loader
Foto

Лутфий

Мавлоно Лутфий -  ўзбек халқининг улуғ мутафаккири, атоқли намояндаси, жаҳон адабиёти ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти тарихининг ривожланишига ўзининг  беминнат ҳиссасини қўшган, ўзбек ва форс-тожик тилларидаги асарлари билан Шарқ адабий муҳитида чуқур из қолдирган, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг таъбирича  замонасининг машҳур «Малик ал-калом»и , яъни «Сўз подшоси» номи билан шуҳрат қозонган етук аллома.



Таржимаи ҳол



Шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида замондошлари Давлатшоҳ Самарқандий, Шамсиддин Сомий, Хондамир, Абдулла Қобулий каби тазкиранависларнинг асарларида муҳим қайд ва мулоҳазалар учрайди. Хусусан, Лутфийни яқиндан билган, у билан устоз ва шогирдлик рутбаси билан боғланган Алишер Навоий асарларида келтирилган маълумотлар ғоят қимматлидир.



Шарқ адабиёти тарихида Лутфий тахаллуси билан асарлар яратган ижодкорлар кўпгина бўлиб, «Қомус ул-аълам» асарида улардан айримлари санаб ўтилган. Алишер Навоий ва Абдурахмон Жомий билан яқин мулоқотда бўлиб, ўзининг асарлари билан Хуросон ва Мовароуннахр адабий муҳитида чуқур из қолдирган Мавлоно Лутфий «Малик ал-калом», яъни «Сўз подшоси» (Алишер Навоий) унвони билан шуҳрат козонди.



Лутфуллоҳ Лутфий - Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» аса-рида гувоҳли беришича 99 йил умр кўрган. Шоирнинг замонига оид манбалардаги маълумотлар асосида унинг таваллуд санаси 1366 йил деб кўрсатилган. Лутфий бошланғич таҳсилдан кейин мадрасаларда ўз даврининг дунёвий ва шариат билимларини чуқур ўрганади. Сўнгра эса тасаввуф бобида малака ҳосил килишга киришади.



Бу ҳакда Алишер Навоий қуйидагиларни қайд этади: «Мавлоно йигитлигида улуми зохирийни такмил қилғондин сўнгра Мавлоно Шаҳобиддин Хиёбоний қошида сўфия тариқатида ҳам сулук қилғондур». Шаҳобиддин Хиёбоний ЎЗ даврининг кўзга кўринган мутасаввуф шайхларидан бўлиб, унинг «Қуръони карим»га ёзган шарҳлари ҳам мавжуд эди. Лутфий ана шу алломадан тасаввуф таълимини олиб, кенг ва чуқур билим соҳиби бўлиб етишди. Лутфий асарларидан шу нарса маълум бўладики, у Абу Али ибн Синонинг «Қонун» ва «Аш-Шифо» асарларини чуқур ўзлаштирган.



Лутфийнинг ёшлик йиллариданоқ адабиётга бўлган катта қизиқиши алоҳида кўзга ташланиб турар эди. Бўлажак шоир ўзигача бўлган туркий тилдаги адабиёт билан бир қаторда форс ва араб адабиётларини ҳам қунт билан ўрганади. Унинг Ҳофиз, Камол Хўжандий ва Насимий меросларига рағбати айниқса катта эди. Амир Темур давридан бошлаб Хуросан ва Мовароуннахрда рўй берган сиёсий марказлашув самараси ўлароқ шаклланган адабий муҳит Лутфийни ҳам ўз майдонига тортди.



Унинг ғазаллари оғизга тушиб, мушоираларнинг ва адабий суҳбатларнинг мавзуига айланди. Оддийгина ҳаёт тарзига ўрганган, дарвишларга хос ҳокисорлик билан мўътабарлик касб этган бу шоирнинг шеърлари чуқур фикрларни содда сўзлар ёрдамида юқори бадиий бўёқларда ифодалай олиши билан ажралиб турар ва шеърлари шу жиҳати билан Навоий ва Жомий каби адабиёт ҳомийларининг дикқат-эътиборини қозонган эди.



Мавлоно Лутфийдан бизгача салмоқлигина адабий мерос етиб келган бўлиб, унинг катта қисмини лирик асарлар ташкил килади. Лутфийнинг лирикадаги серқирра ижоди ҳақида Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида қуйидагиларни ёзади: «Мавлоно Лутфий ўз замонасининг «Маликул-калом»и эрди. Туркий ва форсийда беназир эди, аммо туркийда шуҳрати кўпроқ эрди ва туркча девони машҳур». Шоирнинг форсий тилдаги асарларини тўплаб девон тузгани бизга маълум бўлмасада, унинг бу тилда ҳам катта маҳорат билан ижод қилганлигини замондошлари муносиб баҳолаган эдилар.



Лутфийнинг адабий мероси орасида достонлари алоҳида ўрин эгаллайди. Шулардан бири 1411 йилда яратилган «Гул ва Наврўз» достонидир.



Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис»да Лутфийнинг бизгача етиб келмаган «Зафарнома» деб номланган достони тўғрисида шоҳидлик беради ва ёзади: «Мавлононинг «Зафарнома» таржимасида ўн минг байтдан ортиқроқ маснавийси бор. Баёзга ёзмоғони учун шуҳрат тутмади». Лутфий ижодининг тадқиқотчилари юқорида қаламга олинаётган «Зафарнома» таржимасининг манбаи Шарафиддин Али Яздийнинг форс тилида яратилган Амир Темур ҳаётига оид «Зафарнома» асари эканлигини қайд этадилар.



Шундай экан, Лутфий ўз даврида авлодлар учун ғоят аҳамиятли бўлган бир мавзуга қўл урган ва Али Яздийнинг тарих ва хотира услубида ёзилган асарининг туркий тилдаги поэтик намунасини яратган. Профессор Е.Э. Бертельс шоир бу маснавийни Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си услубидаги қаҳрамонлик асари сифатида режалаштирган бўлиши керак деб айтади. Лекин қандайдир сабабларга кўра шоир уни оққа кўчирмаган. Навоий ҳам уни «оққа кўчирмагани («баёзга ёзмоғони учун») учун шуҳрат тутмади» деб айтади.



Шарқ маданияти тарихига оид манбаларда Лутфийнинг аҳлоқ-одоб мавзуида «Машкун ул-ҳақойиқ» номи билан ҳам асар яратганлиги эсланади. Хутанлик Мулла Исматулланинг «Тарихи мусиқиюн» асарида Лутфийнинг мусиқа тарихи билан ҳам шуғулланганлиги, куйлар басталаганлиги қайд этилади. Карийб юз йил умр кўрган даҳо шоирнинг ижод қамрови ҳам ранг-баранг бўлганлиги, хусусан, бадиий адабиёт соҳасида кўп ишларга улгурганлиги шубҳасиздир.



Лутфийнинг она тилидаги лирик асарларидан иборат девони ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннахрдан ташқари туркий тилда сўзлашувчи кўпгина ўлкаларга ҳам кириб борган эди. Кейин бу ҳудуд янада кенгайиб борди. Шоир девонининг Республикамиздан ташқари кўпгина мамлакатлар кутубхона хазиналарида сақланаётган қўлёзмалари шундан далолат беради.



Республикамизда Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида Лутфий девонининг ўнлаб нодир нусхалари сақланади. Ушбу манбалар девоннинг Лондон ва Париж нусхалари билан қиёсий-танқидий ўрганилиб, шоирнинг қатор «Сайланма» нашрлари яратилди. 1987 йилда F.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган Лутфийнинг «Сенсан севарим» номли тўплами сўнгги ўн йилликда нашр этилган девонидир.



Девон Шарқ шеъриятининг етакчи жанрларидан бўлган ғазал, рубоий, туюқ китъа ва фардларни ўз ичига олади. У одатдагидек, ҳамд ва наът шеърлари билан бошланади. Девоннинг деярли кўп нусҳаларида Шоҳрух Мирзо номига ёзилган қасидага кўзимиз тушади.. Айрим нусхаларда эса Темурий шахзодалар: Бойсунқур Мирзо, Искандар Мирзо номига бағишланган қасидалар ҳам учрайди.



Лутфий девонидан ўрин олган лирик асарларнинг етакчи темаси — ишқдир. Шу ишқ инсоннинг зоҳирий ва ботиний оламини ойна бўлиб акс эттиради. Биз бу асарларда ишқнинг дунёвий талқинларини ҳам юксак санъат билан акс эттирилганлигини кузатамиз. Навоий ўзининг «Маноқиби Пахлавон Муҳаммад» асарида Лутфийни «зоҳир аҳди шуароси», яъни дунёвий мавзулар талқинида маҳорат кўрсатган шоир сифатида алоҳида характерлайди. Шоир лирикасида анча кенг ўрин тутган дунёвий мавзулар, айни пайтда, диний-тасаввуфий мавзулар билан уйғунлашиб, бир-бирини тўлдириб келади. Шу тарзда улар мажоз ва ҳақиқат бирлигини ташкил қилади.



Аллоҳ ўзи яратган мавжудот ва махлуқотлар орасида инсонни энг мўътабар поғонага кўтарди. Унга ўз ўрини берди. Инсон шунинг учун ҳам азиздир. У ҳусн бобида ҳам «мазўари сунъи илоҳдир». Одам шу қадар буюк моҳиятки, Аллох, унинг юзида ўз аксини кўради.



Шоир асарлари унинг ўша даврда кенг тарқалган тасаввуф ғоялари таъсирида бўлганлигидан далолат беради. Аллоҳ дунёни мукаммал гўзаллик тимсоли сифатида яратган, шу гўзаллик оғушидаги одамнинг борликни идрок этиш туйғуси, муҳаббат ҳисларининг устиворлиги, атрофни ўраб турган жамоат ва наботот олами билан алоқасини энг гўзал фазилатлари сифатида кашф этган. Лекин ҳаётда ҳамма нарса муваққат, у узлуксиз ҳаракатда.



Табиат фасллари каби одам умрининг фасллари бир-бири билан алмашиниб туради. Шунга кўра ҳам Лутфийнинг ғазаллари марказида турган қаҳрамон ҳаётининг Аллоҳ инъом этган барча гўзалликларию, неъматларидан баҳрамандлик туйғуси билан яшайди. Шоир лирик қаҳрамонини навбаҳор келиши билан чаманларнинг гуркираб кетиши, гул фаслининг таровати мафтун этади. У шу чаманда «сарвиқид гули хандони»ни излайди.



Шоир лирикасида ҳаёт завқлари, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиши, шодлик ва тарона оҳанглари билан бир қаторда инсон қадрияти ва унинг орзу-умидларини оёқ ости қилувчи «кажрафтор чарх», «сергина фалак», «жаҳолатпеша одамлар»дан озурдаҳоллик кайфиятлари ҳам юз кўрсатади. Бундай тасвирларда шоир ўзини ўраб турган ҳаётга ҳар жиҳатдан яқинлашиб боради.

Лутфийнинг ҳамиша яхшиликка умидвор бўлган ошиқ нидоларини ўз ичига олган шоҳ байтларидан ўрин олган.



Йўқ турур ёлгўз бу Лутфий жонига жаври рақиб,

Қайда бир доно дурур ул жаври нодон тортадур.



Лутфийнинг ўзига хос катта маҳорати ҳам дастлаб, бир томондан қаламга олинаётган барча мавзуларни қулай очиб берадиган поэтик образлар воситасида тасвирлаш билан китобхонлар қалбига йўл топишидадир. Услуб соддалиги, ифодаларнинг халқоналиги, шеър вазнининг халқ қўшикларига яқинлиги Лутфий лирикасининг муваффақиятини таъмин этган иккинчи муҳим омилдир.



Лутфий ғазаллари арузнинг ранг-баранг тармоқларида ёзилган ва улар аксар ҳолларда ҳажм жиҳатидан жуда ихчамдир. У ўз ғазалларида арузнинг халқ қўшиқларига яқин турган оҳангдор, ўлчовларини танлайди. Лутфий шеърларида халқ урф-одатлари, маросим лавҳаларини тез-тез учратиш мумкин. Лутфий ЎЗ лирикасида халқнинг жонли сўзлашув тилидаги эркалаш, юпатиш, қарғиш, истехзо, қочириқ ибораларидан маҳорат билан фойдаланади. Маъшуқанинг жабру ситамларидан кўнгли озурда бўлган ошиқ ич-ичидан зорланиб айтади:



Лутфийни ким қарғади: «Ё раб, балога учра!» деб ким, сенингдек тош бағирлиқ дилрабога учради.

Лутфийнинг назмиятда халқ мақолларидан истифода этиш бобидаги санъаткорлиги айниқса юксакдир. Унинг рубоий, китьа, туюқ ва фардларида киши руҳий оламининг ранг-баранг лаҳзалари, ахлоқ-одоб мавзуларининг талқинлари асосий ўрин тутади.



Шоирнинг тўртликлари ҳақида сўз борар экан, унинг туюқлари алоҳида диққатга сазовор. Кўпроқ туркий тилдаги шеъриятга тааллуқли тажнисли (зулмаъниайн) сўзлар воситасида туюқ яратиш санъати Лутфий шеъриятида ёрқин ифодаланган деб айтиш мумкин. Унинг девонидан ўрин олган кўплаб туюқлардаги нафис маъно товланишлари китобхонни она тилининг бой имкониятлари қатламларига олиб киради, уни ҳаёлга тортиб, эстетик завқ беради.



Мен сенинг илкингдин, эй дил, бандамен,

Ва, қачон етгайман ул дилбандга мен,

Бевафоларга мени килдинг асир,

Сен манга султонсан, эй дил, бандамен.



Алишер Навоий ЎЗИНИНГ «Мажолис ун-нафоис» асарида Лутфий-нинг туркий тилдаги шеъриятда бўлгани каби форсий ижодда ҳам«беназир эрди» деб ёзади. Лутфий, хусусан, форсий қасиданависликда ўз замонаси ижодкорларининг эътиборини қозонган эди. Навоий ёзади: «Мавлоно Лутфий форсийда қасидагўй устодлардин кўпининг мушкул шеърларига жавоб айтибдур ва яхши айтибдур».



Навоий томонидан «Мажолис ун-нафоис»да қайд этилган бир неча парчаларнинг ўзи Лутфийнинг бу соҳадаги салоҳиятини кўрсатиб беради. Навоийнинг қайд этишича, умри охирлаб бораётган Лутфийнинг:

Эй зи зулфи шаб мисолат сояпарвар офтоб,

Шоми зулфатро ба жои моҳ дарбар офтоб.



Таржимаси:

Сенинг тун каби сочингдан қуёш сояда парвариш топадиган бўлди,

Сочингдан таралган шом қоралигини ой ўрнига қуёш кўтармоқда



матлали ғазалига замондош ижодкорлар кўплаб жавоб ёзганлар. Лекин уларнинг ҳеч бири Лутфий даражасида шеър айтолмаган.



Лутфийнинг Абдураҳмон Жомийга ихлоси катта эди. У Жомийга «Сухан» радифли қасида ҳам бағишлаган. Умри охирида бошланғич байтинигина ёзишга улгурган «Афтад» радифли ғазалини тугаллаб, ўз девонига киритишини Абдурахмон Жомийга васият қилган. Жомий кекса шоирнинг бу васиятини адо этган, бугунгача Жомий девонида яшаб келаётган «Афтад» радифли ғазал икки буюк сўз санъаткорининг ижодий ҳамкорлигидан ёдгорлик сифатида қадрлидир.



Лутфийнинг форсий назмиятидаги мислсиз санъаткорлигини кейинги асрларда яшаган тазкиранавислар ҳам қайд этадилар. Акбаршоҳ замонида яшаган Абдулла Қобулий ўзининг «Тазкират ут-таворих» асарида Лутфий мероси ҳакида сўз очиб, «дар форси шеъри зебо ва қасидаи гарро дорад» («форсийда гўзал шеърлари ва порлоқ қасидалари бор») деб айтади.



Лутфий ўз даври адабий ҳаётида устоз сифатида катта мавқега эга эди. Кексайиб бораётган шоирнинг уйи кўпинча шогирдлар билан гавжум бўларди. Унинг яқин шогирдларидан бири Алишер Навоий эди. Навоий ЎЗ устози ҳақида гапирганда икки ўртадаги яқин инсоний муносабатларни ички бир ифтихор билан тилга олади. Навоий Лутфийдан назмиятнинг сиру синоатлари бобида кўп нарса ўрганди. Устоз шеъриятига бўлган катта эътиқод билан унинг «Лайлатул меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур», «Кўкдадур ҳар дам фиғоним кўргали сен мани», «Эй сочинг шайдо кўнгулларнинг саводи аъзами» мисралари билан бошланувчи ғазалларига муҳаммаслар боғлади.



Унинг устозни «Эй жамолинг лаҳзолу бебадал ҳуснунг жамил»,«Эй қадинг тубийи жаннат хиди гулгун устина» муқдадимали ғазалларига мусаддаслари ҳам мавжуд. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Навоий ўзигача ва ўзига замондош бўлиб яшаган туркийгўй шоирлардан фақат Лутфий ғазалларигагина муҳаммас ва мусаддаслар боғлаган.



Лутфий 1465 йилда ЎЗ манзилгоҳи бўлган Дехиқанорда вафот этган. Навоийнинг хабар беришича, Мавлононинг қабри ҳам ўша ердадир.

Кейинги асрларда Лутфий маҳоратининг таъсир доираси тобора кенгайиб борди. Фузулийнинг Лутфий ғазалларига кўплаб назиралари, қатор муҳаммаслари маълум. Машраб Лутфийнинг «ҳоҳ инон, ҳоҳ инонма» радифли ғазалининг матлаидан тазмин нули билан фойдаланиб, бутун бошли янги бир ғазал яратган.



Лутфий ғазалларига муҳаммаслар боғлаш Мунис, Огахий, Равнақ ва Амирий ижодларида ҳам учрайди. Шу йўналишда бизга замондош бўлиб яшаган Чархийнинг ҳам манзур муҳаммаслари бор. Шоир ғазаллари мақом ва халқ куйлари билан ижро этилади. Уларга замондош бастакорларимиз ҳам куйлар ёзганлар. Лутфий девони ва ундан сайланмалар Ўзбекистонда бир неча бор, сўнг Туркия ва Шарқий Туркистонда ҳам чоп этилган. Шоир ғазалларининг рус ва бошқа тилларга таржима килингани маълум.



Лутфийнинг бой бадиий мероси адабиётшунос олимларимиз томонидан кенг ўрганилиб келинмокда, у ҳакда қатор тадқиқотлар яратилди. Бу ўринда дастлаб Заки Валидий, Е. Э. Бертельс, Ходи Зариф, А. Хайитметов, Э. Рустамов, шунингдек, Ё. Исҳоқов, Х.Расулов ва Э. Ахмадахўжаев каби олим-ларнинг тадқиқотларини кўрсатиб ўтиш мумкин.



Республикамизда шоир номи билан аталган кўча, мактаб ва кутубхоналар унинг хотирасига абадийлик бахш этиб келмокда.