loader

Улкан салтанат асосчиси

Милоднинг 1290-1326 йилларида ҳукмронлик қилган Усмон Биринчи усмонлилар (Ғарбда оттоманлар дейишади) давлатининг асосчиси ҳисобланиб, унинг номини турклар ҳозир ҳам ҳурмат билан тилга олишади. У ўз халқини буюклик даражасига кўтаришни орзу қиларди. Салжуқийлар ва ғурийлар қўлга киритган ютуқларни яхши билган Усмон «нега менинг халқим ҳам шундай улуғ тақдирга арзимас экан», деб ўйларди. Унинг олдида турган асосий вазифа Византия империясини тор-мор келтириш эди. У Ғарбга ўз империяси сифатида қарамоқчи бўларди, бунга эришмоқ учун эса халқига куч-қувват ато этиши зарурлигини яхши биларди. У византияликларни енгиб, ҳеч бўлмаганда уларнинг Кичик Осиёдаги истеҳкоми – кўҳна Бурса шаҳрини ёки Никодемияни забт этиши, кейинчалик кичикроқ мустақил бир амирликка эга бўлиб олгач, Мармара денгизи орқали Триест таянч нуқтасини қўлга киритиши даркор эди.

Усмон ўғли Ўрхон билан биргаликда ана шу мақсадларнинг ҳаммасига эриша олди. Саргузашт ишқибози бўлган кўпгина мусулмонлар, савдогарлар, ҳатто яҳудийлар унга келиб қўшилишди. Улар мададидан куч-қувватга тўлган Усмон византияликларга қарши бир неча  урушлар олиб бориши натижасида Мелангнор шаҳрини забт этди ва унга Қаржаҳисар номини бериб, ўз пойтахтига айлантирди. Сўнгра муҳим Бурса қалъасини қамал қилдики, бу шаҳар 1326 йили, яъни унинг вафоти йили таслим бўлди.

Кичик бир давлатга амир бўлган Усмон ўзини мустақил деб эълон қилиб, жонажон туркларини буюк мақсад сари бошлаб борди. Уларга курашиш ва қаҳрамонона ҳаракатлар қилишни васият этди. Унинг ўрнини Ўрхон Биринчи эгаллади ва у 1326-1359 йилларда тахт тепасида турди. Ўрхон Биринчи отаси Усмоннинг жасадини катта дабдаба билан Бурса қўрғонидаги черковга дафн эттирди. Шундан буён масжидга айлантирилган бу иморат турк султонларининг даҳмаси бўлиб қолди. Ўрхон Никодемияни босиб олиб, у ерда биринчи турк мактабини очди. Ажойиб фазилатлари билан яхши маълум Довуд  Қайсарий унга раҳбар этиб тайинланди.

Ўрхон отаси анъаналарини давом эттириб, 1330 йили Филокрин яқинида византияликларга зарба берди. Шаҳарни эгаллаб, у ерда мактаблар ҳамда саноат корхоналарини очдирди. Миллатнинг ҳақиқий бунёдкори сифатида у барча эски юнон билимгоҳларини сақлаб қолди:  уларни  Ислом тартиб-қоидаларига мослаштириб, ўзиники қилиб олди. Қўшинларини қайта қуриб, ғоят истеъдодли додхоҳ Жондорли Хайриддин Пошшони уларга бош қилиб қўйди. Деярли бутунлай отлиқ аскарлардан иборат турк қўшинлари учун янгича пойабзал кийишни урфга киритди.

«Жоннисорлар» деб номланган ҳарбий қисм ташкил қилдики, у кейинчалик шон-шавкати ҳамда чексиз садоқати жиҳатидан турк қўшинларида энг яхши қисмга айланди. Дастлаб қарам насроний ўлкаларнинг фарзандлари ҳам улар сафига олиниб, алоҳида имтиёзли шароитларда таълим берилди. Бу йигитларнинг кўпларидан машҳур додхоҳлар етишиб чиқди, уларнинг ҳаммаси мусулмон саналарди. Султонга мутаассибларча содиқ кишилардан ташкил топган бу қисм махсус қўшин сифатида донг таратди. Жоннисорлар қарийб уч юз йил мобайнида етакчилик қилиб, кейин айниб кетишди.

Бу даврга келиб Византия империяси анча кичрайиб қолганди. Аввалига салжуқийлар, сўнгра усмонлилар византияликларни Кичик Осиёдан суриб чиқаришди. Жануби-шарқий Овруподаги Византия императорининг давлати сербларнинг куч-қудратга тўлиб келаётган давлати томонидан қулатилди. Булғорлар ҳам ҳужумга ўтишди. Улар Венетсия давлатини, Генуя ва Эгей денгизидаги бир нечта оролни эгаллашди.

Ана шундай бир пайтда император Андроникус Учинчи вафотидан кейин (1331 йил) унинг беваси Анна император хоним бўлиб қолди. Кантакузин исмли кимса эса унга муваққат васийликни  зиммасига олди. Тез орада улар ўртасида келиб чиққан низо натижасида, Кантакузин Ўрхон Биринчи билан иттифоқ тузаркан, унинг қизи Теодорага уйланиб, эвазига вақтинча олти минг кишилик қўшин ажратиб беришни илтимос қилди. Кантакузин турк отлиқ аскарлари ёрдамида Аннани енгиб, ўз рафиқаси билан биргаликда императорликка кўтарилди.

Тўрт йил ўтиб, 1349 йили серблар Византияга қарши қўлга қурол олганларида император Константинопол маликаси билан биргалашиб, иккинчи бор турк қўшинларини ёрдамга чақиришди. Ўрхон яна  йигирма минг отлиқ ва пиёда аскарлари билан мададга келди. Тўрт йилдан кейин Кантакузин император хоним Аннанинг балоғатга етган ўғли Жон Палеолугос билан жанжаллашиб қолиб,  тағин қайнотасидан кўмак сўрашга мажбур бўлди. Бу гал у Ўрхонга мамлакатнинг Халлеспонта деб аталган Оврупо қисмидаги Тзимпе қалъасини ишониб топширди. Ўрхон ўз ўғли Сулаймонга ваколат бериб, кучли ҳарбий қисм билан шу қалъага жўнатди. Тадбиркор йигит Сулаймон зилзила сабабли Галлиполи қалъаси вайрон бўлганидан фойдаланиб, уни ҳам эгаллади. Кантакузин бунга норозилигини баён қилганида Ўрхон тез-тез кўрсатилиб турилган ёрдам  олдида шу хароба қалъа арзимаган нарса, деган фикр билдирди. Бундай муомала асло маъқул тушмаган император тўполон кўтариб, насроний дўстлари – серб ва булғор қиролларидан ёрдам сўраганида улардан рад жавобни олди.

Бу воқеа византияликларнинг Кантакузинга нисбатан ғазабини аланга олдириб юборди. Уни сотқинликда айблашиб, тахтдан воз кечишга мажбур қилишди. Фурсатдан фойдаланиб, Жон Палеолугос турклар қалъани тарк этишлари учун жон куйдирди, лекин унинг бу режаси рўёбга чиқмай қолди. Чунки турклар у ерда маҳкам ўрнашиб олишган эди. Улар ҳозир ҳам шу ерда муқим яшаб келишяпти.

Сулаймон отидан йиқилиб қазо қилганида Ўрхон жуда қаттиқ куйинди. Унинг ўзи севимли ўғлидан бир йил кейин, 1359 йили вафот этди. У яхши раҳнамо, буюк ташкилотчи, ажойиб маъмур ва миллатнинг вужудга келишида ҳақиқий бош бўлган киши эди.

Инглизчадан Жамолиддин ҲАМДАМ ва Шариф ХОЛМУРОД таржимаси