиб, кундалик ҳаётда ўзига зарур бўладиган меҳнат қуроллари ясаган, яшаш учун маконлар танлаган, кейинчалик эса бошпаналар қурганлар. Ўз навбатида бу жараёнлар инсон фаолиятига таъсир кўрсатган.



Ҳозирги пайтда Ўрта Осиё ҳудудида ибтидоий жамият ривожланишининг алоҳида босқичлари қуйидаги даврларга бўлинади:



1. Палеолит («палайос»-қадимги, «литос»-тош) даври; бундан тахминан 800 минг йил илгари бошланиб, 15—12 минг йил илгари тугайди; ўз навбатида бу давр учга бўлинади;

а) илк палеолит-Ашель даври, 800-100 минг йилни ўз ичига олади;

б) ўрта палеолит-Мустье даври, милоддан аввалги 100-40 минг йилликлар;

в) сўнгги палеолит-милоддан аввалги 40-12 минг йиллик.

2. Мезолит («мезос»-ўрта, «литос»-тош) милоддан аввалги 12-7 минг йилликлар.

3. Неолит («неос»-янги тош)-милоддан аввалги 6-4 минг йилликлар.

4. Энеолит (мис-тош даври)-милоддан аввалги 4 минг йилликнинг охири-3 минг йилликнинг боши.

5. Бронза даври-милоддан аввалги 3-2 минг йилликлар.

6. Темир даври-милоддан аввалги 1-минг йилликнинг бошларидан.



Ўзбекистон ҳудудларидаги энг қадимги одамларнинг манзилгоҳлари Фарғона во-дийсидаги Селунғур, Тошкент вилоятидаги Кўлбулоқ, Бухородаги Учтут маконлари-дан топилган. Бу давр одамлари тошлардан қўпол қуроллар (чопперлар) ясаб, термачилик ва жамоа бўлиб ов қилиш билан шуғулланишган. Илк палеолит даври одам-лари жисмоний жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам ҳозирги одамлардан фарқ қилишган. Улар табиат олдида ожиз бўлиб, унда тайёр бўлган маҳсулотларни ўзлаштирганлар. Улар на диний тушунчани, на деҳқончиликни ва на чорвачиликни билганлар.

Ўрта палеолит даври маконлари Тошкент воҳасидаги Обираҳмат, Хўжакент, Самарқанддаги Омонқўтон, Бойсун тоғларидаги Тешиктош каби кўпгина маконлардан аниқланган бўлиб, улардан шу даврга оид кўпгина турли-туман тошдан ясалган меҳнат қуроллари топилган. Обираҳмат макони ёйсимон шаклда бўлиб, бу ерда 10 м қалинликдаги 21 та маданий қатлам аниқланган. Топилмалар орасида нуклеуслар, парракчалар, ўткир учли сихчалар, қирғичлар учрайди, шунингдек, турли ҳайвонлар суяклари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Яна бир машҳур ёдгорлик Тешиктош ғор макони бўлиб, бу ердан турли-туман қуроллар ва ҳайвон суякларидан ташқари, 9-10 яшар боланинг қабри қазиб очилган. Қабрдаги мурданинг ёнига турли тош қуроллар ва архар шохи қадаб қўйилган.

Ўрта палеолит даврига келиб ибтидоий жамият одамларининг меҳнат қуроллари такомиллашиб, турмушида янги унсурлар пайдо бўла бошлайди. Энг муҳими, ибтидо-ий тўдадан уруғчилик жамоасига ўтиш бошланади. Шимолдан улкан музлик силжиб келиши натижасида олов кашф этилади. Одамлар ўчоқлар атрофларида тўланиб, ибтидоий турар-жойларга асос солдилар. Жамоа бўлиб ов қилиш пайдо бўлди.

Сўнгги палеолит қадимги тош асрининг сўнгги босқичидир. Бу даврга оид макон-лар Оҳангарондаги Кўлбулоқ, Тошкентнинг ғарбидаги Бўзсув 1 ҳамда Самарқанд шаҳридан топилган. Улардан топилган топилмалар орасида қирғичлар, кесгичлар, сихчалар, пичоқлар, болталар каби қуроллар бор. Бу даврга келиб одамлар фақат тоғли ҳудудларга эмас, текисликларга ҳам тарқала бошлайдилар. Бу даврнинг энг катта ютуғи уруғчилик тузумига (матриархат) ўтилишидир.

Палеолит даврига хулоса ясаб шуни айтиш мумкинки, бу даврда ибтидоий одамлар хўжалик юритишнинг энг оддий йўлларидан (териб-термачлаб) мураккаброқ кўринишларига (овчилик, балиқчилик) га ўтдилар. Олов кашф этилди. Ибтидоий турар-жойлар ўзлаштирилди. Инсоният ибтидоий пода давридан уруғчилик тузумига ўтди. Меҳнат қуроллари такомиллашиб, турлари кўпая борди. Шунингдек, бу давр ибтидоий одамлари орасида дастлабки диний қарашлар пайдо бўлди.

Мезолит даври ёдгорликлари Сурхондарёдаги Мачой ғор маконидан, Марказий Фарғонанинг кўпгина ёдгорликларидан топиб ўрганилган. Бу даврга келиб музлик яна шимолга қайтади. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида катта ўзгаришлар содир бўлади. Инсоният ўз тарихидаги дастлабки мураккаб мослама-ўқ-ёйни кашф этади.

Мезолит даври қуроллари палеолитга нисбатан ихчамлиги ва сифатлилиги билан фарқ қилади. Мезолит даври қабилалари асосан овчилик ва термачилик хўжалиги юритганлар. Бу даврнинг охирларига келиб, дастлабки уй чорвачилиги ёки ҳайвонларни хонакилаштириш бошланади.

Неолит даврига келиб, қадимги қабилалар ҳаётида катта-катта ўзгаришлар содир бўлади. Бу давр одамлари аксарият ҳолларда дарё соҳиллари ва тармоқлари ёқасида, кўллар бўйларида яшаб, табиий имкониятлардан келиб чиқиб, балиқчилик ва овчилик ёки деҳқончилик ва чорвачилик ҳамда қисман ҳунармандчилик билан шуғулланганлар. Энг катта ютуқлардан бири кулолчиликнинг пайдо бўлишидир. Шунингдек, бу даврга келиб тўқимачилик ва қайиқсозлик ҳам пайдо бўлади. Неолит даври қабилалари хўжалик шаклларига қараб қуйидаги маданиятларига бўлинади: Жойтун маданияти, Калтаминор маданияти, Ҳисор маданияти.



Жойтун маданияти. Жанубий Туркманистон ҳудудидаги мил.авв. VI-V минг йиллик-ларга оид маданият. Бу ердан Ўрта Осиёдаги биринчи пахса уйлар қолдиқлари, сопол идишлар намуналари аниқланган. Аҳолиси асосан деҳқончилик, чорвачилик ва қисман овчилик билан шуғулланган.



Калтаминор маданияти. Қадимги Хоразм ҳудудидан топилган бўлиб, мил. авв. V-IV минг йилликларга оиддир. Топилмалар Калтаминор қабилаларининг балиқчилик, ов-чилик ва қисман ҳунармандчилик билан шуғулланганлигидан далолат беради.



Ҳисор маданияти. Асосан, Ҳисор-Помир тоғларидан топилган.Милоддан аввалги V-IV минг йилликларга оид. Ҳисорликлар сопол идишлар ясаб, асосан чорвачилик, ов-чилик, қисман термачилик билан шуғулланганлар.

Энеолит даври маконлари Хитойдан Дунайгача бўлган катта ҳудудда тарқалган бўлиб, ҳамма жойда ижтимоий тараққиётнинг бир хил босқичи кузатилади. Ўрта Осиёда қуйидаги янги тарихий-маданий жараёнлар энеолит даври билан боғлиқ:



1. Хўжаликнинг бошқа ҳамма турларига қараганда ҳайдама деҳқончиликнинг устунлик қилиши;

2. Тошдан ишланган қуроллар кўп бўлган ҳолда мис қуролларнинг пайдо бўлиши;

3. Катта-катта ибтидоий жамоаларнинг пахсадан ва хом ғиштдан тикланган катта-катта уйлари;

4. Кулолчиликда муҳим техника ютуғи-хумдонларнинг ишлатилиши.

5. Турли ҳайвонларнинг лойдан ясалган ва она уруғи (матриархат) га хос ҳайкалчалари;

6. Рангдор, турли тасвирлар билан безатилган сопол буюмлар мавжудлиги.



Энеолит-мис-тош даврида одамлар дастлабки металл билан танишдилар. Бу даврга келиб мис қуроллар анча такомиллашган бўлсада, ундан оғир меҳнат қуроллари ясашнинг имкони йўқ эди. Мисдан асосан уй-рўзғор буюмлари, тақинчоқлар ва ҳарбий қуроллар ясалган. Энеолит даври ёдгорликлари Бухоро вилоятининг Лавлакон, Бешбулоқ, Учтут (мис кони) мавзеларидан, Панжикент атрофларидан (Саразм маданияти) топиб текширилган. Бу даврга келиб, деҳқончилик Ўрта Осиёнинг шимо-ли-шарқий ҳудудларига ҳам ёйилади.

Ҳозирги кунда ибтидоий жамоа тузумининг турли баҳсларга сабаб бўлаётган муаммоларидан бири антропогенез-одамнинг пайдо бўлиши ва ривожланишидир. Турли ҳудудларда қадим замонларда яшаган илғор мутафаккирлар одамнинг пайдо бўлиши ҳақида илмий таърифга яқин фикрларни баён этганлар. Улар асосан инсоният ҳайвонот оламидан ажралиб чиққан деган фикрни билдирадилар. Инсоннинг пайдо бўлиши миллионлаб йиллар давом этган ривожланиш жараёнининг натижасидир. Энг қадимги қазилма одам қолдиқлари Шарқий Африкадан (Олдувай, зинжантроп), Индонезиядан (Ява, питекантроп), Хитойдан (синатроп), Германиядан (Гейдельберг) топиб текширилган. Кейинги топилмалар, яъни, замонавий одамга анча яқин бўлган одам қолдиқлари дастлаб Неандерталь (Германия) водийсидан топилган (Ўзбекистондаги Тешиктош).

Ўрта тош даврида, биринчи навбатда меҳнат жараёнида инсон тафаккурининг ривожланиши натижасида неандерталь қиёфасидаги одамлар ҳозирги қиёфадаги одамларга айлана бошладилар. Улар жисмоний жиҳатдан камол топиб, ҳозирги қиёфадаги кишилар вужудга келди ва шу билан антропогенез жараёни тугади (кроманьон кўринишидаги одамлар). Бу жараённинг тугаши инсоният тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, инсон дастлаб тошдан оддий тўқмоқ ясаган бўлса, узлуксиз меҳнат, интилиш ҳамда онгининг ривожланиши натижасида юксак маданият яратиш даражасига етиб келди.

Жанубий Қозоғистоннинг тоғ ва тоғолди туманларидан, Қирғизистоннинг тоғ водийларидан, Жанубий Туркманистонда, Қизилқум ва Қорақум ичкарисидаги қадимги кўллар атрофида, Ўзбекистондаги Оҳангарон, Чирчиқ дарёлари водийларида, За-рафшон, Сурхондарё, Қашқадарё воҳалари, Фарғона водийси ва унинг тоғли ҳудудларидан ибтидоий жамоа тузумининг барча даврларига оид ёдгорликлар топилган. Бу топилмалар Ўрта Осиёни антропогенез жараёни содир бўлган ҳудудлар сарасига қўшиш имконини беради.

Ҳозирги даврда олимларнинг катта гуруҳи одамзоднинг дастлабки ватани Африка деган фикрни илгари сурса, яна бир гуруҳ олимлар Европа дейдилар. Бошқа бир гуруҳ олимлар эса одам илк марта Осиёнинг жанубида пайдо бўлган деган ғояни илгари сурадилар. Умуман олганда, одамзоднинг дастлабки ватани ҳақида олимлар орасида ягона фикр ҳозирча йўқ.