loader
Foto

Камолиддин Беҳзод

Ўзининг такрорланмас ижоди, гўзал санъати ва ажойиб маҳорати билан нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё халқлари маданияти тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиёти учун баракали ҳисса қўшган забардас мусаввир Камолиддин Беҳзод Ҳиротда 1455 йилда ҳунарманд-косиб оиласида дунёга келди.



Ўзининг такрорланмас ижоди, гўзал санъати ваажойиб маҳорати билан нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё халқлари маданияти тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиёти учун баракали ҳисса қўшган забардас мусаввир Камолиддин Беҳзод Ҳиротда 1455 йилда ҳунарманд-косиб оиласида дунёга келди.



Тарихий манбаларда ёзилишича, унинг номи Беҳзод бўлиб, Ҳирот аҳолиси уни суюб, эркалаб Камолиддин, деб чақиришган экан. Алишер Навоий уни ўз мактубларидан бирида «устод Беҳзод» деб атайди.



Манбаларда ёзилишича, Беҳзод ота-онадан жуда эрта етим қолиб, таниқли Ҳирот хаттоти ва рассоми Мирак Наққош Хуросоний қўлида тарбия олади. Ўз даврининг машҳур рассоми, миниатюрасоз Мирак Наққош уйидаги нигористонидаги ижодий муҳит, гўзаллик ва нафосат ёш Беҳзодни ҳам санъат ва ҳунарга ҳавас қўйишга ундади, келажакдаги тақдири учун ижобий роль ўйнади.



Беҳзод турли устозлардан тарбия олган. Манбаларда Беҳзод Пир Сайид Аҳмад Табризий шогирди, деб ҳам кўрсатилган. Пир Сайид Аҳмад Табризий эса бухоролик устод Жаҳонгирнинг шогирди, бухоролик Жаҳонгир эса ўз навбатида устод Гунг шогирди бўлганлиги қайд этилган. Беҳзоднинг асарларидаги ўзига хос хусусиятларда устозларнинг таъсири каттадир.



У ёшлигида машҳур санъаткор Султон Али Машҳадий билан жуда яқин муносабатда бўлганини хаттотнинг бизгача етиб келган қуйидаги бадиҳасидан ҳам билса бўлади:



Азиз, аржуманд фарзанд Беҳзод,

Гоҳ-гоҳида биз томонга келиб турарди.

У ўз суратлари туфайли мен учун умрдек азиз,

Умрдек вақт ўтса ҳам, ҳануз ёдга олмайди.



XV асрдаги Ҳирот адабий, бадиий-илмий, санъат ва маданият оламида пайдо бўлган жуда кўп шахслар сингари Беҳзоднинг ҳам ижодий камолотида Алишер Навоий ҳал қилувчи роль ўйнаган.



Навоийнинг шахсий кутубхонасида ўша даврнинг етук санъаткорлари Мирак Наққош, Ҳожи Муҳаммад каби мусаввирлар, Ҳофиз Муҳаммад, Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Нур каби хаттотлар ижод билан банд бўлганлар. Беҳзод шу кутубхонада, айниқса, хаттот Султон Али Машҳадий ва Ёрий Музаҳҳиб билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган. Беҳзод ижодининг мавзу доираси, қаҳрамонлари шу ерда Навоий ва бошқа санъаткорлар ижоди таъсирида камол топган.



Беҳзод мусаввир сифатида танилгач, Султон Ҳусайн саройида хизматга чақирилган. 1487 йил Султон Ҳусайн фармони билан Беҳзод салтанат кутубхонасига раҳбар этиб тайинланган. Кутубхонадаги музаҳҳиб, халкор, заркўб, лаввоҳ, саҳҳоф, жадвалкаш, наққош ва қоғозрезу давотчилар бевосита Беҳзод раҳбарлигида ишлаганлар. Кейинчалик бу жой ўз даврининг бадиий академиясига айланади. Уни мутахассислар «Нигор хонайи Беҳзод» ёки «Беҳзод академияси» деб атаганлар.



1507 – 1510 йилларда Беҳзод Ҳиротни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон хизматида бўлган.



Темурийларнинг юксак маданиятига ҳурмат ва эътибор билан қараган Шайбонийхон Беҳзод санъати олдида лол қолиб, унинг ижодий ишларига деярли тўсқинлик қилмайди, аксинча, мумкин қадар шароит яратиб берган.



Эрондаги Сафавийлар салтанати бу даврда анча кучайиб, ички ва сиёсий курашлар туфайли инқирозга юз тутган Хуросондаги Шайбонийлар салтанатига таҳдид солиб, 1510 йилда икки сулола қўшини ўртасида Марв ёнидаги Тоҳиробод деган жойдаги шиддатли жангда Муҳаммад Шайбонийхон ҳалок бўлади, унинг қўшини тор-мор этилади ва Ҳирот Сафавийлар қарамоғига ўтади. Шоҳ Исмоил Сафавийлар қарамоғига ўтади.



Шоҳ Исмоил Сафавий 1512 йил Ҳиротдаги бир неча истеъдодли санъаткорларни, ҳунармандларни ўзи билан бирга Табризга олиб кетади. Ҳиротдан Табризга олиб кетилган «жавоҳир»лар орасидаги энг нодири ва ноёби Камолиддин Беҳзод эди. Чунки Беҳзод бу пайтда бутун Шарқ элларида донғи кетган буюк санъаткор бўлиб, уни ўз қарамоғида сақлаган салтанат энг бой, қудратли ва обрў-эътиборли ҳисобланарди.



Камолиддин Беҳзод санъатини юксак қадрлаган Исмоил Сафавий наққошга ижод қилиш учун Табризда барча шароитларни яратиб беради. Маълумки, Табризга Беҳзод бир гуруҳ истеъдодли шогирдлари билан келган бўлиб, улар ҳам Табризда Беҳзоднинг раҳнамолигида ўзларининг ижодий ишларини давом эттирадилар.



Манбаларда берилган маълумотларга кўра, 1520 йилда Шоҳ Исмоил ёш шаҳзода Таҳмосибга расм ўргатиш учун Беҳзодни ўз салтанати пойтахти Табриз шаҳрига таклиф этади. 1522 йил эса махсус фармон билан рассомни ўз кутубхонасидаги китоба аҳли (котиб, наққош, музаҳҳиб, жавдалкаш, ҳалкор, заркўб, дожувардшўй ва бошқалар)га мутасадди этиб тайинлайди.



Беҳзод Табризда истиқомат қила туриб санъаткор сифатида ҳаётида яна бир бор жасорат кўрсатди. Ғурбатда, ғоят руҳий азобларда, она шаҳридан олисда туриб яна бир нафис тасвирий санъат мактабини бунёд этади. Ҳиротдагидек бу ерда ҳам ўз атрофига истеъдодли рассом, наққош ва бошқа ҳунармандларни тўплади, уларга қунт билан раҳнамолик қилиб, ўзининг сеҳргар санъатининг сир-асрорларини ўргата бошлади. Табризда Султон Муҳаммад, Оқо Мирак, Мир Мансур Мусаввир, Мир Саид Али сингари ўнлаб истеъдодли мусаввирларни тарбиялади.



1524 йилда Табриз султони Шоҳ Исмоил Сафавий вафот этади ва тахт ёш шаҳзода Таҳмосиб қўлига ўтади.



Манбаларда берилган маълумотларга кўра, Беҳзод Сафавийлар саройига жуда яқин, подшо салтанатидаги энг ишончли санъаткор бўлгани учун ҳам шаҳзода Таҳмосибга болалик пайтиданоқ миниатюрасозлик илмидан дарс бериб, уни ҳам ўзининг сеҳргар санъатининг сир-асроридан хабардор қилиб борган.



1537 йилда кексайиб қолган Беҳзод Ҳиротда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганлигидан хабардор бўлиб, уни кўрмоқ учун она шаҳри Ҳиротга отланади. Лекин у Рустам Али дийдорига етиша олмайди. Беҳзод Ҳиротга етиб келгунча у оламдан ўтган бўлади. Бундай жудоликдан қаттиқ қайғурган, кекса мўйсафид Беҳзоднинг ўзи ҳам оғир хасталаниб, 1537 йилда Ҳиротда оламдан ўтади. Мусаввирнинг қабри Кўҳи Мухтор (Мухтор тоғи; Афғонистон ҳудудида)нинг хушманзара жойида. Унинг қабри тошига шоир Амир Дўст Ҳошимийнинг қуйидаги шеъри битилган:



Ваҳид-ул-аср Беҳзод он ке чун у

Зи батни модари айём кам зод,



Қазо чун суврати умраш бипардохт

Ажал хоки вужудаш дод бар бод.



Зи ман сувратгаре тарих пурсид,

Баъд у гуфтам жавоб аз жони ношод:

Агар хохе ке торихаш бидони,

Назар афкан ба «Хоки қабри Беҳзод».



Мазмуни: “Ўз асрининг ягонаси бўлган Беҳзод шундай буюк одамки, ундай кишилар онадан жуда кам туғилади… Қазо (ўлим) унинг ҳаётига хотима ясади, ажал унинг тана тупроғини елга топширди. Бу сувратгар Беҳзод вафотининг тарихини (йилини) мендан сўради. Унга ғам-ғусса билан шундай жавоб бердим: «Беҳзод вафот этган» йилини билишни истасанг, «Хоки қабри Беҳзод»га (яъни Беҳзод қабрининг тупроғига) назар сол».



Шарқ халқларининг муштарак ифтихори, буюк фарзанди бўлмиш Камолиддин Беҳзод XV асрнинг иккинчи ва XVI асрнинг биринчи ярмида Ҳирот ва Табризда яшаб, ғоятда баракали ижод этди, ўзидан сўнги авлодга бой, ранг-баранг ва ажойиб тасвирий санъат асарларини мерос қолдирди.



Камолиддин Беҳзод ижоди



Беҳзод чизган расмлар тарқаб кетган жаҳонга, Асл нусхаси етган Париж ва Лондонга.Унинг кўпгина қисми насиб этган Эронга, Баъзиларин топарсан борсанг агар Афгона, Бу нақшлар сайд экан, ғайрилар сайёд экан.Маҳмуд Ҳасаний



Камолиддин Беҳзод саксон йиллик узоқ ва мазмундор ҳаёти давомида Султон Ҳусайн Миро (1469 – 1505), Муҳаммад Шайбонийхон (1451 – 1510), Шоҳ Исмоил Сафавий (1501 – 1524), Шоҳ Таҳмосиб Сафавий (1524 –1576)лар ҳукмронлик қилган тўрт салтанатни кўрди.



Темурийлар сулоласи пойтахти Ҳиротда ва Сафавийлар пойтахти Табризда яшаб, фалак гардишининг ёрқин кунларию, азоб-уқубатларини ўз кўзи билан кўриб мушоҳада қилди, ижтимоий борлиқдан олган бой ва ранг-баранг таассуротларини, ички кечинмаларини, кайфиятларини ўз ижодида зўр маҳорат билан тасвирлади.



Беҳзоддан бизга қадар ранг-баранг жанрларда кўплаб асарлар қолган. У Шарқ тасвирий санъатини жанр, мавзу, ғоявий йўналиши, тузилиши, ранглар таносиби, шакл ва воқеалар мутаносиблиги жиҳатдан янги тараққиёт чўққисига кўтаради; оддий ҳаётий воқеа-ҳодисалардан тортиб, машриқзаминда кенг ёйилган анъанавий лавҳалар асосида гўзал миниатюралар чизди, даҳо алломаларнинг шоҳ асарларини, тарих китобларини безади; замонасидаги буюк шахсларнинг аксини – портретини яратди.



Дарвоқе, Беҳзод ижодининг дастлабки йилларида кўпроқ тарихий, замонасининг долзарб мавзуларида (масжид қурилиши, туялар жанги, Доро саргузашти, Амир Темур саройида қабул маросими), қаҳрамонлик мавзуларида асарлар яратган бўлса, кейинчалик кўпроқ анъанавий, халқ оғзаки ижоди ва лирик қаҳрамонлар тимсолларини яратишга киришади.



Жумладан, у Низомий Ганжавий «Хамса»си, Амир Ҳисрав Деҳлавийнинг «Лайли ва Мажнун» (1492), Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут тайр» (1494) асарларига ғоятда гўзал миниатюралар чизган.



Бу асарлар достон ёки хикоятда тасвирланган воқеанинг мўъжаз бир тарзда ўзидамужассалаштиргани, қаҳрамонларнинг ҳар бири ўзига хос бир тарзда ифодаланганлиги билан киши диққатини ўзига тортади. Масалан, Низомийнинг «Хамса»сига чизилган «Лайли ва Мажнун мактабда» номли сурат ўзининг ҳар жиҳатдан мукаммаллиги билан диққатга молик.



Тўрт томони нақшинкор бинолар, майсазору гуллар, сермева дарахт оғушидаги синфхонада бир гуруҳ болалар дарс ўқимоқда, бошқа бир тўдаси эса болаларга хос шўху танглик билан ўйнашмоқда, овқатланишмоқда, баъзилари либосларини киймоқда. Аммо Лайли билан Мажнун маҳзун, чор атрофдаги воқеага бепарво, аллақандай ҳаёлот оламига ғарқ, бир-бирларини зимдан кузатиб ўтирибди.



Беҳзод Шарқ миниатюра санъатига ҳаётийлик, ҳаққонийликни – реализмни олиб кирган ижодкордир.



Беҳзод томонидан юзлаб миниатюралар ишланган. У Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сига, шоир Саъдийнинг «Бўстон», «Гулистон», шоир Абдулло Ҳотифийнинг «Темурнома» каби асарларини нафис ва гўзал минитаюралари билан безаган.



Шунингдек, мусаввир мураққаъ (альбом)ларга ҳам гўзал ва нафис миниатюралар чизган. Жумладан, Хуросон ҳокими Султон Ҳусайн Мирзонинг мажлислари тасвир этилган мураққаъ (альбом). Ушбу мураққаъ Султон Ҳусайн Мирзонинг Ҳиротдаги китобхонаси учун тайёрланган.



Бундаги 40 дан ортиқ гўзал миниатюра Камолиддин Беҳзод томонидан ишланган. «Темур тарихи мураққаъси». Ушбу альбом 1467 йилда номаълум санъаткор томонидан тузилган бўлиб, нуқра ва тиллакорлик ҳунарлари ила ўта зўр маҳорат билан жуда пухта ва гўзал ишлангандир. Унда бошқа нафис тасвирий санъат намуналари билан бир қаторда Камолиддин Беҳзоднинг бир неча миниатюралари мавжуд.



У тарихий, замонавий мавзуларда ўнлаб асарлар яратиш билан бирга ўзи бевосита мулоқотда бўлган, мурувват кўрган маслакдошлари, замондошларининг суратларини чизиб, тасвирий санъатимиз тарихига портрет жанрини олиб кирди.



Беҳзод портрет жанрининг бошловчиси ва моҳир устаси бўлган. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон каби тарихий шахсларнинг портрети Беҳзод мўйқалами туфайлигина бизгача етиб келган.



Бизгача Ҳусайн Бойқаронинг Беҳзод қаламига мансуб иккита тасвири сақланиб қолган. Жажжи тасвирда Султон Ҳусайн Бойқаро шаклу шамойили, келбати шундай аниқ ҳаётий ифода топганки, портретни синчиклаб кузатган кишига, Бобурнинг Султон Ҳусайн Мирзо ҳақидаги таърифи беихтиёр эсга тушади.



«Шакл ва шамойили қийиқ кўзлук, шерандом бўйлуқ киши эди. Белидан қуйи ингичка эди, хуш ранг қизил, яшил абришимни кияр эди. Қора қўзи бўрк кияр эди, ё қалпоқ Аҳёнан ийдларда кичик сепеч дасторни яп-ясси ямон чирмон чирмаб, қарқара ўтакаси санчиб, намозга борар эди»

(«Бобурнома» Б.47).



Беҳзод Шайбонийхон хизматига ўтиб, 1507 йилнинг иккинчи ярмида унинг портретини яратган. Бу портрет-тийнат ҳар жиҳатдан эътиборга лойиқ. У Беҳзод ижодининг портрет яратишдаги ёрқин саҳифаси, десак бўлади. Тасвир композицияси, ранглар уйғунлиги, улар талқини жиҳатдан чуқур рамзий умумлашмани жамлаб олган. Расмда подшоҳнинг сийрати, руҳий ҳолати жуда ишонарли ифода қилинган.



Тасвирнинг тепа қисмида Беҳзоднинг иккита дастхати, ўнгда – «Сурати Шайбонийхон», сўлда – «Ал-обд Беҳзод», яъни «Қул Беҳзод» деган битик мавжуд. Камолиддин Беҳзод яратган уч машҳур ўзбек подшоҳининг тасвирий тийнати Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихида алоҳида ўрин тутади.



Камолиддин Беҳзод ижоди ҳақида гапирганда, қоҳиралик санъатшунос олим доктор Муҳаммад Мустафо томонидан нашр этилган «Беҳзод миниатюра мактабига оид мўъжаз тасвирлардан намуналар» деган мажмуа Беҳзоднинг машҳур «Султон Ҳусайн Мирзо саройида зиёфат» деган миниатюраси билан очилади.



Мажмуадаги иккинчи тасвир ҳам мазмун жиҳатидан биринчисига ўхшаб кетадики, унда ҳам Султон Ҳусайн Мирзо ҳузуридаги зиёфатлардан бири тасвирланади. Ушбу мажмуадаги Беҳзод мўйқаламига мансуб тасвирларнинг учинчиси «Малик Доро ва отбоқарлар» деб аталади.



Камолиддин Беҳзод ижоди кейинги асрлар Хуросону Мовароуннаҳр, Ҳиндистон миниатюра санъати ривожига сезиларли таъсир этган. Қосим Чеҳракушо, Маҳмуд Музаҳҳиб, Мулло Дарвеш, Дўсти Девона, Муҳаммадмурод Самарқандий сингари мусаввирлар Беҳзод миниатюра мактабидан бевосита сабоқ олиб, унинг илғор анъаналарини муваффақият билан давом эттирган санъаткорлардир.



Беҳзод ва унинг шогирдлари санъати Европа рассомлари ижодига ҳам самарали таъсир кўрсатгани рост.



1903 йили Германияда санъат кўргазмаси очилган. Унда Беҳзод ва унинг замондошлари асарлари намойиш этилади. Кўргазмани Анри Матисс, Сезанн каби француз рассомлари кўриб, ҳайратга тушишади.



Шарқ рассомлари асарларидаги бир-бирига зид, кескин ранглар, уларни нозик мувозанатда ва уйғунликда ишлаш санъати уларга катта таъсир кўрсатади.



Камолиддин Беҳзод тасвирий санъатни шунчалик моҳирона эгаллайдики, у "Монийи Соний (2 моний)" ва "Шарқ Рафаэли" деган юксак номга ҳам сазовор бўлади.



Шуни алоҳида қайт қилиб айтиш мумкинки, Камолиддин Беҳзод ижоди кўп асрлардан бери жаҳон санъати аҳлига таъсир кўрсатиб келади. Республикамизда унинг бадиий меросини ўрганишга катта аҳамият берилмоқда.



Беҳзод ижодини тадқиқ ва тарғиб этишда санъатшунос, файласуф, тарихчи ва адабиётшунос олимлар томонидан қатор монография, рисола ва илмий мақолалар яратилган ва яратилмоқда.



Жумладан, Н.Норқуловнинг «Камолиддин Беҳзод» (1968), Н.Норқулов ва .Низомитдиновларнинг «Миниатюра тарихидан лавҳалар» (1970), О.Усмоновнинг

«Камолиддин Беҳзод ва унинг наққошлик мактаби» (1977),К.Оқилованинг «Мусаввир Камолиддин Беҳзод» (1993), Н.Ойдиновнинг «Беҳзоднинг нурли мўъжизаси» (1996), Б.Мансуровнинг «Шарқ санъатининг буюк намояндаси»(буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод) (1977), Т.Қўзиевнинг «Жаҳонни забт этган мусаввир» (Камолиддин Беҳзод 545 ёшда) (1997), «Беҳзод ва тамаддун» (2000), О.Усмонов ва А.Мадраҳимовнинг «Камолиддин Беҳзод» (2000) каби рисолалари яратилди.



Шунингдек, шоир ва ёзувчилар томонидан яратилган роман, достон ва шеърларда Беҳзод образи қаламга олинган. Масалан, Ойбекнинг «Навоий», П.Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романидаги каби эпизодик тимсол бўлиб эмас, Беҳзод образи бир даҳо сифатида ўз аксини топади.



Шукур Қурбоннинг «Беҳзоднинг бир куни» драматик достони, О.Бўриевнинг «Беҳзод ва Ширин» достони, Маҳмуд Ҳасанийнинг «Наққошларнинг султони» шеъри, Темур Убайдуллонинг «Мусаввирнома» каби шеърлари яратилган.



Беҳзод номини абадийлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Фармони (1997 йил 23 январь)га биноан Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди.



Тошкентдаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига Камолиддин Беҳзод номи берилди.



1997 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони бўйича Ўзбекистонда биринчи марта Т.Болтабоев, Х.Назаров, Ғ.Камолов, А.Илҳомов, Б.Раҳмонбердиев, Р.Матчоновлар Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотини олишга муяссар бўлдилар.



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори (1997 йил 23 декабрь)га биноан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО ҳомийлигида Беҳзод таваллудининг 545 йиллиги кенг нишонланди. 2000 йил ноябрда бу тадбир дунёнинг 190 мамлакатида нишонланди.



Тошкентда 2000 йил 23 ноябрда Темурийлар тарихи Давлат музейида «Камолиддин Беҳзод ва Шарқ миниатюра санъати» халқаро анжуман бўлди. Ушбу анжуманда Британия, Туркия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистон санъатшунос олимлари иштирок этдилар.



Юбилей муносабати билан Беҳзод ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қанча тадбирлар амалга оширилди.



Жумладан, «Камолиддин Беҳзод» ҳужжатли филми яратилди (2000 й). Беҳзод боғи барпо этилди. Махсус музей очилди. Альбомлар, тақдимлар чиқарилди. Оммавий ахборот воситаларида кўплаб эшиттириш, кўрсатув ва вақтли матбуотларда мақолалар берилаётир.



Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ўзбекистондан четга олиб кетилган ва халқ бойлиги бўлган архив ҳужжатларини қайтариб олиб келиш бўйича ташкил этилган махсус комиссия Камолиддин Беҳзоднинг дунё бўйлаб сочилиб кетган меросини, кутубхона ҳамда музейларда сақланиб қолган асарларини ўрганиб чиқади. Бевосита Камолиддин Беҳзод қаламига мансуб 120 дан ортиқ миниатюра асарлари борлиги аниқланди.



Масалан, Оксфорддаги (Буюк Британия) Бодлиан кутубхонасида Алишер Навоий «Хамса»сида Камолиддин Беҳзод мўйқалами билан ишланган миниатюраларнинг аслияти мавжудлиги аниқланди. Мазкур кутубхонанинг Шарқ бўлимида «Хамса»га кирган 4 та асарнинг ўзидагина Беҳзод мўйқаламига мансуб миниатюраларнинг сони тани ташкил этади.



Яна, дунёдаги энг йирик илмий хазиналардан бири бўлган Лондондаги Британия кутубхонасида Низомийнинг «Хамса»си қўлёзмасига Беҳзод томонидан ишланган 27 та миниатюра борлиги аниқланди.



Қоҳира шаҳридаги Миллий кутубхонада сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари даҳоси билан яратилган миниатюра санъатининг ноёб дурдоналари аниқланди. Уларнинг 6 таси шахсан Камолиддин Беҳзод мўйқалами билан чизилган. 10 га яқини унинг шогирдлари Қосим Али, Шайхзода ва Султон Муҳаммад ижодининг маҳсули экан.



Шунингдек, Истамбул шаҳридаги «Тўпкапи» саройи кутубхоналарида сақланаётган Камолиддин Беҳзоднинг Ҳисрав Деҳлавий ва Низомий асарларига ишланган 14 дона миниатюра асарларидан олинган кўргазмалар учун мослаштирилган рангли суратлар ҳам шулар жумласидандир.



Виктория ва Альберт музейида сақланаётган ҳамда Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шедрин кутубхонасида сақланаётган миниатюраларнинг эгизак нусхалари яратилиб Ўзбекистонга олиб келинди.



Хулоса қилиб айтганда, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари томонидан яратилган миниатюралар асарларининг слайдлари, компакт диск ҳамда факсимил репродукциялари, кўргазмалар учун мослаштирилган транспарент шаффоф нусхалар олиб келиниб Камолиддин Беҳзод музейига топширилди.



Камолиддин Беҳзод замондошлари хотирасида



Камолиддин Беҳзод замондош мўйқалам соҳиблари орасида энг яхши мусаввир ва хаттотларнинг бошлиғи, ўз санъатининг чўққисига эришган улуғлардан эди. (Дўст Муҳаммад)



Рангтасвир пайдо бўлгандан буён бу соҳада санъат аҳли орасида унга тенг келадигани йўқ эди.(Қози Аҳмад)



Камолиддин Беҳзод ажойиб ва ғаройиб суратларини заҳир қилувчи ҳунар нодирликларини бунёд этувчи Моний каби сурат чизувчи, мўйқаламли, олам мусаввирлари асарларини (ажойиб суратлари билан) йўққа чиқарувчи мисли йўқ (нозик) ҳунарини маҳа қилгувчидир… (Хондамир)



Устоди моҳируласноф ҳамиша суввари мухталифа ва нуқуши мутанаввиани ўзи билан сақлаб эди, ҳожат вақтида ишга сурар эрди ва аксар Амир Бобо Маҳмуд суратинким, даргоҳи олампаноҳ Султон Ҳусайн Мирзонинг азимшаън, бузург рафиуламакон, сутург кубаросидан эрди авзоъи мухталифа билан тасвирин чекар эрди. (Зайниддин Восифий)



Аср нодири, мусаввирлар пешвоси, устод Камолиддин Беҳзодга – Ҳумоюн подшоҳ кутубхонаси аҳлига, яъни котиб, наққош, музаҳҳиб, жадвалкаш, ҳалкор ва заркўбларга… бошчилик мансаби топширилсин. (Ҳусайн Бойқаро)



Мусаввирлардан Беҳзод эди, мусаввирлик ишини бисёр нозук қилди… Соҳоллик кишини яхши чеҳрали, кушойлик қиладур.



* * *



Устод Беҳзоднинг (яъни Алишербекнинг) тарбият ва тавқияти билан, саъй ва эҳтимоли билан мундоқ тараққий ва шуҳрат, мундоқ машҳур ва маъруф бўлди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Камолиддин Беҳзод чет элликлар хотирасида Беҳзод миниатюралари шарқ тасвирий санъати дунё маданиятининг ноёб хазинаси эканлигидан далолат беради.



Унинг асарлари ғарб тасвирий санъати ривожигаҳам бевосита таъсир кўрсатган. Мусаввирлик, умуман, санъат чегара билмайди. Ундан ҳамма миллат кишилари бир хил баҳраманд бўлаверади. Рассомнинг асарини тушуниш учун таржимон талаб этилмайди. Масалан, Беҳзод асли шарқлик эса-да, унинг мўйқалами ҳосилаларидан Европа ёғуд Лотин Америкаси халқлари ҳам бевосита завқ олаверади. (Камол Ҳасан Шалтут (Миср))



Беҳзод миниатюралари Шарқда қадимдан тасвирий санъат яхши ривожланганини, Шарқ кишиларининг диди ниҳоятда нозик бўлганлигини тасдиқлайди. Омур Коч (Туркия)



Беҳзод наққошлиги XV аср миниатюра санъатининг олтин даври ҳисобланади. Беҳзод Ҳирот нафис тасвирий санъат мактабида энг улкан устоз мусаввир эдиким, унинг шогирдлари гўзал миниатюрасозлик санъатини бутун жаҳон бўйлаб тарқатдилар. (Абдулҳай Ҳабибий (Афғонистон))



Ўша замонда жуда катта шуҳрат қозонган Беҳзод ва Шоҳ Музаффар сингари атоқли наққош-рассомлар, шубҳасиз, Мир Алишер Навоийнинг қўллаб-қувватлаши натижасида камолотга эришдилар. (Эдвард Браун)



Беҳзод мусаввир Мирак Наққош раҳбарлигида шаклланган бўлса, ижодининг юксак босқичига кўтарилиши давлат арбоби, шоир Мир Алишер раҳбарлигида бўлди. Худди ана шу зотнинг хомийлиги, раҳбарлиги, йўл-йўриқ кўрсатиши натижасида… устоз Беҳзод ва Шоҳ Музаффарлар рассомликда шуҳрат қозондилар. (Н.Шукин (Француз санъатшунос олими))



Буюк мусаввир Беҳзод миниатюра санъатини фақат шаклий жиҳатдан эмас, бетакрор мазмун ва моҳият, фалсафий жиҳатдан ҳам юксак поғонага кўтара олди. Унинг асарлари исломий маданият дурдоналари сифатида Европа тамаддунига ҳам кучли таъсир кўрсатди. Ибодулла Баҳорий (Буюк Британия)



Беҳзоднинг овруполик рассомлар сингари студияси бўлмаган. Унинг иш жойи оддий ҳужра бўлиб, деворлари моҳир Шарқ хаттотлари томонидан суралар билан безатилган эди. Шундай муҳитда Беҳзод яшар, нозик мўйқалам билан ижод қиларди. (Ф.Р.Мартин (Швед санъатшуноси))



Қисқа бир вақт орасида Беҳзод шу даражада моҳир мусаввир бўлиб етишдики, ранг-тасвир пайдо бўлгандан буён бу соҳада санъат аҳли орасида унга тенг келадиган йўқ эди. (Қози Аҳмад)



Беҳзод ХХ – ХХI аср олимлари талқинида



Беҳзод хақли равишда улуғ санъаткор рассом Беҳзоднинг мўйқалами ҳақиқатан том маънода сеҳргардир. Бўёқларнинг майин гўзаллиги, доимий оҳанги, япроқларнинг ёрқин кўзга ташланган маъноси билан бу рассом ўз санъатининг қайта келмас бир моҳиридир. (Ойбек)



У жаҳон тасвирий санъатининг буюк арбоби. Хусусан, ўзбек миллий тасвирий санъатининг илк намояндаси. Айни пайтда жаҳон цивилизациясига, шу соҳа

тараққиётига кучли таъсир ўтказган зотлардан. (А.Қаюмов)



Беҳзод яратган миниатюралар Навоий асарларини чуқур тушунишга, англашга, таҳлил қилишга ёрдам беради. Суратлар ёрдамида Навоий сатрларини, мазмун - моҳиятини англаш осонлашади. (А.Ҳайитметов)



Хуросон ўлкаси пойтахти Ҳиротда дунёга келган Камолиддин Беҳзод ўз даврининг буюк рассоми, «Монийи соний» унвонига сазовор бўлиб, аср нодири, XV аср иккинчи ярми Ҳирот миниатюра мактаби асосчиси сифатида шуҳрат қозонди. (М.Хайруллаев)



Беҳзод нафақат Шарқ халқлари маданияти тарихида ўчмас из қолдирган, жаҳон тамаддуни хазинасини ўзининг ажойиб қимматбаҳо дурдоналари билан бойитган, бутун дунё цивилизацияси тарихида салмоқли ўрин олган буюк ва забардаст санъаткордир. (О.Усмонов)