Бугунги кунда бутун жаҳонга машҳур бўлган Эйфель минорасини 1889 йилда, Парижда ўтказилган Бутунжаҳон кўргазмаси учун қурувчи-муҳандис Александр Гюстав Эйфель тиклаган эди. Эйфелнинг фикрича, бу минора вақтинчалик, яъни, 20 йил туриб бериши керак эди. Бироқ Франциянинг рамзига айланган минора орадан 123 йил ўтдики, ҳамон ўша-ўша...
Европанинг энг қиммат иншооти
Яқинда Европанинг энг қиммат тарихий иншооти сифатида Париждаги Эйфель минораси танланди. 344 млрд. фунт-стерлингга баҳоланган ва баландлиги 324 метр, оғирлиги 10 100 тонна бўлган ушбу минора Италиядаги Колизей иншоотидан 6 баробар қиммат экан.
Ушбу тадқиқот Италияда ўтказилди. Шунингдек, бир йилда 7 миллион инсон ташриф буюрадиган Эйфель минораси дунёда энг кўп зиёрат қилинадиган тарихий макон деб тан олинди. Шу пайтгача бу минорани 200 миллион инсон зиёрат қилган. Италиядаги Колизей майдонига йилига 4 миллион сайёҳ ташриф буюради.
Эйфель дарахтга айланмоқда
Сайёҳларни ўзига жалб қилувчи машҳур минорани темир қафас кўринишидан воз кечиб, дунёнинг экологик рамзига айлантириш борасида улкан қадам ташланди. Минора янги лойиҳага кўра дунёдаги энг кўркам дарахтга айлантирилади. У 600 минг туб турли ўсимликлар билан қопланади. “Le Figaro” газетасининг хабарига кўра, лойиҳа режаси 7 декабрда якунига етказилади. Лойиҳани амалга ошириш учун 72 миллион евро сарфланиши белгиланган. Ўсимликлар 2013 йилнинг июн ойидан бошлаб жойлаштирилади. 2014 йилга бориб, Эйфель минораси ям-яшил тусга киради.
Миноранинг рафиқаси бор
Сан-Францискода яшовчи 37 ёшли Эрика ля Тур ҳамма аёллар каби оддий бир аёл. Аммо у ғайриоддий севги асираси. Эрика Эйфель минорасини севиб қолган. Ёшлигидан таъқиб этиб келган ана шу муҳаббат таъсирида Эйфель фамилиясини ҳам олди. Унга ўхшаган ғайриоддий севги асирларининг 40 таси фанга маълум.
Эйфелни сотган фирибгар
Бугун Франция рамзи бўлган Эйфель минораси бир пайтлар бир уюм темир сифатида металлоломга топширилишига бир баҳя қолган. Дунёдаги энг истеъдодли товламачи деб тан олинган Виктор Люстиг ўтган асрнинг бошларида Эйфель телеминорасини сотди...
Франция почта ва телеграф вазирининг ўринбосари эканлигини ҳеч шубҳасиз тасдиқлайдиган сохта ҳужжат билан у металл парчаларини сотиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган олтита йирик фирмаларнинг вакилларига расмий мактуб юборди. Икки кундан сўнг эрталаб қора металлни иккиламчи қайта ишлаш бўйича беш нафар дилер «Крийон»нинг ҳашаматли саройида тўпланди. Чаққон официантлар меҳмонларни коктейллар ва таомлар билан сийлашар, ниҳоят, ёқасига «Фахрий Легион» ордени белгисини таққан Люстиг пайдо бўлди. У тўғри вакил жанобларининг олдига келиб, республика президенти ва шаҳар мэрияси номидан бизнесменларга амалий таклиф билан мурожаат қилди. Уч кундан сўнг пулдорлар бузиладиган минорани сотиб олиш учун кимошди савдосида қатнашишга ариза беришди...
Битимлар жуда тез ва ҳеч қандай тўсиқсиз тузилди. Томонлар ёқимтой табассум билан бир-бирларининг қўлларини сиқиб хайрлашишди. Минора «Пуассон» фирмасининг эгаси Андре Пуассонга сотилди.
Эйфелнинг бузилмаслиги маълум бўлганда эса Люстиг чамадон тўла пул билан аллақачон Венага қочиб кетганди. Қизиғи шундаки, орадан бир неча йил ўтиб, Люстиг яна Парижга қайтади ва иккинчи марта Эйфелни сотиш ҳаракатига тушади. Ўша усул, ўша қоидалар билан. Аммо бу гал унинг иши юришмайди.
Фарғонада ҳам эйфель минораси бор
Фарғоналик Комилжон Жўраев Эйфель минорасининг нусхасини ясаган. Мазкур минорани қуриш учун 10 тонна арматура ишлатилган бўлиб, унинг бўйи 21 метр ва тепасига 1,5 метр диаметрдаги футбол тўпи ўрнатилган. Қурилишга 45 кун сарфланган. Чет элдан келган сайёҳлар, хусусан, французлар ҳам Ўзбекистондаги Эйфель минорасини томоша қилмоқда. Бугун дунёда Эйфель минорасининг кўплаб нусхалари, макетлари мавжуд. Юртдошимиз тиклаган иншоот ҳақидаги маълумотлар ва миноранинг сурати ҳам “ҳақиқий Эйфель минораси” сайтига киритилган.
Шоҳ Жаҳон тайёрлади