Хамадон томон юриш бошланиб, жанг қизғин паллага кирганда унинг дарди қайталаб мадори қочди. Энди кучдан қолганини ва касалликни даф қилолмаслигини англаб, ўзини-ўзи даволашни тўхтатди. Шу тариқа тиб илмини эгаллаб, энг юқори чўққига чиққан Ибн Сино фаолияти давомида минглаб беморларни даволаган, ўлим исканжасидан олиб қолган бўлса-да, ўзига келганда ожиз-лик қилди ва муолажалар фойда бермай қўйди.
Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Али ибн Сино, гарчи Бухоронинг кичиккина Афшона қишлоғида туғилган бўлса-да, вақт ўтиб унинг довруғи оламни тутди. Асли хоразмлик бўлган ва Бухорода яшаб ижод қилаётган ан-Нотилийга шогирд тушиши унинг Ибн Сино бўлиб довруқ таратишига сабаб бўлди. Зеро, ҳали ёшгина бухоролик йигитнинг Нотилий билан танишуви ва илм уммонига шўнғиши натижасида чекка бир Афшона қишлоғилик Ибн Сино довруғи кенг тарқалиб, ҳатто у устозидан ҳам ўзиб кетди.
Бу ҳақда у «Нотилий қайси масалаларни мендан сўра-масин, мен ўша масалани ундан кўра дурустроқ тасаввур қилардим. Ниҳоят ундан мантиқнинг юзаки масалаларини ўқидим, лекин нозик томонлари унга номаълум эди», деб ёзганди.
Ана шундай илм чўққисини забт қила оладиган даражага етган Ибн Сино, гарчи Бухоро амири Нуҳ ибн Мансурни даволаб эъзозу эҳтиромга сазовор бўлган бўлса-да, сомонийлар давлатини қулатиб, Бухорои шарифни қорахонийлар эгаллагач, 1005 йилда Хоразмга келди.
Шу тариқа у давр талотўплари ва сиёсий ўзгаришлар боис илму ижод учун тинч ва барқарор ҳаётни истаб, 1012—1014 йилларда Журжонда, 1014 йили Рай, 1015-1023 йилларда Ҳамадон ва сўнгра Исфахонда муҳожирликда яшади.
Гарчи у мусофирликда ҳаёт кечирган бўлса-да, борган жойларида ҳам оддий фақирлару, бойвачча ва ҳукмдорларни даволаб эъзозда яшади.
Аммо давр талотўплари ва сиёсий фитналар боис бир жойдан иккинчи ерга кўчиб қочқинликда юргани, турли хил касалликларни даволаш, тажрибалари, ўқиб-ўрганлари асосида асар ёзиш учун, ҳатто уйқусиз тунлар ўтказгани сабаб, роҳату фароғат унга ёт бўлиб қолди. Ҳатто бир гал Ҳамадонда яшаётганида фитна туфайли амир аскарлари Ибн Синонинг уйига бостириб кириб, мол-мулкини талон-тарож қилиб, буюк ҳакимни ўлдиришни амир Шамсудавладан талаб қилишади. Натижада Ибн Сино вазият ўнглангунча ибн Дахнух деган кишининг уйида қирқ кун давомида бекиниб ётади. Бошқа сафар эса яна сарой ўйинлари боис Ибн Сино Фараджон қалъасида маълум муддат қамалиб ҳам ётади. Буларнинг бари унга салбий таъсир ўтказиб оғир касал ҳолатига олиб келди.
1035 йилда Исфахон амири Алоуддавла билан Тошфаррош ўртасида уруш бўлиб турган пайтида Ибн Синонинг санчиқ касали тутиб қолади. Шунда буюк ҳаким тезда ўзини даволашга киришиб, кунига 8 марталаб ўзига ўзи ҳуқна — клизма қилади. Жанг бўлиб турган шаҳарда осойишталик бўлмагач, бунинг устига даволаниш учун ноқулай жойда қилинган ҳуқна натижасида Ибн Синонинг ичаклари қизариб, яллиғланиб ҳам кетади.
Бироқ уни ўзининг соғлиғини ўйлаб ёнида олиб юрган амир Алоуддавла тушунмай, Ибн Сино касаллигига бепарво қараб, шундан сўнг ҳам икки йил давомида сафарларида бирга юришга мажбур қилади. Бу вақт ичида Ибн Синонинг дарди кучайгач, у ўзини тезроқ даволаш ниятида эди. Аммо ичагида пайдо бўлган яллиғланиш натижасида санчиқ оғриғи зўрайиб, Ал-Жузжонийнинг ёзишига кўра, «ҳатто бир гал ҳуқна қилинадиган нарса ичига икки дона-дан карафс уруғи аралаштиришни буюрди. Бу билан у санчиқ пайтида пайдо бўладиган қорин дам бўлишини йўқ қилмоқчи бўлди. Уни даволаётган табиблардан бири ҳуқнага ишлатиладиган аралашмага карафс уруғининг беш дирхам вазндагисини солиб юборибди. Бутабиб, даво асносида атайлаб шундай қилдими ё янглишиб дорини кўп солиб юбордими, билолмадим, чунки бу иш бажарилаётган пайтда иш устида бўлмаган эдим».
Бу эса дарднинг зўрайиб, буюк ҳакимнинг аҳволи оғир-лашишига сабаб бўлди. Умиди сўнмаган Ибн Сино ўзини даволашга интилар, аммо табобат қоидаларига риоя қилиб умрини ўтказган бўлмасин, қочқинлик ва қамоқда бўлган йиллар, куну тун давомидаги муолажалар, шогирдларига таълим бериш, асарлар ёзишдаги тунни тонгга улаган лаҳзалардаги уйқусизлик унга таъсир ўтказиб бўлганди. Қолаверса, кейинги йиллардаги ичагидаги яллиғланиш унинг аҳволини янада оғирлаштириб юборди. Ўзини-ўзи даволаш эса бундай вазиятда ижобий таъсир қилмаётган эди.
Ўзини-ўзи даволаётган шундай кунларнинг бирида, ал Жузжоний ёзишига кўра, Ибн Сино касал бўлиб ётган кезида хизматкорларидан бири ичиладиган дорига кўпроқ афюн қўшиб беради. Буни эса Ибн Сино билмай истеъмол қилади. Мазкур ҳолат сабабини Абу Убайд ал Жузжоний шундай изоҳлайди: «Бундай хиёнатнинг сабаби хизматкорлардан бири Ибн Синога тегишли анчагина маблағни ўмарган, агар у тузалиб кетгудай бўлса, хизматкор ўз қилмиши оқибатида жазоланишини билиб, буюк ҳакимнинг ўлимини кутган эди».
Аҳволи оғирлашган Ибн Синони Ҳамадонга олиб келадилар. Айниқса куланж ва тутқаноқ тутиши натижасида аҳволи янада зўрайган ҳакимнинг ўзини ўзи даволаши таъсир қилиб гоҳида тетиклашиб, баъзида эса ҳатто ўрнидан туришга ҳам мажоли келмай қоларди.
Ниҳоят у бутунлай кучдан қолганини ва касалликни даф қилолмаслигини англаб, ўзини-ўзи даволашни тўхтатади. Жузжонийнинг ёзишига кўра, Ибн Сино «танамни идора қилаётган мудир, уни тузатишдан ожиздир, энди бундан буён муолажа фойда бермайди», деган.
Тиб илмининг чўққисигача чиққан мутафаккир аллома Ибн Сино ҳазратлари 1037 йил рамазон ойининг биринчи жумасида — 24 июнь куни Ҳамадон шаҳрида вафот этди. У бор-йўғи 56 йилу 10 ой 9 кун яшаган эди, холос.
Умид Бекмуҳаммад, "Мозийдаги сирли ўлимлар" китобидан