Бизлар Испаниянинг жанубий-шарқида жойлашган Картахена порт шаҳридан озгина чиққанимизда кун ҳали ёруғ эди. Машинада менинг ёнимда Испания давлат хазинаси юқори амалдори ўтирарди, лекин у ўз қўрқувини яширмасди. Бизларнинг машинамиз ортидан 20 та беш тонналик машиналар карвони келарди. Сафаримизнинг мақсади шимол томон беш километрлар масофадаги тепаликда яширинганди. У ерда испан ҳарбий денгиз кучларининг ҳарбий омборлари жойлашганди. Аммо бизларни порох ёки «лимонка»ларнинг портлаши эмас, балки жиддий масала қизиқтирарди. Белгиланган жойга етиб келганимизда атроф қоп-қоронғи эди. Ниҳоят йўл бўйи ёқилмаган фараларни ёқишди, шунда мен қуролланган одамлар билан қўриқланаётган тепаликнинг ёнбағрида жойлашган улкан металл зулфинли, зирҳли катта дарвозани кўрдим.
Биз прожекторлар билан ёритилган тепаликнинг икки кенг томонига кирдик, у ерда буйруқ кутиб, 60 нафар испан денгизчилари тайёр туришарди. Бу ердаги катта омборнинг деворларида мингдан ортиқ тахта яшиклар турарди. Уларда қуйма олтин ва тангалар (бир неча юз миллион долларлик) — Пиреней халқининг қадим замонлардан бери йиҚиб келган бойлиги эди. Мен бу олтинларни Москвага олиб бориш учун келгандим.
Мен ҳикоя қилаётган бу воқеа 1936 йилда бўлганди. Испанияда фуқаролар урушининг бошларида, мен шу «Олтин операцияси»ни ташкил этдим. Ўрганган одатим бўйича ҳар бир дақиқамни ҳисоблаб борардим. Республикачиларнинг доҳийлари олтин генераллиссимус Франко қўлига тушишидан қўрқиб, Сталинга «вақтинча сақлаш» учун беришга қарор қилдилар. Қандай бўлмасин, бу тадбирнинг юзаки қонунийлигига қарамасдан, мен буни асрнинг энг йирик фирибгарлиги деб атаган бўлардим.
Россияга берилган испан олтин заҳирасининг катта қисми қарийб 600 миллион доллар (1936 йил курси билан) кўп йиллар турли миш-мишлар ва афсоналар билан бузилиб баён қилинарди. Холбуки, урушдан сўнг бу тадбирнинг қатнашчиларидан фақат икки кишигина тирик қолган. Бир испан ва мен.
1936 йилнинг 16 сентябрида Мадридга етиб келдим. Вазифам ҳарбий разведка, НКВД тармоғи орқали катта совет миссиясини бошқариш ва республика ҳукуматининг разведка, контрразведка ва партизанлар уруши бўйича бош ҳарбий маслаҳатчи вазифасини ўташ эди. Фуқаролар уруши бошланганига икки ой бўлган, ҳамма руслар каби мен ҳам Республикачилар Испаниясининг ғалабасини жону дилдан тилардим.
Мадридга келганимга бир ой ҳам ўтмасдан совет элчихонасининг радисти «ўта махфий» грифи ёзилган радиограмма билан мени таништирди. «Швед»нинг шахсан қўлига («Швед» менинг хизмат лақабим эди). Радиограммада шундай деб ёзилганди. «Бош вазир Ларго Кабильеро билан Совет Иттифоқига олтинларни жўнатишни келишиб олинг. Фақатгина Совет кемаларида. Тадбирнинг ўта махфийлигини таъминланг, агар испанлар тилхат ёки бошқа ҳужжатлар талаб этишса рад этинг. Уларга ҳамма ҳужжатлар Москвада, давлат банкида, олтинлар олингандан сўнггина берилишини билдиринг. Бу операция учун сиз ўзингиз шахсан жавобгарсиз». Имзо. «Иван Васильевич». Иван Васильевич имзоси буйруқ шахсан Сталин томонидан берилганлигини билдирарди.
Шу вақтнинг ўзида Мадрид халқа ичида қисилиб қолди. Бир-икки кун ичида шаҳар миллатчилар томонидан ишғол этилиши хавфи турарди. СССРга олтинни топшириш 13 сентябрь қарори билан амалга ошириладиган бўлди. Қарорни президент Мануэл Азана ва молия вазири Хуан Негринлар имзолашди. Қарорда олтинни қаерда сақлаш кўрсатилмаганди, молия вазирига ўзининг нуқтаи-назаридан келиб чиқиб ишонарли жойга яшириш кўрсатилганди, яна қарорда олтинни Кортесда (Испан Парламенти) сақлаш имконини кўриб чиқиш билдирилганди, табиийки испан Парламенти бу ҳолатлардан буткул хабарсиз қолди.
Қарорда Совет Иттифоқи бирор марта ҳам кўрсатилмаган бўлса-да, Негрин Совет савдо аттешесига мурожаат этиб, олтин ҳақида Москвага билдиришни сўради, Сталин дарҳол розилик билдирди.
Сталин юборган телеграммадан икки кун ўтгандан сўнг Совет элчихонасида мен Негрин билан учрашдим. Молия вазири оддий, содда, одамшаванда зиёли инсон бўлиб, коммунизмни теория сифатида қабул қилмас, лекин «Улуғ рус эксперименти» га хайрихоҳлик билдирарди. Унинг сиёсий соддалиги бизларга олтинни ташвишсиз, бемалол Москвага жўнатишга имкон туғдирарди. Бундан ташқари ўша вақтда Испаниянинг СССРдан бошқа иттифоқчилари ҳам йўқ эди.
— Олтин қаерда? — сўрадим мен.
— Картахеннинг ёнгинасида, — жавоб берди Негрин, — Ҳарбий омборлар учун жиҳозланган ғорлардан бирида.
Бу катта омад эди. Картахена портида ҳаммавақт бир нечта совет кемалари бўлиб турарди.
Молия вазиридан ташқари, бу операциядан республика ҳукуматининг яна бир вазири — Индалесио Прието хабардор эди. У ҳарбий денгиз ва ҳаво кучларини бошқарарди. Одессагача олтинларни транспортларда қўриқлаб етказиш унинг тўлиқ жавобгарлигида эди. Учовлон операция режасини тузиб чиқдик.
Яшин тезлигида ҳаракат қилиш зарур эди. Худо кўрсатмасин, олтин тўғрисида хабар бизлардан тез етиб борса, итальянлар бизни қуршаб олиб, унинг йўлини бекитардилар. Бундан ташқари испанларнинг ўзлари ҳам бизларни мамлакатдан чиқармасдилар. Ким ҳам ўз олтин заҳирасини бошқаларга беришни истайди?
Менинг жавобгарлигимда 12Х19Х7 дюмдаги қарийб 10 минг дона яшик бор эди. Ҳар бирида 145 фунт олтин, жаъми 725 тонна. Эртасига мен Картахенага жўнадим. Менинг эски дўстим, бўлажак Ҳарбий Денгиз Флоти вазири Николай Кузнецов шу ерда экан, у қурол-яроғ ва ўқ-дори туширган кемаларни шайлашга ҳозирлик кўрарди. Олтинларни портга ташиш масаласи ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлди, ҳозиргина Картахенага полковник Кривашеин (Меле) бошчилигида танк бригадаси етиб келди. У менга 20 та юк машинаси ва ўзининг энг яхши ҳайдовчиларини ажратди. Ҳайдовчилар испан денгизчилари формасида кийинтирилганди. 60 ҳақиқий испанлар эса карвонни қўриқлаб борардилар. Улар яшикларда нима борлиги тўғрисида тушунчага эга эмасдилар. Совет кемаларининг денгизчилари ҳам ҳеч нима билмасдилар. Шундай қилиб, 20 октябрь кечаси операция бошланди.
Бизга билдиришларича, юкни кузатиб бораётган испанларнинг ҳаммаси бир қолипга терилганидек, бўйи паст денгизчи-Қаввослар эдилар, икковлон бир яшикни кўтарар ва уни машинанинг кузовига элтиб қўярдилар. Юкларни 10 машина колонна бўйлаб ташир, қоровул жавобгарлигида 500 яшик бор эди.
Юклаш уч кун давом этди. (Кундузлари иш олиб борилмасди). Омад кулиб боққанидек, тунлар қоп-қоронғи, ой шуъла бермасди. Юк машиналари ўчирилган фаралар билан борар, баъзида йўлдан адашар ва тўхтаб қоларди. Ҳаммасидан ҳам мен испан патрулларидан қўрқардим, чунки бирорта «испан» ҳайдовчиси испанчани билмас, кўп ўйламасдан уларни немис жосуслари деб билишлари, бирор машинани ҳибсга олиб, яшикларни очишлари, унда... Иккинчи жиддий хавф бомба ташлаш эҳтимоли, ахир омборда олтиндан бошқа ўқ-дорилар тўла эди, бир тўғри тушум бизларни олтин билан қўшиб тит-питимизни чиқариб, майдалаб, молекулаларга айлантириши мумкин.
Мен ўрта ҳисобда суткасига 4 соат ухлардим. Испанлар ғорда олтинлар орасида юрар, яшикларнинг ичидагидан хабарсиз эдилар. Жудаям бетоқатлари танаффус пайтлари (сандиқлардаги миллионлар устига ўтириб) майда чақага қартада қимор ўйнардилар.
Охир-оқибат сўнгги кечада немислар учиб келишди, улар узоқ ва муттасил бомбалар ёғдиришди, бир испан крейсерини чўктиришди. Бу ерда ҳам бизларга омад кулиб боқди — бирор-бир кемамиз шикаст топмади. Тун якунига қараб, 7800 яшик кемаларга ортиб бўлинганди. Бу Испан Республикаси олтинининг тўртдан уч қисми эди.
Охирги яшикни ортганимизда, мен бирқанча кўнгилсиз дақиқаларни бошдан кечирдим. Молия вазирлиги амалдори мендан олинган олтинлар учун тилхат талаб қилди. Амалдорнинг сурункали уйқусизликдан қип-қизариб кетган кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб, бундай ҳужжатнинг зарур эмаслигини уқтирардим. «Компаньеро, мени сизга тилхат беришга ҳаққим йўқ, ташвиш тортманг, сиз сўраган ҳужжат Москвада, давлат банкида, ҳамма олтинлар ўлчаниб, ҳисоблангандан сўнг берилади».
Испан амалдори жуда қаттиқ ҳаяжонда эди, чунки ўша вақтларда салгина янглиш хато ўлим билан баробар эди. Мен уни иложи борича тинчлантиришга уриндим, юкни назорат қилиб бориш учун молия вазирлигидан тўрт вакил ажратишларини сўрадим. Ҳар бир кемага бир нафардан. Испан амалдорининг бунга рози бўлмасдан иложи йўқ, чунки юклар совет кемаларига ортилганди. Икки соатдан кейин кемалар карвони Одессага қараб йўл олди.
Одессага жуда катта миқдорда НКВДнинг Москва ва Киевдаги юқори мартабали амалдорлари етиб келишди. Бир неча кеча улар худди оддий юк ташувчидай, қимматбаҳо яшикларни ташидилар. Олтин махсус поездга ортилди, айниқса, порт ва вокзал оралиғидаги йўл ҳарбийлар билан зич ўралганди. Душманнинг орқа томонига рейд ташкил қилинганидек, поездни юздан ортиқ НКВД зобитлари кузатиб бордилар.
Юк Москвага келиб тушиши биланоқ, Сталин эртаси куни кечаси НКВД зобитлари учун базми жамшид уюштирди. Қабулда Сиёсий Бюронинг ҳамма аъзолари бор эди. Ўзининг инқилобий фаолиятини машҳур «экс»лардан (инсон тилида талондан) бошлаган Иосиф Виссарионович учун бундай катта луқма, талончилардан (буржуазиядан) тортиб олинган бойликлар соҳасидаги катта бир ютуқ эди. Шу қабулда иштирок этган ўртоғимнинг қулоғига Ежов астагина шипшиди: «Сталин менга айтди, улар бу олтинни ўз қулоқларини кўрмагандай бошқа кўролмайдилар».
«Олтин» операцияси ва менинг СССРга қайтишимдан кейин 21 ой ўтди. Шу вақт мобайнида ҳеч ким испан олтинининг тақдири билан қизиқмади, фақат бир марта Негрин мендан ҳайрон бўлиб сўради: «Бизнинг вазирликдаги йигитлар қани, ўша тўртовлон? Россияга борганларига бир йилдан ошди, ҳали ҳам улардан дарак йўқ, нега уйларига жўнатишмаяпти?»
Франко Мадридни иш-ол қилгандан сўнг, олтин тақдири билан қизиқиши керак эди. Аммо 18 йил мобайнида давлат хазина заҳираси олтинлари йўқолганлиги тўғрисида ҳеч ким чурқ этмади. Ҳамма вақт ҳам катта кучга эга бўлмаган испан валютаси, агар жаҳон биржаси олтин заҳиралари йўғлигини билса, бутунлай инқирозга юз тутиши мумкин. Сукунат фақатгина 1956 йилнинг декабрь ойида доктор Хуан Негриннинг вафотидан кейингина бузилди. Унинг шахсий қоғозларини таҳлил қилаётган Испан Ташқи Ишлар Вазирлиги амалдорлари испан олтинининг СССРга жўнатилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни топдилар.
Бир неча муддат ўтгандан сўнг «Правда»да мақола чоп этилди. У ерда муаллиф ҳақиқатан ҳам Испаниядан 500 тонна олтин олиб келингани, эмишки, бу олтинлар Испан ҳукуматининг қурол-яроғ ва ўқ-дори учун тўловлар кафолати сифатида берилганмиш. Испаниядан СССР пул олмаган, ҳаттоки испан олтинини ўзлаштириб ҳам, СССР зарар кўрган, унинг миқдори 50 минг долларни ташкил этади, дейилганди.
Мана шунақа гаплар...
Александр ОРЛОВ
Рус тилидан Субҳон УСМОНОВ таржимаси