loader

Абадий ҳаёт эликсирини излаганлар қисмати

Инсон умрини имкон қадар узайтириш, иложи топилса, мангу ҳаётга эришиш орзуси башариятни ҳеч қачон тарк этмаган. Бироқ қизиғи шундаки, бу борадаги ҳар бир омадли тажриба, жиндек муваффақият ҳам ҳаммадан сир тутилган. Ҳолбуки, мангу ҳаётга интилиш жараёнида инсн умрини муайян даражада узайтирувчи воситаларни топа олган одамлар ҳам бўлган. Тарихий манбаларда бу ҳақда узуқ-юлуқ ва унчалик ишонарли бўлмаган маълумотлар учрайди.

Шунга қарамай, ақл бовар қилмас даражада узоқ яшаган одамларнинг номи тарихда сақланиб қолган. Бу бежиз эмас, албатта. Демак, узоқ умр кўришга қандайдир асос бўлган.

1278 йил вафот этган епископ Аллен де Лисл табобат билан шуғулланган, тарихий солномаларда унинг номи «жамики дардларга шифо бахш этувчи ҳаким» дея улуғланган. Айрим манбаларда қайд этилишича, руҳоний умрни узайтирувчи дорини кашф этган экан. У қариб қолганида ана шу малҳам ёрдамида қайтадан яшариб, яна 60 йил умр кўрган эмиш.

Яна бир бошқа тарихий шахс, қадимги Хитойда дао фалсафасига асос солган, 34-156 йилларда яшаб ўтган Чжан Даолин ҳам ҳаётини қарийб шу муддатга узайтира олган. У узоқ йиллар мобайнида қунт ва тиришқоқлик билан узланишлар олиб бориб, умрни узайтирадиган мўъжизавий дорини яратишга муваффақ бўлган. Хуллас, тарихий манбаларга ишонадиган бўлсак, файласуф 60 ёшида қайтадан яшариб, 122 йил умр кўрган экан.

Тўғриси, қадимги хитой манбаларида узоқ умр кўрган зоҳидлар ва авлиёлар ҳақидаги маълумотлар жуда кўп учрайди. «Чжуан-цзи» риосласида қайд этилишича, дао таълимотининг ҳаётни узайтириш бўйича ўзига хос усуллари мавжуд бўлиб, бу қоидаларга амал қилган Пэн-Цзу нақ 800 йил яшаган. Гуан Чэнцзи деган одам эса, ўзини ҳаяжонланиш, ғам чекиш ва ҳатто билим олишдан олиб қочгани туфайли нақ 1200 йил умр кўрган экан.

Шу ўринда Дмитрий Пашковнинг «Бошқалар учун яшашни билмаган одамгина бошқалардан узоқроқ яшайди», деган аччиқ кинояси ёдга тушади. Ахир, ҳеч нарсага қизиқмаган, биров учун жон куйдирмаган, ҳис-туйғу нималигини билмаган ва ҳатто энг бебаҳо неъмат — билим олишдан ҳам юз ўгирган ўша одам 1200 йил яшаб нима топди экан?!

Юнонистонлик тарихчи-файласуф Аристотель ва бошқа муаллифларнинг хабар беришича, Крит оролида яшаган коҳин ҳамда таниқли шоир Эпименид ўз умрини 300 йилга узайтиришга муваффақ бўлган эмиш.

Умрзоқлар орасида бу ёш чегара эмас, албатта. Португалиялик тарихчи ўз солномасида бир ҳинд билан учрашиб суҳбатлашгани ва у ўша вақтда 370 ёшда бўлгани тўғрисида ёзиб қолдирган. Ҳиндистоннинг португаллар эгаллаган ғарбий соҳили — Гоа вилоятида яшаган яна бир ҳинд, 1613 йили Туринда нашр этилган бир китобда келтирилишича, нақ 400 йил яшаган эмиш.

«Умрзоқ одамлар фақат ўтмишда яшаб ўтган экан-да!» — деб ўйлаётгандирсиз, ҳойнаҳой. Йўқ, бундай кишилар яқин-яқинларда ҳам ўзларининг узоқ яшаганига оид кутилмаган далиллар билан кўпчиликни танг қолдирган. Масалан, XX аср бошларидаги рус журналларидан бири ўша пайтда 200 ёшга кирган чол ҳақида хабар беради. Томскда яшовчи бу қарияда кўпгина ҳужжатлари қатори 1763 йилда олган паспорти ҳам сақланиб қолган экан. Қария Пётр I ва Екатеринани ўз кўзи билан кўргани ҳақида ҳикоя қилиб беради. Бу пайтга келиб умрзоқ чолнинг танаси бағоят заифлашиб кетган, аммо ақлий қобилиятлари сақланган, хотираси мустаҳкам эди.

XX асрда узоқ яшаган хитойлик Ли Цанюнга оид маълумотлар ҳам қизиқарлидир. У 1936 йили вафот этганида бева қолган хотини, расмий далолатномаларга кўра, Лининг 26-умр йўлдоши экан. Маълум бўлишича, Ли Цанюн 1690  йили туғилган, бундан кўринадики, у 246 йил яшаган.

Айтиш керакки, умрзоқларга оид ақл бовар қилмас яна бир хабар 186 йил умр кўрган (1770-1956) ҳиндистонлик Тапасвижига тааллуқлидир.

Унинг ҳикоя қилишича, Ҳимолай тоғларида бир гал кекса руҳонийни учратиб қолибди. Бу одам фақат мева ва сут билан кун кўрар, шунга қарамай бағоят серғайрат, бардам-тетик кўринар экан. Бироқ энг ажойиб жиҳати шундаки, замонавий ҳинд тилларининг биронтасини ҳам билмас, қадимги ҳинд тили — соф санскритча сўзлашар эди! Руҳоний бу ерга келганидан буён 500 йил ўтганини айтибди! У умрини шу қадар узайтира олишга гўёки бир сирли малҳам ёрдамида эришган экан.

Гарчанд 5 асрлик ҳаёт ҳайратомуз туюлса-да, аммо бу муддат ҳам абадият олдида ҳеч нарса эмас. Шу боис азал-азалдан барҳаётлик эликсири — мангу ҳаёт бағишловчи малҳамни топиш устидаги тажрибалар тўхтамайди. Ҳатто тарихда бундай изланишларга бутун умрини тиккан одамлар ҳам ўтган.

Шу ўринда тасаввуримизга эркинлик бериб, Германия шаҳарчаларидан бирига сайр қилсак, готик услубидаги уйлардан бирида кольба, реторта, тигел каби кимёвий асбоб-анжомларга кўмилиб ўтирган серғайрат бир йигитга дуч келамиз. Абадият эликсирини излаш билан банд бўлган бу одам — ёш Гёте эди!

Ҳа, буюк немис шоири ва мутафаккири Иоганн Вольфганг Гёте ҳаётининг бир неча йилини мангу ҳаёт воситасини ахтаришга бағишлаган. У мазкур соҳада ўзидан аввал ўтганларнинг хатоларини такрорлашни, улар сингари боши берк кўчага кириб қолишни истамасди. Шу сабабли ҳам ёш Гёте кимёгарларнинг тадқиқотларини ҳар томонлама пишиқ-пухта ўрганади, энг махфий, ҳатто унутилиб кетган асарларни ҳам излаб топиб, синчиклаб тадқиқ этади.

—Мен бу иш билан астойдил шуғулланяпман, — деб ёзган эди у бир дўстига, — зотан, улуғ китоблардан жиндек бўлса ҳам бирон фойдали маълумот олишдек орзуим бор.

Улуғ шоир ана шу тариқа абадий ҳаёт эликсирини изловчи кимёгарлар. Шу йўлда сарсон-саргардон бўлиб юрган беҳисоб инсонлар қаторига тушиб қолади. Барҳаётлик сири оҳанрабо янглиғ ҳаммани ўзига жалб этарди.

Қ.САЙИДМУРОДОВ тайёрлади