loader
Foto

Давлатшоҳ Самарқандий (тахминан 1435-1495)

XV асрнинг кўзга кўринган адабиётшунос олимларидан бири Давлатшоҳ ибн Алоуддавла Бахтишоҳ ал-Розий ас-Самарқандийдир. Унинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар жуда кам бўлиб, "Тазкирот ун-шуаро" ("Шоирлар тазкираси") асарида келтирилган баъзи бир маълумотларга қараганда, у йирик ҳарбий хизматчи ва давлат арбоби оиласида туғилган.



Отаси Бахтишоҳ Шоҳрух Мирзонинг амирларидан бўлиб, кўпгина ҳарбий юришларида қатнашган ва тожу-тахт соҳибига садоқат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган. Унинг "ал-Розий" аталиши ҳам шундандир.



Давлатшоҳнинг туғилган вақти маълум бўлмасада, ўзининг "Тазкират уш-шуаро" асарини 50 ёшга кирганида ёза бошлаганини маъ¬лум қилади. Бизга эса асар 1486 йили ёзиб тугатилгани маълум. Агар бу катта ва муҳим асарни ёзиш учун камида 2-3 йил вақт сарфлаган деб тахмин қилинганда, Давлатшоҳ тахминан 1435-1436 йилларда туғилган бўлиб чиқади.



Давлатшоҳ Самарқандий ёшлигидан илмга қизиқиб, ўз даврининг кўзга кўринган олими, фақиҳ ва шоир Хожа Жалолуддин Фазлуллоҳ Абу-л-Лайсийдан таълим олган. Лекин 1480 йилларга қадар илмий ёки адабий фаолият билан шуғулланмаган, балки сарой хизмати ва ҳарбий ишларга жалб қилинган, Шоҳрух ва Султон Ҳусайн Бойқаронинг кўпгина ҳарбий юришларида иштирок этган. У сўнгга марта Султон Бойқаро билан Султон Маҳмуд (Ҳисори шодмон ва Бадахшон ҳокими) ўртасида Чакмансарой (Афғонистоннинг Андхой вилоятида жойлашган манзил) да бўлган жангда қатнашган. Бу жанг, Хондамирнинг маълумотларига қараганда, 875/1471 йилда содир бўлган. Давлатшоҳ Самарқандий 60 йилга яқин умр кўриб, 1495 йили вафот этган.



Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкират уш-шуаро" асарини ёзишда жуда кўп манбалардан: ўзидан олдин ёзилган тазкиралардан, хусусан Абу Тоҳир Хотунийнинг "Маноқиб уш-шуаро", Авфийнинг "Лубоб ул-албоб" китобларидан, тарихий ва географик асарлардан, хусусан, Истахрийнинг "Китоб масолик ул-мамолик", Гардизийнинг "Зайн ул-ахбор", Абулфазл Байҳақийнинг "Тарихи оли Сабуктакин" ва бошқалардан, шунингдек, тазкирада қайд этилган шоир ва адибларнинг асарларидан кенг фойдаланган.



Тазкирада VII-XV асрларда яшаб ижод этган 155 шоир ҳақида қисқача, лекин ниҳоятда қимматли маълумотлар келтирилган. Тўғри, ҳар қандай илмий асарда бўлгани каби, Давлатшоҳ Самарқандий тазкираси ҳам айрим жузъий камчиликлардан холи эмас. Масалан, айрим ҳолларда саналар, у ёки бу шоирнинг туғилган жойи нотўғри берилган, айрим ҳолларда келтирилган маълумотлар чалкашиб кетган. Шунга қарамай асарнинг ижобий томонлари кўп. Бу асар жуда катта давр - қарийб саккиз юз йил мобайнида Эрон ва Марказий Осиёда яшаб ижод этган шоир ва адиблар фаолиятини тадқиқ қабзасига олган.



"Тазкират уш-шуаро" ёки "Тазкираи Давлатшохий" муқаддима, хотима ва етти қисм (табақа) дан иборат.



Муқаддимада асарнинг ёзилиш сабаблари, VII-X асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган араб шоирлардан Лабид (VII аср), Абу Нувос (вафоти таҳ 814), Абу Таййиб ал Мутанаббий (вафоти-963), Абу Аьло ал-Мааррий (973-1058) ва бошқалар ҳақида маълумот келтирилган.



Биринчи ва иккинчи қисм X-XI асрларда Эрон ва Марказий Осиёда яшаб ўтган 21 йирик шоирнинг қисқача таржимаи холи ва ижодига бағишланган.



Учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларда Хоразмшоҳлар - Ануштегинийлар (1077-1231), Элхонийлар (1258-1349) ва Музаффарийлар (1315-1393) замонида ижод этган 54 шоир ҳақида маълумот бор.



Сўнгги икки табақа Темур ва Темурийлар замонида Марказий Осиё, Эрон ва Ироқда яшаган 41 шоир ижодига бағишланган.



Хотимада эса мазкур тазкира муаллифи билан замондош машҳур алломалар Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожа Афзалиддин Муҳаммад, Амир Аҳмад Сухайлий, Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳ Марварид ҳамда Хожа Осафий ҳақида маълумотлар келти¬рилган.



Давлатшоҳ Самарқандий тазкирасида жамланган шоирларнинг асарлари шарқ мумтоз адабиётининг умумий йўналиши, унинг тараққиёт йўллари, Шарқ шеъриятида кенг қўлланилган рубоий, қасида, разал, ҳажв жанрларининг пайдо бўлиши ва такомиллашуви, тарсиъ, тажнис, таржиъбанд, мураббаъ сингари шеърий шаклларни ўрганиш ҳамда тадқиқ этишда муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, улар орасида Жавҳарий Заргар, Хожа Қирмоний, Жалол Табиб, Хожа Исматулло Бухорий, Аминиддин Нузулободий сингари достончилик жанрининг етук намояндалари, назм ва насрга оид "Таржимон ал-балора" ("Нотиқликни тушунтириб берувчи китоб") асари би¬лан машҳур Фаррухий (вафоти-таҳ 1037-1038), "Чаҳор мақола" китоби билан шуҳрат топган Низомий Арузий Самарқандий (XII аср), форс тилининг шарҳли луғатини тузган Қатрон ибн Мансур Термизий (XII аср), "Ҳадоиқ ас-сеҳр" ("Сеҳр боғлари") асари би¬лан ном таратган хоразмлик Рашидиддин Ватвот (1088-1182), "Нигористон" асари муаллифи Муиниддин Жувайний, "Шабистони хаёл" китоби муаллифи Яҳё Себак Нишопурий, "Жавоҳир ул-асрор" ("Сирлар жавоҳири") асарини бутун Шарққа манзур эта олган Шайх Озарий (1382-1462), мусиқа илмининг машҳур намояндаларидан Соҳиб Балхий, хат ва хаттотлик илмининг пири Симий Нишопурий ҳам борки, булар ижоди мумтоз адабиёт ҳамда Ўрта аср Шарқ фани тараққиёти тарихида муҳим ўрин эгаллайди.



Китобда таърифи келтирилган шоирлардан аксарияти даврининг малик уш-шуароси бўлган. Уларнинг қарийб ҳаммаси охир-окибатда таъмагир ва ҳасадчи, иғвогарлар маскани - шоҳлар саройини тарк этганлар. Авҳадиддин Анварий (XII аср), Рашидиддин Ватвот, Бухорода муламмаҳ (бир шеърни икки тилда ёзиш) анъанасини бошлаб берган, ҳажв жанри ривожига улкан ҳисса қўшган Хожа Исматулло Бухорий (1365-1426) ана шундай шоирлар жумласидандир.



Тазкирада жаҳонга машҳур файласуф шоир ва олим Носир Хусрав (1004-1088), Шарқ мумтоз шеърияти даҳоларидан ва мусиқашунос Хусрав Деҳлавий (1253-1325), шоир ва йирик тарихчи олим Фаҳриддин Банокатий (вафоти - 1329), Камол Хўжандий (1318-1401), Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий билан бирга меҳнаткаш халқ орасидан чиққан нозимлар ҳам қайд этилади. Асли деҳқон табақасидан, Низомий Ганжавийнинг "Маҳзан ул-асрор"ига минг байтдан иборат жавоб ёзган Жамолиддин ибн Жаъфар Фарраҳоний; бир умр қўш қўшиб, деҳқончилик каштан, шеърни кетмон дастасига битиб юрган кўҳистонлик Муҳаммад Ҳисомиддин; авом ун-нос (оддий халқ)дан чиқиб, шоирлик, хаттотлик ва наққошликда номи чиқарган Симий Нишопурий; бўйра тўқиб кун кечирган самарқандлик Бисотий ҳақидаги маълумотлар шулар жумласига киради.



Шунингдек, тазкирада ўз шеърлари билан шоҳлар ва ҳокимлар, ноиблар ва қозилар кирдикорларини фош этган Яминиддин Фарюмадий ва унинг ўғли Амир Маҳмуд (ибн Ямин), Убайд Законий, Бурундуқ Бухорий ҳамда Бобо Савдойи Абивардий каби шоирлар зикри ҳам келтирилганки , бу ҳол асар қимматини янада оширади.



Давлатшоҳ Самарқандий асарининг яна бир фазилати унда айрим муҳим тарихий воқеалар баёнининг ҳам келтирилганидир. Чунончи, Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон халқларининг султон Жалолиддин Мангуберди (Мангибурни) бошчилигида 1221-1232 йиллари муғул босқинчиларига қарши олиб борган кураши тарихидан айрим лавҳалар; 1337 йили Хуросонда бўлган сарбадорлар қўзғолони ҳамда шу қўзғолон натижаси ўлароқ Хуросоннинг каттагина қисмида бунёд топган сарбадорлар давлатининг (1337-1381) қисқача тарихи ҳам асарда акс эттирилган. Шунингдек, китобда келтирилган Хуросон ва Марка¬зий Осиё жанубий қисмининг XV аср 40-йилларидаги сиёсий ҳаёти билан боғлиқ тафсилотлар, йирик тарихий шахслар - вазир ва олим Низомулмулк, улуғ шоир ва олим Умар Ҳайём, исмоилийлар тариқати асосичиси Ҳасан Саббоҳ буюк мунажжим Мирзо Улуғбек ҳаётига оид воқеалар ҳам алоҳида қимматга эга.



Давлатшоҳ Самарқандийнинг мазкур тазкираси жамоатчилик эътиборини кўпдан бери тортиб келмоқда. 1819 йилдан буён асарнинг айрим парчалари Россияда (В. А Жуковский ва Ф. Эрдман), Францияда (Сильвестр де Саси), Англияда (Э. Броун ва А Фалько-нер), Туркияда (Фахим Сулаймон афанди), Германияда (Хаммер) ҳамда Голландияда чоп этилган. Унинг тўла матни 1887 йили Бомбейда Мирза Муҳаммад, 1901 йили Лондонда Э. Броун ва 1958 йили Теҳронда Хожи Муҳаммад Рамазоний томонидан нашр этилган.



1900 йили биринчи бор Хивада Муҳаммад Рафе томонидан эски ўзбек тилига (Хоразм шевасида) ағдарилди. 1967 йили Б. Аҳмедов "Тазкират уш-шуаро" тазкирасидан Марказий Осиё ва хуросонлик 32 ва 1981 йили 50 дан ортиқ шоир ҳаёти ҳамда ижодига оид айрим парчаларни ўзбек тилига таржима қилиб, "Давлатшоҳ Самарқандий" номли китобига илова қилган. Холбуки, бу катта асарни атрофлича илмий тадқиқ қилиб, ўзбек тилига ўгириб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этиш бугунги олимларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.