loader

Янги давр, янги йўл. Вадуд Маҳмуд

Туркистон ўлкаси ўзининг тарихида тоза япроқларга эга бўлмоқда. Хаёлга ўтмаган воқеаларни ҳақиқат шаклида қарши олмоқда. Оврупонинг Оврупо маданияти аталғон йўл остида жони чиқиб, инграб ётғон шу чоқда Ўзбекистон ўзини янги ҳаёт эшиги олдида кўрадир. Оврупо «сарват»нинг қонли ва чиркин панжалари орасида сиқилмоқда ва миллий-синфий душманларнинг тўполони ичида йўлини йўқотмоқда экан, Туркистоннинг мазлум халқи ўз тонгининг ота бошлағонини сезмакдадир.

Бу янги ҳаёт, Ўзбекистон жумҳуриятида бошқа миллатлар билан бир ҳуқуқда, бутун миллий зулм ва золимликлардан узоқ, ўзбек жумҳуриятининг қурилиши фикридир. Октябр инқилобининг мазлум миллатларга бературган эрки Оврупода бўлғонидек бўлмай, бировдан зулм чекмак, бировга зулм этмак асосига қарши бўлиши керакдир.

Ҳар миллат «тугал эрк» билан ўз ҳаётини тансиқ (комбинация) этишга эга бўлиши лозим.

Ҳар миллат ўзининг ижодий қобилиятини умумга фойдалик бир йўдда ўсдиришга тиришмакга йўл топмоғи керакдир. Шундагина миллатлар ўса оладирлар ва шундагина башарият юксалатурган бир ҳолда бўла олур. Бу эса миллатларнинг муқаддириятларини ҳал эта олатурғон бир ҳолга кирган вақтдагина мумкин бўла олур.

Ўзбек жумҳуриятини октябр инқилоби шу тасаввурлар билан туғдирди. Байналмилал баъзи кишиларнинг ўйлаганича дунёда ҳеч бир миллат қолдирмаслиқ маъносида бўлмай, балки ер юзида бўлғон миллатларининг айрим-айрим ўз муқаддириятларини бошқаларга зарар бермаслик равишда тузмакликларидир. Шунинг учунда ҳар миллат ўзини ўзи идора этишга қанча иқтидорли бўлса, байналмилал шунча маҳкам асосга таянган бўладир. Шунинг учун ўзбек жумҳурияти Туркистоннинг янги йўлға кириш даврида муҳим бир йўлбоши саналиши мумкин.

Мақоламизнинг мақсади, ўзбек миллий жумҳуриятининг асосини тафтиш ва изоҳ бўлмағонидан шу қисқа муқаддима билан кифояланиб мақсадга ўтамиз.

Ўзбек жумҳуриятининг маркази Самарқанд бўлиши муносабати билан тузулатурғон ижроқўм учун Самарқандда бир бино қурмакка қарор бўлғонини эшитдик. Мана шу муносабат билан биз баъзи мулоҳазаларимизни майдонга отмоқчимиз.

Туркистон эски маданий дунёнинг байналмилал чегарасида энг юқори ўрун тутатурғон олимлар, ҳакимлар, шоирлар, санъаткорлар етиштирган бир ўлкадир.Туркис-тон шарқий, жанубий ва ғарбий Осиёнинг бир-бировига тўқушатурғон бир мавзеда бўлғонидан иқтисодий нуқталарга молик бўлғондир. Шунинг учунда бир вақглар маданиятнинг энг юқори даражасига мингандир. Кейинги вақтларда икки дунё бозорларининг Оврупо ва Амриқо савдогарларига очилиши ва савдо йўлларининг ўзгариши маҳаллий маданиятнинг пастлашишига сабаб бўлғондир... Эски маданиятимизнинг бу қисми (баъзи мусбат олимлардан бошқа бўлғон қисми) ҳам бошқа, эски илм ва фан қисми кейин қолғон деб айтиб бўлмайдир. Чунки бир миллатнинг маданиятининг юксалган вақтидаги етишдирган доҳийларнинг асарлари у миллатнинг «турғунлиқ» даврида доимо манфааткорлар тарафидан мўдул  саналғон ва ўшанга ўхшатмоқ ғоя ўрнини олғондир. Бу ҳол бутун дунёдаги миллатларининг бошидан ўтгандир.

Ўн олтинчи асрнинг биринчи ярмида Италиядан етишган Рафаел, Ансилаларнинг лавҳалари ўн саккизинчи, ҳатто ҳозирги асргача мўдул ўрнида ишлатиладир.

Германияда Голбин, Дурирларнинг мактаблари ўн саккиз ва ўн тўққизинчи асргача давом этгандир.

Бу миллатлар, ҳатто, неча юз йиллик ҳаётларида бошқадан шундай даҳолар кўрмаганларидан ҳали ҳам шуларга етишмак учун тиришадирлар. Машҳур мусиқачи Бетховен неча асрдан бери дунёнинг энг севимли кишисидир. Наволари доимо рағбат билан эшитиладир ва унинг каби бўлишга тиришиладир.

Бизнинг тарихимизда ҳам шундай аҳамиятли шахсиятлар оз эмасдир. Уларнинг асарлари неча асрлардан бери қўлланма вазифасини адо қиладир.

Мусиқамизнинг саккиз асрдан ортиқ бир тарихи бўлғони каби меъморчилигимизнингда саккиз асрга яқин умри бордир. Мусиқамиз шу асрлар бўйинча, табиий, турли ўзгаришларга учрагандир.

Фақат сўнгги вақтлардаги васиқаларга қараганда уч-тўрт аср орасида ўзгариш жуда оз бўлгандир.

Меъморимизда ҳам ҳол шудир.

Сўнгги кунларда Бухорода кашф этилган еттинчи асрларда бино этилган бир мозор билан ундан икки аср сўнг ясалғон Шердор мадрасаси бино этилган, ундан икки аср сўнг Ҳўқандда бино этилган Умархон мадрасаси ва шу сўнгги асрнинг асари бўлган Худоёрхон ўрдаси - ҳаммаси ислом-турк меъморининг Туркистон услуби тарзининг такроридир.

Юқоридаги бу изоҳдан маълум бўладирким, бизнинг маданият асримиздан қолғон муҳим меъморимиз бордир ва ҳалигача давом этадир.

Бу билан биз шуни айтмоқ истаймизким, бизнинг ўз руҳимизнинг акси бўлюн меъморимиз бор экан, нечун қурулатурғон бинолар ўз руҳимизда қурулмасин?

Айниқса, янги тарихий давр билан бошланатурғон Туркистон тарихи ўзининг биринчи қадамида, ғоясида бўлғон миллий-ижтимоий жумҳуриятнинг маркази сифатини олатургон ижроқўм биносини бутун ҳайъат би-лан қайси ернинг, қайси элнинг натижаси ва эгаси бўлишини гавдалантириб кўрсатиши керакдир?

Албатта, Туркистоннинг эмасми?!

Шунинг учунда бу масалага халқ ходимларининг аҳамият беришлари ва рус жаҳонгирлигининг иши билан Туркистон мазлум элининг бирдан-бир даҳосининг тажассум этилишини кўрсататурган бир гавда қуришлари керакдир.

Бу бино Туркистон янти маданий ҳаётининг туб тоши (таг курси) бўлиши керакдир.



__________

Янги давр, янги йўл. Бу мақола ҳам В. Маҳмуднинг Москва даври ижодидан бир намунадир. Мақола «Зарафшон» газетасининг 1924 йил 17 декабр сонида эълон этилган.